Шодиёр Ҳазрат Исмат. Интиқ қилган мўъжиза (ҳикоя)

Воҳид билан Норбуви бу боласининг туғилишидан ташвиш тортмади. Чақалоққа Ойрўзи кампир доялик қилди. Бола осонгина туғилди.
Болалар суюнчига югуриб кетишди… Чақалоққа исм танлаш унчалик қийин кечмади. Унга ашур ойида туғилганлигини ҳисобга олиб, Ашур дея исм қўйишди.
Қулоғига мулла Миср азон ўқиди. Гўдакни Ойрўзи кампир чўмилтирди, бешикка белади.
Ҳамма ирим-сиримлар қилинди.
Ашурнинг дунёга келиши хурсандчилик билан бошланди.
У жимгина бешикда ётарди, хархаша қилмасди. Бешикни тартибга келтирар маҳалида уни опалари ташқарида опичлаб юрардилар.
Уни уйдагиларнинг ҳаммаси эркаларди. Айниқса, бувиси уни суярди. Бошларини силаб, ёноқларини чимчилаб қўярди.
Ҳаммаси кейинроқ аён бўлди. Аёнлиги шуки, Ашур гапирмасди. Фақат имо-ишора билан муомила қиларди.
Рўзғордан ҳаловат кетди. Воҳид билан Норбуви уни эргаштириб гоҳ дўхтирга, гоҳ азайимхонга олиб боради. Турли хил тавсиялар ва шунга яраша эмлаш. Бироқ фойдаси бўлмади. Ашур барибир гапирмади.
Тақдирга тан беришди. Уйдагилар ва қариндошлар ҳам Ашурнинг тили йўқлигига секин-аста кўникишди. Осмон йироқ, ер қаттиқ деганлари рост эди…
Ашур кўчадаги болалар билан қувлашмачоқ, бекинмачоқ, ошиқ каби ўйинларни бемалол ўйнарди. У болалар билан имо-ишора орқали сўзлашарди. Болалар ҳам унинг нима демоқчи эканлигини ташвиш тортмасдан билиб олишарди. Бироқ қўшни кўчадаги, маҳалладаги болалар келишгудек бўлишса, улар Ашурнинг гапига тушунмасди. Ана шундай пайтда бу болалар Ашур билан қўшни болаларнинг ўртасида тилмочлик қиларди.
У томорқа ишларини ҳам, қўй-молларни ҳам яхши кўрарди. Меҳнаткаш эди. Жони дили билан ишларди.
У билан бирга ўсган болалар мактабга сўнг бошқа ўқишларга жўнаб кета бошлади. Энди улар Ашурдан узоқлаша бошлаган эди. У секин-аста ёлғизланиб қолаётган эди. Бир муддат катталарнинг даврасига қўшилди. Қирнинг устига чиқиб олиб ўтган-қайтганлар ҳақида гаплашиб ўтиришлар унга кўп ҳам маъқул келмасди. Орани узди.
Кейинчалик ўзидан кичкиналар билан ҳам анжуман қилди. Улар Ашурнинг раъйига қараб, унга иззат-икром кўрсатишарди. Болалар шўх бўлса-да, самимий эди.
Ашурнинг уларга ҳаваси келарди. Уларни қўшни кўчанинг болаларидан қўриқлаб, авайларди. Ўзи эса тили йўқлигидан қимтиниб, давраларда писиб ўтирарди. Гоҳида хўрлиги келарди. Ич-ичидан йиғлаб ўкинарди.
“Яратган мени қайси гуноҳим учун тилдан қисган экан? Не ёзиғим бор эди? Ёки аждодларимиздан бирортасининг касрига қолдиммикин?..” дея ўзига ўзи савол берарди.
Унинг сафдошлари яна тарқалиб кетди. Ашур билан даврадош бўлувчи янги одамлар пайдо бўлди. Улар ҳам келиб кетаверарди. Шуниси ҳам борки, Ашурни гузардаги ҳамма ҳаттоки, энди тили чиққан бола ҳам сенсираб гапирарди. Бироқ у бу ишлардан хафа бўлмайди.
Бир куни Ашур Яхшибойтепанинг устига чиқди. Бу ерда эса тенгдошлари Самад, Абдуҳолиқ, Тиллахўжа ва Расуллар гурунглашиб ўтирарди. Улар Ашурни кўриб, уни даврага таклиф қилишди. Салом-алик, сўнгра обу ҳаво, нарху наводан гап бошлашди.
Тепадан қишлоқ бор бўйича кўриниб турарди. Бир зум сукут сақлашди.
-Расул, тўйни тирамоҳда қиладиган бўлдингми? – секин сўрайди Тиллахўжа.
-Ҳа, уйдагилар белгилашган. Рўзадан олдин қилиш керак эмиш, – дейди Расул уялинқираб.
-Аслида сен Дилрабога эмас, Барнога уйланишинг керак эди. Бу қиз сенинг тенгинг эмас, Расулбой, – дейди Самад.
-Йўқ, у Муборакни ёки Туҳфани олиши керак эди, – дейди Абдуҳолиқ.
-Эй, қўйинглар-э, бу гапларни. Булар иш бўлди. Келинглар, бошқа гаплардан гурунг қилайлик, – дейди Расул.
-Ашур сенинг тўйингни қачон қиламиз. Кўз остингга олганинг борми ўзи? – дейди Самад.
-Менга қийин, биласизлар тилим йўқ. Агар забоним бўлганида борми, кўп ишларни қилардим. Менга ҳеч ким тегмайди, – дейди Ашур.
-Гапни айлантирма, Ашур, – дейди Самад. – Аввал Муборакни кейин эса Барнони яхши кўрувдинг. Ҳозир эса…
-Мм… ммм… – дея Ашур Самаднинг гапини бўлади. – Мен Муборакни яхши кўрмаганман. Фақат Барнога бироз муҳаббатим бор эди. Ҳозир ҳам унга меҳрим бор.
-Барнонинг бундан хабари борми? – дейди Абдуҳолиқ.
-Бор, – дейди Ашур. – Унга бу сирни синглим айтган.
-Жавоби нима бўлди? – ўсмоқчилайди Самад. – Билдингми?
-Йўқ, – дейди Ашур. – Жавобини айтмагану лекин хабари бор. Менинг олдимдан ерга қараб, уялиб, қизариб ўтиб кетади. Мен ҳам уни кўрсам қизараман. Таним беҳузур бўлади.
-Ўҳ-ўҳ, зўр-ку! – дейди Самад. – Тўй қилсанг, тағин мен айтилмай қопкетмайин.
-Йўқ, ҳаммангни, бутун қишлоқни тўйга айтаман. Элга дастурхон ёзаман, – дейди Ашур.
Йигитлар худди шу зайлда бир-бирига гап отишиб анча вақтгача суҳбатлашиб ўтирди.
Пода қайтар маҳали улар ҳам ўринларидан қўзғалиб, уй-уйига тарқалишди.
Орадан кўп вақтлар ўтди. Барнони ҳам бегона элдан бир йигитга унаштиришди. Фотиҳа тўйи белгиланди. Ўша тўй куни Самад қудуғига челак ташласа, пастдан ажабтовур овоз чиқди. Арқонни тортиб олиб, пастга қаради. Не кўз билан кўрсинки, қудуқ тубида Ашур ётарди. У тепага, ташқарига чиқишни хоҳламасди. Қудуқ бошида одам йиғилди. Улар бир амаллаб Ашурни қудуқдан тортиб олишди. Унинг уст-бошлари шалоббо бўлиб, юз, оёқ-қўллари лойга беланганди. У офтобда тобланиб ётарди. Бировга парво ҳам қилмасди. Бу пайтда эса йиғилган одамлар Ашурнинг қудуққа нега ўзини ташлаганлигини муҳокома қилиб ўтирарди.
Воқеа жойига унинг синглиси ҳам етиб келди. У ўзини акасининг устига ташлади. Бошда ҳўнграб, сўнг ўксиб-ўксиб йиғлади.
Сир фош бўлди. Уни одамлар юпатишди. “Барно бўлмаса, бошқасини оласан. Сенга тегаман деганлар сон мингта. Ҳали танлаб-танлаб ундан ҳам зўрини топасан. Ўксима. Олдинда яхши кунларинг кўп. Буларни кўрмагандай бўп кетасан. Хотин йўлда, бола белда деганлар.”
Ашурнинг бир қизни деб ўзини қудуққа ташлаши бутун қишлоққа, элга овоза бўлди. У анча вақтгача кўчага чиқмасдан – хонанишин бўлиб юрди. Қилган ишидан уялди. Бунинг устига уни уялтиришди ҳам.
Куз билан қиш энди жой алмашаётган пайтда жарчи бутун қишлоқ бўйлаб, ҳаммани тўйга айтди. Бу тўй Барноники эди.
Ашур ҳам эл қатори тўйга боради. Унга кўп нарса алам қиларди…
Назарида ҳамма уни кузатаётгандек туюларди.
У секин четга ўтди. Тутнинг соясида ўтирмоқчи бўлиб борса, у ерда ит боғлиқ экан. Ит уни кўрди-ю занжирни узгудек бўлиб, Ашурга ташланди. Ашур эса итнинг вовуллашига парво ҳам қилмасди. У индамасдан тутнинг соясига келиб ўтирди. Ит эса бадтар ҳуриб унга ташланарди.
Ашур итнинг олдига суяк ташлайди.
Ит эса суякка қарамайди ҳам.
Ит сояда туриб, бир муддат тараддудланди. Недир ишга шайланди. Ит Ашурга ташланарди. У итни кўпам маҳтал қилиб турмади. Елкасини бир ўгирди-ю ўзини итга тутди.
Ит уни ғажиди.
Яна одамлар итни ҳайдаб, Ашурни сўлайган ҳолида чеккага опчиқишди. У қип-қизил қонга беланган эди.
Тўй бир тарафда қолиб, тумонот одам томошога йиғилди.
Ашурнинг ўзи ҳам хижолат бўлди…