Шодиёр Ҳазрат Исмат. Ҳамро бобо (ҳикоя)

Хабар келди. Эмишки, Ҳамро бобонинг кампири қазо қилибди. Эртага пешин маҳали чиқаришар экан.
Пўлат азонлаб йўлга отланди.Ҳамро бобо унинг отаси билан ошно эди.Қиёматли дўст бўлишган. Пўлатнинг отаси қазо қилганидан кейин ҳам бу оилалар ўртасида борди-келди узилмади. Тўй-маъракаларда икки томон бир-бирларини излашади.
Самарқанднинг Туркман қишлоғида Ҳамро бобонинг обрў-эътибори зўр. Тўғри, бу обрўнинг бари бирданига пайдо бўлиб қолгани йўқ.Ота-онадан эрта етим қолиш, кетмон чопиш ва бошқа ҳаёт ташвишлари каби бир қадар юмушлар унинг бошида бор эди. Ҳамро бобо меҳнатдан қочмади ва астойдил ишлади. Муомиласи яхши эди. Суҳбати зўр эдики, бир гаплашган одам яна қайтиб гурунг қилсам, деб армон қиларди.
Ҳамро бобо жўрабоз одам. Теварак-атрофда танишлари кўп. У ҳаммасининг кўнглини топарди. Дастурхони очиқ эди. Хизмати беминнат. Бобонинг кампири ҳам шундай ҳимматли эдики, ундан уяларди.
Ана шу кампир қазо қилди.
Пўлат жанозага пешиндан анча илгари етиб келди. Азахонага яқинлашгани сари юраги ҳапқириб кетаверди. Тумонат одам. Эшик олдида момонинг ўғиллари турибди.
Пўлат келиб астагина ҳамдардлик билдирмоқчи эди. Ҳаммаси йиғини бошлади. Пўлат ҳам уларга қўшилиб йиғлади. Уни ўзларининг хос одамлари ҳисоблаб ичкарига опкиришди.
У ерда момо юзлари очиқ, жағлари танғилган, кўксига бир-икки дона гул қўйилган, кўзлари юмуқ ётарди…
Пўлат момо билан жимгина хайрлашди. Кўзига ёш келди. Томоғига нимадир тиқилгандай бўлди. Сўнг астагина ташқарига чиқди.
Кун совуқ, шамол увилларди. Пўлат ташқарида қўл қовуштириб ўтирди. У одамларнинг орасидан Ҳамро бобони қидира бошлади. Бобо эса кўринмасди. Анча вақтлар ўтганидан кейин бобо издиҳомнинг ичидан юриб келарди. Бошида телпак, эгнида чопон, юришлари эса паришон эди. У оҳистагина кампири ётган уйга кирди. Пича фурсат ўтиб, уйдан қайтиб чиқди. Бобонинг кўзлари нам эди.
Бобо осмонга тикилиб турди. Яна қайтиб кампири ётган уйга қаради. У орзу-ю армонлари ва шу билан биргаликда кампири билан ҳам хайрлашаётган эди. Ҳамманинг кўзи бобода эди. Шундай бўлса-да, у ўзини яна қайтиб, одамлар орасига урди.
Жаноза ўқилиб, тобут кўтарилди. Тобут одамларнинг елкаси узра қалқиб қабристон томон йўл олди.
Кампирни лаҳадга қўйишди. Сўнг мозорга тупроқ тортиш бошланди. Ана-мана дегунча дўппайган қабр пайдо бўлди. Ҳамма жой-жойига ўтирди. Мулла тиловат қилди.
Шу пайтда Пўлат Ҳамро бобога кўз ташлади. Бобо болаларининг ўртасида кампирининг қабрига тикилганича хаёлга чўмиб ўтирарди. Изғирин шамол эса унинг соқолларини силкитарди… Бобонинг кўзларидан ёш сизиб келарди… Бобо аввал бошини сермади, сўнг тақдирига тан бергандек, калласини ирғаб, қўлларини дуога очди. Фотиҳа қилди.
Ўша тумонот одам яна азахонага қайтди. Дуои фотиҳа ўқилди. Кейин ҳамма изига қайтиб кетди. Фақатгина яқин қариндошлар қолди.
Кечга томон барчаси йиғилишиб, дастурхон атрофида ўтирди. Овқат ейилиб, чой ичилди.
Сўнг эртанги бўлажак маъракага кетадиган сарф-ҳаражатлар ҳисобланди.
Биров у деди, буниси бу деди, бошқаси эса мутлақо бегона нарсани гапирди. Шунда бобо “Диндан чиқсанг ҳам, элдан чиқма,” деб уларнинг масалага аниқлик киритгандек бўлади.
Яна хонаки гурунг бошланади. Гап бориб тағин момога тақалади. Ҳар хил тахмину тусмоллар айтилди.
“Ҳечам бирор жойим оғриди, демасди?”
“Туппа-тузук юрганди, нима бўлди-ю?..”
“Касали барибир аниқланмади-да?”
“Невараларининг тўйини кўрса яхши бўларди?..”
“Болаларидан тинчиган эди. Буям катта давлат…”
“Пешонасига ёзилгани шу экан-да?”
Ҳаммасининг гапини шу ерга келганида Ҳамро бобо бўлади:
-Нима бўлгандаям у мендан кейин кетиши керак эди. У мени довдиратиб қўйди. Бечоранинг юки меникига қараганда енгилроқ эди. Кампирим орқамда қолса яхши бўларди.
Ўтирганларнинг барчаси жим қолади.
Кейин ҳамма секин-аста бободан рухсат сўраб уй-уйига жўнади. Уйда эса фақатгина бобо билан Пўлат қолди. У бобога тасалли бермоқчи бўлиб:
-Бува, энди оғир бўлсаям чидайсиз-да. Одам кўникади. Мен ҳам отамдан ажаралганимда жуда ёмон аҳволга тушгандим. Вақт ҳаммасини даъвоси экан, – дейди.
-Пўлат сен шундай дейсану, лекин менга вақт қолгани йўқ-ку. Отанг менинг қадрдоним эди. Ёш кетди бечора… Лекин момонг бундай қилади дея ҳеч қачон ўйламагандим, – деди бобо хўрсиниб.
-Одамнинг боши тошдан қаттиқ, дейишади-ку! Барибир ҳам чидаш зарур, бува? – деди Пўлат.
-Момонг билан болаларни уй-жойли қилдик. Неваралар бор. Ҳаммаси ўзидан тинчиган. Ҳаммасининг ўзига яраша ташвиши бор. Мен шу кунга етгунимча озгина балоларни кўрмадимми? Энди оёқ узатиб, мазза қилиб яшайман, деган пайтингда кутилмаган зарбларга дуч келаркансан, – деди Ҳамро бобо.
-Сизнинг рўзғорингизга ҳамма ҳавас қилади-ку, бува. Ёки одам қариганида кўнгил яна бошқа нарсаларни ҳам тусаб қоладими? – дея сўради Пўлат.
-Биласанми, қариганингда сенга вақт етишмас экан. Хатоларни тўғрилайман дейсан. Яна недир савоб ишларни қилмоқчи бўласан. Тиним билмай югурасан, лекин фойдаси йўқ. Вақт эса ўтган бўлади.
Бу рўзғорни сонга киритган момонг бўлади. У бечорани мен ўзигаям, бировгаям мақтамаганман.
Момонг мени тушунарди. У билан яшаган кунларимга ҳам мингдан минг розиман. Яратган эгамга шукр айтаман. Сен айтгандай теваракдагилар рўзғоримга ҳавас қилади. Худога шукр. Лекин бунинг ўзи бўлгани йўқ, ука, – деди Ҳамро бобо.
-Армон йўқ экан-ку, бува. Қанийди, ҳаамаям сиздай яшаса. Нимаси ёмон? – деди Пўлат.
-Армонсиз одам бу дунёда яшамаган бўлса керак. Яна тағин билмадим. Лекин менинг армоним йўқ. Буни ҳеч кимга айтолмайман, – деди бобо.
-Тушуниш қийин бува? – деди Пўлат.
-Билмадим, – деди Ҳамро бобо хотиржам, – одам ёши ўтгани сайин гўёки мияси, ақли тўлишгандек бўлиб бораверар экан. Энг ёмони атрофингдаги тенгқурларинг, маслакдошларинг бирин-кетин сени тарк этганидек, сен ҳам ўзингни кераксиз одам деб ҳисоблай бошлар экансан. Энг даҳшатлиси шу экан.
-Буни қандай тушуниш керак?
-Жуда оддий, – деди Ҳамро бобо, – мана мендан мисол. Энди мен ҳеч кимга керак эмасман. Умримни яшаб бўлдим. Яна қанча яшайман бу менга қоронғу. Бировга оғирлигим тушмаслигини хоҳлайман. Тўғри, ўғилларим, қизларим, невараларим бор. Кўчага ташлаб қўйишмайди. Лекин уларнинг ўз йўли ва йўриғи бор. Улардан ҳам розиман. Ростини айтсам, мен ўзим зерикдим. Паймонам тўлишини кутиб турибман.
Пўлат ҳеч нарса демади. Суҳбат эса мана шу ерда тугади.