Ҳожиакбар Шайхов. Пуштиранг фалокат (ҳикоя)

Кўзимни аранг очиб, бир оз ўзимга келганимда, бутун танам дўқиллаб оғрир, миям жойидан худди ўпирилиб чиқмоқчига ўхшарди. Буиинг устига оғзим ниҳоятда бемаза, аллақандай дори-дармон, одамлар, қон, тер ва юзлаб бошқа нарсаларнинг ҳидлари димоғимни ёриб юборгудай вужудимни зирқиратар, назаримда бунчалик ғайритабиий ўткир ҳидларни умрим бино бўлиб биринчи ҳис қилишим эди.
Шу пайт тепамда оқ шарпаларни илғадим. Ғўнғир-ғўнғир овозлар эшитилди. Овозлар гарчанд оқ шарпалардан чиқаётганини сезсам ҳам улар менга ниҳоятда узоқдан келаётгандай туюларди.
— Янгилик эшитдингизми?— деди шарпалардан бири дўриллаб,— ажабо, бу товуш меига жуда таниш эди,— «Олмос» космик кемаси бир соат олдин Урандан қайтибди. Ҳозиргина телегазетада эълон қилишди.
— О, шундай денг,— бу знди аёл кишининг овози эди,—ўзлари ҳам ўн йил учишди шекилли, азаматлар.
— Ҳа, роппа-роса ўн йил! Ҳозир космопортда карантин муддатини ўтаётган экан.
Шу пайт шарпалардан бири тепамда энгашди-да, хаяжонли овозда:
— Шуҳрат Салимович, у кўзини очаяпти!— дея хитоб қилиб.
Шуҳрат Салимович… Жуда таниш исм… Қизиқ, мен қаердаман? Булар кимлар ўзи?
Кўзимни каттароқ очиб гапирмоқчи бўлдим-у, лекин бўғзимдан итнинг хириллаганига ўхшаш овоз чиқара олдим. холос.
— Жуда соз!—овозидан эркакнинг ҳам ҳаяжонга тушгани аниқ эди.— Ҳаммаси кутилгандай бўляпти. Бугун у ўзига келади. Бир ҳафта ўтгач эса, хотираси тикланиб, ўрнидан туриши керак.
— Қарашларида ҳозирча ҳеч қандай маъни йўқ. Лекин томир уриш ва нафас олиши маромида,— деди аёл, кейин пича сукут қилгач, яна давом этди:
— Қизиқ, у вужудини итнинг танасида кўриб, ўзини қандай ҳис қиларкан?
— Ҳеч қандай. Сўнгги ўн йил ичида биринчи шогирди сифатида хулқ-атворини ипидан-игнасигача ўрганиб чиқишга муваффақ бўлдим. Унинг иродаси пўлатдай мустаҳкам.
Яна бир неча дақиқалик сукутдан сўнг Шуҳрат Салимович қандайдир кўтаринки кайфиятда давом этди:
— Қўз-қулоқ бўлиб туринг, Светлана Назаровна.Бугун-эрта ниҳоятда эҳтиёт бўлишимиз керак. Шу бир ҳафта ичида оёққа туриб кетса, ишимиз беш! Ана ўшандан сўнг тасаввур қилиб кўринг! Бизнинг бу экспериментимиз бутун жаҳонга довруғ солади! Сиз билан бизни телегазеталарга ёзишади, Умумсайёра Ахборот Тармоғи тўлқннларида намойиш қилишади…
Шарпалар ва овозлар мендан узоқлаша бошлаганини ҳис қиляпман. Мана, уларнинг ҳидини ҳам буткул сезмай қўйдим.
Мен бари бир ҳеч нарсага тушуна олмагандим. Булар кимлар ўзи? Нега уларнинг исмлари менга бунчалик таниш? Нега энди улар Ерга қайтган қандайдир космик кема, аллақандай эксперимент, кейин жаҳонга довруғ солиш ҳақида гаплашишди? Мен нега бу ерда ётибман? Умуман, мен кимман ўзи?..
Қизиқ, учиб кетяпман шекилли? Ҳа, осмону фалакка кўтариляпман. Осмон шундай иссиқки, назаримда кимдир олов пуркаётгандай. Қиттак ҳам шамол йўқ. Бўғилиб ўлиш ҳеч гап эмас. Дарвоқе, янглишмасам, Кимдир мени бўғяпти. Ҳа! Ўша оқ шарпалардан бири. Қайтиб келибди. Йўқ, у танамга нимадир санчяпти. Мен унга санчитиб бўпман! Ме-ен ун-га сан… чи… тиб… бўп… Вофф…
…Вофф!.. Сал шамол турди шекилли. Хайрият. Бари бир бошим зирқираяпти. Худди биров унинг ичига қўлини тиқиб, миямни таталаётгандай. Ҳидлар… Ҳидлар… Бу ерда ҳидлар шу даражада турли-туман ва шу дара-жада ўткирки, гўё ҳозир димоғимни тилкапора қилиб юборадигандай…
Орадан анча кунлар ўтди.
Бу пайтга келиб мен юқоридаги деярли ҳамма саволимга жавоб топишга улгургандим. Бошимнинг оғриғи ҳам анча камайган, Шуҳрат Салимовичнинг айтишича, «алаҳсирашларим» ҳам бутунлай қолганди. Шуҳрат Салимович — менинг собиқ ёрдамчим, медицина фанлари кандидати, доцент. Собиқ деяётганимнинг боиси, ҳозир у менинг лавозимимни эгаллаган, яъни жарроҳ-лик клиникасига раҳбарлик қилади. Мен эсам, ошини ошаб, ёшини яшагаи кекса профессор, буйрагим бедаво касалга йўлиққач, ўзимни фан тараққиёти йўлида қурбон қилишга қарор қилдим. Мен ўз миямни, ундаги барча хотира молекулаларини фанга тортиқ этдим. Дастлаб бу қалтис ишни миямни бирор ёшга тавсия қилиш йўли билан амалга оширмоқчи бўлдим. Лекии, афсус, бундай ёшлар топилмагач, уни севикли този итим — Қоракўзга кўчириб ўтказишни режалаштирдим. Бу фикримни Шуҳрат Салимовичга айтганимда, дастлаб у ҳайратга тушди. Бу иш мутлақо ақлга тўғри келмаслигини айтиб, ўша заҳоти эътироз билдирди. Лекин мен бир ойлик умрим қолганми, йўқми эканини, бари бир вужудим яқинда мангу йўқлик қаърига равона бўлишини, ўзида ғоятда кўп билимларни жамлаган миям эса, ҳали кўп фойда келтиришини айтганимдан сўнггина бу ҳақда ўйлаб кўриш кераклигини билдирди.
У шундан сўнг менга бир неча кунгача кўриниш бермади. Орадан бир ҳафта ўтгачгина ҳузуримга кириб келди. Мени бу пайтда сунъий буйрак лабораториясида даволашмоқда эди. Буйрагим ишдан чиққанлиги туфайли мени баланд кушеткага ётқизиб, қон томирларимни организм фаолиятини вақтинча мўътадил ишлатувчи сунъий буйрак аппаратига махсус трубкалар ёрдамида улаб қўйишганди. Шуҳрат Салимовичнинг қовоғи солиқ эди.
— Сиз менга жуда кўп нарсаларни ўргатдингиз, устоз,— деди у қандайдир босиқ овозда,— ҳам жарроҳлик асосларини, ҳам одамийлик сирларини. Сизни отамдан ҳам афзалроқ кўраман. Менга қолса, буйрагингизни алмаштириб, умрингизни яна…
Унинг бу пессимистик руҳдаги гапини дарров бўлдим:
— Ҳожати йўқ! Ахир айтдим-ку, мен ошини ошаб,ёшини яшаган одамман. Мана, суяк ва таналарим ҳилвиллаб ётибди. Боринг ана, буйрагимни алмаштирдикҳам дейлик. Лекин бугун буйракни янгиласам, эртага ўпка ёки жнгаримни, индинга яна бошқасини алмаштириш лозим бўлади. Ахир, қарилик қарилигини қиладида! Умуман инсон қаригаида умрини узайтиришдан қандай наф кўриши мумкин? Бу менимча, ғирт аҳмоқлик. Бу қўшимча изтироб деган гап-ку, ахир!..
Мен бу гапларни хасталигим учун хийла заиф овозда айтган бўлсам ҳам, улар йигитга таъсир қилмай қолмади, албатта. Фурсатни ўтказмаслик керак эди. Шунинг учун яна «ҳужум»ни кучайтирдим:
— Инсоннинг танаси, организмлари қарийди. Лекин унинг мияси, унда бутун ҳаёти давомида жамланган билимлари ва хотиралари, қалби — агар у жисмоний хасталикка мубтало бўлмаса,— ҳеч қачон қаримайди.Модомики шундай экан, нега улардан инсон эҳтиёжларини қондириш йўлида фойдаланиш мумкин эмас, масалан, менинг миямни итнинг миясига кўчириб ўтказсанг, менинг танам йўқолгани билан, сен ўз маслаҳатгўйинг, устозингдан айрилмаган бўласан. Агар ўша менинт миям ўтказилган «ақлли» ит билан фикр алмашиш методикасини ўзлаштириб олсанг, (бу эса, – менимча, қийин эмас) биз сен билан то кексайгунингча илмий ва ижодий ҳамкорликни бемалол давом эттираверамиз.
— Бундай мураккаб операцияларни одамларда сира синаб кўрмаганмиз, профессор, бу ёғи қандоқ бўлади, ахир?!
— Ҳечқиси йўқ. Ахир уларни қачондир кимдир бошлаши керак-ку! Ўша кимдир биз бўлсак нима бўпти.
– Тўғри-ку-я…    
– Операциянинг муваффақиятли ўтишига эса, менинг имоним комил. Бундай операцияларни ҳайвонлар, шу жумладан маймунларда озмунча амалга оширганмизми!.. Бу ишдаги муваффақиятларимиз учун мана сен мукофотга ҳам сазовор бўлдинг…    
– Шундай-ку-я…
– Бундай операцияларнинг деярли ҳаммасида муваффақиятга эришганмиз. Ўйлайманки, энди экспери» ментларимизни одамларда давом эттириш учун фурсат етди!     
– Нима десам экан…
– Тўғри, бизга бу қалтис операцияни ўтказишга рухсат бермасликлари мумкин. Нима бўпти? Ишни яширин ҳолда олиб борамиз. Масалан, операцияни сен, ассистент Светлана Назаровна ва яна икки ҳамшира амалга оширасизлар. Бу ҳақда бошқа ҳеч ким ҳеч нарса билмаслиги керак, вассалом. Ишимиз муваффақиятли чиқиб, ижобий натижаларга эришсак, ана уҳолда бу ҳақда эълон қилиш мумкин. Ана унда биз мислсиз кашфиётни қўлга киритган бўламиз!..    
— …Нима ҳам дердим. Умуман, мен рози!.. — Мана бу бошқа гап! Бўлмаса, операцияга шу бугунданоқ тайёргарликни бошлаш керак…
Операция муваффақиятли ўтди. Орадан роппа-роса етти кун ўтгач, ўзим ётган реанимация палатасидаги нарсаларни илк марта аниқ ажрата бошладим. Ана, тепамда кислород яшикчаси. Каравотимнинг ўнг томонидаги столда аллақандай медицина аппаратлари. Тумбочка. Стул.
Қўлимни кўтармоқчи бўлгандим, эплай олмадим. Ҳамма ёғим каравотга боғлаб ташланган эди. Ана шунда бутун танамни қўнғир тусли жун босиб кетганини кўриб, ҳушим бошимдан уча ёзди. Ушандаги аҳволимни бир кўрсангиз эди. Гавдамнинг бўйдор този ит қиёфасидалигини сезгач, вужудим қалтирай бошлади. Шу пайт эшикдан аввалги оқ шарпалар эмас, балки росмана собиқ ёрдамчим билан Светлана Иазаровна кириб келишди-ю, менга ҳамма нарса равшан бўлди қолди. Хотирамнинг бундай кескин тикланиши ҳали анча хаста ва заиф миям ҳамда бошқа организмларим учун оғирлик қилди шекилли,кўзларим нурсизланиб, баттар мажолсизландим, бошим айланиб кетди.
Шуҳрат Салимовичнинг овози жуда узоқдан эшитилди:    
— Аҳволингиз қалай, профессор?— ваҳоланки, ; у шундоқ тепамда энгашиб турарди. У менга, ит қиёфасидаги бир махлуққа «профессор» деб мурожаат қилаётгани менга жуда эриш туюлди. Шундай бўлса ҳам унга «яхши» деган маънода кўзимни юмиб жавоб қайтардим.
— Ё ажаб, қарашлари нақадар маъноли!—Бу ҳаяжонли хитоб Светлана Назаровнанинг оғзидан чиққанди. Менинг сўзлай олмаслигимни билса ҳам, Шуҳрат Салимович менга қараб гапиришда давом этди:
— Биз ҳам шундай деб ўйлаймиз, профессор. Аҳволингиз ёмон эмас. Яна уч кундан кейин туриб юра бошласангиз ҳам бўлади. Лекин ҳозир бизни қийнаёт-
ган бирдан-бир масала — сиз билан бевосита фикр алмашиш методикасини аниқлаш. Ёдингиздами, сиз, бу қийии муаммо эмас, деб айтган эдингиз. Сиз бирмунча    ҳақ эдингиз, албатта. Биз сиз билан аввало телепатик усулда, яъни фикран гаплашишимиз мумкин. Лекин бу усулни ўзлаштириб олиш учун камида икки-уч йил машқ қилишимиз керак. Бундан ташқари фикрларингизни махсус аппарат воситасида магнит плёнкасига ёзиб олиб эшитишимиз, худди шу услубда сизга ҳам ўз гапларимизни узатишимиз мумкин. Бироқ бу ҳам унчалик эффектив усул эмас. Чунки доимо ўзимиз билан катта аппаратни олиб юришимиз лозим бўлади. Фикр алмашишга ҳам анча вақт йўқотамиз… Хуллас, биз ҳозир изланяпмиз, профессор. Бу ҳақда ўшанда сизнинг узил-кесил фикрингизни билиб олмаганимга ҳозир жуда афсусланяпман…
Улар мени яна ҳоли қолдиришди. Хаёлга чўмдим. Чуқурроқ ўйлаб кўрсам, одамлар билан оғзаки мулоқат қилиш илгари мен ўйлаганчалик осон иш эмас экан. Мен ўшанда даставвал оғзаки гаплашишни назарда тутгандим. Ахир дунёда уч-тўрт оғиз сўз айта оладиган итлар ҳам йўқ эмас-ку! Демак, итлар одамга ўхшаб гапира олишлари мумкин. Айниқса, одамга ўхшаб му-шоҳада қила олувчи итлар!.. Лекин операциядан сўнг ўзимга келгач, гапиришга биринчи интилишимнинг ўзиёқ юқоридаги фикрларимни чиппакка чиқарди. Мен ҳар қанча кучаниб-тиришмай, «вофф» деган ёки хириллаган овозларни чиқаришгагина қодир эдим, холос. Яна ким билади, келажакда балки одамлардек гапиришга ҳам мушарраф бўларман. Бироқ ишончим комилки, бунинг учун кам деганда уч-тўрт йил машқ қилишим зарур.
Ҳозирча мен учун ўзгалар билан гаплашишнинг бирдан-бир йўли кўзларим эди. Кўзларимнинг ғоятда серифодалиги Светлана Назарознани бежиз ҳайратга сол-маган бўлса керак…
Бу кутилмаган хулосамдан кайфиятим анча енгиллашгандай бўлди. Лекин ҳидлар… . Ҳа, ҳидлар ҳамон менинг гўё бутун вужудимга ҳукмдорлик қиларди. Бир ҳисобдан Қоракўзнинг нерв тўқималари бу ҳидларнинг ҳаммаси одатдаги, таниш ҳидлар эканини айтиб турса, профессор учун бу сира кўникиб бўлмайдиган ҳол эди. Қоракўз гавдали, қулоқлари бўриникидай диккайган, искаптопар този ит эди. Унинг ҳид тўқималари ғоят даражада тараққий этган бўлиб, овни бир иеча ўн километрданоқ сезар, кейин безовталаниб, вовуллаганича мени ўша томонга бошларди…
Мени илк марта ташқарига олиб чиққанларида, кундалик ва оддий ҳидларга деярли ўрганиб улгурган эдим…
Ўша куни клиника хиёбонида Шуҳрат Салимович билан ёнма-ён борардим, одамларда бирор шубҳа уйғотмаслик учун у бўйнимга ип боғлаб, бир учини ўзи ушлаб олганди. Хиёбонда айланиб юрганлар менга қизиқсиниб тикилишар, болаларига кўрсатишар, «вуй катталигини!»—деб қўйишарди. Шуҳрат Салимовичнинг бир-икки таниши ҳатто:
— Ўзингизнинг итингизми, доктор, жуда чиройли экан!— деб гап ҳам отиб қўйишди.
Бир пайт… Бир пайт шимол томондан мутлақо нотаниш бир ҳид келиб димоғимга урилди-ю, беихтиёр тўхтаб қолдим. Қоракўз номидан қасамёд қилишим мумкин: бундай ҳид илгари ер юзида ҳеч қачон бўлмаган! Бу, гарчанд билинар-билинмас бўлса ҳам, на қиёсини ва на таърифини қилиб бўладиган шундай ёқимсиз ҳид эдики, ундан, ҳатто, баданларим жунжикиб кетди.
Шуҳрат Салимович ҳам тўхтаб, менга савол назари билан тикиларкан, овозини пасайтириб:
— Нима гап, профессор?— деб сўради.
Унинг ҳеч нарсадан бехабар осойишта юзига боқарканман, одамлар бундай нозик ҳидларни сезишга қодир эмасликларини эсладим. Умуман, ҳид билиш қобилияти итларда одамларга нисбатан бир неча ўн марта яхшироқ тараққий қилган-ку!
Мен кўзларимни дарров Шуҳрат Салимовичнинг назаридан олиб қочдим. Чунки саволига жавоб беришга ожиз эдим.
Шу-шу мен ўз ўтимда ўзим қовурила бошладим. Ҳид туфайли безовталигим кундан-кунга орта берди. Устига-устак қалбимда кечаётган ҳиссиётларимни ҳеч ким билан ўртоқлаша олмасдим. Бора-бора хиёбонга чиқишга ҳам юрагим безиллайдиган бўлиб қолдим. Чунки-нотаниш ҳид гарчанд билинар-билинмас даражада бўлса ҳам, кундан-кунга кучайиб борарди. Сал айлангач, Шуҳрат Салимович менинг палата томонга интилаётганимни кўриб, бунп чарчаганга йўярди-да, дарров истагимни бажо келтирарди.
Кунларнинг бирида ташқарида шамол турди. Шуҳрат Салимович одатдагича хиёбонни айлантирмоқчи бўлиб келганида, мен бошим билан шамолга ишора қилиб, ташқарига чиқишдан бош тортдим. Собиқ шогирдим ҳайрон бўлди, Пича иккиланиб тургач, елкасини қисди-да:
—    Ихтиёрингиз,— дея мени ҳоли қолдирди.
Шу пайт… Шу пайт, ҳайҳот, ётган жойимда юзлаб бошқа ҳидлар орасида ўша… нотаниш ҳидни ҳам сездим! У очиқ деразадан шамол билан кирган эди.
Ўзи нима гап? Нега мен бунчалик безовталаняпман? Нотаниш ҳид бўлса нима бўпти? Атрофда нима кўп — кимё заводлари кўп. Қишлоқ хўжалиги учун яна бирор янги зарурий бирикма ўйлаб топишгандир-да. Бунинг менга нима алоқаси бор?
Ўшанда шундай деб ўйладим. Бироқ… Нотаниш ҳид мени негадкр ўзига буткул ром қилиб олган ва ҳатто, даҳшатга солмоқда эди.
Кечга яқин палатага Шуҳрат Салимович билан Светлана Назаровналар кириб келишди. Мен жўрттага ўзимни ухлаётганга солиб, кўзларимни юмиб олдим.
– Тсс… У ухлаяпти!— деди ассистент аёл.
– Қизиқ, бу пайтда ухлайдиган одати йўқ эди. Бунинг устига бугун негадир хиёбонни айланишдан ҳам бош тортди.
– Балки чарчаётгандир?
– — Балки. Лекин бу хилда турмай ётаверса, буткул соғайиб кетиши анчага чўзилиши мумкин. Ўзингиз яхши биласиз, жисмоний ҳаракат — организмга ёт орган киритилганда унинг она танага нисбатан номутаносиблигини йўқотишнинг муҳим омилларидан бири!
—    Шундай бўлса ҳам, менимча, яна икки уч кун сабр қилишимиз керак, Шуҳрат Салимович. Икки-уч кунда ҳаммаси равшан бўлади. Балки уни нимадир
безовта қилаётгандир?
—    Безовта қилса, у бундай тинч ухлай олмасди. Шуҳрат Салимович сукут қилиб тургач, қатъий бир қарорга келган киши гапи оҳангида давом этди:
—    Гап бундай, Светлана Назаровна: жисмонан у асосан соғайиб бўлди. Ҳамма анализлар шуни кўрсатяпти. Менимча, иккинчи этап экспериментларимизни бошлаш учун фурсат етди. Бу ишга эртаданоқ киришишимиз керак. Чунки у билан бевосита фикр алмашиш методикасини яратмас эканмиз, бу операциямиз ҳам ҳеч қандай аҳамиятга молик бўла олмайди.
— Нима ҳам дердим. Сиз ҳақсиз, Шуҳрат Салимович.
Улар ташқарига йўл олишди шекилли, овозлари аста-секин узоқлаша бошлади.
– …Янгиликни эшитдингизми, тунов куни учиб келган. «Олмос» космик кемаси бор-ку…
– Ҳа, консервацияга қўйилди, дейишаётувди.
– Ўша кема турган ангарга кирган икки механик негадир бўғилиб ўлибди. Мурдаларини эса роботлар олиб чиқишибди. Умуман, ўша ангарга яқинлашган одамлар қандайдир таҳликага тушиб, ўша заҳоти орқага қочаётган эмишлар…
Бу гапдан беихтиёр кўзларим очилиб кетди. Шуҳрат Салимовичнинг овози энди коридордан эшитилди:
—    Қизиқ, дунёда нима ишлар бўлмайди!..  Мен ирғиб ўрнимдан туриб кетганимни сезмай қолдим. Дераза олдига келдим. Ўша нотаниш, ёқимсиз ҳид ҳамон димоғимни қитиқлар, йўқ, таъбир жоиз бўлса, тимдаларди. Мен шу топда илк марта ўша Урандан қайттан «Олмос» космик кемаси билан нотаниш ҳид ўртасида қандайдир боғлиқлик мавжудлигини пайқагандим. Айни пайтда мен сергак овчи итга хос бўлган зийраклик ва таниқли олимга хос чуқур мушоҳада билан одамлар улкан ҳалокат ёқасида турганини ҳам биринчи бўлиб сезган эдим. Ҳа, буни ер юзида мен, фақат мен — Қоракўз ва олимнинг ноёб чатишмасигина аввалдак пайқашга қодир эдим!    
Мен кўп иккиланиб. ўтирмадим. Шу топда. зиммамга юкланаётган инсоният олдидаги буюк миссиямни тўла англаб етмоғим учун чорак соатча вақт кифоя эди. Қоронғи тушишини пойламасданоқ, деразадан сакраб ҳовлига тушдим-да, клиниканинг орқа томонига. йўл олдим. Шуҳрат Салимович билан хиёбон айланиб юрганимда девор панжараларидан бири .мен сиғарли даражада очиқ эканини кўрган эдим. Мен ҳар нима бўлганда ҳам космопортга қараб жўнашга қарор қилгандим. Чунки зиммамга ғоятда оғир вазифа тушганди: Ер юзидаги одамларнинг тақдири ё уёқлик, ё буёқлик бўлишида мен бош ролни ўйнашим мумкин эди.
Дарахтлар орасидан югуриб борарканман, клиникада шов-шув кўтарилганини.пайқадим. Афтидаи, менинг қочаётганимни сезиб қолишганди. Тезроқ югура бошладим.    
Аэропортга олиб борадиган бекатга етиб келганимда, бу ерда ўттиз ёшлар атрофидаги дарозгина бир аёл беш ёшлардаги чиройли болани етаклаганича электробус кутиб турар, сал нарироқда яна икки-уч йигит-қизлар гурунглашарди.
Индамай боланинг ёнига келиб турдим. Бола ўша заҳоти онасига қараб:
– Вуй, манави кучукни!— дея хитоб қилди-да, мени эркалаб, бошимни силашга тушди. Онаси менга бир оз хавотирланиб тикиларкан:
– Эҳтиёт бўл, Эркин, қутурган бўлмасин тағин,— деб қўйди.
Сочи узун йигитлардан бири менга яқинлашди;
—    Қутурган эмас, хола, хавотирланманг. Қутурган итларнинг кўзлари бунақа бўлмайди. Қани менга келчи, Бобик, жуда ақллига ўхшайсан. Зотинг ҳам асл экан… Қани-қани, қўлингни бер-чи…
Бахтимга шу пайт электробус келиб тўхтади. Болага эргашиб чиқиб олдим. Бу ерда боланинг ити деб ўйлашди шекилли, менга айтарли ҳеч ким эътибор бермади.
Аэропортга етиб келганимда то диктор космопортга учувчи самолёт рейсини эълон қилгунича бир чеккада беркиниб туришимга тўғри келди. Қейин иккинчи кириш йўлидан самолёт томон кетаётган одамларга эргашдим. Бу пайтда ҳамма ўзи билан ўзи овора, бировнинг менга эътибор беришга вақти ҳам йўқ эди. Оталари ё оналари етаклаб кетаётгаи болаларгина зўр бериб мен томонга ўгирилишга интилишар, баъзилари менга завқланиб, баъзилари хавотирга тушиб тикилишарди.
Қадамимни тезлатдим. Самолётга шошиб бораётган одамларни бир зумда ёнлаб ўтиб, улардан сал олдиида бораётган — чамадонлар ортилган пастаккина электромобилнинг панасида юра бошладим. Авиатор формасидаги киши эса менга ҳай-ҳайлаб бақирганича қолаверди.
Мана, электромобиль товушдан тез учадиган баҳайбат реактивсамолётнинг чап биқинидаги очиқ люк олдига келиб тўхтади. Ҳайдовчи-робот бамайлихотир жойидан люкка тушди-да, чамандонларни бирма-бир олиб, жойлай бошлади. У орқасига ўгирилган пайтини пойлаб турдим-да, шартта электромобилга чиқиб, чамадонлар сафининг чеккасига туриб олдим.
Робот мени кўриб, ҳатто, ажабланмади ҳам. Совуққонлик билан бир қўлини бўйнимдан, бир қўлини қорнимдан ўтказиб кўтарди-да, люкка, чамадонлар орасига тиқди. Мен шундай жойга жойлашдим-ки, бу ердан бутун аэропорт деярли кўриниб турарди. Ишнинг бунчалик осон кўчганидан хурсанд бўлиб улгурмаган ҳам эдимки, азропортга кириш йўлларидан бирида оқ халатли бир неча врачни кўриб, ғужанак бўлиб олдим. Мен олисданоқ улар орасидаги Шуҳрат Салимович билан Светлана Назаровнани таниган эдим. Улар чор-атрофга олазарак бўлиб, шошилинч ҳолда аэропорт ичкарисига кириб келишарди. Мана, улар менга бақириб қолган авиатор олдида тўхтаб, алланималарни сўраб-суриштира бошлашди. Улардан сал орқароқда… электробус бекатида мен билан гаплашмоқчи бўлган узун сочли йигит турарди. Врачларни бу ерга, афтидан, ўша бошлаб келганди.
Бу пайтда робот электромобилдаги энг сўнгги чамадонларни жойламоқда эди. Навбат энг сўнгги чамадонга келганда, у негадир тўхтаб қолди. Мен унинг ҳисоб-китобини бузган эдим-да.
Робот сўнгги чамадонга тегмасликка қарор қилиб, люкни беркита бошлаганида, ҳалиги авиатор врачларга қўлини бигиз қилиб, мен ўтирган самолётни кўрсатаётганини илғаб қолдим. Лекин…
Бахтимга баҳайбат двигателлар ишга тушиб, самолёт турган жойида оҳиста тебрана бошлади. Яна бир неча дақиқадан сўнг эса, биз шитоб билан осмони-фалакка кўтарилмоқда эдик.
Самолёт космопортга етиб келганда, қоронғилик чор-атрофга ўз чодирини тикиб улгурган эди. Бу мен учун қўл келди, албатта. Люк очилиб, робот чамадон-ларни олиб, тескари ўгирилиши билан сакраб пастга тушдим. Лекин бу гал режаларим тездан чиппакка чиқди. Самолёт атрофини авиаторлар формасидаги одамлар ўраб олишган бўлиб, ҳаммаларининг назарлари менда эди. Афтидан, уларга мени тутиш ҳақида алоҳи-да буйруқ берилганди. Буларнинг ҳаммаси Шуҳрат Салимовичнинг иши эканига заррача ҳам шубҳаланмадим: У, космопортга жўнаб кетганимдан воқиф бўлгач, бу ерга ҳам телефон қилишга улгурган. Ҳойнаҳой ҳали келгуси рейсда ўзи ҳам етиб келса керак.
Мен қочиш ё бошқа бирор қаршилик кўрсатиш бефойда эканини сезиб, бошимни эгганимча авиаторлардан бирининг қаршисига қараб бордим. Кайфиятим тобора ёмонлашиб борар, чунки номаълум ҳид бу ерда хийла кучайганди. Ёши анчага бориб қолган гавдали авиатор:
—    Шаҳар ижроқўми раисининг шахсан ўзини қизиқтирган ит мана шу экан-да!—деди оҳиста бўйин ҳалқамдан ушлар экан. («Демак,— кўнглимдан ўтказдим мен,— Шуҳрат Салимович шаҳар ижроя комитети раисини ҳам ишга солибди».)Унга жавобан авиаторлардан бири:
– Дарҳақиқат, олий насаб итлардан экан, — деб қўйди.
– Ақли ҳам жойидага ўхшайди,—деди яна бири,— қочиш бефойдалигини сезиб, дарров таслим бўла қолди.
Мени вақтинча космопорт вокзалидаги алоҳида хоналардан бирига жойлаштиришди. Бу ерда пастаккина стол ва стулдан бўлак ҳеч вақо йўқ эди. Ҳалиги гав-дали авиатор олдимга бир бўлак қотган нон билан мис тарелкада макарон қўяр экан:
— Мана, қорнинг очган бўлса, еб ол, тортинма.Эганг келгунча шу ерда ёта турасан,— деб чиқиб кетди.Хақиқатан хийла очиққанимни шу топдагина аниқ ҳис қилдим. Нонни ҳам, овқатни ҳам паққос еб олдим. Шундан кейингина келгуси режаларимни тузишга киришдим. Чунки илгари ўйлаган планларимнинг бари барбод бўлган эди. Бунинг устига дилга ғулғула солувчи ҳид бу ерда асабимга ҳаддан ташқари тегаётганди.
Мени шу топда қийнаётган бирдан-бир нарса —қалбимда кечаётган хавотирли ҳисларим, фикрларимни одамларга қандай етказиш масаласи эди. Агар хяёлим-
дағи тахминларим тўғри чиқса, инсоният шу дақиқаларда мисли кўрилмаган ҳалокат ёқасида турарди.
Бундай хавфни оламда биринчи бўлиб мен сезган эканман, дарров олдини олмай, тақдирнинг жиловига топшириб қўйишим— ўта кетган – даҳшатли жиноят бўлур эди.
Нафсларимни айтганда, мен нима ҳам қила олишим мумкин? Бир оғиз гапира олмасам. Бунинг устига шу туришимда одамларга ўхшаб бирор иш бажаришга
ҳам қодир бўлмасам. Ҳалокатнинг олдини олишда менга одамлар, фақатгина одамлар ёрдам бера олиши мумкин. Мен эсам…    
Йўқ, бирор йўлини топиш керак! Албатта, гаплашишнинг бирор йўлини топиш керак! Йўқса ҳаммамиз барбод бўламиз. Бутун инсон авлоди адойи-тамом бўлади!.. :    
Мен ўйлаб-ўйлаб, охири, нима бўлганда ҳам, даставвал тахминларимнинг қанчалик тўғри-нотўғри эканини узил-кесил аниқлашим керак, деган қарорга келдим. Бироқ… Кўп ўтмай бу қароримдаи ҳам воз кечдим. Чунки бу ишни ҳам одамлар ёрдамисиз амалга оширишим ғоятда мушкул эди…
Эшик очилиб, хонага газдали авиатор билан Шуҳрат Салимович бошлиқ жарроҳлар кириб келишганда мен ана шундай қарама-қарши ва изтиробли ўйлар оғушида ўтирардим.
Собиқ шогирдим кира солиб, саволларига жавоб топиш, бир нима ўқиб олиш илинжида дарров кўзларимга тикилди. Бироқ ўша заҳоти умидлари пучга чиқди. Ўзим ҳам сезиб турибман: кўзларимда саросимадан бўлак ҳеч қандай ифода йўқ эди. Ажаб: Шуҳрат Салимович қўлида катта ватман қоғоз билан учи яхшилаб очилган йўғон қора қалам ушлаб олганди. Гавдали авиатор ҳам негадир менга энди бутунлай бошқача назар билан боқар, афтидан, одатдаги итлардан эмаслигимни жарроҳлар унга тушунтириб: қўйишганга ўхшарди.    
Собиқ ёрдамчим бирдан қоғозни бўш столга ёзди, кейин аллақандай хавотирли товушда: «Нима гап, профессор?»— деб сўради-да, қоғозга ишора қиларкан, қаламни менга узатди. Азбаройи хурсанд бўлиб кетганимдан «вофф» деб юборганимни ўзим ҳам сезмай қолдим. Ахир, Шуҳрат Салимович фикр алмашишнинг мен учун энг оддий ва энг ажойиб услубини тавсия қилмоқда эди-да! Шунга ақлим етмаганини қаранг… Шартта стулга чиқиб, чўққайиб ўтирдим-да, қаламни олдингиоёқларим орасига олдим. Пича ўйланиб олганимдан сўнг қинғир-қийшиқ ҳарфларда: «Олмос» …ангар!»—деб ёздим. Кейин қаламни қўйиб «қўлларим» билан аввал ўзимни, сўнгра ёзувни кўрсатдим. Бу билан «мен ўша ёққа боришим  керак»—демоқчи эдим. – Шуҳрат
Салимович менга қаттиқ тикилди. У менинг м-ақсадимга тушунолмай ҳалак эди. — Бу ангарга кириш мумкин эмас,— деди авиатор қовоғини солиб.— У ерга” ҳозир соқчилар қўйилган.
– Билса бўладими, нима учун?—сўради ШуҳратСалимович.
– Агар хабарингиз бўлса, ангарда икки механик номаълум сабаб билан ҳалок бўлишди. Ангар ёнидан ўтаётган икки фазогир эса, тўсатдан саросимада қолиб, бўғилаётгандай йиқилиб тушишди. Пайтида роботлар ёрдамга келиб олиб кетишмаганида, бу иккаласи ҳам ҳалок бўлиши турган гап эди.
– Буларнинг сабаби аниқландими?
– Ҳозирча йўқ. Ўтказилаётган текширувлар деярли ҳеч қандай натижа бермаяпти…
Шуҳрат Салимович бир зум менга тикилиб турди-да, яна авиаторга юзланди:
– Ўртоқ бошлиқ, профессорга ангарга кириш учун расмий рухсат берилиши керак. Менимча, у бизга қоронғи бўлган кўп нарсалардан хабардор.
– Айтяпман-ку, у ерга ҳозир яқинлашиш ҳам мумкин эмас.
Мен яна қаламни оёқларим орасига олиб, қоғоз устига энгашдим: «кислор маска». Буни ўқигач, жарроҳлар яна савол назари билан бошлиққа тикилишди. У эса елкасини қисиб, паст овозда:
—    Ихтиёрингиз,— деди. Кейин ўша заҳоти товушини кўтариб, қўшимча қилди:— Лекин айтиб қўяй, бу иш натижасида юзага келиши мумкин бўлган у ёки бу кўнгилсиз ҳодиса учун жавобгарликни бўйнимга ололмайман.
Мен дарров қоғозга: «Биз рози!» — деб ёздим.
Орадан бир соатча ўтгач, биз, яъни Шуҳрат Салимович ва мен ҳалиги авиатор бошқариб бораётган енгил электромобилда сирли ангар сари йўл олдик.
Нотаниш ҳид энди ниҳоятда кучайиб кетган, назаримда буни ҳамроҳларим — одамлар ҳам сеза бошлашган эди. Ҳид таъсириданми, мен ҳатто, даҳшатга тушиб, тиззаларим қалтирар, Шуҳрат Салимович ва авиаторнинг юзларини эса, аллақандай хавотирли бир ифода эгаллаганди. Уларни синчиклаб кузатар эканман, одамлар ҳидни бевосита сезишмаётгани, ҳид уларни вас-васага сола бошлаганини сездим. Ҳа, бундай нозик ҳидни бевосита пайқаш учун албатта ит ёки бўри бўлиш керак. Шу пайт авиатор машинани тўхтатди-да:
— Ангарга бир километрча қолди. Бу ёғига кислрод маскани киймасак, ишимиз чакки бўлиши мумкин,—дея маскани юзига торта бошлади.
Шуҳрат Салнмович менга маска кийишда ёрдамлашиб юборди-да, (менга одамлар киядиган кислород маскаларининг махсус размери тўғри келганди), ўзи ҳам бирпасда кийиниб олди.
Елкамизга ортиб олган қизил баллонлардаги тоза кислород билан нафас ола бошлаганимиз учун дилга ғулғула солувчи нотаниш ҳид ҳам илк марта димоғимни тарк этди. Операция бўлганимдан буён биринчи бор енгил нафас олиб, чор-атрофга назар солдим. Машинамиз тунги чироқлар ва турли маёқлар нурига чўмган улкан космопортнинг текис бетон йўлларидан бири бўйлаб елиб бормоқда эди. Кўп ўтмай электромобиль чироғи йўллар четроғида чап қўлига қизил боғич боғлаган ва ўнг қўлини кўтараётган қоматдор бир мўйсафидни ёритди-да, ўша заҳоти электромобиль унинг ёнгинасига келиб тўхтади. Мўйсафид ҳам кислород маскасини кийиб олганди.
Авиатор машинанинг очиқ деразасидан бошини чиқариб, чолга мурожаат қилди:
—    Рухсатномамиз бор. Мана…Мўйсафид авиатор узатган қоғозни ёруққа солиб, кўздан кечирар экан, куюниб деди:
—    Ахир бу нима деган гап?! Бир ойдан бери не-не профессорлар, не-не академиклэр келиб, ҳеч нарса аниқлаша олмаса-я! Ана сизга ҳангома! Деярли ҳар куни текшириш ўтказишади. Лекин кўп ўтмай тарвузлари қўлтиқларидан тушиб қайтиб кетишади. Баъзан қўрқувдан этларим жўнжикиб кетади. Ана сизга ҳангома!.. Хўш, сиз кимларни олиб келдингиз? Яна олимларнидир-да! Э-ҳа, ит ҳам бор денг. Академиклар ҳеч нима қила олмагач, ит нима қилиб берарди. Лекин, ё тавба,бу итингизнинг қарашлари жуда бўлакча-я! Худо ҳақ-
қи, худди одамга ўхшаб қарайди-я, кишига! Ана ҳангома-ю… Хайр, майли, йўлингизни берсин. Олимларнинг аламига зора мана шу ақлли ит бирор иш чиқарса!..
«Олмос» консервация қилинган ангар тўққиз қа-ватли оддий тураржой биноси ҳажмидаги баҳайбат инженерлик иншооти бўлиб, ичидан гигант зални эслатар ва у юлдузкезар кема таъмир қилинадиган махсус жой вазифасини ўтарди. Биз кириб келгағимизда, бу ерда баҳайбат фазо кемаси ва бир чекада турган — устида турли чизмалар сочилиб ётган столдан бўлак эътиборни тортадиган ҳеч нима йўқ эди.
Мен югурганимча, маска кийган шерикларимнинг кузатувида кеманинг чор атрофини синчиклаб кўздан кечириб чиқдим. Кема корпусида шубҳали ҳеч нима йўқ эди.
Махсус ҳавозалар бўйлаб жадаллик билан кеманинг юқори томонига интилдим. Орқамдан изма-из Шуҳрат Салимович келарди. Собиқ шогирдим ҳеч нарсага тушунолмай ҳалак, ҳамма ҳаракатларини беихтиёр бажармоқда. Уни бунчалик кулгили ҳолда биринчи кўришим эди. Пастда бўлса авиатор биздан кўз узмасди.
Кеманинг бутун корпусини обдон кўздан кечириб чиқишим учун бир соатча вақт кетди. Менинг мўлжалим бўйича, кема сиртининг бирор жойида нуқтадек, эҳтимол, ундан ҳам кичикроқ бир доғ бўлиши керак эди. Бироқ, эвоҳ, бутун ўйларим чиппакка чиқди. Кема сирти ойнадек топ-тоза, бирор доғдан асар ҳам кўринмасди.
Қизиқ, бу сира мен кутмаган ҳаёл эди. Миямга келган фикрдан оёқларимгача музлаб кетди. Наҳотки ҳамма тахминларим сароб бўлса?.. Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас.
Шу пайт фавқулодда калламга келган ўйдан қалқиб  кетаёздим. Ҳид! Ўша нотаниш ҳиднинг манбаини аниқлаш керак! Ана шундагина кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Лекин… буни қандай қилиб амалга оширса бўларкин? М-аскани бошимдан олсам, номаълум газ туфайли бўғилиб ҳалок бўлишим турган гап. Бошқа нима қилиш мумкин?.. Янглишмасам, бунинг бошқа йўли йўқ. Уша номаълум ҳид манбаини аниқлашнинг бирдан-бир йўли — маскани қисқа муддатга ечиб, ҳавони ҳидлаш. Ана шундагина ҳид концентрацияси ва унинг йўналиши бўйича манбага йўл топиш мумкин.
Собиқ шогирдимга юзланиб, олдинги оёқларим билан ёзиш ишорасини қилиб, қалам сўрадим. Шуҳраг  Салимович дарров тушунди, шимининг чўнтагидан қа-лам чиқариб, менга узатар экан, бемалол кема корпусига ёзаверинг, дея ишора қилди.
Қинғир-қийшиқ ҳарфлар сафини кема корпуси узрабита бошладим: «Мен маск еч. Керак. Соғ. яхши»—сўнгги нуқтани қўйишга улгурмадим. Худди ўша нуқта қўйилиши керак бўлган жойда тариқдек пушти ранг доғга кўзим тушди-ю, танамдаги бор тукларим тикка бўлиб кетаёзди. Мен сирли ҳодисанинг асосий калитини ниҳоят, топган элим.     
-Мана ўша даҳшатли заррача Ердаги илк эволюцион фаолиятини бошлаган жой. Стерилидация хизмати ходимларининг ўз вазифаларига бир неча лаҳзалик совуққонликлари туфайли зарарсизлантирилмай қолган  ўзга дунёлик бу заррача ҳозир қаерларда изғиб юрибди экан? Эҳтимол, мутлақо тасодифан тирик қолган бу ўзга самовий жисм вакили ҳозир қандай шакл олди экан? Умуман у Ердаги оддий зарралардан нима билан фарқ қиларкин? Бу саволларга дарҳол жавоб беришим қийин эди. Лекин менга шу нарса аниқ эдики, нотаниш заррача ҳали ангардан чиқиб кетишга улгурмаган. Эҳтимол, у ҳозир мутлақо заррача эмасдир. Лекин бари бир у қаердадир ангарнинг ичида эди. Чунки одамларнинг бўғилиб ҳалок бўлиши ҳодисаси ҳозирча бошқа бирор жойда эмас, фақатгина мана шу ангарда юз берган. Менинг тахминимча, ҳаво таркибидаги кислород билан реакцияга киришиб, нотаниш ҳид — Ер атмосфераси учун мутлақо ёд бўлган ғалати газ бирикмасига айланаётган ҳам ана шу заррача эди!
Ҳа, юзаки қаралганда, бу сира ақлга сиғмайдиган нарса эди. Лекин дақиқа сайин бунинг айнан шундай эканлигига ишончим тобора рртиб бормоқда эди.
Мен энди маскани ечишдан аввал ангарнинг ичини ҳам обдон кўздан кечириб чиқишга қарор қилдим.  Шуҳрат Салимовични яна ҳайратга солиб, қаламни тишларим орасига қистирдим-да, бирдан пастга интилдим. Ангар бўйлаб оҳиста одимлар эканман, унинг шипини, деворларини, полини зўр бериб назаримдан ўтказардим, Йўқ, бу ерларда шубҳа уйғотадиган ҳеч нарса йўқ эди.
Ҳайҳот, энди нима қилиш керак? Наҳотки, заррача ангардан чиқиб кетишга улгурган бўлса? Йўғе, у ҳозирча шу ерда. Қаердадир ангарнинг бирор жойида яшириниб ётибди. Лекин қаерида? Эндиги ҳамма гап мана шу саволга тўғри жавоб топишда қолган эди.
Дарвоқе, ҳид Манбаи!..
Менга тикилиб турган  Шуҳрат Салимовичга юзланиб, маскамга ишора қилдим. Собиқ ассистентим мени одатдагича ўша заҳоти тушунди. Бошини силкиб, ниқоб , инидаги кўзларини юмиб қўйди.
Кислород маскам ечилгач, тўйиб нафас олганимни биламан, кўз олдим қоронғилашиб думалаб кетаёздим:  Шуҳрат Салимович олдинги оёқларимдан маҳкам ушлаб қолиб, маскани юзимга тутмаганда, муккадан тушншим турган гап эди. Ажабо, нотаниш ҳид концентрацияси бу ерда шу даражада кучли эдики, унинг қай-си томондан келаётганини аниқлаш мутлақо мумкин эмас эди. Бироқ, яна бир ҳалигидай нафас олсам иш енгиллашарди. Лекин… шундай қилсам, ҳаётдан кўз юмншим ҳеч гап эмаслигини тушундим. Начора! Бутун инсониятнинг тақдири олдида биргина одамга ўхшаб мушоҳадалай оладиган итнинг ҳаёти нима деган ган, ахир!
Шуҳрат Салимовичга маскани кўрсатиб, уни яна туширишни илтимос қилдим,
Енгил-енгил ҳаво олар эканман, кутилмаганда ҳид сезилар-сезилмас оқим тариқасида ўнг томоидаги берк эшик томондан келаётгандай туюлди. Бироқ нафас олишим менга жуда қимматга тушди. Негадир даҳшатга тушиб қалтирай бошлар эканман, эшик томон интиламан дея Шуҳрат Салимовичнинг қўлидан чиқиб кетдим-у, ўша заҳоти гандираклаб, зарб билан деворга бориб урилдим. Ҳушимни йўқотдим. Шу алпозда қанча ётганимни билмайман, бир пайт ўзимга келсам, бошимга яна маска кийгизилган, Шуҳрат Салимович билан авиатор эса зўр бериб кўкрагим ва қорнимни массаж қилишарди,
Мен тура солиб ҳалиги эшикка қарадим. Эшик девор рангида бўлиб, очилмайдиган қилиб михлаб ташланганди. Уни дарров пайқамаганимизнинг боиси ҳам шунда эди. Даставвал эътиборимни тортган нарса эшикнинг калит суқиладиган тирқиши бўлди. Ҳа, бу тирқиш ҳозир кўзимга ниҳоятда шубҳали кўринмоқда эди.
Узала тушиб ётганимча, тишимдаги қаламни олд оёқларим орасига олиб, энди полга ёздим: «Эшикни очинг!»
Уша заҳоти авиатор қаердандир омбир ва лом топиб келди-да, бир неча дақиқа ичида эшикни очди,
Эшик остонасидан ҳатладим-у, тахтадай бўзрайиб, бир зум қотиб қолдим. Шуҳрат Салимович билан авиатор ҳам менинг аҳволимга тушишганди. Бу, афтидан, кислород баллонлари сақланадиган хона бўлиб, «Ол-мос» консервацияга қўйилгач, автоматик равишда кераксиз бўлиб қолганди. Бу ерда кишини ҳайратга соладнган нарса шунда эдики, кислород баллонлари-нинг газ чиқадиган оғзини на кўпиклигини ва на оқ мочалкалигини ажратиб бўладиган оддий шар шаклидаги массалар ўраб-чирмаб олганди. Девор тепасигақарадим-у, ҳайратим баттар ортди. Хонага совуқ ҳаво келтирувчи конденционер тешикларига ҳам шундай массалар, у ердан чиқаётган ҳавони бамисоли сўраётгандай, ёпишиб олишганди.Менинг имо-ишораларим билан дарров эшикни беркитишди.Ниҳоят, мен сирли ҳодисанинг тагига етгандай эдим.
Шерикларимга қарадим. Улар иккаласи ҳам ҳайрат ичра ўша ғалати массаларга тикилганча серрайиб туришар, ҳудди аллақандай нажот кутаётгандай менга бот-бот назар ташлашарди.
Ҳамроҳларим олдида ҳамон чўккалаб ўтирарканман, ниҳоятда чарчаганимни шу топдагина аниқ ҳис қилдим.
Тишларим орасидаги қаламни чиқариб, одатимча уни олд оёқларим орасига олдим-да, энг сўнгги кучларимни ишга солиб, полга: «Стер. суюқ. кел!»—деб ёздим. Авиатор тезгина чиқиб кетди-да, лаҳза ўтмай, ўнг қўлида шлангга уланган тўппончасимон қурилмани кўтарганича қайтиб кирди.
Мен бошим билан имо қилиб, суюқликни кўпиксимон массаларга сепиш кераклигиии билдиришим ҳамоноқ авиатор ишга тушиб кетди. Шубҳасиз Шуҳрат Салимович ҳам, авиатор ҳам шу дақиқаларда ниҳоятда муҳим ва буюк вазифани бажараётганимизни аллақачон тушуниб етишган эди.
Мен бўлсам энди азбаройи чарчоғимнинг зўрлигидан полга ёнбошлаб олгандим. Стерилизация кислотаси таъсирида бирин-кетиб эриб, тобора йўқолиб бораётган кўпиксимон массаларга лоқайд ва паришон тикиларканман, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ғалати воқеалар тизими бирма-бир кўз олдимга кела бошлади.
…«Олмос» кемасига бепоён фазонинг қаеридадир илакишган ва тасодиф туфайли тирик қолган пушти ранг заррача кема консервацияга қўйилгач, даставвал ангарнинг ҳавосидаги кислород билан секин-аста реакцияга кириша бошлаган. Ғалати кимёвий хоссага эга бўлган заррача, кислородни ютиб, ўзидан ҳавога таркиби бизга номаълум газни тарқатишга киришган. Шу процесс жараёнида ўзи тобора катталашиб, «семириб» бораверган.
Нўхатдек шаклга келган заррача, табиийки, ангардаги кислород мўлроқ бўлган жойга қараб интилади. Кема корпусида пушти ранг из қолдириб, кислород баллонлари беркитилган хона сари учади. Мана, у эшик тирқишгача қўнади. Ҳозирча унга шу ердан чиқаётган кислород ҳам етарли. Катталашган сайин, унга бу кислород камлик қилади. Тирқишдан ўтиб, мурвати яхши
беркитилмаган кислород баллонларидан бирига қараб учади. Афтидан, бу ердаги баллонларнинг кўпчилигидаги кислород чала ярим ишлатилганга ўхшайди. Мана  заррача янада «семириб», биргина баллон тешигидан чйқаётган кислородга қаноат қилмай қўяди. У бир неча бўлакларга бўлиниб, бошқа баллоиларга ҳам учиб ўтади. Ҳар бир бўлак энди ўз йўлича «семира» бошлайди.
Дарвоқе, кондиционер тешиклари-чи, улардан ҳам тоза ҳаво келяпти-ку. Ана, кислородга яна роса тўйинса бўладиган жой. Заррачанинг яиа бир неча бўлаклари энди кондиционер тешиклари сари йўл олади. Бу орада мазкур массалар ўзидан ажратаётган нотаниш газ аллақачон ангар тирқишларидан ташқарига чиқишга улгуради, чор-атрофга тарқалади.    
Нотаниш ҳид орадан бир ой ўтгач; менинг бир шаҳримга ҳам етиб боради. Бу ерда уни профессорга ўхшаб мушоҳадалай олувчи Қоракўз номли ит вақтида сезиб қолмаганда, воқеалар йўналиши қандай тус олишишини тасаввур қилиш қийин эмас.        
Ҳа, ундай ишлар буткул бошқача бўлур эди. Менинг тахминий ҳисоб-китобим бўйича, ҳалиги кўпиксимон массалар ангарнинг тешик тирқишларидан бир амаллаб ташқарига чиқиб олгач, геометрик прогрессия бўйича кўпайиб, Ер атмосферасидаги кислородни аёвсиз ютиб, камайтириб бориши, улардан чиққан даҳшатли газ эса, ярим йил ичидаёқ бутун Ер юзини эгаллаб олиши лозим эди. Одамлар дастлабки даврда ўзидан кислород чиқарувчи дарахтлар ва турли яшил ўсимликларнинг шохларига илашган кўпиксимон массаларга, шубҳасиз, унчалик эътибор қилишмайди. Эътибор қилишганда эса, кеч бўлар, яъни кўпиксимон массалар йўқотиб бўлмас даражада кўпайиб бутун дунёга тарқалиб кетган, улардан чиқаётган даҳшатли ҳид эса; одамларда тахлика ва саросима ҳисларини уйғотиб, офатга қарши бирон-бир ҳаракат уюштиришларига йўл бермай қўйган бўлур эди.
Шундай қилиб, кўпиксимон масса Ер атмосферасида кислород батамом тугамагунча кўпайиб бораверишн, нотаниш ҳид туфайли даҳшатга тушган одамлар эса, ҳаво етишмаётгани сабабли оммавий қирғинга учраши керак эди. Кўз кўриб қулоқ эшитмаган бундай улкан қирғинни тўхтатишга эса ҳеч ким ва ҳеч нарса қодир,  бўла олмас эди.
Тасаввур қиляпсизми, буларнииг ҳаммасига тасодифан стерилизация қилинмай қолган ўша нушти ранг заррача сабаб бўларди.
Ҳозир эса биз, яъни менинг истеъдодли шогирдим Шуҳрат Салимович, анави камтарин авиатор ва каминангиз бир-икки соатли уринишлардан сўнг ана шундай даҳшатли ҳалокатнинг олдини олишга муваффақ бўлгандик.
Ҳамон полда ёнбошлаб ётарканман, операция бўлган давримдан буён кўнглим илк марта тўла таскин топгандай эди.
Профессорнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бу жасорати олам бўйлаб яшии тезлигида тарқалди. Шуҳрат Салимович раҳбарлик қилаётгаи клиникага юзлаб
мактублар кела бошлади, Кўпчилик, башариятни улкан инқироздан сақлаб қолган, бу йўлда ўз ҳаётини мислсиз хавф остига қўйиб ғалабага эришган алломанинг қаҳрамонлигига тасаннолар ўқиган эди. Лекин юзга яқин ёш-ёш йигитлар, бундай одам ит қиёфасида асло қолмаслиги кераклигини ёзишган, уни яна одам қиёфасига қайтариш учун ўзларини қурбон этишга ҳам тайёрликларини; яъни ўз таналарига профессорнинг миясини кўчириб ўтказишни илтимос қилишганди. Шундай ажойиб инсон албатта одам қиёфасида яшаши керак, дея алоҳида таъкидлашганди улар.
Шуҳрат Салимович бу мактубларни профессорга кўрсатган эди, у кўз югуртириб чиққач, ўйчан нигоҳини рўпарадаги бир нуқтага тикди. Собиқ шогирди синчковлик билан боқиб, унинг кўзларидан қуйидаги маънони ўқиди: «Бу — жуда қалтис ва нозик масала. Бирор қатъий қарорга келишдан аввал жиддий ва ҳар томонлама ўйлаб кўриш керак…»