Субҳи козибда қўналға-мултажоларини тарк этиб бемаврид маскан-туманли тоғ сари йўл олишган беш нафар отлиқ — гуруҳнинг бошида қовогидан қор ёғиб Холбўта борарди. Яланг товони билан ахлат босиб олгандек бениҳоя тирриқланган, ичига чироқ ёқса ёримасди. Бунинг боиси, яқингинада лак-лак шердил йигитлари билан сурону ваҳима солиб, юрт сўраб юрганлиги-ю, бугун хўжасиникидан қувилган санқи итдек ярим тунда от ихтиёрини ўзига қўйганча бетайин-бемаврид йўлга тушганлиги ҳам эмас. Йўқ, у мундайин дарбадарликдан ҳам аччиқроқ хору зорликнинг таъмини татиган, шундаям олдинда маёқдай милтиллаб тургувчи шуълага — умидга ишонган эди.
Ҳозир кўзлари қизариб-шишган, бетиним ўйлаётганидан пешонаси ғижимланиб-тиришиб кетган, кўраётган нарсаси — Қора, қоп-қора туман омад ундан юз ўгирганидан нишон берарди.
Қора туман…
Саидмурод, қўрбошининг бевақт йўлга чиққанига ичи куйиб, аламдан тутаб келаётган понсод, ройишсиз сўз бошлаганда Холбўта ана шундай кайфиятда эди:
— Бек, бўрига ўхшаб тентиб юрганимиздан кўра ўша лакотнинг жонини жаҳаннамга йўлламоқ даркор эди…
Холбўтанинг кўз ўнгидаги туман янада қуюқлашди. Қайрилиб қарамади. У кўнглида яратганга муножот-муроқаба қилиб танига кучу қувват, кўзига равшан нур бериб, дилига тўгри йўлга солгувчи ва элтувчи туйғу солмаганига ўксиниб борарди. Олис-олис манзилларда илганган умид шуъласи аслида сароб у ўзича интилган, жангу жадал қилган озодлик қанчадан-қанча бегуноҳ қонларни қурбонликка олди, мақсаду муддаосини адаштириб-айқаштириб барини зулмоний, зулмат туманлик издиҳоми ичра нест-нобут қилди.
Холбўтанинг қайрилйб қарамаганлигию ўз ўй-хаёлларига ғарқ бўлиб кетаётганлиги понсодга нописандликдек туюлди, ичидан қиринди ўтиб ўйларди: «Тугаб боряпти-ю, димоғу фироғига ўлайми? Куни битган — ўзи ҳам сезиб турибди чоғи, фақатгина унинг қони эвазига қизилларнинг эҳтиромига сазовор бўлиш мумкин. Бусиз, у мени ҳам, бошқаларни ҳам ўзи кетаётган жаҳаннамга элтади. Анаву валакисаланг тўрт йигит буни тушунмайди-ю, қўрбошининг соясига ҳамон илгаригидек намоз ўқишади».
… Улар бир-икки соат олдин бу кеч тунашни мўлжаллаб боришган Хайит бадалнинг уйида Закир лакот ҳам тўрт-беш киши билан ўтирган эди. Холбўта йигитлари билан кириб борганда у нималарнидир валдирар, бошқалар эт ейишаётган эди. Гапи оғзида қолди, ранги паға бўлиб кетди. Холбўтаям остонадан ўтгани йўқ, Зокир лакотиинг жовдираётган қўй кўзларига қаттиқ тикилди, бир сўз ҳам айтмади, лакот бу қарашга чидолмай бош эгди.
— Эҳа куна ҳамтовоқларимиз-ку! — Саидмурод шундай дейиши биланоқ Холбўта кескин ўгирилди. Понсоднинг аллақачон Зокир лакотга мўлжалланган тўппончасининг учини юқори кўтариб юборди, ўқ шипга тегди, тахмон устидан шувиллаб тупроқ тўкилди, кўрпачалар устида иззату икромда ўтирган соқол-муйловли меҳмоннинг ичи тупроққа тўлсаям қимир этмади.
Холбўта тўппончани Саидмуроднинг белидаги ғилофга қайта жойлади.
— Эсиз… — ғўлдиради Саидмурод.
Холбўта унинг ўққа ачинаётганлигини англади, тишининг орасидан «чирт» этказиб тупураатгандек:
— Садқаи сар, — деди.
У понсоднинг тўппончани ғилофдан сас-сабарсиз су-ғуриб олганлигини сезди-ю, унинг кўзларида шу чоқ шах-тидан қайтгани боис қўрбошига нисбатан норозилик кўл-калари пайдо бўлганини англолмай қолди.
Холбўта Зокир лакотга бир муддат сўзсиз тикилиб турди. Лакот шохкосасидан чиқаёзган кўзларини бетиним уён-буёнига олиб қочар, сўзлолмасди. Оғзида нос бор эди.
Гиламнинг бир четини кўтариб тупуришга ҳайиқаётганди, ташқарига чиқай деса…
Оғзида тўлиб бораётган тупугини аста-секин ютиб, ранги оқаргандан-оқариб, пешонаси терчилаб ўтираверди…
— Ичинг ўтиб кетдими?— кесатди унинг нос чекиб олганлигидан бехабар Саидмурод.
Ўтирганлар кулишни ҳам, кулмасликни ҳам билмай Холбўтага қарашди-ю, дарров бошларини эгишди — қўрбоши хомуш эди.
— Энди ким томонидасан? — Саидмуроднинг алами босилмасди. — Биз келдик, бизга ўтиб қўя қолмайсанми? Кизиллар келса, уларга ўтасан, дарвозангнинг тепасига байроқларини тикиб қўясан…
… Ҳайит бадал ўз қўноқларининг бундай бемаврид келиб колишларини сира кутмаганди, нафсиларини айтганда улар аллақачонлардан буён сувга тушгандай гумсиё бўлиб кетишганди-да! У ичига ўт тушгандай ҳовлида типирчилаб-потирлаб юрар, ўзини панароққа олишга уринар, аксига олгандек ҳадеб кўзга ташланиб қолаверарди. Охири қазноққа кириб яшириниб ўтиришга мажбур бўлди. Сичқонлар ўйнаб юрган тақир ерга ўтираркан, қизилларга мойил кўринган одамларни айни бугун чақирганига, ўзини ҳам шуларга хайриҳоҳ кўрсатиб қўйишга уринганига афсусланар, ўзини-ўзи чангитиб сўкарди.
Холбўта йигитлари билан қишлоққа тушдими, Ҳайит бадалникига келарди. Уй эгаси билан кўп ҳам ош-қатиқ бўлиб ўтирмаса-да, негадир шу ерни хушларди, ўз уйидек эмин-эркин, яйраб дам оларди… Ҳайит бадал бундан фахрланарди — кимсан Холбўтанинг нақ ўзи… Қудратли тўданинг шарти кетиб парти қолишини, ўшанда ўзига қийин бўлишини ўйлаб ўтирармиди шундай дамларда.
Ҳайит бадал бошини чангаллаб ўтираркан, бирдан кўзлари чарақлаб, фикри ёришди. Эҳа, мундай ўйлаб қараса, у чақирган одамларнинг бари лакот, соқолли-соқолсиз, ориқ-семиз, катта-кичик лакотлар — бирортасининг ҳам тайини йўқ, кимнинг қўли узун келса, ўшанинг тарафида…
Анча фурсат ўтиб эшикка чиқишга чоғланган Ҳайит бадал яна қайтиб тақир ерга ўтирди: пешонаси шўр экан, бундай баҳоналар билан босмачиларни алдаб бўлармиди? Рамак онларида туришсада, улар кимнинг қандайлигини англаб етишган. Кўр хассасини бир марта йўқотади. Ҳайит бадалиги боши гувиллади, каттариб кетаётгандек туюлди. Босмачилар ҳовлисини тарк этишганда ҳам шу ангиз тонг отгунча ўтирди…
… Туркистон тизма тоғларининг қорли чўққилари кўзга чалиниб қолди. Туман тарқаб, одам бир-бирини беш-ўн қадам нарида танийдиган ҳадга етди.
Холбўта эса ҳамон ўша ҳолатда, атроф-тумонотда не ходиса, не ўзгариш — унга заррача алоқасиздек, бошини қуйи эгиб борарди…
Олис-олисларда чорлаётгандек туюлган умид шуъласи аслида ортда қолган экан. У ҳам чиллак ўйнаб, қўй боқарди. Кичкина тепаликка юзлаб қора-қура болалар чикишарди. Субҳи козибдан бери кетяпти, кетяпти субҳи содиқ ҳадга етди — кетяпти, кетяпти тонг отади — кетаверади, кетаверади — заминнинг чек-чегараси йўқдек. . Аслида бу ерлар Туркистон тизма тогларининг этаклари, холос… У Искандар Зулқарнайн тўғрисида ёшлигида эшитган ривоятни эслади.
Искандар ўлаётиб, онасига, соғинсангиз қабрим тепасига бориб, уч марта Искандар деб чақирсангиз, чиқаман, деган экан.
Уни дафн этишибди. Уч кун ўтгач, соғиниб ўғлининг қабри тепасига борибди, чақирибди:
— Искандар!
Сас йўқ.
Яна чақирибди:
— Исканда-ар?
Садо йўқ! Куйиб-куйиб чорлабди она:
— Искандар!!!
Ҳеч ким чиқмабди.
Соғинчдан юраги сўзон она, йўллари қора бўлган она сочлари қировга айланган она тўртинчи марта, умид билан, ўғлининг лақабини ҳам қўшиб чақирибди:
— Искандар Зулқарнайн!
Искандар Зулқарнайн қабрдан чиқиб келибди. Она уни суюбди, болам дебди, отингни айтиб бир марта чақирдим чиқмадинг, дебди икки марта отингни айтиб зорландим, чиқмадинг, дебди уч марта отингни айтиб оҳ чекдим, чиқмадинг, дебди. Умид узиб, охирги марта, лақабингни ҳам қўшиб чақирганимдагина ҳузуримда пайдо бўлдинг, уч марта чақирганимда эшитмай қолдингми, дебди.
Эшитдим она, дебди Искандар Зулқарнайн, ер остида мен каби Искандарларнинг минглаби ётган экан, аввалги: уч марта чақирганингда қай биримиз экан, деб ҳайрон бўлувдик, лақабимни қўшиб чақирганингда сенинг келганингни билиб, чиқдим, дебди…
… Қора, қоп-қора туман… Қоп-қора, қора туман…
— Бек, — деди Саидмурод понсод йигитлардан анча илгарилаб кетиб, иккаласи ёлғиз қолишганда, — ҳали тарқамаган аламангизликни чуқурлаштиришга кўнглида беҳад истак туюб. — Сизга айтиш ноўрин бир гап кўксимни ўртаётир…
Холбўта жиловни сал тортиб қўйди. Ҳирқвроқ товуш-да:
— Айтиш ноўрин бўлса айтма, Саидмурод! — деб қўя-қюлди.
— Йўқ, бек, — Саидмурод шоша-пиша гапни улаган бўлса-да, овозидаги қатъиятни йўқотмади. — Айтмасам, мандан домантир бўларсиз, деб қўрқаман.
— Гапир…
— Ҳовлингизга Зокир лакот тушиб юрганмиш… Кўксини ўқ тешиб ўтгандек Холбўта от устида қалқиб кетди… Осмон чир айланди кўз ўнгида, тоғлар кўксиии тилиб юборган ханжарга айланди… Кўзлари, ҳозироқ, ҳозироқ… ортга қайтиш, ортга қайтиш… наинки қайтиш, довулдай уйига кириб бориб аёлининг сочидан отнинг думига боғлаб чиқиш иштиёқида ёнди. Ҳайрият, кўзларини батамом ғазаб алангаси эгаллаб олмай, понсодга қарадию, барига тушунди… Саидмуроднинг нигоҳида тантанавор, ўз сўзининг нишонга бориб текканидан масрурлик ифодаси ошкор жилваланиб ўйнарди… Ана шу ифода Холбўтани ўзини босиб олишга ундади. Ўша-ўша хирқироқ товушида:
— Сану манда энди хотин, бола-чақа нима қилсин, понсод, — деди, — ҳатто бўрилар ҳам қайлардадир санқиб, емишлик топгач, инига қайтади. Биз ўз еримизга сиғиндилигимизни айтмай, қайлардаги юримсак миш-мишларни кўтариб юрибсан…
Холбўтанинг бу мантиги Саидмуроднинг аламини чандон орттирса орттирдики, асло камайтирмади. «Адо бўлган одам! — Тишларини ғижирлатиб кўнглидан ўтказди. — Энди бу ҳеч нарсага ярамайди. Унинг ўлигигина мени кечиришлари учун керак, холос!»
Йўлда давом этишди.
Холбўтанинг юраги ҳамон ториққандан-ториқиб борарди. Йўқсиллар наздида у адашган, ўзи камбағалдан чиққану елкасига тегадиган мунаввар қуёш шуълаларини кўролмаган – басир, сўқир ким учун, нима учун курашаётганлигини ўзи ҳам билмайди, нимаям бўларди, бир кунмас бир кун итдек, итдан ҳам баттар ўлиб кетади. Бойлар наздида, қазисан, қартасан — асли наслингга тортасан уларнинг ишончларини оқлолмади. Уни ким қандай, қилиб йўлдан урди? Озгина химо билан юрагида отилишга чоғланган пўртананинг кўмилиб ётган кўзини топди? Сен мусулмон бандасидан, ўз ерингни, ўз элингни кофирлар қўлига ўтказиб тинч ўтирасан деган ким? Билмайди, эслолмайди — гуё ваҳима ўз-ўзидан юрагини илкис забт этди қўйди. Куфр ирқу миллатда, рангу тусда деб қачон миясига қуйишди? Ахир, бу иллат ўз миллатидан бўлган лакотларнинг кўнглида ҳам иркит бойлаб ётибди-ку? Балки, куфрга қарши курашмоққа бел боғлаган қўрбошининг ўзида ҳам бу машъум иллат мавжуддир?!
Қора, қоп-қора туман… Қоп-қора, қора туман…
Оқ найзаси ложувард осмонга санчилиб турган қоянинг остига етиб келишди. Отларни кўм-кўк барра ўтлар ўсиб ётган рақбада яйдоқ қолдиришди.
Анча олисда, қоя этакларида ёйилиб, ўтлаб юрган қўйлар жимитдеккина куринар, чўпон қийқириқларининг акс-садоси дамо-дам зўр-базўр қулоққа чалинарди.
Холбўта моғорлагандай қора харсанг тош устида қовоқ уюб ўтирарди. «Йигитларга қандай жавоб бериб юборсам экан, — ўйларди у. — Майли, бошлари оққан томонга кетишсин. Тўртталаси — Самад ҳам, Комил ҳам, Манноп ҳам, Ҳамид ҳам тоғни урса талқон киладиган бақувват йигитлар. Уққа учган, кочиб кетган, хоинлик қилган, ҳатто бир бириниям отиб қўйган тўданинг қолган-қутгани. Садоқатларини сўнгги лаҳзаларгача намойиш этмоқчи бўлаётганликлари юз-кўзларидан аён. Айниқса, Ҳамид… Хатти-ҳаракатларида жазму жазава мужассам. Лаби устини эндигина ирилар қоплаган бу йигит юрагида қандай дарслар оқиб ётибдикин?.. »
Холбўта бу йигитларни ҳар бирининг ҳаёти учун қайғурар, айни дамда, ўзим ана шу чўпончалик бўлиб, айтганларини югуриб-элиб бажо қилардим, одамларнинг юзини кўрмай ана шу тоғу тошларда юраверардим, юраверардим, деб ўйларди… Сал ўтмай бу худди болаликдаги каби хомхаёл эканлигини фикр қилиб инграб юбораёзди…
— Бек, хаёлга толдингиз? — Саидмутрод ариқнинг нариги томонида, отлар ўтлаб юрган рақбада тик тургача Холбўтага ўқдек нигоҳ қадаб сўз қотди.
— Тўғри айтдинг Саидмурод, хаёлга толдим, — бошини кўтармай, хомуш жавоб қайтарди Холбўта. — Ҳаммамиз ўз йўлимизга кетиб, тарқасак, яхши бўларди, деб ўйлаяпман… Йўқса, изимиздан барибир таъқиб қилишаверади…
Саидмурод билдирмай қўлини тўппончага узатди. — Буни барвақтроқ ўйлаш керак эди, бек, — деди ғазабдан кўкариб. — Бизни тарқатиб юбориб, ўзинг қизилларга бориб сотилмоқчимисан, — бирдан сенсирашга ўтди. — Йўқ, анойини топибсан. Ҳали Зокир лакотни отиб ташлашга қўймаганингнинг боисиниям энди тушундим. Улар сени сақлаб қолишади, кейин бизни битта-битта тутиб берасан. Ниятинга етолмайсан, бек!
Холбўта бошини кўтарганда Саидмурод ўқ узди. Қўрбошининг ранги пага бўлиб кетди. Нариги томондаги рақбада чўзилиб ётишган Комил билан Ҳамид сапчиб туриб кетишди ва дарров нима гап-сўзни фаҳмлаб, Саидмуродга ташланишди. Саидмурод иккинчи ўқни отишга улгуролмади, қўлини орқага қайириб, тўппончани тортиб олишди. Шундаям понсод паст тушмас, йигитларни болохонадор қилиб сўкарди.
Холбўта қонга бўялган чап кифтини ушлаганча ўша-ўша ҳолатда ўтирган кўйи:
— Қўйворинглар, — деб фармон берди. — Тўппончасини қайтиб беринглар.
— Бегим… — қичқирди Ҳамид.
— Холбўта битта гапиради, — деди қўрбоши оқсоч чўққиларга термулиб, сўнгра тўртовлонга қарата сўзлай бошлади.
— Сизлар азаматсизлар, — деди. — Ҳамма топшириғимни бекаму кўст бажаргансизлар. Энди фақат бир ўтинчим. бор. Бу ҳаммасидан муҳим. Ўлганимдан сўнг танимни хор этмасинлар, ҳар кимларнинг қўлига тушмасин. Анавулар, — у Саидмуродни бош иргаб кўрсатди, — фойдаланиб қолишмасин. Ўлган одам топшириқ беролмапди, шу боис тириклар кучли, шу боис ўтиниб турибман сизларга…
Холбўта қиблага юзланди.
Муножот-муроқаба…
Сўнг могорлангандай қора харсанг тош устига қандай ўтирган бўлса шу ангиз ўтирди — Понсод, — деди ўз жойидан қимирламай турган Саидмуродга. — Бугун кўз олдимни негадир қора туман босиб келаверди. Кўнгил сезар экан-да. Мана энди, анча тиниқлашгандекман… Ҳамма билади — ҳатто ана шу тоғу тошлар, булутлар ҳам билади, сан маним энг якин кишим эдинг. Энг яқин киши… Кора туман боисини энди англадим…
Айт, ўз ишонганинг хиёнат қилса тирикликнинг, курашмоқнинг зарра қиммати борми? Агар шундай хол рўй бергудек бўлса, шунинг ўзи ўлим эмасми? Сен менга ўқ узмаёқ ўлдирдинг, бугун. Эркак одам бир марта дунёга келади. Бир марта ўлади. Мен ўлдим. Мени хиёнат ўлдирди. Саидмурод понсодга тегинманглар, — деди йигитларга. Кайга кетса кетсин. Сизлар билан бирга бўлмасин. Сизлар менинг ўтинчимни адо этинглар. Энди бошлаган ишингни охирига етказ, Саидмурод. От, яхшироқ нишонга ол. Кетма-кет ўқ уз. Тўппонча отишни ўзим ўргатганман-ку сенга. Қўлинг титрамасин. Айтдим-ку, сенга қўл тегизишмайди, деб… Бошинг оққан томонга кетаверасан, дедимку…
Саидмуроднинг аъзои бадани, оёқлари қалт-қалт титрар, пешонасидан шаррос тер қуйилар, ҳалиги газабу жазму жазавасидан асар ҳам қолмаганди. У қўрбошининг олдида ўзини ожиз-нотавон ҳис этмоқдайди — бу туйғу илкис қаердан ёпирилиб келди, ўзиям ҳайрону лол. Сониялар бурун Холбўтанинг занжалишдай туюлган қиёфаси бутун қудрати-ю, эаковати билан кўз ўнгида яна устиворлашган эди. Тўппончасини майсалар ичра улоқтиргиси, қоя каби харсангда қимирламай ўтирган Холбўта қаршисига тиз чўккиси келди — хайҳот, вақт ўтган, шундай қилгудек бўлса, Холбўта унинг ўзидан воз кечиши, отиб ташлаши, лошини қузғунларга ем қилиши турган гап эди. Қалбини қора хаёл чулғаган лаҳзаларни қанчалик сўкмасин-қарғамасин, бефойда эди.
Понсод яна бир неча дақиқа шу ҳолда турса иродаси тугаб шармандаи шармисор бўлишига кўзи етди, сукутдаги қўрбошининг гавдасини ғира-шира кўриб, нишонга олди…
Холбўта ҳамон қимир этмасди. Кетма-кет узилган икки-уч ўқ кўксини тешиб ўтди. Қўрбоши гандираклаб кетди… Кўзи осмонга тушди. Увада булутчалар, қуёшнинг кўк тоқидаги бир тутам нури аралаш-қуралаш гир-гир айланди, айланди, айланди… Чўққилар ер билан битта бўлди, кунфаякун бўлди, ер каноралари-ю, сарҳадлари айқаш-уйқаш қоришиб, остин-устунлашиб чашми ногиронига жамланиб келди тугади. Харсанг ёнига гуппа қулади.
Саидмурод бурила солиб қоча бошлади. Ортига саросар қарай-қарай ранги бўздек оқариб, оёқлари бир-бирига чалишиб, йиқилиб, яна туриб, яна йиқилиб-туриб қочарди у нафасини бир оз ростлагач, оти рақбада қолиб кетганлигини эслади, ортга қайтмоқчи бўлди-ю, қўл силтаб яна кетаверди… У узоққа кетмади. Кўздан пана жойга яшириниб йигитларнинг бундан кейин нима қилишларини кузатиб турди қани, қаерга кўмишаркин?
Ҳамид хуржундан дастаси калта бел чиқарди. Тўрттала йигит булоқ бўйида қабр қазишди, орадан бир соатлар ўтар-ўтмас улар бу ишни қойилмақом қилиб бажариб бўлишди. Холбўтанинг усти-бошини ечиб олиб мурдани ювишди, салласини кафан қилишди. Барча расм-русумларини жойига қўйиб дафн этишгач, нари кетишди…
Саидмуроднинг кўнгли тинчиб, қишлоққа йўл олди…
Эртаси куни тонг саҳарда у қўли боғлоқлик ҳолда олдинда келар, унинг ортидан отишга шай тўппончасини маҳкам ушлаб олган кепкали киши, орқароқда икки отлиқ, энг орқада елқада кетмон билан дўппи кийган икки ёш йигит келишарди. Улар бир-бирларига сўз қотишмас, кепкали киши дамодам атроф-жавонига олазарак назар ташлаб қўяр. Саидмуроднинг сўзига — Холбўтанинг тупроқ остида ётганлигига ишонмаётганлиги юз-кўзларидан аён эди.
Юра-юра булоқ бўйидаги қабрга етиб келишди, қабрнинг тупроги анча қотиб қолган, марҳумнинг ҳақиқатдан ҳам кеча дафн этилганлигидан нишон берарди.
— Шуми? — сўради кепкали киши Саидмуроддан.
— Шу, — понсод бош тебратди.
— Кабрни очинглар, — буюрди кепкали киши. Йигитлар бунга қўллари бормай, истамайроқ туришарди.
— Сизларга нима бўлди, чарчадиларингизми? — сўради кепкали киши.
— Шуни очиб ўтирмайлик, — сўзлашга журъат этди йигитлардан бири. — Ҳосияти йўқ. Биримизмас-биримизга касри уради, бирор фалокатни бошлайди…
— Мана бу алдаётган бўлса-чи?— Иккиланди кепкали киши Саидмуродга ишора қилиб.
Йигитлар елка қисишди.
— Очамиз! — Қатъий хулосага келди кепкали киши. — Бугун биз унинг понсодининг гапига ишониб ўлдига чиқарсак, куч йиғиб яна бош кўтариб қолса-чи? Майли, бир кўрайлик, кейин яна кўмиб қўяверамиз.
Қабр тупроғига биринчи бўлиб ўзи кетмон урди. Отлиқлар ва йигитларнинг, ҳатто Саидмуроднинг ҳам ранги бўздай оқариб кетди. Иш анча қизигач, улар кўникишди, бир-бирларининг қўлидан кетмонни олиб, чеккага ботмон-ботмон тупроқ улоқтираверишди.
Саидмуродгина миқ этмай уларнинг ишини кузатиб, кеча Холбўта ўтирган моғорлангандай қора харсанг тош ёнида тик турарди.
Улар анча вақт қабрдан тупроқ чиқариб ташлаш билан машғул бўлишди. Саидмуроднинг назарида эса бу ишнинг ҳеч чек-чегараси кўринмаётгандек, йигитлар имиллагандан имиллаётгандек бўлиб туюларди.
Охири мурдани тортиб чиқариб чуқур лабига чалқанча ётқизишди.
Саидмуроднинг кўзлари шохкосасидан чиқиб кетаёзди марҳумнинг усти-боши эгнида эди, ҳа-а, Холбўтанинг ўқ илма-тешик қилиб ташлаган чопони… учи қайрилма этиги… Унга тузукроқ назар солиб, тиззаларидан бутунлай мадор кетди, юраги ортга тортди, негадир қусгуси келди— Холбўтага мутлақо ўхшамайдиган соқолли отбош кишининг пешонасини нақ ўртасидаги ўқ ўрни — ўрачадан сизиб чиққан қон кўзларини, юзидаги чуқур ажинларни тўлдириб, қотганди.
Саидмуроднинг ичаги огзига келтандай ўхчий бошлади, қув-қув йўталди.
— Шуми? — сўради кепкали киши ҳам қандайдир истеҳзо билан, ҳолбуки, у Холбўтани яхши танирди.
— Шу-у… шу-у… — Саидмурод адои тамом бўлиб, беихтиёр музхона ўртасида тургандай қалт-қалт титрай бошлади. У шўрлик, садоқатли йигитлар тун чоги қабрни очишиб, Холбўтанинг лошини олиб кетиштанини, унинг ўрнига бошқа бир кишининг жонини дорилбақога жўнатиб, кўмишганини тасаввур ҳам қилолмасди. Кўзларига ишонмасдан қарарди йўқ, бу ҳақиқатдан ҳам Холбўта эмас, кўпинча шу яқин-атрофда қўй боқиб юрувчи чўпои Суннат ака эди. Ҳа-а, ўшанинг ўзгинаси эди!
Шу пайт кутилмаган ҳолат юз берди. Уликнинг яқинрогида турган, ҳали қабрга кетмон уришга ботинмаган йигит илкис лош ёнига чўкка тушди. Шоша-пиша унинг қўлларини кўтариб, кўзларига яқинроқ келтирди, ўз чопонининг бари билан марҳумнинг юзида қотиб қолган қонни арта бошлади. Хатти-ҳаракатлари телбаёна эди. Конни буткул артиб бўлмай «тоғажон», деди-ю, ўзини ўликнинг устига ташлади… ўкраб-ўкраб йиғлай бошлади.
Бошини гурс-гурс ерга урди, ёнида турганлар зўр-базўр кўтариб олишмаганда, ким билсин, оқибати нима бўларди… Йигит ўзини ушлаб турганларнинг қўлидан юлқиниб чиқди, ёввойи шиддат, важоҳат билан Саидмурод понсодга отилди. Энг аввал унинг соқолидан бир тутам юлиб олди, сўнт кўзига чанг солди. Беш одам қутургандан-қутуриб бораётган йигитни бу сафар осонликча бўйсиндиришолмади.
— Тоғамни топиб бер, газанда! — дерди у. — Топиб бер! Сенга нима ёмонлик қилганди? Топиб бер дейма-ан, онангни…
Йигитнинг куюнишлари ҳамманинг юрагини далва-далва қилиб юборди. Бошлиқ кўз ёшларини кепкасига артарди… Отлиқлардан бири эгасиз қолган сурувни қидириб кетди…
— Холмурод, мурдани эгарга кўндаланг ётқизиб, ўзинг орқага ўтириб ол, — буюрди кепкали киши шу ерда қолгап отлиққа. — Уни қишлоққа элтиб одамдай кўмайлик… Келганлар яна ортга қайтишди.
Энг олдинда қўли орқасига боғланган, боши кўксига тушиб кетган Саидмурод понсод борар, ундан кейин қўлида тўппонча билан кепкали киши ва эгарга мурдани кўндаланг ётқизиб олган отлиқ юзма-юз кетишарди. Жиян эса энг орқада, ёнидаги ўртоғини кўриб-кўрмай, юраётган йўлини кўриб-курмай ҳамон хиқиллаб зўр-базўр қадам ташлар, ўзини тошларга уриб-уриб, бу қўтир дунёда яшагиси келмасди…
Тоғлардан эниб тушган туман атроф-тумоноти қоплаган, кепкали киши бечора йигитни кўздан қочириб қўймай деган хавотирда ортига қараб-қараб қўяр, бир сўз… биргина юпанч сўз топишга ожиз эди…
Ложувард, мусаффо осмонга тиғдек санчилиб турган чўққининг энг учида субҳи козиб чоғи пайдо бўлган қабрдан ҳеч кимса хабар топмай, у бўз тепачага айланди, абадул-абад тоғларга сингишиб кетди ва унинг сўйланмаган минглаб-милёнлаб афсоналарининг бирига айланди…