Кеча дам олиш куни эди.
Алланечук паришонхаёллигим ошиб, кун сайин ҳеч нарсанинг қизиғи қолмаётгандай. Тўққиз қаватли бинонинг тўққизинчи қаватидаги лайлакнинг уясидек икки хонали уйдан зарурат бўлмаганда чиққим келмайди. Авваллари, қаттасиз, қачон келасиз, деганича ҳоли жонимга қўймагич хотиним ҳам, бирор жойга чиқиб айланиб келсангиз бўлмайдими, дея энди тескарисини айтади.
Йўқ, дейман, йўқ!
Асаб. Телевизор кўрманг, газета-журналлар ўқиманг, кўпроқ дам олинг – кетмон чопиб, ўроқ ўрдимми? Осон экан-да.
Йўлакдан кираверишда, ўнг томондаги деворга ўрнатилган почта қутилари ўз-ўзидан қаёққадир ғойиб бўлган – газета-журналлар ўқиманг эмиш. Телевизор кўрманг эмиш. Унинг қаршисидаги диванда ёнбошлаб, барча каналларни бирма-бир кўришдан дурустроқ эрмак борми?
Кеча тушдан кейин, соат учда сой бўйидаги чойхонада ҳамқишлоқлар йиғилиб, ош қиладиган бўлишган эди. Озодқул мени уч кун аввал огоҳлантириб, домла, бошқа заказ олиб қўймай, албатта келинг, деган эди. Унинг отаси билан мактабдошман. Биздан икки синф баландда ўқиган. Кечагидек эслайман.
Озодқулга берган ваъдамга кўра ўрнимдан туриб отланаётган эдим, бирдан боргим келмай қолди.
– Бормайсизми?
– Йўқ.
– Уйда яккамохов бўлиб ўтираверинг.
– Ўтиравераман.
У яна нимадир демоқчи бўлди, айтмади. Қошини чимириб, ошхона томон йўналди. Сўнгги пайтларда муносабатларимизда мана шунақа оҳанглар устунлигига ҳам секин-аста кўникиб боряпмиз.
Кечқурун одатдагидек телевизор қаршисидаги диванга чўкдим. Жажжигина қизча чиқди. Математика фанидан қандайдир танлов ғолиби бўлган экан. Шунисига қизиқдим. Э худо, математика ҳақида бир оғиз ҳам гапирмаса-я?! Ўзининг шу даражага етишида маҳалласининг, ота-онасининг ўрни ҳақида балодай маъруза қилди. Қанақа қилиб ўргатишдийкин?
Кейин катта ишни дўндириб қўйгандек оғзи қулоғида бир одам экранда қора берди. Қизчанинг отаси экан. Уни қаердадир кўргандек эдим. Қизини мактабда ҳам ўзи ўқитар экан, бошқаларга қандай талабчан бўлса, қизига ҳам шунақа экан. Демак, уям математик, аммо маҳмаданалигига қараганда, мисол ечишдан кўра гапни кўпроқ дўндиради. Эҳтимол унга ҳам талабалигида ўзим дарс бергандирман. Ким билсин, умримнинг кўп қисми шунақаларни одам қиламан, деган орзу билан ўтди.
– Сериал кўрасизми?
Ошхонадан қайтиб келди.
– Йўқ.
Пультни диванга ташлаб, ўрнимдан қўзғалдим.
– Сиз буларни ўқинг.
Қўлимга иккита сариқ матбуот деб аталувчи кўча газетасини тутқазди.
Бунақа газетларингни ўзинг ўқи, демоқчи бўлдим-у, яна сан-манга бориб ўтирмаслик учун индамай қўя қолдим. Хонамга кирдим.
Шифтга қараб чалқанча ётдим. Аллақандай силлани қуритиб юборадиган зерикишни ҳис этдим.
Онамни эсладим. Мени қишлоқда олиб қоламан, деб не заҳматлар чекмади боёқиш. Бошингни оғритиб нима қиласан, олдимда ўтир, қавму қариндош, қўни-қўшниларинг орасида юрмайсанми, узоқларда санқиб бир бурда ортиқча нон топганинг нима бўларди, дерди. Ахийри, тақдирга тан бергач, ўқийман деб очин-тўқин юрма, ошхонага кириб қорнингни тўйғазиб-тўйғазиб ол, деб ўргатишдан чарчамасди. Шу Озодқулгаям раҳматли онам тайинлаб қўйган. Девор-дармиён қўшнимиз, қолаверса, кичиксан, тез-тез хабар олиб тур, бир-бирингга ҳампо бўлиб юринглар, ўзини ёлғиз қолдирманглар, деган – бир куни ширакайфлигида айтиб юбориб, бувим жуда ажойиб кампир эдилар-да, девди. Ўша-ўша, ёш болагаям шунақа гап гапирадими деб гоҳ раҳматлидан, гоҳ бу гапни бошқалар олдида достон қилган Озодқулдан домангир бўлиб юраман.
Ўзи, бугун борсам ҳам бўларкан… Соатга қарайман, энди кеч. Мижжаларим намланганини биров кўрмагани яхши бўлди. Айниқса, анави…
Ўзимни овутиш учун газетанинг биринчисини очдим. Ҳаммаси кроссворд, чайнворд деган нарсалар экан. Яна аллақандай эълонлар, рекламалар. Ўзини-ўзи қоплаши керак. Боёқишлар – барча югур-югур билан овора.
Иккинчи газета ҳам биринчисидан қолишмасди. Теледастурлар саҳифасидан кейинги бетни очиб, ғалати уч нуқталарга кўзим тушди. Чамаси, бу уч нуқталар сарлавҳа ўрнида эди. Аммо унинг устида на бирор исм-шариф, остида на бирор бир жанр кўрсатилган эди. Уч нуқталарнинг еттита эканлиги ва тобора катталашиб боргани мени ажаблантирди. Кейин бунга эътибор бермай, остидаги матнни ўқишга тутиндим.
… … … … … … …
Туман маркази ўртасидан кесиб ўтган, қачонлардир асфальт ётқизилган йўлнинг қор ва ёмғирдан ўйдим-чуқурлашган жойларига шағал тўкилган – тепадан қараганда ямоқчининг тўрвасидай кўринади.
Йўл бўйида тўхтаган кўк рангдаги “Отайўл”нинг олдинги эшиги очилди.
Ундан бир аёл тушди. Автобус жойидан силжиди.
Бурни танқайган, кўзлари чангданми, чарчоқданми қизариб кетган ҳайдовчи ортига ўгирилиб, қалин лабларини чўччайтирди ва зарда қилаётгандек хириллади:
– Қолганлар ҳамма бозоргами?!
– Ҳа, бозорга-а! – йўлда тушириб қолдирилишидан хавотирлангандек чувиллаш қулоқ қасмоқлари оралаб ўзини ичкари ургач, ҳайдовчи қиёфасига мамнунлик ифодалари балқиб, кўкрагини рулга берди ва газни қаттиқроқ босди.
Автобусдагилар ҳануз тушиб қолган аёлни унутишолмасди – бечорага қийин бўпти; яна икки йилгина чидашса бўларди; ўн йил олдин қонун чиққан экан; шу чоққача нега индашмапти; керак бўлган-да; энди янгиларга иш топиб бериш керак экан; кўп югурди шуям; уйда ўтиргани билан устидан эшик қулфланиб қолса нима қилади; ҳа-а, бошида туғи бўлгандаям бўлак гап эди; ўғли ўқишини битириб олгандаям майлийди…
Автобус гавжум жойга кириб борди.
Дераза-тирқишлардан ёпирилаётган шовқин-сурон йўловчиларни чалғитди – ялакатлик маҳв бўлди. Ҳадемай ўзлари бориб қўшиладиган издиҳомга ичлари қизиганча бошларини кўтариб қарай бошладилар. Нарсаларини қўлларига олиб, ҳали бир жойда муқим тўхтамаган автобусни тарк этиш ҳаракатига тушишди.
Йўлда қолган аёлнинг боши айланиб ўзига келолмас, автобусдагиларнинг бири олиб, бири қўйганча ҳамдардлик қилмоқчи бўлишгани хаёлини тарк этмаган, қулоқлари остида шовқин ғувилларди – қўйсангиз-чи, эгачи, шунча йил ишладим деб нервингизни бузаверманг, нари борса тарбиячи экансиз, кет дегандан кейин этак силкиб кетинг, юрасизми; ҳа-а, шунча вақт эртани эрта демай, кечни кеч демай умрини бериб ишлаб келяпти экан, ногирон болалар билан ҳазилми сизга, нега энди нафақага яқин қолганда кетаверар экан, ҳақ-ҳуқуқини талаб қилсин; аввалдан билмаган-да, билганида институтда ўқиб оларди; сиртқиси бўлса эканки олий маълумот олса, қариганда фарзанди тенгилар билан партада ўтирсинми; ундан кўра бозорга чиқсин, мана бизниям кунимиз ўтиб турибди-ку…
Аёл беихтиёр тўкила бошлаган кўз ёшларини рўмолининг бари билан артиб олди – яхшиям, шулар бор экан, одамни ёлғизлатиб қўйишмайди; қани, яна бир ҳаракат қилиб уннаб кўрсин-чи, зора, арзи-додига етиб раҳм қилишса, бозор қочмас, кейин ҳам бўлаверади; анов опа ҳам айтдилар-ку, бунақа бўш-баёв бўлиб юрманг, биз ҳам сиз томонда, деб; бизга ўхшаганлар ҳам кўп экан-да, қаёқдан ҳам билишсин эди бунақа бўлишини…
У бурнини тортиб, теварак-атрофга аланглади. Нарироқда ўсган гуллар устига капалаклар учиб-қўнишарди – у ёшлигини, ота-онасини эслади, чуқур хўрсинди.
Йўлнинг нариги томонидаги қўққайган муҳташам бинога нималарнидир ёдига келтирмоқчи бўлгандек кўзларини қисиб қаради. Кейин бир фикрга келди, шекилли, сирти қўпчиб олапесга айланган сумкасини елкасига илиб, йўлни кесиб ўтди.
Тепада офтоб қиздирар, теварак-атроф кимсасиз – деворлар остидан юлинмай қолиб қувраган ўт-ўланларни макон қилган чирилдоқлар чириллаши қулоққа чалинади. Ҳолсизланган аёл тош йўл ва деворлар пуркаётган оловга дош беришнинг ягона йўлини топгандек, озғин елкаларини ёйдек эгиб олди. Муҳташам бино баланд темир панжара билан ўралган, унинг кириб-чиқар эшиги қайдалиги, умуман, унда шунақа нарса бор-йўқлиги номаълум эди.
Бинога олиб борадиган йўл тобора торайиб, йигирма-ўттиз қадам қолганда тугади, чап ва ўнг томонларга ёлғизоёқ йўлакча бўлиб бўлиниб кетди – танла қай бирини бўлса ҳам дегандек икки қанотда майда далдалар мўлтираб туришарди. Гоҳ у ёққа, яна гоҳ иккинчи у ёққа қараётган аёл чап томонга бурилиб юра бошлади ва кўп ўтмай йўли тўсилмиш бинога қараганда кўримсизроқ бўлиб турган манзилга етди. Излаб келган жойи шумикан-бошқамикан?
У ҳадиксираётгандек орқа-олдига қараб олди.
Панжаралар ортида қуюқ дарахтзорнинг салқин эпкини ташқарига ҳам уриб тургани боисиданми, бошқа сабабданми, аёл томоғи остидан рўмолини озроқ бўшатиб, енгил нафас олгандек бўлди – хайрият.
Чап томондаги ёлғизоёқ йўл олиб келган бино ҳақиқатдан ҳам у истаган жой эди. Бир муаммо – тўсиқ, бино боғча ҳовлининг тўрида жойлашган бўлиб, у ёққа бориш учун панжаралар орасидаги панжара эшикни очиб, ичкарига киришда эди. Бу ўз-ўзича бўлмасди – ичкарида қопағон ит-пит йўқмикан, деган қўрқувдан ташқари бошқа андишалар ҳам бировнинг кўча эшиги қаршисидаги каби аёлни тўхтатиб турарди.
У аввал қўнғироқ тугмаси бормикан, деган илинжда панжаралар панжаларига диққат билан назар солди ва навқирон навкар найзаларидек тикрайган темирларнинг жипслигини кўнглининг бир четидан ўтказиб, битта-яримтанинг қораси кўриниб қолишидан умидвордай теварак-атрофга аланглаб олди. Чирилдоқлар чириллашидан ўзга қилт этган товуш қулоққа чалинмас, автобусдан тушганида унга далда бергандек туюлган капалаклар ҳам катта йўл бўйидаги гулзорда қолган эди.
У панжаралар орасида сиқилиб турган панжара эшикни очишга жазм этди. Ўнг қўлидаги сумкасини чап қўлига олди ва ўнг қўлини кўтариб қора панжарага ёпиштириб қўйилгандек оқ дастани ушлади. Ушлаган нарсаси нима эканлигини идрок этмоқчи бўлаётгандек бирпас қўйвормай турди, сўнгра бу матоҳнинг ишлаш механизмини эслаб қолгандек, уни пастга қайириб ўзига тортди.
Эшик очилмади.
Бунақа эшиклар қатъий тартибда ҳеч қачон ташқарига очилмаган, очилмас ҳам эди – қандайдир ички илинж, орзу ниқобидаги умидворлик туйғуси савқи табиий равишда уни шундай қилишга ундаган эди, холос.
Унинг нигоҳидан шу чоққача пинҳоний тарзда мўралаб турган хавотирнинг кўзлари катта-катта очилиб кетди ва пинҳонийликнинг беҳуда пинҳон бўлмагани сир-асрори намоён бўлди. У ўз хатти-ҳаракатлари барибир самара бермаслигига ишонган кўйи дастани қўйвормай ичкари томон итарган эди, эшик очила қолди.
– Ҳо-ов опа, қаёққа?
У саросималанганча, на олдинга, на орқага юришни билолмай турганида ердан чиқдими, осмондан тушдими – енги калта кўйлагининг чап енги ўртасида аллақандай белгиси бўлган ўттиз ёшлардаги рангпар, озғинлигидан янаям узун кўринадиган новча йигит пайдо бўлди.
Аёл эсанкиради, меровланди – қидириб келган жойи бу ер эмаслигига инониб, бегона жойга адашиб кириб қолгандек хижолат чека бошлади ва қайси манзилни истаб келганини узр сўраётгандек тортина-тортина изҳор этиб:
– …шуми? – деб сўради, сўрагани шу бўлиб чиқмаслигини астойдил истаётгандек.
Пешвоз чиққан йигит негадир уйқуси бузилгандек нохуш кайфиятда эди, бирпас аниқтаниқ жавоб бергиси келмай турди-да, кейин бош ирғаб унинг ҳужжатини сўради.
Аёл шоша-пиша сумкасини титкилаб, паспортини топди ва унинг қўлига берди.
Йигит паспортни шошмасдан ҳафсала билан очиб ундаги суратга, кейин аёлнинг афтига тикилди, ишонқирамаётгандек бу ҳаракатини яна такрорлади.
– Мактабданмисиз? – деб сўради паспортни унинг қўлига қайтиб бераркан.
– Йўқ, имконияти чекланган болалар мактаб-интернатидан.
– Чақиртиришганми?
Аёл беихтиёр бош ирғади. Кейин дувва қизариб кетди.
– Қабулхонадан сўрайсиз, – деди энди рангпар йигит унинг афтига қарамай, йўлак адоғидаги эшикка ишора қилди.
Аёл унга миннатдорчилик билдирганча ҳужжатини қўлига олди. Чеҳраси ёришиб, йўл-йўлакай паспортини сумкасига жойлаганча йигит кўрсатган эшик томон юрди. Бориб, эшикни очди ва яна ҳаяжонланиб, ичкари кириш-кирмаслигини билолмаётгандек остона устида каловланиб туриб қолди.
Унга бу ерда ҳеч ким эътибор бермади.
Аёл қўрқа-писа хонага назар ташлади – у ҳозиргина босиб ўтган йўлакнинг чап томонидаги боғчага қараган дераза остида ёнма-ён турган иккита курсининг бирида бошида андижонча баланд дўппи, эгнида оқ яктак, оқ-сариқдан келган чўққи соқолли олтмиш ёшлардаги киши ўтирар эди. Тиззалари устига тақводорлик одатига кўра одоб билан қўйилган икки қўлининг бармоқ учлари титрашидан асабийлашаётгани билинаётган бу кишининг томирлари қонталашиб турган ёноқларидан қон босими баланд эканлигини сезиш қийин эмасди. Унинг қарама-қарши томонида, аллақачонлар ботиб кетган қуёш нурлари сачраган осмон фонида учиб бораётган турналар карвони тасвири туширилган ёғоч рамкадаги сурат остида, қандайдир кўкимтир тусдаги деворга тақаб қўйилган креслода бир йигит бемалол ястаниб олган эди. Яқиндагина яқинига аза очган каби қоп-қора усти-бошдаги оппоқ лўппи юзли, қорақош ўттиз ёшлардаги бу йигит ниманидир кутишдан ёинки беҳудабекорчи қандайдир иш-юмушдан зериккандек, “Айфон” телефони устида бармоқларини моҳир тикувчи каби ўйнатиш билан машғул эди. Машғулотига шу қадар берилиб кетган эдики, “Айфон”и унинг қўлида эмас, у “Айфон”ининг қўлида қўғирчоқ каби таассурот уйғотар эди. Шунга қарамай, қовоғи солиқ катта-катта кўкиш кўзларини ўқтин-ўқтин кўтариб, хонага ошиғич равишда, яна нима гаплар, деяётгандек олазарак назар ташлаб қўярди. Кейин яна “Айфон”ига шўнғирди.
Аёл остонасида серрайганча туриб қолган қабулхона эшигининг рўпарасида жигарранг тусдаги ёғочми ёинки ёғоч бўлмай ёғочга ўхшаган бошқа материалданми ишланган эшик ярқираб, қадам босган ҳар қандай эҳтиёжмандни ўзига жалб этиб турарди.
Бу – туман халқ таълими бўлими мудири хонасининг ёпиқ эшиги эди.
Шу эшикнинг кесакиси ўрнашган девор билан чўққисоқол ўтирган ойнаванд девор туташган бурчакдаги қора стол ортида “Айфон”га шўнғиган йигит билан тенгқур кўринса-да, унга қараганда анча озғин ва жонсарак, енги калта оқ куйлакдаги мудир ёрдамчиси столга қапишганча нималарнидир ёзиб-чизиш билан овора эди. Ниҳоят, у ўз ишини тугатиб, қоғозни қўлига олди, шошганича ўрнидан турди ва тик ҳолда ўз ижоди маҳсулини яна бир сидра назардан ўтказиб, қаноат ҳосил қилгач, ҳеч қаёққа қарамай мудирнинг хонаси эшигининг қабзасидан дадил тутиб, уни ўзига тортиб очди. Шунда аёл ичкарида яна бир эшик борлигини кўрди. Ёрдамчи қўшқават эшикнинг кейинги қаватини мудир хонаси томон итариб очди ва шу тариқа мувозонатни барқарор қилиб, ичкари кириб кетди.
Қабулхонада чўққисоқол киши, қора кийимдаги оқ юзли қорақош йигит ва аёлнинг ярми қолди – унинг ярми остона ташқарисида эди. Бу икки ярим кишидан тақводори ҳамон ўз одоб-икромида ўзига сабр-бардош тилаш, “Айфон”га шўнғимиши тобора “Айфон”га шўнғиш, ярми ичкарида-ярми ташқаридагиси эса ичкари киришни ҳам, ортга қайтишни ҳам билолмаслик билан овора эди. Бу орада “Айфон”га шўнғимиш бош кўтариб аввал чўққисоқолга, кейин аёлга бирров нигоҳ ташлади, нимадир демоқчи ҳам бўлди, шекилли; ҳарқалай, унинг қарашидан аёлнинг ичи бир қалқиб тушди – аммо у тилига келаётганини яна ичига ютиб юбориб, тупроқдан ташқарида думалаб қолган оппоқ картошкага ўхшаш бурнини кафти билан ишқай-ишқай, шўнғимиш жойидан чиқиб кетишнинг иложини тополмаётгандек яна шўнғиди.
Энди чўққисоқол аёл томонга қараб, унга нимадир демоқчи бўлиб турганда, мудирнинг эшиги оҳиста очилиб, ичкаридан ёрдамчи чиқиб келди ва “Айфон”га шўнғимишга ёвуқлашиб, унинг қулоғига энкайиб, ичкарининг қандайдир гапини етказган бўлди. “Айфон”га шўнғимиш беписанд бош ирғаб қўйиб, шўнғишда яна давом этди.
Ёрдамчи жойига ўтиб ўтирди. Стол қирғоғида турган телефон аппаратини ўзи томон суриб, чап қўли билан гўшакни кўтарди, ўнг қўли бармоқларни ўйнатиб рақам тера бошлади. Гўшакни бирпас қулоғига тутиб турди. Жавоб бўлмади, шекилли, гўшакни “шарақ” этказиб жойига ташлади.
Аёл чўчиб тушди.
Чўққисоқол ўрнидан турди. Қиёмда тик турган каби ўрнидан силжимай қўл қовуштирди. Ёрдамчининг холи фурсатини топиб, ўнг кафти остидан чап қўлини суғурди ва кўрсаткич бармоғи билан мудирнинг эшигига ишора қилиб:
– Кирсам бўладими? – деб сўради бироз қалтироқ, аммо қатъий овозда.
Ёрдамчи қиёмда тик турган тақводор шундай қила олиши мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида уламоларча мулоҳаза юритаётгандек, унинг ишорага кўтарилмиш қўлию чўққисоқол афт-ангорига саросар қараб олди-да, дарҳол мулоҳазаларига якун ясаб, хулосасини баён этди:
– Ўтириб туринг.
Чўққисоқол қулоғига урилган гапга ишониб-ишонқирамаётгандек, ўнг елкасини бир-икки кўтариб-кўтариб учириб қўйди – осмонларда парвоз этган қанотли чоғларини савқи табиий равишда ёд этди, шекилли.
“Айфон”га шўнғимиш туйқусдан қаҳрли тарзда бош кўтарди, қанотсиз парвоз этмоқчи бўлаётганга ўқрайиб қаради. Унинг қарашидан англашилган, гапга тушунасизми-йўқми ўзи, деган таҳдидона маъно ёрдамчини беҳад руҳлантириб юборгандек бўлди.
– Лом қаёқда қолди экан? – деди гўшакни кўтараётиб мажҳул оҳангда.
“Айфон”га шўнғимишнинг қалин лаблари очилди, оппоқ юзига ҳар қандай одамни ўзидан нари итариб, қандайдир ҳимояланишга мажбур этувчи табассум ёйилди. Чўққисоқол тушунмаган, гўшакни кўтараётиб ёрдамчининг ўзига-ўзи савол бергандек айтган гапи “Айфон”га шўнғимишга нашъа қилиб, уни суюнтириб юборган эди. Бу ҳолат чўққисоқол кўнглида ғивирлаб турган қўрқувни негадир ваҳимага айлантириб юборди ва жўяли таклифни ўз вақтида бажо келтирмаганига таассуфланаётгандек, дарҳол жойига ўтириб олди.
“Айфон”га шўнғимиш “Айфон”га шўнғиган эди.
Чўққисоқол икки кафтини тиззалари устига одоб билан қўйганча, бармоқларининг учлари қаттиқроқ титраган кўйи ўз меҳробига кирган эди.
Ярми ичкари кирган остонадаги аёлнинг ярми ҳамон ташқарида эди.
Телефон рақами териб, жойига тушолмаётган ёрдамчи асабийлашмоқда эди. У, ахийри, гўшакни қўлида тутиб турган ҳолда “Айфон”га шўнғимишга юзланиб, ундан кимнингдир бошқа телефони борми-йўқлигини сўради. “Айфон”га шўнғимиш ўнг қўлини юқори кўтариб, “йўқ”, маъносида силкитиб қўйгач, ёрдамчи яна рақам теришга киришди.
– Алло! – қичқириб қолди у кўкрагини кўтариб, ўзини курсиси суянчиғига ташлаганича. – Нега кўтармайсиз?
Ёрдамчи гўшакни ўнг қулоғидан чап қулоғига олди. Уни қулоғида кифти билан қисиб тутганича, аллақандай қоғозлар ўрвин-тўда бўлиб ётган столдан ўзига керакли қоғозни топиб, унга нималарнидир ёза бошлади.
– Шуми? – гўшакнинг у ёғидан ўзигагина маълум бўлган нарсани лаб бурганча сўрагач, қўлидаги ручкани ўзи ижод қилган қоғоз устига беписанд улоқтирди. Кейин гўшакнинг у ёғидан келаётган гапларни гоҳ стол остидаги туфлисининг учига, гоҳ чўққисоқолнинг андижонча баланд дўпписига, гоҳ остонадаги аёлнинг сумкасига кўриб-кўрмай тикилганча тинглай бошлади. Тинглагани сайин унинг жонсараклиги ошиб, аламини нимадан оларини билмагандек стол устидаги нарсаларнинг гоҳ унисини, гоҳ бунисини олиб яна жойига ташлар эди. Тўртбурчак ўчирғични гугурт қутисини ўйнаган каби ўйнаб, бирор бурчагида тик турғозолмагач, уни столнинг бир бурчагига отиб юборди.
– Лом эсингиздан чиқмадими мабодо? – ахийри тоқати тугаб, ҳалигина эслаган матоҳини яна тилга олди. – Ўзингизга қаранг!
У гўшакни “шарақ” этказиб жойига ташлаганида аёл яна чўчиб тушди.
Ўрнидан турмоқчи бўлган чўққисоқол қандайдир мулоҳозага бориб, меҳробида қолди.
– Гапини қаранг, – деди ёрдамчи яна “Айфон”га шўнғимишга юзланиб. – Мен қаёқдан оламан дейди. Бу гапини нега менга айтади, айтсин эди ўшанда ортини қилпиллатмай.
Телефон жиринглади.
Ёрдамчи гўшакни кўтарди.
– Алло, эшитаман! – у стол остидаги туфлисининг учига тикилди. – Хўжайин йўқ эдилар. Хўп, айтиб қўяман.
У гўшакни бу гал жойига оҳиста қўйди.
Энди “Айфон”га шўнғимиш унга, ким экан, дегандек “Айфон”идан лаҳза бош кўтариб юзланди.
– Дум! – илжайди ёрдамчи. – Қаёқдалар деб сўраяпти.
“Айфон”га шўнғимиш бош кўтариб қизиққани учун афсусланаётгандек яна “Айфон”га шўнғиди.
Ёрдамчи чўққисоқолнинг гавдаси тўсмаган ойнаванд орқали ташқарида кимнингдир келаётганини пайқади ва ўрнидан турди. “Айфон”га шўнғимишга им қоқди.
– Опа, йўлни тўсмай ё ичкари киринг, ё ташқари чиқиб туринг, – деди ёрдамчи энди остонада турган аёлни пайқаб қолгандек.
Чўққисоқол аёл томонга мутакаббирона қараб қўйди. У ҳамон ўз меҳробида қойим эди.
“Айфон”га шўнғимиш суяклари увишиб қолгандек ўрнидан турди. Керишди. “Айфон”ини қўлтиғига қистириб, бармоқларини бирма-бир тортиб қисирлатди.
– Ана-а, жой бор! – у томдан тараша ташлагандек чўққисоқолга ер остидан илкис қараб олди.
Шу чоққача бирор сўз айтмаган “Айфон”чининг туйқусдан тилга кирганиданми ёинки кимга қаратилгани номаълум гап айтиб, унга мажҳул маънода қараб қўйганиданми, чўққисоқол дабдурустдан саросимага тушди. Умуман олганда, у шу хона муҳитида негалигини ўзи ҳам билмаган ҳолда мана шу “Айфон”чидан ҳадиксираб-ҳайиқиб қолганди. Ўзи танимаган, авваллари бирор марта кўрмаган, кимга ўхшатишини-да билмаган фарзанди тенгқур номаълум бир йигит ўз-ўзидан, ҳеч нарса демасдан, унга қарши бирор сўз айтмасдан ёш болалар ҳам қўлдан қўймай ўйнаб юрадиган “Айфон” ўйнаганича унинг кўнглига даҳшатли ваҳима-қўрқув сола олиши мумкинлигини тасаввур этишнинг ўзи ҳам жуда ғалати, кўз кўриб-қулоқ эшитмаган ҳол эди. Гапнинг сирасини айтганда, у мана шу “Айфон”чи туфайлигина ортиқча саъй-ҳаракатдан ўзини сақлаб, тақводорона одоб сақлаб ўтирган эди.
Шу чоқда аёлнинг ортида жиккаккина киши кўринди.
– Опа, ўтсак бўлами? – деди-ю, ғайриихтиёрий равишда четланган аёлнинг ёнидан “шилт” этиб ўзини ичкари урганча хона ўртасида ҳозиру нозир бўлди.
Эски танишини тасодифан учратиб қолгандек, дик этиб ўрнидан сакраб туриб, қўл қовуштирган чўққисоқолнинг кўзларидаги мунг туйқусдан қайгадир маҳв бўлиб, чарақлаб кетди. У ҳатто ўз курсисини ёрдамчи столи томон озроқ жилдириб, аёлга ёнидаги курсини кўрсатиб имлаганича, халақит бермай келиб ўтирсанг-чи, деган маънода имо-ишора қилиб қўйди. Аёлнинг нигоҳи буни илғаб, ўзи ҳам ноқулай вазиятдан қутилганига суюнгандек тезгина курсига бориб ўтиргандагина, чўққисоқол ҳам, аёлнинг ўзи ҳам индамас “Айфон”чининг туйқусдан тилга кириб айтган гапи маъносини илғагандек бўлди.
Жиккак киши яланг бошининг туксиз олд қисмини кафти билан сидириб, орқа томонидаги, қулоқлари ёнида куйиб кетгандек сийрак сарғиш сочларини авайлаётгандек сийпаб қўяркан, ҳамон тавозе қилиб турган чўққисоқолга, таниш бўлса керак, деган ўйда бош ирғади. Чўққисоқол бағоят юксак илтифотга сазовор бўлгандек оғзи қулоғига етганча илжайиб, таъзим бажо қилди.
Ёрдамчи чап қўлини кўксига қўйганча ўнг қўлини тавозе ила узатиб, “Айфон”чи эса ўз ҳаддини биладигандек бироз нописандроқ, аммо қучоқлашиб кўришишди.
– Бормилар? – деб сўради жиккак киши боши билан мудирнинг хонаси томон ишора қилганча.
– Марҳамат, – деди ёрдамчи қўли билан мудир хонаси эшигини кўрсатиб. – Телефон бўлиб қолувди…
Жиккак киши кескин қўл силтади ва ёрдамчи югуриб бориб очган эшикдан понадек ичкари кириб кетди.
Унинг ортидан аввал “Айфон”чи, кейин ёрдамчи киришди.
Ёрдамчи қайтиб чиқиб, стол устидан аллақандай қоғозларни олиб яна кириб кетди.
Қабулхонада чўққисоқол ва аёл қолишди.
– Ҳасанбанк! – хитоб қилди чўққисоқол жиккак кишини кўриб ўз муаммосини эсдан чиқаргандек.
– Ким? – хонада икковидан бўлак бошқа биров бўлмагани боис бу хитоб ўзига қарата айтилганига шубҳа қилмаган аёлнинг оғзидан беихтиёр она тилининг олмош туркумига мансуб шу сўз чиқди.
– Ҳасанбанк! – такрорлади она тилининг от туркумига ишқибоз чўққисоқол. – Туманнинг энг катта бойларидан.
Аёл бунақаларни ҳеч кўрмаган эса-да, “бой” деб эшитганида бошқача тасаввур этган эканми, оғзини очганча у кириб кетган эшикка анграйиб қараб қолди.
– Йигирмата дўкони бор, – сонни сифатга дўндирди чўққисоқол. – Бозорнинг ўртасидаги катта каппон ҳам шуники.
Аёл жиккаккина бир одамчада шунча кўп нарсалар борлигини ақл тарозисида ўлчай олмай турганида, чўққисоқолнинг ақли ўзига келди.
– Сиз ҳам иш масаласида келувдингизми? – деб сўради.
– Ҳа, – бош ирғади аёл.
– Техникумни битирганмисиз?
Аёл бош ирғади.
– Тўрт йилликмиди?
Аёл яна бош ирғади.
Энди чўққисоқол ижикилаб сўраётганининг сабаби аён этди.
– Мени аёлим ҳам шунақа, – деди яна тақводорона ҳолга кириб. – Ўша вақтда мактаблар ўн йиллик эди-ку. Ўнинчи синфни битириб, педтехникумда ҳам тўрт йил ўқиган, ўн тўрт йил. Энди бу техникумлар коллежларга айланиб, ҳозирги йигит-қизлар ўн икки йилда битириб қўйишяпти, – чўққисоқол аёл томонга тезгина назар ташлаб олди. – Ҳеч иложи йўқмикан-а?
– Билмасам, – аёл кифт қисди. – Директиримиз ўзингиз бориб учрашиб кўринг, дарду давонгизни айтинг, рухсат беришса ишлайверинг, менгаям шуниси қулай, деди.
– Бунгаям шунақа дейишипти, – чўққисоқол чап қулоғининг остини қизиётгандек оҳиста қашиб қўйди. – Йигирма олти йилдан бери ишлайди-да, тарбиячи. Эртамитан ҳали бомдодга турмасимдан жўнаворади, бориб болаларни уйғотиб, исталавойга оптушиб овқатлантирар экан…
– Бизаям шу-да, – деди аёл ўзи ҳақида гап кетаётгандек анча дадилланиб.
– Кейин кийинтириб, ўқитувчисига топширар экан, силардаям шунақами?
– Шу-шу, – аёл тезгина бош ирғаб қўйди.
– Кўпчилигининг ота-онаси туппа-тузук одамлар экан-а? – деб давом этарди чўққисоқол ачинганнамо.
– Ҳа, шунақа, – деди аёл энди мана шу чўққисоқолга умидворлик билан боқиб. – Аямнинг ишлари ҳам бизникидақа экан, ҳали пенсага чиқмовмидилар?
– Икки йил қолувди.
– Менга эса ҳали уч йил бор, – аёл беихтиёр бармоқларини букиб санарди. – Бир йил қолганда ҳам иложини топса бўларкан.
– Ҳамма гап шуларда-да, – хонада ўзларидан бўлак ҳеч ким бўлмагани учун чўққисоқол мудирнинг эшигини қўли билан дадил кўрсатишга журъат этди. – Юқоридан айтса, дарров бажаришади.
– Юқорида танишимиз йўқ-да, – деди аёл афсусланаётгандек.
– Анави Ҳасанбанкка ўхшаганларга ҳам йўқ дейишмайди, – чўққисоқол иложини топишнинг турфа йўлларини бир-бир хаёл чиғириғидан ўтказаётгандек кўринарди.
Аёл яна мунғайиб қолди.
Шу чоқ мудирнинг эшиги шитоб очилиб, ёрдамчи отилиб чиқди. У қўлида дафтар ва ручкани шоша-пиша стол устига қўяркан, чўққисоқол ва аёлга, ҳалиям шу ердамисизлар, дегандек норози қиёфада нигоҳ ташлади. Кейин очиқ эшик олдига бориб, ичкаридагиларнинг чиқишини қўл қовуштириб кута бошлади. Ҳадеганда бировнинг қораси кўринавермагач, сабрсизлик билан ўнг оёғини оҳиста остонага қўйиб энкайди ва очиқ эшикдан ичкари мўралади, бировга тўқнашиб кетгандек дарҳол қад ростлаб, мақбара қоровули каби турди.
– Шу-у бўлами ўзи ё йўқми, а-а? – ичкаридан Ҳасанбанкнинг овози янграб чиқди. – Бўламизнинг думи-да, ёпишиб опти энағар.
Ўнг қўлини соққа санаётгандек шимининг чўнтагига чуқур ботириб олган, чап қўлини эса ортидаги кимгадир силкий-силкий гап уқдирмоқчи бўлаётган Ҳасанбанк ичкаридан ёнламасига юриб чиқиб келди. Ойнаванд девор томонда ўз дардини айтиш навбатини кутиб ўтирганларга шу тариқа орқа ўгириб қолган эса-да, чўққисоқол “дик” этиб ўрнидан туриб, дарҳол қўл қовуштирди.
– Бўламиз ҳам қўрқақ-да, қўрқақ, – дерди Ҳасанбанк ҳамон ёнламасига туриб олганча, айтаётган гапини ўзига эргашиб чиқаётган бошқа бировга тушунтирмагунча унинг ташқари чиқишига изн бермайдигандек бир алпозда. – Ўзи, қисталоқ қойси бир описсернинг хотини бўлган экан, юрасанми шуни ортингдан дум қилиб, описсернинг пагонини юлипти-ку, сени нимангни юлади десам, шу сафар ҳам айтқонини қилай, кейин майли дейди. А, шеф, шу иш бўлами, дангалини айта қўй.
Бу гаплар қулоғига чалинаётганидан нашъа қилаётгандек кўринган чўққисоқол қандайдир хаёлга бориб, эшик томон юрмоқчи бўлиб энди қадам ташловди ҳамки, ҳушёр ёрдамчи унинг бу хатти-ҳаракатини пайқаб қолиб, ўзининг масъулиятли постини ташлаб ҳожатхона томон чопган ичбуруғ мақбара қоровули каби у томон югуриб келди ва чақчайганча:
– Э, нима қиляпсиз? – деди саволининг мазмунидан ҳам кўра оҳангига куч бериб. – Эс борми?
Чўққисоқол зўр гуноҳ ишга қўл ургандек ёрдамчига ғиқ этолмади, ташқарига улоқтирилишидан ҳадиксираганча яна жойига ўтириб қолди. Унинг ҳаяжонли ҳолати аёлга ўтиб, униям жунжиктириб юборгандек бўлди.
– А-а, бу бошқа гап! – Ҳасанбанк энди ёнлама турганча ўнг қўли билан соққа санашнинг ҳам, чап қўлини силкишининг ҳам ҳожати қолмагандек, дарҳол иккала қўлини ортга қилиб қовуштирди. – Айтаман бўламга, бошқа аралашмайман, думингни бир йилдан кейин кесиб юборишсаям ишим бўлмайди, дейман. Э, туф-э, шунақа ланкаларнинг ўргатган ўгитига…
Қабулхона эшиги остонасида шу чоқда кўз остлари қоп-қора, калласи юм-юмалоқ, қорни осилиб тушган, паст бўйли, «Панда» лақабли саноат қурилиши коллежининг кимё ўқитувчиси ҳарсиллаб тўхтади. Ўнг қўлини эшик кесакисига тираб, гавдасига озгина дам бергандек бўлди. Бор аламини шундан олишга чоғлангандек, думалоқланган газетани чап қўлида қаттиқ қисимлаб олганди.
– Бир пиёла сувларинг йўқми? – сўради у эшик кесакисига ўнг елкаси билан суянганча бирор жойга қарашга ҳоли келмаётгандек.
Ҳализамон чўққисоқолнинг одим отмай турибоқ оёқ кўтармоқчи бўлганидан ўтакаси ёрилаёзган ёрдамчи “Панда”нинг бу қилиғидан ўзини қўярга жой тополмай қолди ва елдек учиб бориб, унинг чап елкасидан ушлаганча ташқари суриб чиқармоқчи бўлди.
– Ака, бир минутга ташқари чиқиб, кўзга кўринмай туринг, – деди ялинаётгандек. – Ҳозир нарёқдан одамлар келишган…
– Астма! – хириллади томоғини кўрсатиб “Панда”. – Силлани қуритиб юборди, ҳозир нафас олволай.
Ёрдамчи қўл силтаб яна жойига кетди. Бу фавқулодда вазиятга чўққисоқол ва аёл оғиз очганча қараб қолишди. Чўққисоқол ёрдамчининг қилиғигами, “Панда”нинг ҳолатигами – нимагалиги номаълум, “ттутту”лаб бош чайқаб турганида, аёлнинг ёдига нимадир тушиб қолгандек, дарҳол сумкасини қўлига олиб титкилай кетди ва биқинига “Нестле” деб ёзилган ёрлиқ ёпиштирилган, ичидаги сувининг ярмидан озроғи ичилган баклашка чиқариб, шоша-пиша саноат қурилиши коллежининг кимё ўқитувчисига ёрдамга ошиқди. Очилган қопқоғини ўзида олиб қолиб, унга баклашкани тутқазганди, “Панда” ютоққонича баклашкада қолган сувни бир кўтаришда қултиллатиб ичиб тугатди ва идиш турган қўлини кўтариб, кафтининг орти билан лабини артди. Сўнгра идишни кўзининг рўпарасида тутиб, умидворлик билан термулди ва бўм-бўшлигидан жаҳли чиққандек елкаси оша улоқтириб юборди.
Аёл қопқоқни кафтининг орасида яширганча изига қайтди.
Ҳасанбанкнинг ортидан баланд бўйли, кенг елкали, ўрта ёшлардаги, қорин солган паҳлавон чиқиб келди. Унинг енги калта оқ куйлагининг ёқаси қизил бўйинбоғ билан ғиппа буғилган эди.
– Бўпти! – Ҳасанбанк ортига қовуштирилган иккала қўлининг ўнгини бўшатиб кўтарди ва елкаси оша силкитиб қўйди, кейин иккала қўлиниям яна чўнтакларига суқиб олди. – Ўзим кетаман! Ўзим келдим, ўзим кетаман!
– Ҳурматингиз бор, ака, – мудир белкуракдек қўлини мисгардишдек кўксига мулойим қўйганча гавдасига номуносиб равишда ингичка овозда чийиллади.
– А, қўя! – ўнг қўлини чўнтагидан чиқариб, бошининг ортини тирнаётгандек қашиётган Ҳасанбанкнинг нигоҳи тўғридаги эшик кесакисига суяниб турган “Панда”га тушиб қолиб, бир зум қашинишдан тўхтаб, бу махлуқ ким бўлсайкин, дегандек оғзини очганча қараб қолди ва туйқусдан нимадир ёдига тушиб, қийқириб юборди. – Э, ошна, ўзингми?
Аёл берган сувни сипқориб нафас ростлаган “Панда” тасодифий бу учрашувдан қандайдир ўзини йўқотиб қўяёзгандек, ёрдамчининг сўзига кўниб бу ерни тезроқ тарк этмаганидан афсусланганча саросималаниб қолди. Аммо айни дамда энди ҳеч қаёққа қочиб қутулишнинг иложи йўқ, Ҳасанбанк унинг тумшуғи остига етиб келиб, қандай вазн орттирганини нигоҳи билан ўлчаб кўрмоқчи бўлаётгандек бошдан-оёқ синчиклаб разм солмоқда эди.
– Ф-фу! – чўнтагига суқилган чап қўлида соққа санаб турган Ҳасанбанк ўнг қўлини юқори кўтариб, “Панда”нинг елкасига ташлади. – Жа-а қариб кетипсан-ку, ошна?
“Панда”нинг қоп-қорайиб кетган кўз жияклари ортида нимадир аламли йилтиллади.
– Адо бўпсан! – унинг елкасидан олган қўлини ҳам чўнтагига суққан Ҳасанбанкнинг жонсарак нигоҳидан “Панда” ғижимлаётган газета четда қолмади. – Ҳалиям ўша бемаза одатингни ташламабсанг-да, – у ортига қараб калласини ўнг томонга қийшайтирди ва мудирнинг ёнидан хона ўртасида телефонига қараб-қараб қўяётган “Айфон”чига сўз қотди. – Мана, сизлар кимлар билан шуғулланишларинг керак, қўлидан газет тушмайди.
“Айфон”чи ҳам энди “Айфон”ини ортига яшириб, “Панда”га гумонсираётгандек қараб қолди.
– Бу отличник эди! – тушунтирди Ҳасанбанк тафтиш этилаётганнинг баъзи бир гуноҳларини эслатиб қўйишни ўз бурчи деб билгандек. – Аммо пешонада бўмаса қийин экан. Мактабда неччи баҳога ўқигансан, деб биров биздан сўрармиди? Гап пешонада!
“Панда” нима деярини, нима қиларини билмай қолган; бу ерга нима учун келгани ҳам ёдидан кўтарилгандек эди.
– Ҳа-а, буяқда? – “Панда”нинг ёдидан кўтарилганини эсига тушириб қўймоқчи бўлган Ҳасанбанк чап қўлининг кўрсаткич бармоғи билан белкуракдек қўли ҳамон мисгардишдек кўксида турган мудирга ишора қилди. – Манави галварсга ишинг тушган бўлса ҳозироқ айта қўй, мени олдимда айт, тўғрилаб беради, тўғрилаб бермаса, ўзининг ковушини тўғрилаймиз.
Мудирнинг каттакон калласи чайқалиб кетди, “Айфон”чи дарҳол ўта жиддий қиёфага кирди, ёрдамчи стол устини титкилаб нималарнидир излай бошлагандек кўрсатди ўзини.
– Аптобус керак эди, – ҳарсиллади “Панда”.
– Қанақа аптобус? – илиб кетди Ҳасанбанк. – Аптобусни нима қиласан? Тўй қиляпсанми ё?
– Пахта чопиғига, – кўзларини пирпиратди “Панда”. – Далага чиқишимизга аптобус керак эди.
– Э-э! – мудирга юзланган Ҳасанбанкнинг хитоби янгради. – Чопиққа чиқарасанлар-у, уловини бермайсанларми? Пуркурорга айтайинми?
Собиқ синфдоши ҳузурида ўз қудратини намойиш этмоқчи бўлган Ҳасанбанкнинг “галварс” деб атаганидан аччиғи чиқиб, ундан қандай аламини олишни билмай турган мудир “пуркурор” сўзини эшитгач, галварслиги ҳам ёдидан кўтарилиб, йўл қўйган хатосини тўғрилаш пайига тушди.
– Чопиққа қатнашадиган мактабларга автобус қўйганмиз, – ҳаммасига сен айбдорсан, деяётгандек “Панда”га ола қараб қўйганча чийиллади мудир.
– Қатнашмайдигани ҳам бор экан-да, демак? – унинг тилидан тутмоқчи бўлди Ҳасанбанк.
– Ҳа-а, энди-и… – чайналди мудир. – Ногирон болалар интернати…
Унинг “ногирон болалар интернати” дегани аёлнинг қулоғини динг қилди. Ҳаттоки, ўрнидан туриб кетаёзди. Ўз муаммосини ҳал этишнинг қулай ўрни келиб қолгандай юраги дук-дук безовта урганча, айтмоқчи бўлган гапларини хаёлида пишита бошлади: “ўн саккиз йилдирки, мен сиз айтган ана шу интернатда тарбиячилик қиламан; ўн саккиз йилдирки, қишин-ёзин эрталаб соат олтида интернатга етиб бораман, болаларни уйғотаман, кийинтираман, ошхонага олиб бориб овқатлантираман; бир йили интернат ёпилади дейишганида бу болалар қаёққа боради деб ҳаммамиз елибюгурганмиз, кейин у ёпилмай қолган; бир хилиси кап-катта бўлсаям ўзини эплолмайди, эрталаб келганимизда ётган жойини ҳўллаб қўйган бўлади, бир хилиси эса ундан каттасини ҳам тутиб туролмайди – худонинг яратган бандаси-да, бу бечораларнинг гуноҳи нима, чойшабларини йиғиб кирхонага топшириб юборамиз, у ерда Сайёрахон, Дилоромхон, Маликахонлар чойшаб-сочиқларни ўз уйидагидан кўра ҳам топ-тоза қилиб ювиб беришади, нариги дунёга борганимизда савоби тегиб савол-жавобимизни осон қилсин, дейишади-да; шунақа ишларнинг савоби катта бўларкан; ўнинчи синфдан кейин тўрт йил педтехникумда ўқиб турмушга чиқиб кетувдим, бу кишим ишлаб нима қиласан, уйдаги рўзғор юмушлари ҳам сенга етиб ортади деб ташқарига чиққани қўймас эдилар, ўша вақтларни эсласам тозаям бегойимлардай яшаган эканман-да, деб қўяман ўзимга-ўзим; қайнота-қайнонамнинг оғзидан “сен” деган сўз чиқмасди, мениям сизлашарди, улар-ку майли, ошини ошаб ёшини яшашган эди, бу кишимники ёмон бўлди, бирор марта тиш оғриғидан ҳам шикоят қилмаган паҳлавондек одам-а, қайнота-қайнонамни ҳам шу кишимнинг дарди адо қилди; хайриятки, шу интернат, шу болалар бор экан, йўқса мен ҳам адойи тамом бўлардим; ўшанда энди менга ҳам ҳаётнинг қизиғи йўқ, деб орадан бир йил ўтган бўлсаям эгнимдаги аза кийимимни ечмай, уйда устимдан эшик қулфлаб ўтирганимда кирхонада ишлайдиган ана шу Сайёрахон дугонам келиб, бўлиб ўтган ишларга саловат, нима, худодан ҳам зўрмидинг унинг иродасини тан олгинг келмайди, худога шукр, фарзандинг бор, тақдир насиб этган бўлса, яна ўз тенгингни топиб кетасан, дея гап бошлаётувди, эримнинг руҳини чирқиратадиган бунақа гапларни айтишга қандай тилинг борди, деб уни уйдан ҳайдаб чиқармоқчи бўлдим; аммо у хафа бўлмай, бўпти-бўпти, бунақа гапларни бошқа айтмайман, аммо олдингга бошқа иш билан келувдим деб қолди; нима иши бор экан Сайёрахон дугонамнинг деб унга қулоқ берсам, жўяли таклиф билан келган экан; педтехникум дипломинг бор, бизнинг интернатда сенга ўхшаб шунақа жойларда ўқиганлар тарбиячилик қилишади, хоҳласанг суриштириб бераман, директиримиз Зиёдахон ёш бўлсаям жуда ақлли, тушунадиган жувон, йўқ демайди, ишга кирсанг менгаям яхши бўлади, билла-билла бориб-келаверамиз, деб қолди; аввалига индамовдим, бир ҳафтагача тинмай олдимга келиб-кетаверди, охирги куни баланд бўйли, кулча юзли, кўзлари кулиб турган ўттиз беш ёшлардаги жувон билан кириб келди, Зиёдахон дегани шу экан; у бошимдан ўтган ишларни Сайёрахондан эшитиб, ўзим бориб гаплашиб кўрай-чи, деган экан (шу Зиёдахоннинг ҳам бошидан кўп ишлар ўтди!); йўқ дея олармидим, мени аввал таниб-билмаган директирнинг ўзи кирхонада ишлайдиган бир дугонамнинг гапига кириб келиб турганидан кейин; ўша-ўша ишлаб кетдим, қайтанга, яхши бўлган экан, шу ногирон болалар дардимни олишди, бир кун кўрмасам соғинадиган бўлиб қолдим, дам олиш кунларида олиб кетишга келадиган отаонаси ҳаяллаб қолса, уйга олиб кетаверардим, бундан уларнинг ҳам кўнгли тинчиб индамай қўя қолишарди; уйда ўйинчоқларни ўғлим билан талашиб-тортишишлари жаҳлимни чиқариш ўрнига негадир мени қувонтирарди – бировга айтсанг ишонмайди, бунақаси бўлмайди, деб; шу-шу, мана шу интернатда саккизта директир билан ишладим, аммо Зиёдахонга ўхшагани қайтиб келмади, мана энди нафақага чиқишимга уч йил қолганида ўрта маълумотли экансан деб ишдан бўшатишмоқчи; ўзи, бунга ўн йил аввал қарор қилиб қўйишган экан; ўғлим ўқишни битириб олгандаям майлийди, унгача ёлғиз уйда суппайиб яна ичим сиқиладиган бўлиб қоладими деб қўрқаман; Сайёрахон дугонам эса айтадики, ишингни бизнинг олдимизга кирхонага ўтказа қол, ўша кўрадиган болаларингни кўриб юрасан, дейди… шунақа қилсаммикан… кетсаммикан… ўғлимнинг ўқиши қолиб кетмасайди… майли, унгача чопиққа ҳам, теримга ҳам ҳам жон-жон деб борардим, ўқитувчи-тарбиячиларимизни бурноғи йили ўн кунлик теримга олиб чиқишгандаям ҳаммадан кўп пахта териб, мукофот олувдим, Сайёрахон дугонам, бало экансан, ҳаммани қойил қолдирдинг, бунақада кўз тегиб қолмасин девди, ё кўз тегдимикан…”
Аёлнинг хаёлида пишитаётган гаплари шу қадар кўп эдики, уларнинг қай бирини айтишни билолмай, кўзларидан тирқираб ёш чиқиб кетди.
– Ҳаммасига аптобус қўйганмиз деб катта кетасанлар, – дерди Ҳасанбанк собиқ синфдошига ўзини кўрсатиб қўйиш учун энди ўзини тобора қўйвораётганини ҳам сезмай-а, булар-чи, буларга қўймапсизлар-ку?!
– Коллеж ва лицейларнинг ўз автобуси бор.
Ҳасанбанк “Панда”га қаради.
– Карбиратори ўлган, мотори ҳам ўтирган, – зўрға нафас чиқазди “Панда”. – Ишламай ётипти.
– Карбиратор мендан, – ваъда берди Ҳасанбанк. – Юргизиб беринглар буларнинг аптобусини, яёв қолишмасин. Ҳали терим бор, режа бор – одамларни асраш керак!
– Нега йиғлаяпсиз? – ўз меҳробида хаёл уммонига чўлғанганча диндош, миллатдош ва қавмдошга ҳамдардлик нуқтаи назаридан ҳол сўраш ўз бурчи эканлиги ёдига тушиб қолган чўққисоқол бурнини шўлқиллатиб тортганча, рўмолининг учи билан кўзларини артаётган аёл томон оҳиста ўгирилиб паст овозда сўз қотди: – Бу ерда йиғлаганингиз иш бермайди, синглим, ҳамма нарса қонун-қоидага биноан ҳал этилади.
Аёл унинг гапини маъқуллагандай, бош силкиб қўйди.
Ҳасанбанк “Панда”нинг елкасидан ортга итариб, ташқарига чиқиш учун ўзига йўл очди. Барчаси чиқиб кетишди.
Уларнинг ортидан чиқиб, қайтиб келган ёрдамчи тикка мудирнинг хонасига кириб кетганича анча вақт кўринмади. Чўққисоқол ўтирган жойида ортга бурилиб, ойнаванд орқали ташқарига умидворлик билан қараб қўярди.
Ёрдамчи мудирнинг хонасидан қайтиб чиқиб, эшикларни зичлаб ёпди. Қулфлаб, жойида турган калитни жойида қолдирди. Энди ўтириб ишлашнинг ҳожати йўқлигини намойиш этаётгандек, ўзининг столини тик турган ҳолда тартибга келтирган бўлди, мониторга энкайиб қошини ёйдек кўтариб тикилганча компьютерни ўчирди, токдан узди. Стол тортмасини очиб, у ердан конверт олди, конверт ичидан пул чиқарди, кераклисини санаб, чўнтагига солди, қолганини қайтиб жойига қўйди. Тортмани ёпди. Ёпган тортмасини яна очиб-ёпиб кўрди.
Ойнаванд девордаги очиқ дарчани ёпди. Қабулхона эшиги томон юрди. Эшикка етиб тўхтади, чўққисоқол ва аёлга сўзсиз қараб турди.
Улар ҳам сўзсиз ўринларидан туришди.
– Ё, овло! – деб қўйди чўққисоқол ўз меҳробидан чиққани шукронасига.
Улар чиқишгач, ёрдамчи эшикни қулфлаб, тушликка кетди.
… … …
Кўз ўнгимда мавҳум манзаралар аниқ жонланар, аллақайларда кўриб учратган одамлар гуё хонамга кириб олишгандек эди.
Муаллифнинг кўзга ташланар-ташланмас майда ҳарфлар билан битилган фамилия – исми ёзувлар остида омонатдай осилиб турарди.
Муаллифнинг аввал исми, кейин фамилияси ёзилиши кераклиги ҳақида ўйладим-у, шу ондаёқ бунинг ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини ҳис этдим.
Ажабо?! Ҳаммаси аниқ, аммо сарлавҳа ўрнидаги уч нуқталар мен учун ҳамон тушуниб бўлмас муаммо эди. Эҳтимол, бу модернистик, сюрреалистик бир нимадир?!
Шу хаёлда мен муаллифни мағрибона тамойилларни сув қилиб ичиб юборган, сочларига оқ оралаган жиддий қиёфадаги баланд бўйли киши сифатида тассаввур этдим.
Кейин одатдагидек ёдимдан кўтарилди.
Бир куни ирригация институти юқори курс талабаларига аналитик алгебрадан дарс ўтишимга тўғри келиб қолди. Бошқа тафсилотларга тўхталиб ўтирмаган ҳолда шуни айтишим лозимки, мавзу ўзимники эди, дарсликка ҳам менинг фамилиям билан киритилган эди, бир шогирдим шу сабабли ёпишиб олиб, илтимос қилган эди. Талабалар лекциямни қизиқиш билан тинглашди. Дарс сўнгида улардан саволлари бор-йўқлигини сўрадим.
Саволлар ҳар хил эди. Мен уларнинг ҳар бирига қисқа-қисқа жавоб бердим. Кўтарилган қўллар орасида орқароқдаги, қоп-қора ингича билак устида қайсидир номаълум рамз каби очилиб турган беш бармоқ эътиборимни тортди.
– Қани, сиз! – қўлимдаги қалам учини тўғри ўшанга йўналтирдим.
У ўрнидан кўтарилди.
Ўша газетада ёзилгани каби, аввал фамилиясини, кейин исмини айтиб ўзини таништирди. Бу ўша – мен ўқиган ғалати уч нуқталар сарлавҳа ўрнида қўйилган ёзувлар остида осилиб турган фамилия-исмнинг ўзгинаси эди.
Негадир беихтиёр ҳаяжонлана бошладим.
Ғайриихтиёрий равишда тилимга келганини айтиб, унинг саволига жавоб бера бошладим. Аммо хаёлим паришон эди. Қанчалик уринмайин, фикримни бир нуқтада жамлай олмасдим.
Талаба ҳамон тик турарди.
Унинг қилтириқдек озғин бўйни, шалпанг қулоқлари устига тушиб турган жингалак сочлари менга нималарнидир эслатаётгандек эди. Аммо нималигини аниқ билмасдим.
Ундан ўша ғалати уч нуқталар ҳақида сўрамоқчи эдим. Нимадир йўл қўймади. Кимсан, фалончи-пистончи профессорман ахир – тасодифан шунчаки фамилия исмдош бўлса, бошқалар нима дейди? Ҳаттоки, унинг ўзи бўлиб чиққандаям, ҳар хил гап-сўзларни урчитишнинг ҳожати йўқ эди – фалончи-пистончи профессор нималарга қизиқиб юради, қанақа газеталарни мутолаа қилади – қичимаган жойни қашиб ўзимга бошоғриғи орттиришим мени чўчитиб турарди.
Орадан бир ой ўтди.
Ўшанда мени ирригация институтига таклиф қилган шогирдим билан учрашиб қолдим. Гап орасида шунчаки эсимга тушгандай, ўша талаба ҳақида сўрадим.
– Нега сўраяпсиз? – шогирдим менга ажабсиниб қаради.
– Савол берганлар орасида дурустроғи ўша эди.
– Ўртача ўқирди, – чайналди шогирдим. – Қобилияти борлигини сезмаган эканман.
– Бундан кейин эътибор бериб қаранг-чи, – дедим ўзимни билмасликка олганча.
– Энди бунинг иложи йўқ, домла.
Мен унга ҳайрон бўлиб қарадим.
– Оилада онаси иккови экан, – эшитганлари орасида ёдида қолганини айтиб, тушунтириш берди у. – Онасини ишдан бўшатишган экан, шартнома пулини тўлай олмай ўқишни ташлаб кетди, шароит яратиб берамиз десак ҳам кўнмади.
Хаёлимдан лоп этиб ўша қабулхона ўтди.
Кўз ўнгимда уч нуқталар жонланди. Мен уларнинг тобора каттариб боргани сирини фаҳмлаб, ҳис этгандек бўлдим. Тиниш белгилари ҳам ўрни келганда тенгламалардан кам бўлмаган маъномазмун касб эта оларкан – шунисига ҳайрон эдим.
Уч нуқталар ўрнига жавоби мураккаб бўлган чексиз сўроқларни қўйса ҳам бўлармиди?
Билмадим.
Айтмоқчи, кеча Озодқул яна қўнғироқ қилиб, домла, ўтган гал ўрнингиз билинди, бу сафар илтимосимизни ерда қолдирманг, деб увалло ялинди. Аммо бу гал истаган тақдиримдаям сой бўйига бора олмайман. Институтни роппа-роса йигирма етти ёшида битирган тойлоғимиздан хабар олишга бориш учун бир ҳафтадан буён тайёргарлик кўрамиз. Дудланган товуқлар, колбаса-қазилар. Горнизонни боқмоқчи, шекилли. Ҳамма ота-онаям шунақа қилармиш, болагиналар ҳали ўрганмаган, ҳориб қолишмасин экан. Тойлоғимиз Чирчиқда, дипломни олгач, бир ойлик ҳарбий хизматга кетган. Камина ярим йиллик маошини қуртдек санаб берди – ҳеч гап эмас экан, ҳарбий ҳужжат ҳамма ёқда керак бўларкан. Бир йилликка борса бўларди, деб кесатган эдим, устимдан кулгандек бўлишди. Унгаям бугун чақириб эрта олиб кетавермас экан – икки ўн беш бир ўттиз экан. Нималар деяпсиз, домла?! Ана-а, сўз тополмадим. Менга саноқдан сабоқ берадиганлар тўлиб-тошиб ётибди – мураккаб тенгламалар уларнинг оддий арифметикаси олдида ип эшолмайди.
Узр, Озодқул, бу гал ҳам боролмадим, насиб этса келгуси сафар маҳтал қилмай ўтаман, хафа бўлма – бувингни эслаб тур!
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 5-сон