У қаттиқ “уф” тортганича ёстиққа ёнбошлади. Не қиларини ва қандай йўл тутишини билмай қолди. Аввалига ўзи ҳам гумонсиради. Шубҳаланди. Бироқ жўяли дастак топа олмади.Тусмол шу эдики, Назрнинг хотини – Хосият кимлиги номаълум бўлган эркакка кўз сузибди. Ҳаттоки, у билан дон олишиб юрганмиш. Буни фалончи кўрибди. Хуллас, мана шундай гаплар қишлоққа оралади. Бошида бу гап-сўзлар Назрнинг қариндошларининг қулоқларига чалинди. Уларнинг ҳаммаси Хосиятдан ҳайиқиб қолди. Ундан жиркина бошлашди. Улар аста-секинлик билан Назрнинг уйидан қадамини узишди.
Назрнинг ғийбатга, гап-сўзга ўчроқ укаси – Оролбой кишибилмас жосуслик ҳаракатига тушади. У қишлоқнинг об-ҳавосини яхши биладиган – Эшқобилни топди. Иккаласи узун-қисқа бўлиб, қирнинг устига чиқишди. Чопонларини ерга тушаб, ёнбошлаб олганларича кўчадан ўтган-кетганларнинг юриш-туришини шарҳлашарди. Гурунг энди авж палласига етганида Оролбой гапни маймунларга буриб юборди:
-Одамни маймундан тарқаган дейди, шу гап ростмикан-а, Эшқобил?
-Қўйсанг-чи Оролбой. Мулла Турди ҳар куни мачитда одам маймундан эмас, Одам Ато билан Момо Ҳаводан тарқаган деб ваъз қилади-ку!
Лекин шундай бўлса, нега ҳозирги маймунлар одамга айланиб қолмайди, – дея Эшқобил ажабланади.
-Маймунни сергак ҳайвон дейишади? – саволнома қарайди Оролбой.
-Билмасам, маймун боқиб кўрмаганман, – дейди Эшқобил.
-Илгарилари подшоларнинг саройида маймун сақлаган экан, – дейди Оролбой сирлигина қилиб.
– Нима учун, маймун олампаноҳнинг газагига доримикан? – дейди Эшқобил гапга тушунмайроқ.
Оролбой шеригига иршайиб қарайди-да, ул нодонга маймуннинг сиру синоати ҳақида узундан-узоқ маърузасини бошлайди:
-Маймун ҳушёр ва зийрак маҳлуқ. Эркагининг уч-тўртта канизаклари бўлади. Жуфтларини бегоналардан қўриқлайди. Болаларига меҳрибон.
Хонларнинг саройида сақланиши масаласига келсак, маймун асосан у ердаги таомларга назоратчи вазифасида бўлган. Маймун овқатда заҳар бор-йўқлигини билган. Агар олампаноҳнинг таомига заҳар солинган бўлса, маймун уёқдан бу ёққа сакраб чинқирар экан. Шундан сўнг пиширилган таом текширилади. Ва табиийки, ундан заҳар чиқади. Кейин эса шоҳаншоҳнинг ошпази-ю бошқа надимлари дорга осилади.
У ерда маймун сақланишининг яна бир нозик томони ҳам бор. Биласиз, подшонинг ҳарамида хотинларидан ташқари, кўнгил етгунича канизаклар ҳам бўлади. Одамнинг оласи ичида. Бу ерда ойимчалардан ташқари, хос хизматкорлар, чўри навкарлар ҳам ул-бул ишларни бажариб юришади.
Эркак-урғочининг бир-бирига иши, нигоҳи тушади. Кўзлар сузилади. Мунособатлар шаклланади. Воқеалар ривож топади. Охир-оқибат уларнинг юриш туришидан атроф-теварак хабардор бўлади. Уни кимдир подшонинг қулоғига шипшитади. Шунда олампаноҳ айбдорларнинг эркагини шернинг, урғочисини эса маймуннинг олдига ташлаттиради… Хуллас, иккаласи ҳам ўз ажали билан ўлмайди.
-Э, унақаларни тошбўрон қиларди ёки бўлмаса қопга солиб минорадан ҳам ташлаган-ку! – дейди Эшқобил.
-Ундай ҳам қилган. Лекин маймун усулида манжалақи ғунажин азобини кўрган, – дейди Оролбой.
-Ҳозир замон бошқа, Оролбой. Ундайларни тошбўрон ҳам қилолмайсиз. Маймунга ҳам, шерга ҳам ем қилиб бўлмайди. Улар анча маккор, қув. Қўлга тушириш осон эмас. Мана кўз ўнгимизда ундайлар кайфини суриб юрибди. Ҳеч ким пишагини пишт демайди. Бироқ охири ёмон бўлади, – дейди Эшқобил.
-Эшқобил, бу дейман, унақалардан бири бизларга яқинроқ дейишади. Сиз ҳам эшитган чиқарсиз, – дея Оролбой ялингансимон қарайди.
-Билмадим, ундайлардан хабарим йўқ, – дейди Эшқобил.
-Ҳозиргина ундайлар кайфини суриб юрибди дедингиз-ку. Ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Эшқобил сиз ҳам бегона эмассиз. Дард мадда олмасдан туриб даволаган маъқул. Агар жуда бўлмаса, кесиб ташлаган маъқул, – дейди Оролбой.
-Тушунмадим, лекин охиргиси маъқул бўлди, – дейди Эшқобил ҳушёрликни қўлдан бермай.
-Сизга нима маъқул тушди. Ахир ҳаммасидан хабардорсиз-ку! – дейди Оролбой сирлигина.
-Кесиб ташлагани маъқул. У ёмон дард, яна қайталаши мумкин. Ундан кейин қилган таваллолар бир пул, – дейди Эшқобил.
-Ўртада болалар бор-ку! Увол бўлади. Кейин катта машмаша. Ор-номус дегандай, – дея Оролбой овозини пасайтиради.
-Эй, Оролбой итдан бўлган қурбонликка ярамас, дейди. Бунақаларнинг мингтаси бўлсаям барининг баҳридан ўтиш керак. Ана шунда ор-номус тикланади. Мен укамга ачинаман. Гулдай умри ўтиб боряпти. У бечора ҳам сезинса керак, – дейди Эшқобил.
-Унисини билмадиму лекин теваракда узун қулоқ гаплар урчиб юрибди. Одамлар бизни худди қўли билан кўрсатаётгандек бўлади. Бошимиз эгик, Эшқобил, – дейди Оролбой.
-Бегона эркакнинг ёқасини ҳидлаган аёл яна қайтиб бу ишни такрорламайди, деб ҳеч ким кафил бўла олмайди. Унга бировнинг бас келиши ҳам қийин. Ўзини билган одам ундайлардан нари юради. Тезаги тиллодан бўлсаям укага айтиш керак. Жавобини берсин. Йўқса, уруғнинг шаънига иснод. Ҳалиям кеч эмас, -дейди Эшқобил.
-Эркакнинг журъати етармикан? Балки у мени ичиқора, бировни кўролмайдиган, рўзғорбузувчи деб ҳайдаб солар? – дейди Оролбой.
-Ука. Ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Ҳамманинг оғзида шу гап. Мана мен кафил. Вақт борида этакни ёпиш керак. Гавҳарни тошга урмайлик, – дея ёлворади Эшқобил.
Пода қайтар маҳали иккаласи ҳам уйларига қараб йўл олишди. Оролбойнинг асаблари қақшарди. Эшқобилнинг олдида уятдан ерга киргудек бўлди. Лаб-лунжи, қўллари қалтиради. Ҳовлига кирди-ю қўй-молларининг охурига хашакдан шошиб ташлади-да, ҳовлиқиб акасиникига келди.
У Назрга эшитган бор гап-сўзларни айтди. Маломат қилмади. Ака-ука ерга қарашди. Улар жимгина, сўз айтмасдан хайрлашди. Ука ўз уйига қараб кетди. Назр эса қишлоқ оралаб тўғри Элдор овчиникига келди. Ундан қўшотар милтиғини олди.
Кечаси, бемаҳалда тунни қўшотарнинг овози бузди…
Эрталаб жарчи жанозага одамларни чорлади.
Назр Ҳосиятни ерга қўйди. Маъракаларини ўтказди. Сўнг маҳкамага кетди…