Шодиёр Ҳазрат Исмат. Ёвон жонзотлари (ҳикоя)

Тоғошар – бу ном ёки исм десак, эгасига жуда мос. Тоғошар чўпон. Чўпонки, отаси ҳам унга туғилган заҳоти пешонасида чўпонлик ёхуд чўлиқлик ёзилганидек, айнан шу исмни қўйган.
У эсини танибдики, дашту ёвонларда сурувининг ортидан юради. Тоғошарга бу ерларнинг ўт-ўланларику майли, ҳаттоки тоғларининг тошларигача маълум, десак, лоф айтмаган бўламиз. У сурувини мудом бир яйловда боқади. Яйловнинг номи ҳам қизиқ – Афандининг сойи. Афанди ким экан, дерсиз. У тамоми қишлоқдошларидан ажралиб, сойнинг тепасига чиқиб, уй қурган. Турмуши ҳам, феъли ҳам фарқ қилади. Шундан бўлса керак, эл қўйган афанди лақаби ҳам эриш туюлмайди.
Хуллас, Тоғошар сурувини боқадиган яйловнинг тоққа туташган жойида унга таниш бўлган, таниш бўлганда ҳам саккиз йиллик таниши – калтакесак яшайди. Улар аввал бошда иккита бўлиб, сўнг урчиб, кўпайиб кетишади.
Илк дафъа Тоғошар калтакесакларни кўрганида ижирғаниб, йўлида уларни учратганида таёғи билан уриб, ўлдирмоқчи ҳам бўлганди. Бу ҳисдан бехабар калтакесак эса худди саломга чиққандай, ҳар куни эрта тонгдан унинг йўлида туради. Шундан сўнг, бора-бора Тоғошар калтакесакларнинг турқига ҳам кўникиб кетди. Калтакесаклар ҳам унга кўникишди. Жониворлар бу йил тўққизинчи марта ўз яйловларида Тоғошарни суруви билан кутиб олмоқда. Энди улар то совуқ тушгунига қадар бир-бирларини кўриб, кўз-қулоқ бўлиб туришади…
Қўйлар тонг саҳарда ўрнидан туриб, тоғ томон жилиб кетишган экан, у сурувини тоғнинг ортидан қайтариб келаётганида, сойнинг хилватроқ жойида бир калтакесак думини судраб, орқа оёқларида турганича, уч-тўртта шерикларининг теграсида айланиб юрганини кўрди. Тоғошар бу манзарани кўриб, жониворларнинг базмидан ирганмай, мийиғида кулиб қўйди. Энди у илгарилари кекса чўпонлардан эшитган калтакесаклар ҳақидаги бад гапларга унчалик ишонқирамай, андак шубҳаланиб қолди.
Қуёш тоғларнинг ортидан кўтарилиб, Тоғошар сойнинг бошига келганида, Қўчқор чўпоннинг бир қўйни эмлаётганинг устидан чиқди.
-Ҳорманг, Қўчқорбой, – деди Тоғошар томоқ қириб.
– Салом, бор бўлинг, келинг тоға, – дея Қўчқор чўпон манзират қилди.
-Қўйингизга нима қипти? – сўроқлайди Тоғошар.
– Кечагина қўзилаганди, бойна бир калтакесакни кўрдим, елинига тармашиб турган экан. Шунга ярасини боғлаб қўяй, дегандим, – дея Қўчқор чўпон довдирайди.
– Калтакесак ҳам сурувга дахл қилармикан-а? – дея Тоғошар ўсмоқчилайди. – Ана менинг қўйларимга тегинмайди-ку. Қўчқорбой сизникига нима бўлган экан-а?
-Тоға айтсам, ишонмайсиз, бошқа жониворларга нисбатан бу йил калтакесаклардан кўп жабр кўряпман.
Тоғошарнинг кулгиси қистади. Бироқ кулгидан тийилиб, аста гап қотади.
-Қўчқорбой, иним ҳозир нисбатан деган калимани оғзингизга олдингизми?
Қўчқорбой эса уялиб, келинлардек бошини кўксига ташлайди. Яна индамай ўз иши – эмлашда давом этади.
Тоғошар чидаб туролмайди, тили қичийди. “Мишиқи, отангни кўрдим, аҳмади фориғ, онангни кўрдим товони ёриқ.” У ўйлаганларини ташига чиқармайди. Ўзини босиб гап ташлайди:
-Қўчқорбой, ука, минг қилсаям чўпон одаммиз, шевамиз ҳам ўзимизга яраша. Тан олинг, мана отингз ҳам Қўчқор. Осмондан оёқ узатиб тушмагансиз. Бизам сизчалик бўлмасаям, сал беҳроқ қилиб, гапга иштон-кўйлак кийгизамиз. Нисбатан деган гапга бало борми? Сизга керак бўлса мана ўзим айтиб берай. Яхшилаб қулоқ солинг.
-Мисолга Хаким чўпонни олайлик. Хаким қасамхўр. Ўғилларидан оладиган бўлсак, Қувонбой билан Манзар ҳам отасига ўхшаган – қасамхўр. Лекин ўртанчиси – Нуриддин пешроқ. Худодан қўрқади, одамни алдамайди. Мана бизнинг биладиганларимиз шулар, бирор нарсани даъво қилмаймиз.
-Тоға чўпонлик ёқмаяпти. Кеча бошпуртимни ўзгартираман, деб Суюн Пиримқулнинг қабулида бўлдим. У ўзига ёрдамчиликка чақирди. Элга ёрдамингиз тегар, деди. Энди шунга борсамми, деб турибман, – дея Тоғошарга юзланди.
Тоғошар айни гапларнинг ёлғонлигини, бу шунчаки кўнгил куйи эканлигини билади. Суюн Пиримқулнинг оёғи узангида, унинг ёнида қанчалаб лайчалар тилини осилтириб юрибди. Мабодо, эрта-индин Суюн Пиримқул мансабидан тушгудай бўлса, ёнида турган лайчаларнинг бирортасини ҳам кўрмай қолади. Шунда у бошини адлроқ тутиб қараса, у лайчаларнинг бошқа бировнинг ювинди идишидан ўзига қараб турганини кўради.
Суюн Пиримқул эсини егани йўқ. Лайча билан итнинг фарқига боради.
-Боринг, Қўчқорбой боринг. Суюн Пиримқул тўғри гапни айтган. Раиятга ёрдам қилинг, шулар қаторида бизларниям эслаб туринг, – дея Тоғошар гапираверади.
-Тоға сизларни унутиб бўларканми, сизларни от, иссиқ кийим ва озиқ-овқат билан таъминлашни биринчи ўринга қўяман.
Қўчқор чўпон гапга қизиқиб, қўйни чала-чулпа эмлади-да, жойлашиброқ ўтирди. Тоғошар ҳафсаласиз унга қаради.
-Тоға қонунни биласизми? – дея сўроқлайди у.
-Энди биз авом одам. Газет-пазетгаям кўз ўтмай қолган. Эрта-индин сиз ўқисангиз бизгаям еткизарсиз. Ҳарна, билиб қўйганимиз яхши.
-Мана қаранг: шунча газетани ортиб юрибман, – дея у хуржунига ишора қилади.
-Барака топинг, сиз ўқинг. Хукуматнинг одами бўларкансиз. Хуржунлаб эмас, қоплаб, қанорлаб ўқинг, – дея Тоғошар суруви томон йўл олади.
-Қаёққа кетяпсиз, тоға? – деди Қўчқор чўпон хуржунидаги варақларни ерга ағдарар экан.
-Сусамбилга Қўчқорбой, қўйларни бир яйратиб келай, борсангиз сизни ҳам опкетай, кейин вақт бўладими, йўқми?
-Йўқ боролмайман, мен яна ўртоқ Суюн Пиримқулнинг олдига бормасам бўлмайди.
Тоғошар қўйларини суғориб қайтаётганида сойнинг ўртасида, калтакесак ортидан бештасини эргаштирганча унинг йўлини кесиб ўтди. Улар бемалол ўтганларидан сўнг, ҳаммаси бурилиб Тоғошарга қарашди. У ҳам бир муддат яйловдошларига қараб турди. Сўнг катта калтакесак ҳамзабонларига бир нарса тушунтиргандай бўлиб, уларни жипслади-да, бир пас туриб, кейин ҳаммаси қирга қараб ўрмалаб кетишди.
Тоғошар бугун эрталаб неча йиллардан бери эшитиб келаётган чирилдоқ товушини бу йил ҳисобидан биринчи марта эшитди. Овоз бироз ҳазинроқ бўлса-да, бироқ жарангдор эди. У сойга тушиб келаётганида калтакесак заҳкаш ҳарсангнинг тагида бутун оламни унутиб, чириллаётган эди. Тоғошар унга яқинлашганида ҳам калтакесак жилмади. Ҳатто ярим қадам қолганида ҳам қимирламади. Фақатгина чириллашини бас қилди.
Чошгоҳга келиб, Тоғошар яна Қўчқор чўпонга дуч келди. Шериги уни йиғлагудек бўлиб, сой томон етаклади. Иккита совлиқ сойда турган экан. Уларнинг ёнида эса бир калтакесакнинг чалқанча ётганини кўрди-да, уни таёғи билан туртиб кўрди. Аммо калтакесак тошдай қотиб қолган эди.
-Тоға сиз ишонмаган эдингиз, мана шу калтакесакниям қўйнинг елинидан ажратиб олдим, – дея Қўчқор чўпон ўлиб ётган калтакесакка ишора қилди. – Буларнинг дастидан ўнтача қўй боласини эмизмай қўйди.
-Қўчқорбой мен ўзимнинг қўйларимга тегмагани учун шунга қиёслаб бу гапларни айтган эдим. Лекин рости гап, ҳали мени қўйларим калтакесак жонивордан ҳуркканиям йўқ. Нима бўлгандаям бекор ўлдирибсиз, бола-чақаси бордир, уясида кўз тикиб ўтирган чиқар. Уям тирик жон эди.
Қўчқор чўпон яна нималарнидир гапира бошлаганида у калтакесакка қараб индамай жўнаб кетди.
Тоғошар бу сафар йўлида жониворларни учратмади. Кечки салқин Тоғошар яна таниш чирилдоқ овозни эшитди. Қирнинг устига чиқиб келаётганида сойда бир тўда калтакесаклар орт оёқларида тик турганича доира шаклида айланишарди. Уларнинг бошларида аллақандай ола-кула, қизғиш рангдаги тожсимон нарса ажиб тусда товланиб турарди. Улар думларини ҳам росмана белларига чирмаб олганди. Худди шу зайлда ўлган калтакесакнинг атрофида айланиб юришарди…
Тоғошар бу манзарани кўриб, алланечук бўлиб, ич-ичидан қайғуриб, ўтирганида тўсатдан ёнига Қўчқор чўпон келди. Шериги тўсатдан эмас, балки атай, атайин келган эди. Тоғошар унга қайрилиб ҳам қарамади. Қўчқор чўпон ноилож чўкка тушиб, калтакесакларнинг маросимига қаради.
Талай вақт ўтганидан сўнг, Тоғошар ўрнидан туриб пастга, сойҳонликка қараб кетди. Орқасидан шериги ҳам етиб келиб, елкасига суйкалди. Аммо бу сафар ҳам у бурилиб қарамади. Сойга тушиб, қирга етай деб қолганида бир калтакесак жонивор ортидан бештасини эргаштириб, унинг йўлини кесиб ўтди. Тоғошар бир муддат тўхтаб турди-да, сўнг уларнинг ортидан эргашиб, суруви томон кетди…