Шодмонқул Салом. Одам ҳақида ўн бир ҳол (эссе)

Одам деган идишда келтирилганман. Қадимда оз-оздан нўш этилардим: келажакка ҳам қолсин! Кейин кўп ичарман бўлиб кетишдилар – Одам бўшаб қолди. Табиатда шундай қонун бор: бўшлиққа ўрин йўқ! Менинг ўрнимга бир талх ва тотли нимадир сизиб кира бошлади – Ишқ. Кўп йиллар ўтди идиш тўлгунича.
Идиш арзонлашдими, қимматлашдими – билмайман! Аммо билганим, идишни анови менинг ўрнимни олган Ишқ деган талх ва тотли нарса емириб, тешиб юборди. Минг ямоқ бўлиб қолди Одам.

***

Одам деган йўлга тушириб кетишди мени. Бир ўзимни. Ўттиз беш-қирқ йилдан бери кетиб боряпман. Товонларим қавариблар кетди. Қуш, бўри, илон, дарахт, одам, олов, сув – ҳеч бало чиқмайди олдимдан. Ёмони – менга қайси тарафга қараб юришимни ҳам айтишмаган: ўзинг топсанг, завқли эмиш.
Унинг шакли, юз-кўзи, овози хуллас, ҳеч бири ҳақда менда маълумот йўқ. Фақат унинг борлиги – бор гап.
Бу йўлнинг номи – Одам! Кетаверай-чи…

***

Мен Одам деган жамоат уловиман. Кўп асрларни кесиб ўтиб йўл тортяпман. Йўловчиларим – сизлар эса, менинг қадримга ҳамиша ҳам етавермайсиз. Бирингиз маст бўлиб чиқасиз, тағин бировингиз йўлкира бермай тушиб кетасиз, яна бирларингиз кўп бола-бақра билан чиқиб вужудимни ифлослантирасиз. Ҳар хил сомса-помсаларни ковшанасиз. Ҳеч бирингиз йўлни томоша қилиб, олисларга термулмайсиз. Тикилганларга эса даричани тўсиб халал берасиз. Йўлнинг заҳматини, ҳикматини анг­ламайсиз. Ахир, 120 минг йиллик Ген деб аталмиш эҳтиёт қисмларим бор. Хўжа­йин бундай ноёб қисмларни бир марта улашади. Қолаверса, лаҳзалик, соатлик, кунлик, ойлик, йиллик, асрлик режа-тўловим бор. Жавобгарлик дегандай… бу йўл олис бўлса, ҳар хил ўқиб-ўқимай ҳайдовчилик гувоҳномасини олган учарлар билан бирга ишлаб келаяпман…
Мени юргизиб келаётган асрий двигателларим ҳам чарчайди, ахир. Шу чоққача бирортангизни айтган манзилингиздан ўтказиб ё еткизмай тушириб қолдирдимми? Тўғри, беайб – Парвардигор… Мен ҳам адашаман. Аммо фақат мен айбдорманми бунга. Ҳайдовчи бор, паришон йўловчилар бор. Шаҳар кенг, улов кўп. Тушунинг, ахир. Манзили тайин йўловчи қаерга тушишини айтмайдими?

***

Одам унидан қилинган нонман мен. Оз-оздан, тежаб, қўмақайлик қилмай ейилишим керак. Хўжа­йин хасис-да, бўлмаса бир кулча нима бўлади йигит одамга! Заҳматга яраша бўлса-да ҳақ дегани.
Бир кулчани бир кунга беришса ҳам майли эди – амалласа бўларди. Аммо биргина Одамни бутун ҳаётингга етказасан деб беришган. Боз устига пўпанак босиб, қоқ бўлиб қолганман. Йигитга раҳмим келади, ўзимга ҳам…

***

Одам деган товушман мен. Кар бўп қолмадингизми (менга ўхшаб)? Бу садо тўрт миллион йил аввал жаранглаган. Эшитиш қобилияти 25 герцдан ҳам юқори бўлган, юксакдаги баргнинг сиртида бемалол юраверадиган, бардошли чумолилар ҳам безган бу овоздан. (Қочиб дарахтга чиқиб кетишган.) “Мени тинглаяпсизми?” деб ўн минг йиллик кўҳна сопол ичидан ҳам эшитилавераман-да.
Агар мен бунчалик баланд бўлмаганимда Ҳомер махмур бўлиб, бош чайқамасди – кайфи ошмасди. Диоген офтобга ўзини бунчалар урдириб қўймасди. Румий қамишни бунчалар суймасди, Навоий ўзига ўзга тахаллус рақам этармиди, Беруний ер ва қуёш ўртаси неча қарич эканини билмасди, Машраб оворайи жаҳон бўлиб юрмасди: “Меҳрибоним, қайдасан?!”
Ой денгизларни чақириб, саҳрога шамолни қувмасди, сувараклар қадам сасидан тирқишларга ўзини урмасди, санамлар тушларида сочини юлмасди, йигитлар улғаймасди…
Эҳ, кўп нарсалар содир бўлмасди. Масалан, Парвардигор бунчалар юксакка кўчиб кетмасди – ўғилларидан кўнгли қолиб тоққа чиқиб кетган отадай.
Нима дейсиз, шундай бесаранжом нидоман-да: Одам!

***

Одам деган бир рангман. Асл тусим қандайлигини билиш учун қайси тарафимдан қарашингизга боғлиқман. Мармар, эскирган кул, оққува, кекса киши сочининг ранги, қишки, ёғмайдиган, хўмрайган булутнинг тусида кўпроқ намоён бўлаётирман сўнгги даврларда.
Бурунги замонларда кўпроқ оқ бўлиб кўринардим. (Ҳатто ўзимга ҳам.) Кейин… қорайдим. Унда ҳам мазмун кўп эди. Қора кўз, қора қош, қора зулф, дея кўп асрлар мени алқаб юришди содда шоирлар.
Қизарган пайтимда ҳам анча бообрў эдим. Геннинг ёши ўша пайтларда анча улғайиб қолган.
Ҳозир рангимни билолмаяпман. Камолиддин Беҳзод, Мир Саид Али Термизий, Да Винчи, Пикассою Модиляни… жўмард ошиқларимнинг энг саралари рихлат қилиб кетишган. Ким айтади менинг рангимни, тусимни, ўнгимни… ўн миллиондан зиёд ранг­ларни кўргичлардан кимдир борми, орангизда? Учинчи синф мактаб боласининг даҳлизда ағнаб ётган, жиққа ҳўл, жигарранг поябзалидан ҳам изладим ўзимнинг рангимни…
Ҳай, шул-да, топиларман…

***

Мен одам деган кимёвий унсур – элементман. Жудаям теранликда – Ер, қуёш ва кўнгилнинг ядросида ишлаб чиқиламан. Аммо ҳали кашф этилмадим. Менделеев раҳматли ўзи тушида кўрган мавжудлик харитасидан менга жой қолдирмаган. Ундан не гина: хом сут эмган банда-да ул зот ҳам.
Мен баъзан 36,6 С.да эрийдиган Галлийдан ҳам юмшоқман – бир нигоҳдан эриб кетаман. Баъзан олмосдан ҳам кўра бағритошман, қаттиқман. Туравераман, сумрайиб.
Икки оёқда, уч оёқда, тўрт оёқда юргичлар ўзлари билмай туриб мени кўп истеъмол қилурлар. Аммо иликларини тўлдиргувчи ҳам, уздиргувчи ҳам, суйдириб куйдиргувчи ҳам Одам эканидан, яъни мен эканимдан бехабардирлар. Начора…
Гоҳ васл, гоҳ ҳажр шаклинда келаман туйғу тўлқинларининг кифтида. Кўрмайдилар, кўролмаслар, ҳасадгўйлар… майли-да… (“Майли-да…” деганди-ку бир хокисор ёзарман.)
Мени топинг, кашф этинг, (Сизга!) муҳтожлигимдан фойдаланинг – бойиб кетасиз!

***

Ҳа, кимсан деяпсизми? Мен Одам деган тушман. Қувончли, қайғули… Йилда бир-икки бор руҳингизни безовта қиламан. Мени танни авайлаб, қалбдан хабар олмайдиганлар кўп ҳам суйишмайди. Шуйтиб, қоронғуликни ватан тутдим мен. Ёруғликни кўп қаттиқ суйганимдан қоронғуликка паналадим. Сизнинг уйқуга тортиқ руҳингиз қатларидан ёруғликка интиқ термуламан.
Нур ҳаммага етмай қолса, тағин мени айбситадилар. Шу сабаб туш бўлиб яралганман. Ҳа, мен сиздан қадимийроқ нарсаман. Туйғу ва ҳиснинг тарҳини, фарқини, юрак ва ақл ишлаб чиқариладиган жойларнинг чизмасини, Муддао кемасининг манзилини битилган мактубларни Тангрим мендан бериб юборган. Сизларга деб. Олинг десам, қўрқаман дейсиз? Нима, қизболамисиз?
Мен Одам деган махсус тушман!

***

Одам деган қулфман. Фақат калитим бетайин қолган. (Кўпинча қулфларнинг калити шеригингизнинг чўнтагида кетиб қолган бўлади-ку!) Шу қулфни очиб ичкарига кирсангиз ҳамма ҳулёлар шу ерда-да, биродар!
Бу қулфни сизлар унчалик ҳам танимайдиган Худо дегич уста ясаб, ўрнатиб кетган. Ҳозир билмайман, устаси тушкур қайларда бўлса?..
Энг ёмони бу қулф бузилиб қолган. Бир бефаросат, ношукр талаба оч қолганида ўғирликка тушиб бузиб қўйган. Ҳей, садқайи сар…
Қулфни бузиб ичкарига кириш учун эса ордер – рухсатнома керак! Ордерни оладиган манзил ёзилган қоғоз эса ичкарида қолган! Ана томоша!

***

Умрингизда бирор марта, қандай бўлса ҳам овқат еб кўрганмисиз? Мен одам деган таомман! Кўп тансиқман. Қимматман. Ҳамманинг ҳам дастурхонида бўлмайман, ҳамма оқбилаклар ҳам пиширолмайди мени. Камбағаллар мен ҳақимда эшитган, очлик деган экранларида кўришган, тамшаниб қўяқолганлар, холос. Муҳаммад алайҳиссалом лутф этганлар-ку, беҳиштга камбағаллар кўпроқ кирадилар деб. Аммо мен беҳиштда бўлмайман.
Ана шу мени пиширадиган арзанда пазанда ҳозир уйда йўқ. Сиз уни топиб мени бир татиб кўринг. Чайнаганинг гумон, ютганинг ўзингники, дейсизлар-ку! Беҳишт ҳам бир гап бўлар.
Ҳа, мабодо, заҳарланиб қолсангиз – айб менда эмас, пазандада. Чунки, масаллиқ тоза, асл эди, ўтин ҳам мўллаб қўйилган.
Тағин бир гап: жуда оз қолганман, кечикиб, сўнгра азал шўр манглайни муштлаб юрманг яна. “Еганлар армонда, емаганлар… улар ҳам армонда… Кеб қолинг…”

***

Мен Одам деган кирман. Энг замонавий совунлар ҳам тозалолмайди мени. Менинг заминдан ёшим анча катта. Мени қору ёмғирлар ювиб кеткизолмайди. Мен ҳам покликни истардим, аммо тоғора топсам, совун йўқ, у ҳам бўлса, пишиллаб, астойидил ювадиган бекач йўқ. Мен ҳам пок бўлишни, Кир деган номим Пок дея аталишини қаттиқ истайман. Бироқ ўзимни ўзим тозалашга куч тополмай доғман. Одам деган кирни Одам деган совун тозалайди деб эшитганим бор. Қани ўша ноёб поклик манбаси.
Ё, Тангрим! Наҳотки, мен излаган ўша нодир манба сен бўлсанг!..

«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 5-сон