Ҳамма нарсага қўл силтаб, чўлгами, тоққами, ишқилиб, бу ерлардан кетсам, кетсаму шу баробарида бу томонларга қайтиб келмасам, кўрмай, куйинмай ўша хилватда яшасам, деган ўй униҳоритаётган эди.
Атрофдагилардан ўзига ўхшаш хислатларни қидиради, ўзини кўз ўнгидаги уруғ-аймоқлари билан таққослаб кўради. Икки орада ҳеч қандай монандликни илғамайди. Эҳтимол, аждодларидан бири унинг ҳолига тушган чиқар, ҳийлагар фалакка бирор дангалроқ хулоса айтиш қийин, ким билсин, балки, ундан кейинги – еттинчи саноқда турган авлодини ҳам худди шундай аҳвол-руҳия муштоқ бўлиб кутиб ўтиргандир…
У ўзининг бошида чарх ураётган даҳрий йўсиндаги хаёлларини ҳалигача ҳеч кимга “Кел, мана менинг мунча дардим бор,” дея тўкиб солмаган. Бировга айтгудек бўлса, “ёш кетавергандан кейин шу эканда…” деб, унинг сиғиниб, кўнглида асраб-авайлаб юрган илинж истагини икки оғиз сўз билан руҳсизгина ифодалаб беришларидан ва бундан ҳам ёмони, унинг устидан кулишларини билади-ю, ўзининг ночорлигидан янада куйинади.
Раҳмон ярим тунда уйғониб кетганида, бошида оғриқ турганини сезди. Ташқарига чиқмоқчи бўлиб, ўрнидан бир амаллаб турди-да, эшик олдигача келди, нарироққа боришга мажоли етмаслиги сезгач, бўсағадаги зина устига ўтирди. Шунда унинг ёдига бир ривоят тушди. Ундаги мазмун шундай эдики, Иброҳим пайғамбар ўғли – Исҳоқни уйлантиргач, келинининг одоб-аҳлоқини синаш учун уларникига боради. Келин қайнотасининг ҳурматини жойига қўймагач, Иброҳим пайғамбар унга Исҳоқ келса айтгин, остонасини тузатиб қўйсин, деб тайинлаб кетади. Эри келгач, у қайнотасининг қарз гапини айтади. Ўғил отасининг нима демоқчилигини билади-да, хотинига талоқ беради. Ишқилиб, остонани тузатиб, рўзғорни қайта тиклайди.
Пайғамбар бу келинини ҳам имтиҳон қилгани келади. Келин қайнотасининг иззатини жойига қўйиб, отининг узангисини босиб юборади. Пайғамбар кетар олдидан келинига тайинлабди: Исҳоққа айт, остонаси яхши бўлибди.
Айни чоғда у ўзини пайғамбарзоданинг ўрнига, отасини эса пайғамбарнинг ўрнига қўйиб таққослади. Еттинчи осмонга чиқаётганида недир унинг елкасига туртилгандек бўлди. У ҳали ўзини бунақа осмонўпар қилиб менгзашни ноўрин санади. Ўзини ҳам, отасини ҳам ўз ҳолича қўйди-ю бироз таскин топгандек бўлди.
Шу аҳволда ҳам Раҳмоннинг раҳматлик отаси тирилиб келса-ю, ўғлининг туриш-турмушини кўрса…
Бу маҳалда отасининг оддий сўрови ҳам гурзидек оғир ботарини сезади. Сезгандаям нима қилсин, тили қисиқлик жойи кўп. Онасининг тихирлик қилганини айтиб, у бечоранинг арвоҳлари чирқиллаб қолишидан қўрқади.
…қизнинг исми Норхолмиди, Норгулмиди ҳалиям чалкаш айтади. Лекин гулдек қиз эди, ёноғидаги холиям юзига ярашиқли эди…
Қанийди, анови ётган аёлнинг ўрнида ўша ўзи истаган бўлса. Ёнларидаги бешовлон ҳам ўзларидан тўраган фарзандлар бўларди. Улар билан овунарди, бужмайган юрагининг чигилини ёзарди…
Ўша замонда онаси ўламан саттор, деб қариндошининг қизига уйлантириб қўймаганида аҳволи бундан минг чандон яхши бўларига ишонарди. Ва бунга ишониб яшади ҳам.
“Худо бир томондан қисган одам инжиқ ва тутган жойидан чангаллаб оладиган бўларкан, – деб айтганди дўсти. – Мен ўшанда нима қиларимни билмай, кўнгил қўйган қизимни ўғлига обермоқчи бўлган оқсоқнинг уйига борганман. Лангнинг ўғлини ташқарига чақириб олиб, арзим айтдим. У бўлса, уйланганман ука, ишонмасанг, бошпуртимни кўрсатаман, иккита болам ҳам бор. Кейин айтдики, отам у қизни амакимнинг ўғлига обермоқчи. Ноилож, падарингга ланъатнинг отасини олдимизга чақирдик. Отаси ҳассасига таяниб олдимизга келди. Мен у оқсоққа илтимос бува, ўша қизникига қайтиб совчиликка борманг, дедим. Чўлоқ чол менинг гапимни ҳам эшитмади, аниқроғи у мени писанд ҳам қилмаганди, қайтага ҳассаси билан урмоқчи бўлди. Қисталоқ бўйнимни мўлжал қилиб хезланган экан. Хассасидан ушлаб қолдим, ёшини ўйлаб, качалга тегинмадим. Урсам бўларди, уриб, расвосини чиқаргим келарди-ю бироқ уйини тўлдириб ўтирган чувриндиларининг қарғишидан қўрқиб, қўлимни тортдим. Лекин энағар чўлоқ чол номард экан. Эртасига миршабга бориб, мени кечаси уйимга бостириб келди, урди, хотину болаларимнинг олдида энамди сўкди, деб устимдан арз қилади. Миршаб ҳам ўзимнинг уруғимдан эди. Чўлоқнинг арзи ёлғонлигини сезганми ёки сезмаганми ишқилиб, унга онасини ростакамига эсга олдиради. Жамики уруғ-аймоқларини кўзи олдида обориб опкелади. Кейин эса чўлоқ совчини маҳкамасидан ҳайдаб чиқаради. “
Бу жўнгина хотиротни жўраси ўттиз йиллар олдин, айни салт-сувой юрган дамларида айтиб бериб, ўзиям маза қилганди. Дўсти ўша қизга уйланди. Тўйига ўша оқсоқ чолни атайин ўзи бориб айтади. Лекин чўлоқ совчи тўйга келмайди.
Раҳмон ёшлигиданоқ бу дўстини яхши биларди. У камсуқум эди. Бировларнинг маҳрами ҳақида гап сотишни ёқтирмасди. Фисқу фасодни унчалик хушламасди.
Раҳмон аввал бошда дўстига маслаҳат солди: “Бўлмайди жўра, мен бу билан қандай яшайман. Ошно, мен ўша ўзим меҳр қўйган, ҳоли бор қизга уйланишим керак эди. Ўша бўлса бас, қолгани бир пул. Ҳозир мен унинг олдига борсам, юзимга тупурмасмикан?.. Ёки дунё деганлари шу экан, деб индамай яшаверайми?”
Жўраси мулзам тортади. Не деярини билмайди. Охири ёрилади: “Энди чидашга уриниб кўр, жуда бўлмаса, талоғини айтда қўй. Бу томони ўзингдан қоладиган гап.”
Энди бу сафар дўстига истак илинжисини ошкор этса, турган гапки, жўраси ҳам ундан савдойилигининг сабабини сўрайди. Сўралган сўроққа жавобни қайдан топиб айтади?
“…худди шундай, – аҳдланди у. – Ҳаммасига қўл силтайману кетаман, ажибсиниб қоладиган кўнгилетар дўстларга кетиш важҳини тушунтирсам-да, тоғу тошларга кетсам. Ўша тоққа жамики мазмуни яхши одам борки, йиғилсак, сўнг ўша тоғни жўнгина бўлса-да, “Яхшилик манзили” деб атасак. Унда-мунда бу масканнинг довруғини эшитганларнинг кети узилмаса. Қолганлар ҳам бирор юрт ёки кишвар тузишса-да, унгаям аниқроқ ном бериб, ўз тоифаларини жамлашса…
Ана шундагина нимаики бўлса, бариси яхши кечади. Ҳамма ўз тоифасининг ичда юрганидан кейин ҳеч ким бир-бирига зиён еткизмайди. Кўрилган зиёнлар ҳам сезилмас бўлиб кетади. Кўнгиллар озор топмайди.”
Раҳмон тоққа етгач, булоқнинг муздек сувидан ичди-да, сал баландроқ, бутун қишлоқ кўринадиган юзароқ жойга келиб ўтирди. Кўпдан бери тоғнинг худди мана шу еридан туриб бутун қишлоқни томошо қилишни кўнглига тугиб қўйганди. Айни пайтда у ўзини меърожда тургандек, ҳамма нарсанинг ҳадисини олган каби гўё барчаси ҳозир унинг кўз ўнгида намоён бўладигандек туюлди…
Хаёлига берилиб, осмонга юз тутди: унинг тубида саноқли юлдузлар қолганди. Исмини ҳалиям чалкаш айтадиган қизни эслаб, қишлоқнинг кунчиқар томонига қаради. Уйлар кўпайиб кетган, Раҳмон қизнинг ўша дамларда қайси хонадонда яшаганлигини аниқ била олмади.
“Энди кеч, анча кечикдинг. Ҳеч нарса кор қилмайди. Бошни қай туйнукка суқма, қай ҳарсангга урма, бари бефойда. Ўзгариш мумкин бўлган дамлар ўтиб кетди. Ҳайит бир кунлик. Мен бу тоғни “Яхшилик манзили” демоқни истаган эдим, бироқ адашар эканман. Ана кўз ўнгимизда яшаб турган жонивор – ҳайвон зоти борки, ўзлари истагандай қилиб, бирор манзилни муқим тутиб олишарди-ку! Ният пуч экан. Хаёлим сиққан жойга ўзим сиғмас эканман…”
Раҳмон уйига қайтиб келганида ҳали ҳеч ким уйғонмаган эди. У аста ётоқ бўлмасига кирди-ю ўрнига узала тушиб ётди. Ухламоқчи бўлиб, уёққа-буёққа ағдарилиб кўрди. Бўлмади. Ахийри, кўрпани юзи аралаш буркаб олди…