Геологлар ер бағридан олган нефт ё газ ўрнини сув билан тўлдиришади. Ўпирилмасин, ер ўзини қайта тикласин, деган мақсад бор бунда. Гарчи, бу бўшлиқни ўша вақтнинг ўзидаёқ ҳаво тўлдирса-да, қатлам босими ва зичлик талабига оддий ҳаво жавоб бермайди.
Тафаккуримиздаги хотира бўшлиғи эса эътиқод ва инсоний даражамизга қараб ё ҳеч қачон тўлмайди ёҳуд жойи билан йўқолиб кетади.
Шукур Холмирзаев ёди менинг шууримда ҳамма азиз биладиган, аммо ҳеч ким яшамайдиган, вақти-вақти билан зиёратга келиб туриладиган табаррук хонақодек — ўрни тўлмас хотира ҳужраси бўлиб қолди. Бу хотирот биноси у киши тириклик чоғидаёқ онгимда қурилган, марҳум бўлгач, ўзининг ўрнига қолган. Бу бинони на мен, на Шукур ака барбод этолади. Тутқич бермас тасаввуримиз шундай қудрати билан бизни иҳоталаб, қалбларимизни тарошлаб, инсон этиб туради.
Унинг қошига роса ўн йил аввал, сабаби кўпроқ унга муҳлислик туфайли келганимда, ёзувчининг мактаб дарслигига кирган “Ўзбек характери” ва “Зов остида адашув” номли иккита ҳикоясидан бошқа ҳеч нарсасини ўқимагандим. Ўқувчилик, талабалик давримда ҳам Шукур ака ҳақида ҳеч нарса эшитмаган эдим.
Адашганнинг олди йўл, деганларидек бу киши ким, қандай ёзувчи, ёзувчи деган қандай бўлади ёки бўлмоғи керак, сўрамай-нетмай ҳузурига бораверса бўладими, тўғрими шу ҳаракатимиз… йўқ-йўқ, бу мушоҳадаларнинг ҳеч қайсиси хаёлга келгани йўқ. У — Ўзбекистон халқ ёзувчиси! Бизга эса Адабиёт курсига кириш учун халқ шоири ёки ёзувчисидан “оқ йўл” керак. Бундан ҳам кўра бизни етаклаб келган важ — Шукур Холмирзаевнинг ўзимиз билмаган қандайдир жиҳатлари эдию, бу жиҳат нимадан иборатлигини ўзимиз билмасдик.
Тоғнинг тепасида ўтирган, дурбини бор одам, пастда адашиб, бир йўлдан юриб, танлаган сўқмоғи нотўғрилигини билгач, ортига эниб, янгидан йўл солиб юксакка ўрлаётган кишини кўриб турса-да, унга ёрдам беролмайди. Пастдан келаётган юксакдагини кўради ё борлигини билади, холос. Юқоридагининг эса овоз берса, товуши етиб келмайди ёки акс-садо бўлиб, келаётганни баттар чалғитади. Ўша юқоридаги дурбинли одам бизга аллақандай завқу қизиқиш билан, ундай эмас, бундай, деса-да, овози етиб келмай, гоҳ ғижиниб, гоҳ тиззасига шаппатилаб қараб турарди гўё.
“Ҳикоя ёзасанми? Отинг нима — Жўрабек? Гўсала деган тилингдан. Бойсунди қайси кўчасидансан? Ҳмм…”
“Сенчи? Шеър… шоир кўпайиб кетди-ку тоза. Ё, бошқача шоирмисан? Ҳе, кўчангиздан кўп ўтганмиз-да… Эркин акаю Абдуллажонлардай одамнинг кўкрагини кўтарадиган шоирлар доим ҳам чиқавермас экан-да…”
Шукур ака билан иккинчи марта орадан олти ойча ўтиб тағин ўша боғида кўришдим. Дўрмондаги уйчасига қандайдир сирлилик ва жозиба бериб турган бу боққа илк баҳорнинг қадами аллақачон етиб келганди. Шукур ака қўлқоп кийиб дарахт қайчиларди. Гапирадиган одам топилганидан қониқиш ҳосил қилиб, ўзи айтгандек “жағ қайрашга“ тушиб кетадиган кўплаб кексалардан фарқли ўлароқ, ёнида кимдир борлиги ва гап бериб туриши лозимлиги андишасидангина “Мана — бу ҳосилшох, буниси беҳуда…” дегандек шунчаки гапириб қўяр, қўли ва нигоҳи қилаётган ишидаю, кайфияти ҳаракатига мос эмасдек эди. Ўта муҳим, асосий, хаёлини банд этган нарсанинг олдида мен ҳам, дарахт қайчилаш ҳам шунчаки аҳамиятсиздек, аллақандай паришон туюлди. Келганим ёқмади, деган ичимдаги ҳадик сабаб, келганимдан бери бирор марта юзимга қарамаган Шукур ака билан ўртамизда парда тортилгандек бўлди, хаёлимда. Мен ҳайиқиб ерга тушган шох-шаббани тергилайман, у киши эса қилаётган ишимга ҳам бепарво кўз ташлаб қўярди. Азбаройи, Шукур акага ёқиш истаги зўрлигидан унга кўпроқ Бойсун ҳақида гапирганим эсимда. “Нимага буни Тошкент гилоси дейди. Бойсундаям бор-ку? Бойсунда арчанинг иси бўлади-я?” мавҳум, гапирмасаям бўладиган, тумтароқ бу гапларим унга малол келаётганини сезар ва шевамдаги айрим сўзларнигина нигоҳи ва ним табассуми билан “териб” олаётганини билиб турарканман, Шукур ака сўраган айрим одамлар номини илк бор эшитаётган бўлсам-да, “ҳа танийман, бир марта кўрганман“ деб ёлғон айтганларимни, қизиғи бу гап-сўзларнинг ёлғонлигини Шукур ака билиб турганини тушунар эдим. Тушунаётгандим-у, аммо бундан у кишининг ранжимаётганидан ҳайрон эдим. Ранжимаслиги — ўзига олмаслиги, бепарволиги ичимга ғулғула солар эди. Ана шунда Шукур ака илк маротаба бироз ён бериб, ўзига тортиброқ гапиргандек бўлди. “Манови нима, биласанми? Гул! Ҳамишабаҳор деган гул. Сен Қўнғиротди боласи буни қаердан биласан — қўйингга ўриб бериб юборасан.“ Шукур аканинг шундай деб кулгани ва менинг бу гапдан тўрсайиб қолганимни сезиб, бунга сайин бепарво оҳангда ўзининг ҳамишабаҳорини мақтаб кетгани ҳам эсимда: “Яна бирор ойдан сўнг менинг бу сулувларим шундай яшнаб қоладики, номозшомда тўйга жўнаган бўй қизлардай бўлишиб…”
Шу кундан бошлаб то ётиб қолгунларича орадан ўтган икки ярим йил мобайнида турли жойларда, вазиятларда кўп марта мулоқотда бўлдим. Ёзганларидан кўра кўпроқ хулқидаги ўзига хослик мени ўзига оҳанрабодек тортиб турган Шукур ака бора-бора ҳаётимда шундай мазмун касб этди-ки, хаёлимда “Мен ва Шукур ака”, “Адабиёт ва Шукур ака”, “Тошкент, Бойсун ва Шукур ака”, “Бошқалар ва Шукур ака” деган муқим бир қиёсий ҳисоб пайдо бўлди. У менинг қиблам бўлиб қолди! Стипендия олишда ҳамкурсларимдан уч ой илгарилаб кетдим, саккиз ойлаб уйга бормайман. Қибрайдаги амаким ҳар кўрганда ғижинади — уйга кел! Деканимиз Баҳодир Каримов юмшоққина дакки беради: “Шукур акадан бўш пайтда дарсгаям кеп туринг.” Ишдан бўш пайтда дегандек эшитилади бу гап. Илк ҳикоямни газетага тайёрлаётган Аҳмад Отабоевга беқилиқ саволлар бераман: Айтматов зўрми, Шукур аками? Айтматов Сахаровни қоралаган-ку. Ҳам ўрисчада ёзган. “Ким айтди?” “Шукур ака”. “Сахаров ўзи кимлигини биласанми?, деб оғзимга уришни табиатан андишали Аҳмад ака ўзига эп кўрмайди.
Бундай “ғалати” бўп қолишимнинг иккита сабаби бор эди. Бири — ҳамма биладиган, таниқли ёзувчининг “хос кишиси“ эканимни кўз-кўзлаш бўлса, иккинчиси ва ҳозир янада теранлашган сабаб — унинг адабиётдан бошқа нарса ҳақида гапирмаслиги эди.
Адабиётнинг ўзи бир олам, бу оламнинг ўз қонуниятлари, унинг жорий қиладиган ҳукму фармонлари, бу қоидаларга амал қиладиган ёки амал қилмайдиган фуқаролари бўлишини, Адабиёт олами ҳаёт билан ёндош, уйғун, аммо айни пайтда алоҳида бир маъво эканини Шукур ака билан мулоқот қилмай туриб асло англамаган бўлардим балки. Қанчалик кам англаган бўлсам, ўз айбим туфайли — у кишини чалғитганим, у кишини одамлар орасида кўришни, мулоқотларига кўпроқ гувоҳ бўлишни истаганимдандир.
Шукур ака бутун-бутун роман ва қиссаларни, эпосларни мухтасар қилиб, қаймоғини айтиб берарди баъзан. Муҳими, ўз хулосаси ва ўзга эътирофларнинг ёлғон-чинлигини ўзича асослар, изоҳлаб кетарди. Бирор марта ҳам адабий қилиб: “Адабиёт — менинг қисматим!” деганини эшитмаган бўлсам ҳам, ҳамма айтар сўзининг мазмуни шу нидодан иборатлигини бугун янада қаттиқроқ ҳис қиламан. Бозордаги нарх-наво, табиат ҳодисалари, бирор ижтимоий воқелик, оқ-қора кўрсатадиган телевизордаги оддий хабардан то бирор хориж мамлакатидаги сайловгача ҳамма-ҳаммаси Шукур аканинг шуурида адабиёт билан кесишарди.
Шохдаги қушга деворда пусиб турган мушук сакради. Қуш учиб кетиб, силкиниб турган шохга урилган мушук мувозанатини йўқотди ва чалқанчасига халқоб сувга тушди. Мен кулиб юбордим. Шукур ака эса синиқ жилмайиб туриб шундай деди: мушук тарихида биринчи марта! Қизиқ: табиат ҳақида ёзганимизда доим унинг устидан кулиб ёзаётганга ўхшаймиз. Ким кимдан кулиш керак, кулиш керакми ўзи…”
Шукур ака сира “Менинг фалон ҳикоямда…” деб гап бошламас ёки гапини шундай мазмунда тугатмасди. Аммо ёзаётган ё ёзишни режа қилган асарини айтиб бераверарди. Қаҳрамонлар унинг хулқи, хатти-ҳаракати, воқеалар якунини завқланиб сўзларди. Табиатидаги жиддият ҳеч қандай беҳуда ва бепарда ҳазилга ён бермасди. Шу сабабли қаҳ-қаҳ уриб кулиш даражасига олиб келадиган мулоқотлар ҳам жуда тагдор, маъноли ва албатта мақсадли бўлар эди. Шунга қарамай, истеҳзодан, “ялаб ўтувчи” киноядан холи бир тарзи бор эдики, бошқа бировнинг Шукур акага ҳазил қилганини билмайман. Шу маънода, Шукур аканинг қадрдон шляпаси ниҳоятда характерлидир: синчков, кузатувчан, доимо жиддий, ўқдек нигоҳлар ҳаёту ижоднинг рангин камалагида чалғимаслиги шарт эди!
Ҳануз, эслаган сайин юрагимни титратиб юборадиган, Шукур акадан миннатдор бўлишимга тағинам асос бўлгулик бир теран ҳиссиёт қалбимни тўлдириб туради. Бу — ЎЗБЕКНИНГ КАТТА ХАЛҚ эканини англашим.
Кечки пайт эди. Юнусободдаги Шукур аканинг уйида икковлон ўтиргандик. Эшик тақиллаб, милиция нозири кирди ва салом берди. Милиция ходими ҳудудда, тор доирада қандайдир текширув бўлаётгани, шу боис безовта қилганини узрхоҳлик билан тушунтирди. Шукур ака қошини чимириб, мен ҳеч қачон эшитмаган гапни айтиб юборди: Мен — профессионал ёзувчиман. Бу менинг шогирдим! Нозир “Хўп, яхши ўтиринглар” деди-да бурилиб чиқиб кетди. “Профессионал ёзувчи”, “шогирдим”. Шу икки гап то Шукур ака гапира бошлагунча соат чалган зангдай миямда жаранглаб турди. Шукур ака менга илкис тикилиб қаради:
— Сен бу гапларга ишонма! Аканг ҳали “профессионал”нинг “п”сиям бўлгани йўқ. Унга шогирд чикора. Лекин шундай демасанг тушунмайди-да органнинг одами, — Шукур ака шундай деди-да кўзини ерга олди. Аллақандай ғамгин тортиб қолгандек кўринди кўзимга. У гапида давом этди, — Ўзбек — жуда катта халқ. Унинг ёзувчиси бўлиш — ў-ў кўп қийин иш…
Ўзбекликдан ғурурланиш, шу ғурур сабаб қаддини кўтариб юриш, шу элнинг ҳар бир хусусиятию бошидаги ҳар бир кунига томирдош, елкадош бўлиш деган кўп бор эшитган сўзларимнинг асл маъноси Шукур аканинг шу қисқа нутқида жам эди. Шукур ака вафот этганида “ЎзАС”да шоир Эшқобил Шукурнинг “Ўзбекнинг мардлигини куйлаган адиб” сарлавҳали мақоласи босилганди. Топиб айтилган гап!
Шукур ака ҳаётида кўпчилик эшитган, ўқиган бир воқеа бор. “Ўн уч ёшга тўлганимда, отам менга милтиқ берди. Эркак бўлиб юргин, яроғ — ҳамроҳинг бўлади, деганди….”
Шукур ака улғайган эллик-олтмиш йил аввалги тоғли Бойсун муҳитида ёш ўспириннинг қалбига кирган бу сўзлар, эътиқоду тўхтамлар, эр кишининг хулқида муҳим бир саҳифа — ориятнинг, ўзликнинг эшигини очгандир, эҳтимол. Шу боисдан ҳам ҳаётга жиддий қарашни, она ернинг табарруклигини, одамзоднинг мангу қадриятлари борлиги ва буни ҳар қандай ўткинчи талотумлар йўқотиб юборолмаслигини теран ҳис этар эди. Қалбидаги кенгликнинг, ҳаётга муҳаббатнинг, одамга ишончнинг сирини шунда деб биларди. Чеховни Фолкнердан, Хемингуэйни Борхесдан, Жек Лондонни Сартрдан кўра кўпроқ хушлашининг сабаби, албатта “савод” масаласи эмас, балки ўзини табиатнинг бир бўлаги — ўзни англамоқ ҳаёт ва тангрини ҳис этиш, деб реал ўйлагани туфайли эди.
Бугун жуда долзарб бўлган адабий тил меъёрлари хусусидаги оғриқларимиз Шукур ака ижодида намунавий, тугал шаклда камолга етганини англаган сайин муаммонинг маҳобатиям адиб ижодига эҳтиёж ҳам ортаверади. Шукур ака жуда “тоза” ёзди. Шева сўзлари, уйғунлашиб пайдо бўлган янги сўз ва қўшимчаларни унинг қаҳрамонларигина қўлларди. Аммо матндаги оҳор, жозиба, юқумлилик катта маҳорат билан шундай омухталашди-ки, шевага хос сўзлар адабий тилга жуда равон ва табиий тарзда синтез бўлди, сингишиб кетди. Тил бойиди. Адабиёт дарахти янги куртак ёрди. Икки бетлик ҳикоясидан тортиб, етти юз бетлик “Олабўжи” романигача тилга эҳтиром ёзувчининг энг муқаддас бурчи эканлигини намоён этаверади. Бу, албатта улкан сабоқдир!
Шукур ака яратган образлар ҳаётдагидан кўра тирикроқ, умрбоқийроқ, жонлироқдек туюлаверади. Бу қаҳрамонларнинг ҳаётийлиги ҳам, ўзи тилга олмаса-да, янграб турадиган “Адабиёт — қисматимдир” деган тутумнинг ва унга эътиқоднинг улуғлиги туфайли таъминланди. Ҳаётга тикилиб туриб адабий метафораларни кўра олиш, кўрганларини идрок ва ижод қилиш истеъдоди Шукур акага ҳаётнинг чинакам муҳиби бўлишга куч бериб турди. Ҳузурида тўрт сатр шеър қоралаган эдим ва тантанавор тарзда бўғриқиб ўқиб ҳам бергандим:
Мен ҳаётга мухлисман, яшамоққа вақтим йўқ,
Бунда бари ўтаркан, бир қарашга вақтим йўқ.
Осмон боқий, ер мангу, ҳаёт абадий бўлсин!
Мен учун сен бахтли бўл, менинг эса бахтим йўқ…
Шукур ака “воҳ!” деди-да, қўлини ҳаволатди. Сўнг тилга кирди:
— Биринчи сатр — меники! Қолганини ўзинг биласан.
Қолганини нима қилиб бўлади? Тўртлик на китоб, на бирор матбуотда чиқди — қолиб кетди.
Шукур ака қизи — адабиётшунос Сайёра опа Холмирзаевага ёзган сўнгги хатида жаҳоннинг машҳур адиблари — Тагор, Хемингуэй, О.Генри каби ёзувчилардан кўра, ҳикоя жанрида сермаҳсул ва мазмунлироқ ижод қилдим, деган сўзни айтган эди. Дарҳақиқат, Шукур ака миллий насримизнинг ҳикоя жанрида Фозил Искандар, Сергей Давлатов, Нодар Думбадзе сингари реалист ёзувчилар яратган миллий қуббаларга бўйлашгулик дурдона, ўзбекона асл ҳикояларни адабиётимиз хазинасига қўшолди.
Адабиёт ақл ўргатиш, ичингдаги маддалаган иғволарни шаклга солиш, -бепардалик қилиш воситаси эмас, балки, табиат ато этган қисматга бўйсуниб, сўз сеҳрида тобланиб санъат яратиш, ўзинг мансуб бўлган элу халқингга хизматда туришдир!
Шукур Холмирзаевнинг нияти шу эди!
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 12-сонидан олинди.