Шойим Бўтаев. Қора Клит (ҳикоя)

Искандар Македония тахтига ўтирган куни қадрдон дўсти, музофотда Қора лақаби билан танилган Клит уни қутлашга келди. Искандарни бағрига босиб:
— Буюк ишларни амалга ошириш учун фурсат келганидан жуда мамнунман! — дея баралла хитоб қилди. Искандар унинг елкасига қоқиб қўйди. Қора Клит унинг кўнглидагини топиб айтганди.
Соқол-мўйлаби эндигина сабза ура бошлаган Искандарни асло ёш подшоҳ деб бўлмасди. Унинг шахсида ақл-заковат, шижоат, фаҳм-фаросату баҳодирлик мужассамлашиб, ажойиб уйғунлик касб этган эди. Бироқ дунёнинг айёр ва доғулилиги, не-не зотларни ўпқондай комига тортганича яна ҳеч нарса кўрмагандай эврилишда давом этавериши Искандарга ҳали номаълум эди. Шунданмикан, файласуф устози: “Ер юзини забт этиш ҳали дунёни эгаллаш эмас”, деганида Искандар аччиқланиб, “Мен дунёни тасаввуримда жонлантирмоқдан кўра илкимда тутмоқликни афзал кўраман”, деган эди.
Унинг бу қатъияти ҳар бир воқеа-ҳодисага муносабатида ҳам яққол акс этардики, баъзан ҳеч кимнинг хаёлига келмаган фавқулодда гапларни ҳам оддий сўзлар каби айтиб юбораверарди. Ҳатто бир куни, отаси Филипп ёши ўтиб қолганига қарамай навниҳол Клеопатрага уйланаётганида, унинг май ичиб йиқилиб қолганини кўрган Искандар истеҳзо билан:
— Қаранглар-а, қитъадан қитъага ўтишни ният қилган одам тўшакдан тўшакка ўтаётиб чўзилиб қолди, — деганини одамлар узоқ вақт эслаб юришганди.
Ҳамиша тусланиб турадиган дунёдан оёқ босиб ўтмоқ навбати энди Македония подшоҳи Искандарга келган эди. Қисматга битилган чокда ягона ва кучли бир истак кўнгилга шу қадар қутқу соларканки, уни қондирмоқдан ўзга илож қолмайди — ё ҳаёт, ё ўлим — бошқа йўл кўринмайди. Искандарнинг хаёлини банд этган улуғвор режалар, улкан мақсадлар туну кун унга ҳаловат бермас эди.
Жанговар сафарга чиқишдан олдин барча бойликларини халққа бўлиб берди.
Ўшанда Искандар ўз бойликларини сахийлик билан одамларга улашар экан, юрт уламоларининг бойликка, айшу ишратга, аёлларга ружу қўйишларини ўтакетган пасткашлик, қабиҳлик деб ҳисоблаганидан, бу очиққўллиги билан шундай йўл тутаётганларга шаъма қилаётгандек ҳам бўларди. “Ялқовлик қулларга хос, улуғ, шижоатга тўлиқ меҳнат эса шоҳларга ярашади”, дерди у.
Мамлакатнинг шон-шавкати, халқнинг бахту саодати учун наинки бойликларини, балки жонини ҳам бир лаҳзада бериб юборишга тайёр подшоҳгина шундай дея олар эди. У бундай чоқда иккиланишни ўзи учун ор деб биларди.
Дўстининг барча нарсаларини аямай бошқаларга тарқатаётганини кўрган Клит:
— Ўзингга ҳам бирор нарса қолдирдингми? — деб сўради.
— Ҳа, — деди Искандар.
— Нимани? — қизиқди Қора Клит.
— Умидларимни, — деди дўсти.
Унинг бу жавоби Қора Клитни шу қадар тўлқинлантириб юбордики, у ҳам шу лаҳзадаёқ бор-будини бошқаларга тарқатиб берди.
Шундан сўнг Искандарнинг олдига қайтиб:
— Сенинг умидларингга мен ҳам шерикман, — деди.
Искандарга Қора Клитнинг бу сўзи ёқди.
Бу воқеа яшин тезлигида бутун мамлакат бўйлаб тарқалди. Оғиздан-оғизга кўчиб юрган қисқагина суҳбат улус қалбини фахр-ифтихорга тўлдириб юборди. Улар, эндигина тожу тахтни эгаллаган навқирон ҳукмдорлари омон бўлса, ҳеч қачон хорлик-зорлик кўрмасликларини дил-дилдан ҳис этардилар.
Истмдаги қурултойда юнонлар Искандарни ўзларига доҳий сайлаб, унинг бошчилигида навбатдаги қарши юришга аҳдлашганларида, барча давлат арбоблари, буюк файласуфлар уни қутлагани келишди. Фақат, синоплик файласуф Диогенгина бу ерда қорасини кўрсатмади. Искандар уни кўп кутди, ахийри, унинг ҳузурига ўзи йўл олди. Краниядаги чорбоғда баданини офтобда тоблаб ётган Диогендан Искандар: “Мендан нима илтимосинг бор?” деб сўраганида, у: “Сал чеккароқ ўт, қуёшни тўсаяпсан”, деди. Қайтаётганда файласуфни мазах қилиб келаётган ҳамроҳларига, “Афсуски Искандарман, агар Искандар бўлмаганимда Диоген бўлишни хоҳлардим”, деди.
Искандарнинг юриши бошланди.
— Македониянинг озод фуқаролари! — хитоб қилди Искандар юриш олдидан қўшин ёнидан ўтар экан. — Душман лашкарларининг бизга нисбатан бир неча маротаба кўплиги сизларни чўчитмаяптими? Ёдингизда тутинг: улар йўлбарс қаршисидаги қўй-эчкилар кабидирлар. Ахир, ўз подшоҳининг чизган чизиғидан чиқолмайдиган сон-саноқсиз ёлланган қулларни Македониянинг озод фуқароларига ким тенглаштира олади? Улар ҳозир ҳам ўз бошларининг омон қолишини ўйлаганича қалтираб, жон ҳовучлаб туришибди.
Македония қўшини Искандарнинг ҳар бир сўзини ҳайқириқлар билан қарши олди.
— Озодлик учун! — қичқирди Искандар.
— Озодлик учун! — уммондай гувлади қўшин.
Доро ва унинг лашкарбошилари Граник дарёсининг кечув жойига катта қўшин ташлаб, жангга шай ҳолда туришар экан, ғалаба қозонишларига қаттиқ ишонишар эди. Негаки, қирғоқдаги қояларни улар эгаллашган, дарё ҳам, ҳар иккала қирғоқ ҳам кафтдагидек аниқ кўзга ташланиб турар, қоятошларга парчинлангандай навкарлар камони жангга шайланган эди. Камон ёйини тортиб юборишса, ундан учган ўқ нариги томондан ўтишга жаҳд қилган ҳар қандай жонзодни жаҳаннамга жўнатиши муқаррарлиги кўриниб тургани учун, форс навкарлари теварак-атрофга нописанд назар ташлаганча жанг бошланишини бетоқат кутишарди.
Аммо улар Искандарнинг биринчи бўлиб жанг бошлашига кўп ҳам ишонишмасди. Македон саркардалари десий ойида ҳеч қачон уруш бошламасликларини, бу одатга қаттиқ амал қилишларини улар яхши билишарди.
Искандарнинг шиддатини бу қадим одат ҳам тўса олмади.
У, десийни артемисий деб атай қолди ва жангчиларни ўзи билан бирга олға бошлади. У, ҳеч иккиланмай, минг чоғли суворийни дарёдан кечиб ўтишга ундаб, ўзи биринчи бўлиб сувга от солди. Қоядаги навкарларга жон битди, улар ёв суворийлари устига ўқ ёмғирини ёғдира бошлашди. Искандар ва унинг суворийлари шундай таҳликали вазиятда ҳам эсон-омон соҳилга чиқиб олишди.
Соҳилда уларни кечувдагидан ҳам баттарроқ хавф-хатар кутиб турарди. Македон қўшини устига форс суворийлари шиддат билан ёпирилди.
Дубулғасидаги икки дона катта-катта ва оппоқ патлар Искандарни бошқалардан ажратиб турарди. Қалқони ҳам бошқаларникига ўхшамасди. Мана шу белгилар сабаб, форслар Искандарни таниб қолишди ва у томон суқилиб кела бошлашди.
Қиличларнинг қасур-қусури, камон ўқларининг визиллаб учиши, найзаларнинг синиши, жони узилаётиб эгардан учиб тушган аскарлар, суворийсиз қочиб бораётган отлар — жами-жами тўпланиб, даҳшатли манзара касб этган эди.
Искандарнинг қўлидан отининг жилови чиқиб кетаёзди. Унга отилган найза эгнидаги зирҳни тешиб ўтиб, қалқитиб юборганди. Бахтига, найза бўртма бурчакка тегиб, баданига жароҳат етказмади.
Искандарга шу лаҳзанинг ўзида икки форс лашкарбошиси Ресак ва Спитридат ташланишди — улар зирҳга қадалган найзани кўриб, бундан буёғи осон кўчишига, Искандарни қийинчиликсиз тинчитиб, жангга нуқта қўйиб қўя қолишга ишонишган эди.
Искандар Спитридатга чап бериб, найзаси билан Ресакка ҳамла қилди. Найза Ресакнинг зирҳига тегиб синди. Искандар дарҳол қиличини яланғочлади. Шу пайт Спитридат олишаётганларнинг биқин тарафига келиб отини тўхтатди. У эгардан кўтарилиб Искандарга шамшир урди. Шамшир дубулға учини ва патлардан бирини кесиб ўтди.
Спитридат Искандар боши узра яна шамшир кўтарди.
Шу лаҳзада ердан чиқдими, осмондан тушдими, Спитридатнинг қаршисида Қора Клит пайдо бўлди. Қора Клит найзасини шиддат ва куч билан Спитридатнинг кўкрагига ботирди. Паҳлавоннинг шамшир кўтарган қўли ҳавода муаллақ қолди.
Искандарнинг муқаррар равишда ёпилаётган тарих китобини Қора Клит қайтадан бошлаб берди. Ёлғиз қолган Ресакни Искандарнинг қиличи йиқитди.
Искандарнинг суворийлари олатасир жангни давом эттиришаётган бир пайтда унинг пиёдалари ҳам кечувдан ўтиб келишга муваффақ бўлишди.
Шиддатли жанглар форсларни эсанкиратиб қўйди. Улар қочишга тушди.
Ана шу дақиқалардан Искандарнинг юлдузли онлари бошланди. Забт этилган ўлкаларда Искандар ҳақида турли-туман афсоналар, ривоятлар тўқишди. Қириб ташланган халқларнинг қолган-қутганлари ҳам бундан четда қолмади — уни салкам худо даражасига чиқариб қўйишларига оз қолди.
Дорони тамомила мағлуб этгач, Искандар ўттиз минг нафар навқирон форслардан сараланган қўшин тузди. Ўнбошилар, юзбошилар, туманбошилар, лашкарбошилар ҳам уларнинг ўзларидан тайинланди.
Улар Искандарга Дорога қандай муносабатда бўлган бўлишса, ундан-да ортиқроқ мулозаматда бўлишди. Доро серҳашамликни жону дилдан яхши кўрар, қолаверса, аждодларидан ҳам шу одатлар мерос бўлиб, қондан қонга ўтиб келгани боис бошқача бўлиши мумкинлигини тасаввур ҳам этолмасди. Унинг ҳузурига кирмоқчи бўлган энг мағрур фуқароси ҳам сарой остонасига қадам қўйиши биланоқ етти букилиб ёинки эмаклаб тахт пойигача етиб келар, шоҳнинг аввал оёғини, кейин қўлини ихлос билан ўпар, шундан сўнггина бош кўтармаган ҳолда уч қадам ортга чекиниб арзу додини етказар эди. Бу арзу ҳол ҳам очиқ-ойдин айтилмас, минг турли пардалар билан ўралган, минг хил бўёқларда бўялган, имкони ва иложи борича, фаҳм-фаросати ва ақли етганича тахт устидагининг кўнглини хушнуд қилишга, унинг кайфиятини бузмасликка қаратилган бўлар эди. Шу сабабли, рост билан ёлғоннинг, софлик билан разолатнинг, адолат билан адолатсизликнинг фарқига бориб бўлмасди.
Искандарнинг қизиқувчанлигими ёинки ҳар бир инсон зотига хос майлми, ишқилиб, нимадир устун келиб, аста-секин мағлуб халқ урф-одатларига кўника бошлади. Бора-бора, Искандар бўлмаганимда Диоген бўлишни хоҳлардим, деган буюк шоҳ ҳам янгича муносабатлардаги нималардир ўзига хуш ёқаётганини билиб-билмай қолди ва бундай нарсаларга эътибор бермай қўйди. Нима бўпти? Ҳар бир халқнинг ўзига хос урф-одатлари, анъаналари бўлади, уларни қадрлаш керак, йўқса, халқлар ўзлигини, ўз қиёфасини йўқотиб қўйиши мумкин.
Нимаики бўлмасин, ўшанда халқларнинг табиатидан келиб чиқиб, бир шахс қиёфасида икки қарама-қарши феълу атвордаги ҳукмдорларнинг белгилари мужассамлашди ва улар бир-бирлари билан кураша бошлади.
Янги ёлланганларнинг шоҳ қароргоҳига етти букилганча тез-тез кириб-чиқишаётгани юнонларнинг тобора ғазабини келтирар, улар буни сезиб-билиб туришса-да, ўзларини пайқамасликка олишарди.
Искандар энди македонияликларга ҳам саройга ғўдайиб кириб кетавермай, шоҳ иззатини жойига қўйишни ўрганиш кераклигига шаъма қила бошлади.
Қора Клит бир гал худди шу хусусда Искандар билан баҳслашиб қолди ва илгаригидаги каби ўз фикрларини бўяб-бежаб ўтирмай, шартта-шартта айтиб ташлади.
— Парфияда эгнингга форсча либосларни илганингда жасоратларинг ҳурматига ҳеч ким ҳеч нарса демаганди, — деди Қора Клит ўзига хос қизғинлик ва қатъийлик билан. — Лекин, юнонлар ғурурини ерга уриб, улардан олчоқ қулларнинг муносабатини ўзингга талаб этма. Эркин фуқаро ҳеч қачон бўйин эгмайди. Ғурурини топтамайди. Шуни эсла ва билиб қўй, бундай қилиш олижаноблик эмас, ғирт ярамасликдир.
— Балки, сен қўрқоқликни олижаноблик демоқчидирсан? — деди Искандар Қора Клитни пастга урмоқчи бўлиб.
Қора Клит ўрнидан сапчиб турди-да:
— Эй, худолар бандаси, — деб хитоб қилди. — Спитридат шамшири бўйнингни узишга тайёр турганида сени шу қўрқоқлигим сақлаб қолди. Сен бўлсанг, бугун уларнинг таъзимигаю қўл-оёғингни ўпишига маҳлиё бўлиб ўтирибсан. Улар олчоқларча ялтоқланиш эвазига шон-шуҳрат орттирмоқчи бўлиб, кечагина Доронинг товонини ялаб туришганди, бугун сенинг қаршингда таъзим қилишга илҳақ туришибди. Аммо мен ўз подшоҳларининг олдига кириш учун форслардан рухсат олишга ва улар каби етти букилишга мажбур бўлаётган македонияликларни кўрмай ўлиб кетганларни бахтиёр македонлар ҳисоблайман. Сен йиғин ва базмларингда фикрини очиқ айтишга ўрганган озод одамларни эмас, ўзининг белбоғи ва оқ хитонига сажда қиладиган қулларни таклиф қилавер.
Қора Клитнинг бу сўзлари Искандарнинг ғазабини қўзғади. У ханжарини излай бошлади. Танқўриқчи Аристофан Искандарнинг ханжарини яшириб қўйган эди.
Искандар ўзини тинчлантиришга уринаётганларнинг итариб суриб, ўрнидан сапчиб турди-да, хос қўриқчиларни чақириб, карнайчига қароргоҳни оёққа турғизишни буюрди.
Искандарнинг бу қадар ғазабга мингани Қора Клитни заррача чўчитмади. У ҳамон эркинлик ва озодлик қадри учун у билан бирга юрганини, форсликларнинг қулларча ялтоқланишларига кўникиш аждодларининг шаън-шавкатига ҳақорат эканини, борди-ю ер хабар етказса, авлодларининг бу қадар паст кетишларидан улар гўрда тик туришларини гапирар эди.
Қора Клитни ташқарига итариб чиқаришди.
Аммо у бошқа эшикдан кириб:
— Эллинларнинг шундай бир ёмон одати бор… — дея Эврипиддан мисол келтириб, сўзлай бошлаши билан Искандар ёнида турган танқўриқчининг найзасини шитоб-ла олиб унга қарата улоқтирди.
Найза эшик пардасини бир чеккага суриб, эндигина ичкарига кирган Қора Клитнинг қоқ кўкрагини тешиб ўтди.
Қора Клит гурсиллаб қулади.
Қароргоҳни совуқ сукунат қоплади.
Ҳамма қотиб қолган, фикрлашга-да, сўзлашга-да биров ботина олмас эди.
Искандар сапчиб ўрнидан турди.
У ёввойи ўкирик билан Қора Клит томон отилди.
Қора Клитнинг кўкрагидаги найзани зарб билан суғуриб олиб ўзининг томоғига тиқмоқчи бўлди. Сергак турган танқўриқчилар куч билан унинг қўлидан найзани тортиб олишди. Судраганча хобхонасига олиб кириб кетишди.
Ўлим чоғида ҳам жангга ташланаётганидаги каби мағрур қиёфаси абадиятга муҳрланган Қора Клитнинг руҳи қароргоҳ узра чарх уриб юраркан, ичкари хобхонадан Искандарнинг ожизона инграётгани эшитилиб турар эди.
У Қора Клитнинг башорат каби айтган сўзларини эсларди.
Бизни фақат шоҳ олдида ўз ғурурини ерга уриб иззат-икром кўрсатиш, қулларча ялтоқланишдек одатларгина шармандалик сари етаклайди, дер эди у.
Айни дамда бундан ортиқ шармандалик йўқ эди: ўзини муқаррар ўлимдан асраб қолган дўстининг кўксига Искандар найза санчган эди.