Шодиёр Ҳазрат Исмат. Ниёз (ҳикоя)

Амирхон Эшон кампирининг гапига кириб, Нурмат бахшиникига қулчиликка жўнади. Бахши Яхшибойдай йигитни унчалик менсимаганди. Борган совчиларни қайтараверди. Яхшибойнинг ота-онаси у ёшлигида қазо қилиб, бола бир синглиси билан қолганди. Иккаласини эса амакиси асраб олганди. Яхшибой қўлидан иш келадиган бўлганидан кейин қишлоқнинг подасини боқиб ва бунинг эвазига кун кечиради.
Яхшибой эшоннинг ҳам, бахшининг ҳам сурувини боқарди. Муйлаби сабза ургандан сўнг Нурмат бахшининг ҳар доим сурувга қўй қўшадиган катта қизи – Розияга кўнгли суст кетди. Уйдагиларга дардини айтди. Янгаси борди, амакиси борди, бошқалар ҳам борди. Бариси бекор бўлди. Умиди узилган амакиси охири эшоннинг кампири – Тошбуви момони ишга солди…
* * *
Нурмат бахши Амирхон эшонни узоқдан кўра туриб, унга пешвоз чиқди. Эшонни эшагидан тушириб, арқонни қозиққа илди. Хуржунни елкасига олди. Меҳмонининг қўлига сув қўйди. Сўнг меҳмонхонага киришди. Салом-алик, ҳол-аҳвол сўрашилди. Бир пиёла чой ичиб бўлингандан сўнг, эшон ҳайрон бўлиб турган бахшига қараб гап бошлади:
-Бахши мен қулчиликка келдим, Розияга.
-Ҳа, эшон бува. Қани у ёғини ҳам эшитайлик-чи? Нима гап экан. Айтинг-чи? – дея бахши аланглайди.
-Яхшибойни биласан. Ўзимизнинг йигит. Айби нуқсони йўқ. Тарбияси, одоби жойида. Шу йигитнинг бахтини бекам қилсанг. Савоб ҳам бўларди. Бунинг устига Яхшибой билан Розия қизимиз бир-бирини ҳалигиндай… – дея эшон гапининг охирини айтмайди.
-Эшон бува, Яхшибой етим бўлса, уй-жойи ҳам йўқ. Бола-чақани қандай боқаркан, – дейди бахши ҳадиксираб.
-Эй, бахши ҳаммаси худонинг иши. Розиқбой эрта ўлай, болаларим етим қолсин, дермиди. Розиқбойни яхши биласан. Қўли очиқ, танти йигит эди. Худо умридан қисган экан. На илож. Олманинг тагига олма тушади, бахши. Яхшибой ҳам Розиқбойнинг ўғли. Тўрт мучаси соғ, уйни ўзи қуриб олади. Қариндошлари ҳам қараб турмас. Мен ҳам уйланганимда биргина оқ яхтак билан иштондан бўлак ҳеч вақом йўқ эди. Мана энди қара, шунча дову даскага эга бўлиб турибман. Бахши, сал кенглик қилгин. Амакингга ўхшаб, Омонбойдай йигитларни кўзламагин, тағин, – дейди эшон.
-Омоннинг йўриғи бошқа. Амаким уни еру кўкка ишонмайди. Ҳамманинг ҳаваси келади. Қанийди, ҳаммага ҳам Омондай куёв насиб қилса, – дейди бахши.
-Тўхта, Омон ҳозир отасиниям танимайди, бахши. Амакингнинг катта ўғли бўлиб қолди у. Бир пайтлар амакинг ҳам “хато қилмадимми?” деб ўйланиб қолувди. Лекин Омоннинг энаси ўткир хотин эди. Ҳамма масалани ҳал қиларди. Унча-мунча эркак унинг йўлини тўса олмасди. Қишлоқнинг аёлларига паранжи ташлаттирган ҳам ўша аёл эди. Парда бечора хотинининг дастидан уяларди. Урушдан кейин унча кўп яшамади. Сўнг кампири от миниб кўп давру даврон сурди. Омон эса Омонбой бўлди. Отасининг номини кўпам тутмади.
Яхшибойга қизингни берсанг, бахши. Иккови бахтли бўлсин. Сен билан мен тиловчи одаммиз. Кел, шу ишга йўқ демагил, – дея Амирхон эшон сўзини тугатди.
-Билмасам, Эшон бува, онасининг ҳам гапини олсак нима қиларкан? – дея бахши талмовсиради. – Ҳарна умр савдоси. Масаласи оғирроқ. Пишиқ-пухта ўйлаган маъқулмикан. Эрта-индин қийналмаслик учун ҳозирдан ишни пишитсак дегандим.
-Бахши олдингга сичқон-пишак ўйнагани келганим йўқ. Мен олдин ҳам Яхшибойдан қанчалаб совчилар келган. Хотинингни пеш қилма. Ҳозир ё “ҳа” ёки “йўқ” дегин. Аёллар билан кенгашишга тоқатим йўқ. Айтиб қўяй, агар йўқ дейдиган бўлсанг, сен билан салом-аликни йиғиштираман. Мендай эшон сен учун йўқ ҳисоби. Бор гап шу, омин, – дея эшон ўрнидан қўзғолди.
-Эшон бува, ўтиринг, ўтиринг, ҳали ҳеч гап бўлгани йўқ-ку, – дея бахши ўрнидан туриб, меҳмонига талпинди.
Бироқ Амирхон Эшон мезбоннинг илтифотларига бепарво бўлиб, ўрнидан даст турди. Елкасига чакмонини ташлаб, салласини тўғрилаган киши бўлиб, эшикдан чиқди.
Нурмат бахши ялинди, ёлворди. Эшон парво қилмасдан эшаги томон йўл олди. Бахши унинг хуржунига ул-бул солиб, уйдан югуриб келиб, арқонни ечди. Эгар жабдуқларни тортди. Сўнг хуржунни эгарга ташлади. Мезбон аланглаб турарди. Тили лол эди. Меҳмон эшагига ирғиб минди.
-Эшон бува яхши боринг, яна келинг, – деди бахши.
-Эшонни келадиган қилдингми сен занғар. Агар қизим бўлганида Яхшибойни ўзимга куёв қилардим. Эй, садқаи одам кет, – дея мезбон эшагини ниқтаб жўнаб кетди.
-Эшон бува, сиз тушунмадингиз, мен ҳали… – дея бахши унинг ортидан гапирганича қолди.
Нурмат бахши Амирхон эшоннинг ортидан анча вақтгача қараб қолди.
“Эшон бува хафа бўлиб кетди. Энди нима қилсам экан. Балким ярим йўлдан қайтиб келиб яна мендан гап сўрар. Рози бўлсам, нима қиларди?” – дея ичида кўп гапларни такрорлади.
Эшон изига қайтмади.
Нурмат бахши ортига қайтди. Уйига кирди. Кампири қизи – Розияга имо қилди. Қиз уйдан чиқди. Сўнг секин гап бошлади:
-Эшон бува нимага келган экан. Кетиши сал тезроқ ва ажабтовур бўлди. Ёки бирорта иши эсига тушиб қолдимикан?
-У киши қулчиликка келган экан, – деди бахши.
-Кимга? – деди кампирининг кўзлари чақнаб.
-Розияга, – дейди бахши эринибгина.
-Розияга… кимдан келибди, – дейди кампир бўйнини чўзиб.
-Кимдан бўларди, анови Яхшибой бор-ку, шундан келган, – дейди бахши беписанд.
-Ҳа, шундай денг, бошқа одам қолиб, энди эшонни ўртага солибди-да. Улар ҳам анойи эмас. Юмшоқ ерни босгиси келмайди. Сиз нима деб жавоб бердингиз, – дейди кампири.
-Ҳали ҳеч нарса деб жавоб берганим йўқ. Лекин ўйланиб қолдим. Бошим қотди. Нима десам экан, – дейди бахши.
-Нимаям дер эдингиз. Йўқ денг. Яхшибойга берадиган қизим йўқ. Шунда қутиласиз, қўясиз. Эшониям, бошқасиям бизни тинч қўяди, – дея кампири жаврай кетди.
-Сен шундай дейсану лекин эшон хафа бўлади. Ҳозир у ҳам хурсанд бўлиб кетгани йўқ. Эшон оламжаҳон насиҳатларни қилди. Аммо мендан садо чиқмади. Хотин кел, шу одамнинг сазаси ўлмасин. Розияни Яхшибойга берайлик, – дейди бахши.
-Яхшибой етимча бўлса, уй-жойи йўқ. Бунинг устига у бизнинг тенгимиз эмас. Мен қизимни у етимча учун туққаним йўқ. Менинг ҳам ўзимга орзуйим, ниятларим бор. Ўша эшонингиз ўз қизини Яхшибойга берармиди? – дея кампири шанғиллай бошлади.
-Ҳа, қизим бўлганида Яхшибойни ўзим куёв қилардим, деди эшон бува, – дея гап бошлади Нурмат бахши.
-Эшон бува шундай дедими? – дея кампирнинг овози пасайди. – Ундай бўлса яхшилаб ўйлаб кўриш керак экан. Балки бахти очилиб кетар.
-Мана хотин ўзинг бир ўйлаб кўр, ҳеч ким онадан тўла-тўкис туғилмаган-ку! Розияни Яхшибойга бўлмаса яна бир бошқасига беришимиз керак-ку ахир! Ўзимиздан қиёс, сени олганимда аҳволимиз қандай эди-ю, мана ҳозир қай аҳволдамиз? Шунча нарсани икковимиз яратдик. Биров опкелиб бергани йўқ-ку! Мундай ўйлаб қарасак, Яхшибой ҳам ёмон йигит эмас, тузук. Меҳнаткаш, одоби, уяти бор. Бунинг устига эшон бува уни деб рўзғоримизга бош уриб келди, – деди бахши.
-Бу билан қизимизни Яхшибой етимчага берамиз демоқчимисиз. Адашмаяпсизмикин? – дея кампири таажжубланади.
-Иззатимизни билганимиз яхши эмасми, кампир. Обрўйимиз жойида, ҳурматимизни қилиб келишди. Розияни берсак Яхшибойдай йигитга берамиз-да. Ундан ортиғига бераоламизми? Тағин, қизингнинг ҳам кўнгли бор дегандай бўлувди. Яна бошқа бошоғриқлар пайдо бўлмасин. Боланг учун катта гапиришнинг мавриди эмас. Кейин элга шарманда бўлиб юрмайлик, – дейди бахши.
-Нима қил дейсиз? Қизимизни Яхшибойга қўш-қўллаб топширамизми? – дея кампири эрига ўқрайди.
-Ҳовлиқма кампир, эл қатори ҳамма ишимиз бўлаверади. Сабр қил-чи. Ҳаммаси жой-жойига тушиб кетаверади, – деди бахши.
Чол-кампирнинг гапи шу ерда узилади. Иккови ҳам миқ этмай ўтирди. Кампир аччиқланди.
Бахши эшонни кузатганидан сўнг, анча вақт ўзига келолмай юрди. Қўли ишга бормай, кўнгли алағда бўлди. Қизини обориб топшириб келолмайди. Улардан яна садо йўқ. Аросат.
Хайриятки, Яхшибойнинг амакиси – Пўлат қассоб бахшининг эшигини тақиллатди. Уй эгаларининг юзи ёришди. Пўлат қассобни улар ичкарига таклиф қилишди. Салом-аликдан сўнг, қассоб муддаога ўтди.
-Бахши бува, яна ўша гап. Орага эшон бува ҳам тушди. Розияни бошингизга ёстиқ қилиб ётмайсиз-ку! Яхшибойга беринг. Бизлар ҳам қараб турмаймиз. Қўлдан келганича ёрдам берамиз. Келинг, хўб денг. Иккови бахтли бўлсин. Сизникига ҳам келавериб жуда чарчадик. Худо хайрингизни берсин.
-Қизи борнинг нози бор дейди-ку! – дея бахши кулади.
-Ноз меъёридан ошиб кетди, – дейди қассоб.
-Майли, қассоб ука, аёлларни жўнатинглар, ановиндай нарсаларни келишиб олиб, тўйга ҳозирлик кўрайлик, – дейди бахши.
-Раҳмат сизга, бахши бува. Куёв муборак бўлсин, – дейди қассоб.
-Қуллуқ, қуллуқ, сизга келин муборак, – дейди бахши.
-Муборак, қуллуқ, қуллуқ, – дейди қассоб.
Яхшибой билан Розиянинг тўйи белгиланди. Келин-куёвни Пўлат қассобникига туширишди. Улар бахтли оилалардан бири бўлиб яшай бошлашди. Кейинчалик ёш оила ўзларига атаб алоҳида уй-жой ҳам куриб олди. Бу уйда кўп меҳмонлар кутилди.
Яхшибой билан Розия тирноққа зориқа бошлади. Чора излаб, уни ахтаришди. Охири Нурмат бахши Амирхон эшоннинг олдига келди. Масалани тушунтирди. Эшон бош ирғаб, жим турганича ҳаммасини эшитди.
Яхшибой эса эшонга қўй-қўзи, қўчқор назр қилди. Эшон эса илму амалини қилди.
Мўъжиза руй берди. Розия уялинқираб, эрига шивирлади. Куёв бола секин сийпалаб қўйди.
Чақалоқни кутиб олишга тайёргарлик кўрила бошлашди. Ҳамма Розияга эҳтиёт бўлди. Ёз кунларининг бирида у дунёга келди. Барча уларни табриклашди. Яхшибой Амирхон эшонни чорлаб келди. Олдига бир тугунни қўйди. Сўнг болага исм қўйиб беришини сўради. Амирхон эшон ўйланиб турди-да, чақалоққа “Ниёз” деб ном қўйди.
Қулоғига эса азон айтди…