“Бу дунёда моли омонат, ўзи меҳмон бўлмаган бирон киши йўқ, уларнинг амалларигина қолур!”.
Дунёнинг ўткинчилиги, киприк қоққунчалик ғанимат ҳоли мавжудлиги борасида қисқа ваъз ирод этгач, ҳар бир инсон зоти – биров фарзанд тарбиялаб, бошқаси боғ кўкартириб, яна бири кўча созлаб ўзидан яхши из қолдириши лозим ва лобидлигини алоҳида таъкидлаб ўтишни унутмаган ёшгина имом қордек оппоқ салласи печини олдига тушириб, жаноза намозини ўқиди. Шундан сўнг тобутни шитоб кўтариб, маййитни охират маконига тезроқ етказиш ташвиши бошланди. Тобут ортидан бораётганларнинг ёши ўтиб қолганлари энди нимадан таскин-тасалли олишлари ҳақида чуқур ўйга ботганча унга ета олмай оғир қадам босишарди. Сафлар ортидан тозаланади – орқада қолиб бораётганлар мавҳумот қаърида эриб битаётгандек туюлади.
Беморликка чалинган шоҳ (омонат жон!) сарой донишмандаларига ҳаётнинг маъносини тушунтириб беришларини сўраганида улар дастлаб қирқ туя китоб келтирганлари, шоҳ(омонат жон!) фурсати бу китобларни ўқишга етмагани сабабли уларни мухтасар қилиб бир туяга ортиб келишгани, буни ҳам ўқиш имкони бўлмаганидан битта китобга жойлаб келишгани ва бу чоқда шоҳнинг жони бўғзида тургани боис унга “ҳаётнинг маъноси – туғилмоқ ва ўлмоқ” деб, калтагина тушунтириб қўя қолишгани ҳақидаги ривоят.
Ҳаёт – туғилиш, ўлиш ва унутилиш. Аммо “камон тортилиб, ўқ белгисиз ёқларга учгани” – дунёга келгани заҳотиёқ, инсон тириклик сари, ўлимни тан олмай яшашга интилади. Диана ибодатхонасига ўт қўйган Геростратдан фарқли ўлароқ, бу йўлда санъат унга кўмакка ошиқади. Қоятошлардаги илк содда чизгиларидан тортиб мураккаб услублардаги намуналаригача унинг қулоғига мангулик қўшиғини куйлашга уринади. Йироқ-йироқларда ўтмиш мавҳумоти қаъридан тош ёзувлар кўзга ташланиб қолади, қуламас маснадига жон-жаҳди билан ёпишган мангу ҳукмдор портретидаги мангу бўёқлар кўчиб тушиб, унинг ортидан ўткинчи дунёнинг ғариб дайди мусаввири мўралайди.
Қисқа фурсатда – туғилган, ўлган ва унутилган, аслида ким эканидан хабарсизлик ҳаётга санъат ҳодисаларини таққослаб таҳлил қилишга ўч билгичларнинг ўй-хаёллари канорасиз дашту далаларга, юксак тоғларнинг пурвиқор чўққиларига, тубсиз самоларнинг сир-синоатларига овора эканида уларга доимий панд бериб келади. Бу фақат уларнинг жаноза намозида қатнашмаганининг ўзи билангина боғлиқ эмаслигини фаҳмламоқ учун эса донолик талаб этилмайди.
Ҳали тупроғи совимаган майит қабри узра кўклаган майса-гиёҳлар шамолга неларнидир далолат этаётгандек силкинади. Ўзидан аввал асари ўлган ижодкор жигарбандларининг белгисиз маконларини бу ерлардан излашлари шарт эмас. Қарғиш-дашномларга чидай олмай, боёқишлар балки ўз жонларига қасд қилишгандир?
Дурадгор, тикувчи ва яна бир ҳамроҳ эди улар. Ҳа, сафарга чиқишганди ва тун чоғи ўрмонда тунаб қолишганди. Уламолар қавлида дунё сафари. Ўрмон ҳам бегона эмас. Алишер Навоий таъбири билан айтганда, аслида тўрт посдан иборат тунни ўз саноқларига биноан учга бўлиб, қуръа ташлаб, иккиси уйқуга кетганида бири қўриқчилик қиладиган бўлди. Дурадгорнинг ошиғи ўнг келмади. У қўриқчиликни бошлаганида уйқу ғолиб кела бошлади. Ухлаб қолмаслик учун у эрмакка бир ёғоч бўлагини олиб, тарошлаб жажжи қиз шаклига солди ва қўриқчиликка тикувчининг навбати етганида, уйқуга кетди. Тикувчи қўғирчоққа куйлак тикиб, кийдириб қўйди. Ва ниҳоят, навбат учинчи ҳамроҳга етди…
Учинчи ким? Биров руҳшунос, биров сеҳргар, биров жодугар деб талқин қилади. Ким бўлмасин, нафас пуркаб, у қўғирчоққа жон ато эта олди.
Жон ато этиш ҳолиққа хос.
Махлуқ унинг измида тириклик ўрмонида бир тун қўниб, яна мангу маконига равона бўларкан, муваққат қўналгоҳидаги аъмолига биноан ўз амалини бажариб, из қолдиришга уринади. Бу қисқа фурсат қўғирчоқни жонлантириш қудратига эга бўлган илоҳий зотни таништириб ўтиш имконини яратиб кетади.
Бу Одамхудога Ижодкор деб ном берадилар.
Дон Кихотдан Улиссгача, Дон Жуандан Фаустгача, Қори Ишкамбадан шум бола Қоравойгача – барчаси ҳаётда аввалдан мавжуд бўлган, ўзига жон ато этувчи Ижодкори келишини кутганлардир.
Биров эслаб-биров эсламаган ҳамма қатори бу ўткинчилар қошида Ижодкор пайдо бўлиб, улар бошида сеҳрли таёқчасини силкитгани заҳотиёқ боқийликка эришдилар. Сеҳрли таёқча Истеъдод эди.
Турли миллату ирқдаги оддий аҳолидан фарқли ўлароқ умумбашарийликка мансуб бу инсонлар(образлар!) адабий ареал – адабий аҳолини ташкил этишди. Энди улар осмонида қуёш ботмайди, фурсат оқимида оқиб ўтиб кетиш бахтсизлигидан мангу озодликка эришадилар. Уларнинг яшаш тарзи-ю орзу-умидларига, мақсадига эътибор дилга ғуссадан ўзга ёрқинроқ туйғу солишга қодир бўлмаган (“Иннал инсаана лафии хуср” – “Ҳар бир инсон зиёнда(бахтсизликда)дир!” “Аср” сураси, 2-оят.) ўткинчи ҳодисалардан инсоният нигоҳини мангу илоҳий завол билмас юксакликларга қаратиши билан аҳамият касб этади.
Бундай қудрат халққа хос. Ўзи каби халқнинг орзу-умидлари ҳам ҳеч қачон завол билмайди. Эски гап бўлса ҳам, такрорлаш ўринлики, халқ ҳамишагидек саховат кўрсатиб, қаҳрамонларига ўзининг ажралмас фазилатлари, яхши хислатлари, руҳи ва жисмоний куч-қувватини сахийлик билан улашишга ҳамиша тайёр туради. Асил ижодкорлик ҳам халққа хослиги шундан.
Ҳамма қатори ўйин ўйнаб, мол боқиб юрган Ҳакимжон Алпомишга дўнганида энди халқ майда-чуйда юмушларни ўзи бажариб туришни зиммасига олган ҳолда, унинг қўлига найза-камон тутқазади.
Олинмаган қасослар қаҳрамонлар қиёфасида намоён бўлади. Ожизликдан инграган бечоралар Асқартоғ чўққисининг бир камон ўқидан қулаб тушаётганини завқ-шавққа берилганча олқишлайдилар. Ўзларига зулм ўтказаётган золимлардан ҳам мана шу азамат камончи ўч олиб беришига энди астойдил ишонган ҳолда унга камоннинг янаям залворлироғини танлайдилар. Унга чексиз муҳаббат қўядилар, бошларга кўтарадилар, мангу ҳаёт бағишлайдилар. Бу усулдан фойдаланишга уринган соҳиби қудратлар ўзларини салтанат тимсоли қиёфасида мангу боқийликларини даъво қилиб, аксинча, нафратга дучор бўладилар.
Ҳар қандай афсонавий қаҳрамон қўлидаги найза-камон, миллатидан қатъи назар, тамомила халқникидир. Унинг мардлиги халқ орзу қилган мардликдир. Унинг жасорати ҳам шундай жасоратдир. У қасос олганда ҳам халқ қасосини олади. Шу сабабли, йўқолиши мумкин бўлган қавмлар ёки нариги дунёга кетишга муҳаққақ этилган бандалар орасида угина ўлим билмайди ва мана шу фазилати билан ўз қавми ҳамда яқинларига руҳан мангулик бағишлайди. Умар Хайём айтган “Дар ин дунё як работу ду дар аст, Дар ин дунё ҳар рўз қавми дигар аст” мисраларининг “Бу дунё бир работу икки эшикдир, Бу дунёда ҳар кун ҳар хил қавмдир” иккинчи сатридагилар биринчи сатридагиларни ҳамиша тушунаверишмаса-да, бора-бора йироқлашиб мавҳумот қаърига қатлам-қатлам сингиб кетишса-да, ўз орзу-ниятлари билан жилолантирган қаҳрамонларига келганда ўзаро тушунмовчилик ва англашилмовчиликлар дарҳол барҳам топиб, ундан куч-қувват олишаётганини инкор этишмайди. Ҳар бир ўткинчи қавм уни ўз работида истиқомат қилаётганига астойдил ишонади. Бу ишончнинг рўёси муваққатлик ҳақлигидан ҳамиша устундир.
Кунтуғмишнинг даврасидан бўза сипқормоқ орзуси ўткинчи гап-гаштакларда кайфи ошиб, гандираклаб юрганларни тўда-тўдаси билан тубанлик бағрига улоқтириб юборади. Шунда қай ҳодисалар хаёлу қай бири ҳаётлиги юз кўрсатади. Гўрўғли, Равшану Авазлар ва яна қанчадан-қанча хаёлимиздан кўтарилгани билан аслида унутилмас ва ўлмас адабий аҳоли инсонийлик юзасидан бизнинг сифатимизни асл ҳолимиздан кўра анча юксакликларда кўтариб туришади.
Дунёдаги барча халқларнинг бундай адабий образлари бир жойга жамлангудек бўлса, катта нуфузга эга аҳоли сифатида бўй кўрсатади. Улар ўлим билмаслиги билан “Бу дунёда моли омонат, ўзи меҳмон бўлмаган бирон киши йўқ, уларнинг амалларигина қолур!”, деган сўзлар билан кузатиб чўбин отга сувор бўлаётганлардан фарқланиб туради. Негаки, улар ўзларига манзил-мароҳил излаганларида на оддий банда каби хаёл ўғрилари дашту далаларга, юксак тоғларнинг пурвиқор чўққиларига; на шаккоклиги туфайли абадул абад бадарға этилган шайтони лаин сингари томирлар оралаб оқар қизил сувларга эмас, бўм-бўшлиги ва ғариблиги билан ҳувиллаб ётган Кўнгил маконига қўр ташлашади.
Тошкент шаҳрида Шум болага ҳайкал қўйилди. Шум бола ҳайкали қошига борганимиз заҳотиёқ унинг қачонлардир дунёдан ўтиб кетган, аммо мана шу ўлмас образи туфайли ўзи ҳам барҳаёт Ижодкорини ҳам эслаймиз. Ўрмондаги ўша ҳамроҳларнинг учинчиси шу киши эмасмикан? Нега бўлмасин? Албатта, шу! У ҳолда дурадгор билан тикувчи қани?
Дурадгор ва тикувчи халқ. Олмонлар оғзаки ижодида Фауст Гётега қадар мавжуд эди. Дон Жуан ҳам шундай – Байронга қадар ҳам у инглизларники бўлиб келган. Шум бола ҳам шундай. Ўзбек халқ эртакларида Қоравойнинг етимлигидан тортиб сигир ўрнида эшак суйиб қўйгани-ю, қушларга қатиқ бериб “боққани”гача – қисса сюжетидаги барча-барча деталлар аввалдан мавжуд.
Аслида бу қисмат ҳам тасодифий бўлмай, “етимлик нимадир бизлардан сўра, ўнинчи йилларнинг саргардонлиги”ини бошдан ўтказган Ижодкорнинг кўча-кўйларда, бозор-ўчарларда хору зор ўз сиймосини излаб юргани унда илоҳий нафасни етилтирган эди.
“– Нима қилиб тонг азонда тентираб юрибсан, болам? Нима йўқотган эдинг?
– Даладан тушдим, ота.
– Ҳа, шундай бўлади, болам, Тошкентнинг тариғини еган чумчуқ Макатиллодан қайтиб учиб келади, ота-онанг борми?
Гапни чўзиб ўтирмаслик учун, “ўлиб кетганлар”, деб қўя қолдим.
– Шунақа бўлади. Ота-она деган мўрт келади. Ҳай, зарарсиз. “Яхши бузоқ икки онани эмибди”, дегандек, ўзинг эпчил бўлсанг, ота топиб оласан. Отаки топилади, она деган ўз оёғи билан келади”.
Ўзидан кўра қаҳрамони узоқроқ, балки мангу яшашини ҳис этиб қалам тебратган адибдан бахтиёрроқ зот бўлмаса керак дунёда! Негаки, у табиатига кўра вақт ҳукмига қарама-қарши бора олиш қудратидан энг аввал ўзи завқланади. Шу сабабдан бўлса керак, дастлабки номи “Довдираш”ни “Шум бола”га ўзгартириб, уни адабий аҳоли орасида аралашиб юришига имкон топиб берган Ижодкор ўзи четланиб, қаҳрамонга йўл очади. Шундай ҳоллар ҳам бўладики, баъзан фақат қаҳрамон яшаб қолиб, унинг яратувчиси номи изсиз йўқолиб кетади. Муаллифи номаълум асарлар дейишади. Суворийсиз арғумоқ.
Муҳташам асарлар сарлавҳасига қаҳрамонлар номи чиқарилади. Улар орасида, ҳеч шубҳасиз, Дон Кихот пешқадамликни қўлдан бермай келади. Ҳатто бу адабий қаҳрамон юрган йўлларга саёҳат уюштиришга иштиёқмандлар сони ҳам кўпайиб боради. Дон Кихот юрган тарихий йўллар. Дон Кихот калтак еган тарихий жойлар. Дон Кихот мағлубиятга учраган тарихий жанг майдони.
Очликдан силласи қуриган хаёлпараст қаламкаш ғалати идальго образини қамоқхонада ўтириб яратгани инкор учун етарли эмас, ҳар қандай нафас олаётган индивиддан кўра Дон Кихотнинг мавжудлиги ишончлироқдир.
Адабий аҳоли орасида ҳам худди оддий ҳаётдаги каби турли феъл-атвордаги, турли ёшдаги инсонлар яшайдилар. Улар ҳам турмуш машаққатларидан азият чекадилар, адолатсизликларга дуч келадилар, ҳақсизликлардан буғиладилар. Хатога йўл қўйиб, изтироб чекадилар, ибодатга бериладилар, тарки дунё қиладилар – фарқи шундаки, улар ўзларини қанчалик оддий ҳаётдаги оддий одамлар каби тутсалар, обрў-эътиборлари шу қадар ошиб, умрлари ҳам шунга мутаносиб узайиб бораверади. Шунинг учун, ўзимизнинг жайдари Қоравой ҳам адабий аҳоли даврасидан ўз ўрнини топиб, бемалол бориб ўтиради. Унинг яланг оёғи, кир усти боши, оч қорни, кўз ёши ҳашаматли давранинг салобатига узукка кўздек ярашиб тушади. Адабий аҳоли давраси эмин-эркинлигидан қуллар ўзларини хўжалардек тутишади, шоҳларни эса пойгакка тушириб қўйишдан ҳам тойишмайди. Марк Твеннинг “Шоҳ ва гадо” асарида бу манзара ажойиб турзда акс этган. Шу маънода, адабиёт ҳарамларда маҳрамликни бўйнидан соқит қилади. Ҳукмдорлару таниқлилар сиймоларигагина мурожаат қилиш масъулиятини зиммасига олмайди. Инсонни ажратмайди. Подачи бўладими, сувчи бўладими, ҳоким бўладими – барчасига бир хил назарда қарайди. Бундай озодлик туфайли мана шу қатламлар сафидан улар ҳам чиқиб келишади. Ўшаларга қараб халқ ёки миллат бўй-басти чамаланади. Бундай саодатни сотиб олишнинг имкони бўлмагани каби у сотилмайди ҳам. Адабий аҳоли минтақалари ички тартиб-низомига кўра, инсон озодлиги барқарорлиги шу тариқа таъминланади. Адабиёт бу ҳолда кафолатчи вазифасини бажаради. Бу илоҳий минтақанинг турли гўшаларида ҳайкаллар, расмлар тимсолидаги инсонлар истиқомат қилсалар-да, Сўз санъати яловбардорлигича қолаверади. Сўз ибтидонинг яратувчиси бўлгани каби интиҳонинг якунловчиси ҳамдир. Кино, сериал каби турли технологик соҳалар чучмал образларини ювуқсизлиги туфайли бу сафлардан ҳайдаб чиқарадилар. Улар Адабиётга суяниб бирон бир натижага эришиш мумкинлигини ҳис этиб туришса-да, тижорий сўқмоқларда бу истакни йўқотиб қўйганларини ўзлари ҳам пайқамай қолишади. Илоҳийлик қора нафсдан жирканибгина қолмай, уни ўзининг ҳалол-покиза ҳудудларига яқин йўлашига изн ҳам бермайди. Ҳаётга тааллуқли ялакат қонунлар санъатга нисбатан ҳамиша ҳам уйғунлик касб этмайди.
Йўлчи, Қаландаров, Саида, Обид кетмон деб аталган адабий аҳоли ўзлари билан замондош ҳаёт одамларини қабрларда қолдириб, ўзлари шикастсиз бугунги кунга етиб келдилар. Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Қодирий бугунги кун одамларига уларнинг ўтмишдошлари қандай қиёфада бўлганини кўрсатиб бериш орқали хизматларини давом эттирмоқдалар. Бугун ўтмишга айланганида эса, ота-боболари ҳаёти ва қиёфасини сарғайиб улгурган саҳифалардан келгуси авлодлар қидиришга ҳақли бўладилар. Бу борада адабиётдан ўзга ҳеч нарса уларга жавоб бера олмайди. Тарих дейсизми? Маълум бир доиралар буюртмаси ва маълум шахслар хоҳиш-иродасига кўра тарих қай тарзда ўзгартирилиши мумкинлиги мисолини узоққа бориб ўтирмай топиш қийин эмас. Тарих ва тарихий шахслар доирасида ҳар қандай гуруҳ ўз манфаатидан келиб чиқиб фойдаланиш имконига эга – бугунги кунни ҳаққоний тарзда кўрсатиш вазифасини зиммасига олган адабиёт ҳақида ундай деб бўлмайди. “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Эсдаликлар”, “Ўтмишдан эртаклар” каби бадиий асарлар тарихийлиги адолати замонга қараб ўзгаришга мойил тарих фани ҳақиқатидан ҳамиша устундир.
Қўғирчоққа жон ато этилмаганида у ўша ўрмонда, ўша биродалар тунаган жойда қолиб кетаверар эди. Унинг тунида тонг отмас эди. У ўрмондан юриб чиқиб келди ва одамларга аралашди. Унга ўтмишда нафас ато этган зот бутун борлиғи билан бугунникидир.
Яқинда вилоят театрларидан бирининг репертуари борасида шу масканнинг адабий эмакдоши билан суҳбатлашиб қолдим. У шу кунларда театрда ўзбек драматургларининг замонавий асарларига деярли ўрин берилмагани ҳолда, асосан “Ричард III”, “Қирол Лир”, “Отелло”, “Уйланиш” сингари жаҳон мумтоз драматургияси намуналари саҳналаштирилаётганидан ёзғириб қолди.
– Бунинг нимаси ёмон? – дедим ажабланган ҳолда. – Сиз айтаётган асарлар умуминсоний қадриятларни акс эттиришини тан олмайсизми?
– Нега тан олмас эканман? – адабий эмакдош бироз асабийлаша бошлади. – Тан оламан, аммо…
– Унда гап нимада?
– Бизнинг бугунги ҳаётимизни ким акс эттиради? – деди у дангалига кўчиб. – Ўша сиз айтаётган умуминсоний қадриятларга биз қандай улуш қўша оламиз? Ҳозирда саҳналаштирилаётган бу асарларни бошқа мамлакатлар театрларига ҳам бориб томоша қилиш мумкин. Аммо бизнинг ҳаётимизни бошқа мамлакатлар ижодкорлари келиб ёритиб беришмайди.
Мен уни тушунгандек бўлдим. Ҳа, санъат ҳаёт ҳодисаларини барча ташвишу қувончлари билан олиб чиқар экан, ҳаётнинг мана шу ўткинчи лаҳзасидаги ўткинчи инсонларнинг тақдири орқали ўз адабий қаҳрамонларини мангуликка муҳрлаш даъвосини қилади. Бугунги муаммолар эртага ҳал бўлади. Диққинафаслик шодиёналикка айланади. Дунё тарк этилади. Ҳаёт ўтади. “Меҳмонлар оломони қиёфасини йўқота бошлади. Фрак кийган эркаклар ҳам, яланғоч аёллар ҳам тутдай тўкилиб чирий бошладилар. Маргаританинг кўзи олдида бу чириш бутун зални қамраб олган эди, ҳамма ёқни даҳма иси қоплади. Устунлар қулади, чироқлар ўчди, ҳамма нарса қовжираб ғойиб бўла бошлади, фавворалар ҳам, лолалар ҳам, камелиялар ҳам кўздан йўқолди”. Шунақа бўлади. Аммо адабий аҳоли томонидан улар тикланиб, ҳаёт бардавомлигини таъминлаб беради. Уларни аждодлару авлодларни боғлаб турувчи занжирни улаб турувчи пўлат ҳалқаларга менгзаш жоиздир, балки?
Хоҳ оғзаки ижод, хоҳ ёзма жиҳатдан олиб қараманг, ўзбек адабиётида асрлар давомида беқиёс янги-янги дурдоналар пайдо бўлиб, улардаги адабий аҳоли катта нуфузни ташкил этиб борганини кузатиш қийин эмас. Бус-бутунича халққа тегишли бўлган хазина барча эшикларини бундан баҳраманд бўлмоқчи бўлганларга кенг очади. Бир маҳаллар академик Н.И.Конрад Алишер Навоий ҳақида “Асарларининг қаҳрамонлари турфа-турфа: Фарҳод – хитойлик, Шопур — форс, Ширин – армани, Қайс – араб, Искандар – юнон бўлган шундай буюк шоир ўзбек халқининг шоири бўлиб қолди”; “Қадимийликнинг тилга олинган барча буюк одамлари Алишер Навоий асарларида иштирок этадилар ва ҳаракат қиладилар. Алишер бунда ҳам ўзининг ажойиб даври одамидир”; “…Искандар ўлди. Унинг ўлимолди қилган васиятига кўра дафн этиш учун унинг жасадини у яхши кўрган Миср Александриясига олиб кетадилар. Тобутда олиб кетишади. Тобутдан эса ҳовучи очиқ бир қўли чиқариб қўйилади… Бу қўлда ҳеч нарса йўқ. Очиқ ҳовучли осилиб турган бу қўл — ҳайратомуз кучга эга бадиий тимсолдир. Агар Алишер биргина шу тимсолни яратганида ҳам биз барибир қаршимизда даҳо шоир турганини англаган бўлар эдик” сингари фикрларни юксак минбардан туриб, фахр ва ҳаяжон билан сўзлаган эди.
У яна, Тристан ва Изольда, Уста ва Маргарита каби турли халқлар адабиётида яратилган образларнинг ўлими ва муҳаббати ҳақида фикр юритиб, бу адабий аҳоли давраси тўридан Алишер Навоийнинг Лайли ва Мажнунига жой беради. “Жононига ул фидо қилиб жон, Бу жон берибон нечукки жонон”.
Агар дунёи дуннинг ички зиддиятлари, шахсий изтироблари буюк шоир яратган адабий аҳоли вакиллари орқали намоён бўлмаганида, ҳар қанча донишмандона гап айтганига қарамай, Алишер Навоий жаҳон аҳли эътиборини бу қадар тортмаган бўларди. Унинг жозибадорлиги ўз мутафаккарлиги ўлмас ёдгорлигини истеъдодидан таваллуд топган адабий аҳоли орқали намоён эта олганидадир. Донишмандликка йўғрилган истеъдод нафасидан жон олган адабий аҳоли давраси ўз маконида – ҳар биримизнинг Қалбимиз тўрида. Улар бизга нималар демоқда? Улар бизни қайси йўлларга чорламоқда? Бу мангу зотлар биз ўткинчи бандаларга нималар дея сабоқ бермоққа интилмоқда? Қандай муносибликни номуносиб, қандай номуносибликни муносиб кўришмоқда?
Шу жойда нуқта қўйилса ҳам бўлар эди. Чинми-ночинми билмадиму, аммо ижод аҳли ўртасида машҳур бир ҳангома ёдимга тушиб, хулоса қилишга ошиқмадим. Ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари ўрталарида Шўро даври адабиёти энди-энди оёққа тураётган даврда олисдаги нажот қалъаси – Масковдаги катта адабий бир йиғинда образлилик масаласи муҳокама қилинадиган бўлибди. Бизнинг адабий салафларимиздан ҳам ўша анжуманда вакиллар иштирок этишган экан. Сўз навбати келганда, улардан бири минбарга кўтарилиб қўлини пахса қилганича тантанали нутқ ирод этибди: “Биз кекса авлод образ-побраз нималигини билмаймиз, бунақа гаплар билан ишимиз ҳам йўқ, ниманики буюришса шуни тўғридан-тўғри қарсиллатиб ёзиб бераверамиз!”.
Хоҳ ҳаётий, хоҳ адабий жиҳатдан олиб қараганда, биз уларнинг шонли авлоди эмасмизми?
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2023 йил 13-сон