Шодиёр Ҳазрат Исмат. Сукунат соҳили (ҳикоя)

У камгап ва камсуқум одам эди. Биров билан унчалик ҳам чиқишиб кетиши қийин эдики, бунинг учун у эзиларди.
Ёшлиги ҳам мана кўз очиб юмгунича ўтиб кетди. Энди фақатгина хотира қолди. Хотираки, жуда содда ва оддий эди.
Эрталаб турарди. Чойини ичар- ичмас туриб мол-ҳолларига ем берарди. Тагини курарди. Сўнг мактабига борарди. Тўрт-беш хил фандан таълим оларди. Яна сумкасини қўлтиқлаб уйга келарди. Чой-пой ичиб, сал дам олгач, эшакни эгарларди. Хуржуннинг кўзларига нон-сув, ўроқни жойлаб, эгарга ташларди. Сўнг эшакни миниб даштга жўнарди.
Қизилтошда эшакни тўхтатиб қантаради. Эгар абзалини олиб қўяди. Қўлига ўроқни олиб бир-икки соат ўт ўрарди. Ўтни икки боғлам қилиб эшакка ортиб уйга келарди.
Кейин ҳар фаслга қараб ҳар хил, кураш, чиллак, тупалак, ошиқ ўйналарди.
У эшакни минса-да, ундан қўрқарди. Негаки, бир марта эшак минаётганида, жонивор унинг оёғидан тишлаб олди. Шу-шу бўлди-ю, у эшакни минаётган пайтида оғзига емхалтасини соларди.
Уни не-не умидлар билан вояга еткизган одамлар яна-да бахти бекамлик исташарди. Лекин ҳаммаси ҳам улар хоҳлаганидек бўлмади. Орият учун талашди. Гавҳарни тошга урмайлик, дейишди.
Сабоқдош қизлардан бири уни яхши кўриб қолди. Қиз аввал бошда йигитни унчалик менсимасди. Азбаройи раҳми келганидан, гоҳида уни эркалар, гоҳида калака қилар, хуллас тушуниксиз бир муҳаббат эди. Қизи тушмагур шаддод эди.
Бир куни у ижарадор кампирнинг зуғумидан зада бўлиб, хиёбондаги харракда ўтирган чоғи ўша қиз ёнига келди.
Гаплашдилар. Қиз унга қизиқсинди. Унинг айтарга тили бормади. Охири шаддод қиз масалани билиб олди. Иккаласи у турадиган ижара уйга келди. Ҳамма нарсаларни йиғиштириб машинада қизнинг уйига келишди.
Ҳовлининг бурчагидаги дўлтахонага уни кўч-кўрони билан жойлаштиришди. У содир бўлаётган воқеалардан шошиб қолди. Қиз уни онаси билан таништирди.
У сабоғини ўқиб ўтирган чоғида дўлтахонасининг деразаси тақиллади. Туйнукни очса, кўрдики, қиз уни ташқарига имлаб чақириб турарди. Чиқди. Қиз уни эргаштириб айвонга опкелди. Хонтахта атрофига кўрпача солинган, унга ўтиришни таклиф қилди. Йигит ийманибгина ўтирди. Бир пайт уйдан бақувват, яғриндор, қорувли киши чиқиб келди. У ўрнидан туриб кўришди. Қиз эса дастурхонга нон-чой келтирди. Сўнг онаси катта лаганда ош келтирди. Бу орада қиз отасига йигитни таништирди…
Улар тинч-тотув яшай бошлашди. Ўқишни тамомлашига бир йил қолганида уларнинг тўйи бўлди. Тўй. Томоша. Тантана.
Орада иккита фарзандли ҳам бўлишди.
Келин куёвни пул топишга ва бошқа турли шинамликларга ундайди. Жавради. Қайнонаси ҳам унга ақл бўлди. Қайнота эса куёвни унчалик ёқтирмас ва шу важдан уни менсимасди ҳам. Ва бунинг устига у бу уйда ичкуёв ҳисобида эди.
Бу рўзғордаги дийдиё куёвнинг жонига тегди. Хотини яна эски ашуласини айта бошлаган пайтда куёв жаҳл билан тарсаки тортди.Орада жанжал бошланди. Куёвнинг эшитмаган қарғиши ва сўкиши қолмайди…
Оқибатда уни қаматишди…
Унга эртага жавоб берадиган кун. Озодликка чиқади. Бошида эса минг хил ташвиш.
Қаёққа боради?..
Болаларининг олдигами?
Ота-онасининг олдигами?
Ёки дўстларининг қошигами?
Умуман унга ҳозир кимнинг кўзи учиб турибди? Ҳозир унга “маҳрами асрор” бўладиган ёки бўла оладиган одам бормикан ўзи?
У озодликка чиқди. Бироқ уни ҳеч ким интизор бўлиб кутиб тургани йўқ эди. Кеч тушиши билан бир пайтлар қишлоқдошлари яшайдиган умумётоқхонага келиб қўнди. Хайриятки, танишлари бор экан. Бир хонада ўтириб, ош қилишиб, тонготар гурунглашишди.
Ҳафта, ўн кун шу тахлит кун кечирди. Орада ўғли билан қизини ҳам кўриб келди. Мактабга боряпти экан. Аввалига бегонасираб турди. Қўлларига ширинлик тутқазди. Юзларини, сочларини силади. Бағрига босди. Бўғзига йиғи тиқилди. Кўнглида недир тафт – илиқликни тўйди. Энди у ҳафтанинг сўнги кунлари болаларини кўриш учун мактабга келарди. Болалар ҳам унга ўрганиб қолишди. Кейинроқ маълум бўлишича, хотини ҳам бошқа эрга тегиб кетибди…
Ҳамқишлоқларининг саъйи ҳаракатлари билан у заводга ишга кирди. Кунлари шу зайлда ўта бошлади. Ишхонасидаги бир қариқизга уйланди… Қариқиз фақиргина, одми экан. Вақт ўтиб қизли бўлишди.
У бир сафар қизи ва хотини билан болаларини кўргани мактабга келишди…
Хотини, ўзи болаларини қучоқлаб, бағрига босишди. Болалари эса кичкина синглисини кўриб қизиқсинди. Унинг бурнидан тортиқилашди. Қўлчаларини силашди. Чақалоқни эркалашарди.
Хотини ҳам улар билан эш бўлиб кетди.
Ўзи эса уларни жимгина кузатиб турарди. Орадан қанча воқеалар ўтди. Не-не сиру синоатлар қолди. Яна ҳали олдинда не тақдир кутаётган экан..
Сукунат соҳили жимгина мудрарди…