Барнони Нарзибаланд маҳалласидаги йигитлар туну кун ўйлайдиган бўп қолишди.
Барно ҳам ҳақиқий барно йигитни излади. У ўзининг чиройи, қоматининг баҳосини биларди.
Неча-неча йигитлар унинг изидан ичикиб юрди. Қанчалаб ишқий мактублар битилдики, бариси абас бўлди. Барно бирортасига ҳам жавоб ёзмади. Лекин ўқиб, ҳузур қиларди.
Бир куни йўлда кетаётганида қизнинг сочидан кимдир тортқилади. Қиз угирилиб қаради. Камол экан.
-Сенда гапим бор эди, Барно, – деди у.
-Нима гап экан? – сўроқлайди қиз.
-Юр, сал четга чиқайлик, бафуржа айтаман. Бу ерда сал ноқулай, – дейди йигит.
-Йўқ, уйдагилар кўрса, мени уришади. Отамнинг феълини биласиз, ёмон, – дейди қиз.
-Барно менга теккин. Сени бахтли қиламан. Эртага уйингга совчи жўнатаман, – дейди-ю Камол югуриб кетади.
Йигит қизнинг кўзига тик қараб гапирганди. Барно йигитнинг ўктамлигидан, қатъий гапидан шошган бўлса-да, ич-ичидан ризолигини туйди. У билан бахту иқбол эгаси бўлмоғини ўйлаб қолди. Йигитнинг кўзлари унсиз сўзлаганди…
Эртасига Камолнинг аммаси билан опаси қизникига қулчиликка келишди. Яна икки-уч марта келишди. Иш битмади. Аниқроғи, қизнинг отаси – Ражаб мироб рози бўлмади.
Камолнинг, совчиларнинг ва бутун Нарзибаланд маҳалласидаги йигитларнинг умиди сўнди. Ҳаттоки, Барнонинг ҳам. Негаки, қиз ўзини Камолга узатишади, деб ўйлаган ва ўзи ҳам шунга шайланиб турган эди. Бироқ иш мутлақо тескари бўлди.
Ражаб мироб қизини бешкентлик жўраси – Абдуҳолиқ
чавондознинг Ирисмат деган ўғлига берди.
Куёв бола Москва томонларда ўқиган зиёлинома йигит экан. Совчилар Барнонинг расмини олис юртда таълим олаётган куёв болага жўнатиш учун опкетишади. Ирисматнинг расмини эса қизга ташлаб кетишди.
Икки ёш мезон ойининг охирларида юзма-юз кўришади. Суҳбат. Ваъдалар. Беғубор ичикишлар…
Сўнг Ирисмат Барнони уйигача кузатмоққа шайланиб, йўлга тушишади.
Катта йўлдан бурилиб, кўприкдан ўтиб, Нарзибаланд маҳалласига кирар чоғи бу икки ёшни бир тўда болалар ўраб олишади.
-Яхши йигит, папирусканг борми? – сўрайди бола.
-Йўқ, мен чакмайман, – жавоб беради Ирисмат.
-Бу ерларда нима қип юрибсан? – сўрайди бола.
-Ўзим, шундай айланиб, – дейди Ирисмат.
-Эй, Барно сенмисан, – дея ҳаяжонланади бола. – Бу ким бўлди. Камол қара, куёв бола маҳалламизга келибди. Уялмасдан, ҳадиксирамасдан юриши қара буни.
-Юзи қалинга ўхшайди. Беандиша, – дейди шериги.
-Камол сен Барнони уйига кузатиб қўй. Биз ўзимиз бу куёвболани катта кўчага чиқариб уйини кўрсатиб қўямиз, – дейди болалар.
Камол Барнонинг олдига келади-да, унга “кетдик” дея ишора қилади. Улар иккаласи секин йўлга тушади. Ирисмат эса бақирмоқчи бўлганида болалар оғзини ёпиб катта кўчагача гоҳ судраб, гоҳ кўтариб опчиқишади. Болалар уни юк машинасига миндириб юборишди.
Камол Барнони уйига опкелади. Қиз йиғлайди. Йигит гапирмасдан туриб, қизни секингина ўпиб олади. Барно йигитни қучоқлаб олиб, анча вақтгача бошини елкасига қўйганича йиғлайди.
Улар ойдинда ажралишади. Камол Барнони дарчадан то уйига кириб кетгунча қараб туради.
Айни пишиқчилик маҳали Ражаб мироб билан Абдуҳолиқ чавондоз туй бошлайди. Келин-куёв катта нияту умид билан бир ёстиққа бош қўядилар. Бошнинг биттаси яъни Ирисматнинг калласи ёриқ эди. Негаки, Нарзибаланд маҳалласидан Барнонин келин қилиб опкетиш пайтида кимдир тош билан куёв боланинг бошига ишлов беради.
Ирисмат бешкентдаги мактабида ўрис тилидан дарс беради. Барнонинг ҳусни бешкентда ҳам овоза бўлиб кетади. Қўни-қўшнилар уни кўриш учун атай баҳоналар топиб, эшикни тақиллатишади. Сўнг суҳбат қурилади.
Ирисмат Барнонинг Нарзибаланд маҳалласидаги ҳаёти билан боғлиқ воқеаларни эслагиси келмайди. Келинни ҳам ота-онасиникига жўнатгиси келмайди. Куёв уни Камолдан қизғанар эди.
Бу пайтда эса Камол ҳам холасининг қизига ўйланиб, бир рўзғорнинг бошини тутган эди. Энди унинг хаёлини бола-чақа ташвиши банд этганди.
Ирисмат ароқ ичишга ўрганди. Бу орада у ёлғиз ўғил кўрди. Отини эса Темур қўйди. Бошқа фарзандлари турмади. Қасдига олиб у яна ичадиган бўлди. Аввал мактабдан ҳайдашди, сўнг уни давраларга ҳам қўшмайдиган бўлдилар. Бора-бора тўй-ю маъракаларга ҳам айтилмайдиган бўлди. У уйида туну кун ароқ ичиб ётарди. Дунёни унутарди.
Ирисмат ўз-ўзидан теварак-атрофдан узилиб қолди. Ҳамма унга ачинарди. Айниқса, Абдуҳолиқ чавондоз ўғлининг бу аҳволидан бошини эгиб юрадиган бўлди.
Устига устак келин Барно ҳам болани олиб отасиникига кетиб қолди. У қудасининг ўзи қизини келтириб қўйиб кетади, деб ўйлаганди. Бироқ ундай бўлиб чиқмади. Кўп нарса қоронғу эди.
Ражаб мироб ҳам қизининг аччиқ қисматидан хабардор эди. Ҳеч нарса дея олмади. Шу зайл қиз бир боласи билан отасиникида юраверди.
Ирисмат ичишга муккасидан кетди. Ундан ҳаттоки отаси ҳам воз кечиб юборди. У оламни унутганди.
Орадан йиллар ўтади. Қудалар бир-биридан хафа бўлмайди. Негаки, Ирисмат ҳали тузалмаган эди. Барно билан Темур ҳам уни эслайдиган бўлишди. Уят ўлимдан оғир. Барно оқибат эридан талоғини сўраб олади…
Шундан кейин Ражаб мироб қизини Мулла Носирнинг Полвонига беради. Полвоннинг хотинини ўтган йили илон чақиб ўлдиради. Полвон эса иккита қизи билан қолади. Тўй кичкина ва дабдабасиз ўтади. Барнони Полвонникига кечга томон опкелишади. Эртасига бу ерга онасини излаб Темур ҳам келади. Онаси унга дастурхон ёзиб, олдига чой, нон ва овқат қўяди.
-Она, уйга кетамиз, – дейди боласи.
-Йўқ. Болам, энди шу ерда яшаймиз, – дейди онаси.
-Менга бу ер ёқмаяпти она. Отамнинг, бувамнинг уйида яшайлик, – дейди бола.
-Болам сенга қандай тушунтирсам экан. Буванг мени мана шу ернинг эгасига эрга берди. Энди у билан яшашим керак. Унинг хизматини қилишга мажбурман. У сенга ҳам оталик қилади. Сен эса унга катта ўғил бўласан, – дейди Барно.
-Йўқ, бўлиши мумкин эмас. У киши менга оталик қила олмайди. Мен унга ўғил бўла олмайман. Ахир биз бутунлай бошқа одамлармиз-ку! – дейди Темур онасига ажабланиб.
Она-бола дастурхон бошида шу тахлит суҳбатлашиб ўтирганларида Полвоннинг иккита қизи ҳам хонтахта атрофига келиб ўтиришади.
-Она, бизларга ҳам нон беринг, – дейди қизлар.
-Мана қизларим, олинглар, қанддан ҳам чойга солинглар. Кейин кўчага чиқасизлар, – дейди Барно.
-Бу аёл сизларга она бўлмайди, Менинг онамни сизлар она дейишингиз мумкин эмас, тушундингизми? – дейди бола қизларга қараб.
-Буни бизларга отамиз айтган. Шунинг учун биз она, деяпмиз, – дейди улар.
-Мана мен сизнинг отангизни ота демайман-ку! – дейди бола. – Менинг отам бор. У киши бешкентда туради. Бобом билан яшайди. Ҳа, айтмоқчи, сизларнинг онангиз қаерда?
-Онамизни илон чақиб ўлдирган. Бизни яхши кўрар эди, бечора онам, – дейди қизлар.
Темур ўзининг ўгай сингиллари ва онасининг ўгай қизлари билан анча суҳбатлашди. У ўзини ноқулай сеза бошлади. Қизларни уришгиси, жеркиб ташлагиси келарди. Онасидан ҳам хафа бўлди. Ўгай отаси билан кўришишни умуман хоҳламасди.
Темур ўгай сингиллари билан боққа кетди. Олма, гилосу ўрик, қаролудан тўйиб ейишди. Сўнг уйга қайтиб келишди. Қайтиш чоғида қизлардан бири зинага қоқилиб йиқилди. Бақириб йиғлади. Онаси чопиб келиб, уни кўтариб олди. Овута бошлади. Шу пайтда ўгай отаси – Полвон ҳам етиб келди. Қиз тинчланди. Полвон Темурга қаради. Бола эса индамайгина чўнтакларидан гилос-ўрикларни чиқариб беписанд оғзига соларди.
-Ҳов йигитча, салом қани? – деди Полвон.
-Мен бегона одамга салом бермайман, – деди у.
-Мен сенга бегона одам эмасман. Энди сенга отаман. Билиб қўйгин, – дея уқтирди Полвон.
– Сиз менга ота эмассиз. Менинг отам бешкентда. Оти – Ирисмат. Ўқитувчи. Отасининг исмини эса Абдуҳолиқ чавондоз дейди. Сиз онамни алдагансиз. Қизларингизниям алдаяпсиз, – дейди бола.
-Сен жинқарчада кўп гап борга экан. Шумқадам болага ўхшайсан. Муштдай бошингдан одамга ақл ўргатасан-а? – дея Полвон бошини сараклайди.
-Сиз Нарзибаландликлар кишига ақл ўргатишга устасизлар. Одамни ақлдан оздириб, йўлдан урасизлар. Керак бўлса, ҳамма нарсага тайёр турасизлар, ҳеч балодан қайтмайсизлар.Мен барибир бу уйда сизлар билан бирга яшамайман. Шуни билиб олинглар, – дейди Темур бақириб.
У қош қорагайган бир пайтда Полвоннинг уйидан чиқиб кетди. Алламаҳалгача маҳаллани айланиб юрди. Толиқди, чарчаб кўча юзидаги дарвозанинг олдида ўтирди. Тин олиб, хаёл сура-сура уйқуга кетибди.
Камол гаштакдан кела туриб дарвозаси олдида ётган нарсадан ҳайиқди. Секин келиб уни кузатди. Ҳайрият, ёш бола экан. Бориб болани уйғотди. Унинг қўлидан тутиб уйига опкелди. Жой солиб берди. Ётди.
Эрталаб бола отнинг олдида турган эди. Камол унинг ёнига келди. Бола салом берди. Улар ҳол-аҳвол сўрашди. Камол боладан бор ўтмишини сўраб, билиб олди.
Айни воқеалар, одамлар ва улар билан боғлиқ тарихнинг ҳаммаси Камолга аён эди. У болани олиб, биринчи Ирисматникига бормоқчи бўлди. Бироқ болакай унамади. Сўнг Полвонникига элмоқчи бўлди. Бола барибир рози бўлмади.
-Менга ўгай ота керакмас. У одам қизларини яхши кўради. Онам ҳам уларни ёқтиради. У одам мени унчалик хушламайди. Сиздан илтимос, мени ўзингизга ўғил қилиб олинг, ҳамма ишингизни қиламан. Фақат йўқ деманг. Сизни ота дейман. Аёлингизни она дейман. Тушунинг, бошқа борадиган жойим қолмади. Менга раҳмингиз келсин. Бошимни силанг, – дея бола ялинади.
Камол ўйланиб қолади. Болага раҳми келади. Юраги эзилади.
-Майли, сен бизникида юравер, кейинроқ бир хулосага келамиз, – дейди Камол виқор билан.
Темур бу ерда рўзғор ишларига қарашиб юраверади. Камолни ота, хотинини эса она деб атади. Болалар билан ҳам аста-секин ака-ука бўлиб кетишди. Улар жуда аҳил яшай бошладилар. Ана шундай кунларнинг бирида Темурнинг дарагини Барно билан Полвон эшитади. Сўнг Барно боласининг изидан Камолникига келади. Ўғлини опкетмоқчи бўлади.
-Мен барибир бормайман, – дейди бола қатъий туриб. – У ерда мени қийнайсизлар. Бу жой менга маъқул бўлди. Сизлар энди менга ҳалақит берманглар.
-Ўв, тирмизак, ҳалитдан тилинг чиқиб қопдими? Шошмай тургин. Қани олдимга туш-чи? – дейди онаси.
-Йўқ, бормайман деб айтдим-ку! – дея бола ҳовлидан чиқиб кетади.
Барно боласининг ортидан эргашади. Бола қочиб кетади. Охири ноилож Барно уйига кетади. Бўлган воқеани Полвонга сўзлаб беради. Бундан Полвоннинг ғаши келади. Негаки, у хотинини Камолдан рашк қилди. Эски тарихни кўз олдига келтирди.
-Сен ўғлингни атай Камолникига яширгансан. Сен эрмак учун шундай қилдинг. Нега энди у айнан Камолникида юради. Бошқаларникидан бошпана топса бўлмайдими? – дея Полвон Барнога ўшқиради.
-Ўлимдан хабарим бору лекин бундан хабарим йўқ. Ишонинг ахир. Не гуноҳим учун бу гаплар, – дея Барно йиғлаб юборади.
-Ўша шумқадам менга сенинг ўтмишингни эслатади. У болани бу ерга опкелама кўрма. Уни ҳовлимизда кўрсам, асабим ўйнайди. У менга Ирисматни, Камолни эслатади. Ўғлингни маҳаллада кўрсам, сени ҳам тинч қўймайман. Билиб қўйгин, – дея ўдағайлади Полвон.
Барно йиғлади. Не қиларини билмасди. Боласи эса уларни унутиб, Камолникида худди туғишганлардек бемалол юрарди. Охири Барно дардини опасига айтди. Опаси Темурни ушлаб Қаршидаги болалар уйига топширмоқчи бўлди. Улар Темурга тузоқ қўйишди. Бир-икки чап беради-ю, сўнг барибир Темур қўлга тушади. Холаси уни уйига опкелади. Болани устунга боғлаб қўйишади. Темур йиғлаб, ўзини қўйиб юборишларини сўрайди. Ҳеч унга ёрдам бермайди. Охири силласи қуриб, иссиқда устунга боғланганича ухлаб қолади. Уйдагилар уни ҳушидан кетган дея арқондан бўшатиб, уйга опкиришади. Юзига сув сепиб, ўзига келтириб олишади. Кечга томон бола яна Камолникига қочиб келади.
-Ота, энди мени ҳеч кимга бериб юборманг. Мен сизга ўғил бўлдим-ку! – дея бола йиғлайди. – Улар менга азоб беришади. Мен ҳали сизга кўп керак бўламан. Менга оталик қилишингиз мумкин-ку, ахир! Сизни бир умр унутмайман.
Бола ўзини Камолнинг қучоғига отади. Ўксиб-ўксиб йиғлайди. Камол уни тинчлантиради. Иккаласи бир-бирига ваъдалар беради.
Камол болани бозорга опчиқиб бошдан оёқ кийинтиради. Уйига болани сўраб келувчи онаси-ю бошқа хешларига Камол ширин гапириб яна изига қайтариб юрди.
Шу билан Темур янги оилада улғая бошлади.