Шодиёр Ҳазрат Исмат. Морбоз (ҳикоя)

Қишлоқнинг ўртароғидаги қирнинг биқинида чоғроққина ҳовлимиз ва болохонали уйимиз бўларди. Мен фақатгина ҳовлимизда ва баъзан томга чиқиб ўйнар эдим. Гоҳида акам – Наим қирнинг устига опчиқиб, ўзим тенги болаларнинг орасига қўшиб қўярди. Мен эса бу ерда ўйнаётганларга унчалик ҳам эл бўлиб кетолмасдим. Дарҳол бувимнинг олдига ошиқар эдим. У киши менга кўпгина эртагу достон, чўпчагу маталларни эринмасдан айтиб берар эди. Бувим оқ тушган сочларига калит туюлган ипларни ўриб юрарди. Бу калитлар ичига майиз, туршак, ёнғоқ ва латта-путталар солинган сандиқнинг зулфида осилиб турган муштдек қулфчаларга солинар эди. Буларнинг ҳаммаси менга сирли, синоатли бўлиб туюларди… Бувим акам иккимизни қўшнимизникига эргаштириб борганида, Наим бувимнинг сочларидаги калитлар билан ўйнаб туриб, бирини пичоқчаси билан кесиб олди. Сўнг қулфнинг тумшуғига калитни тиқиб, сандиқни очди. Ширинликлардан биров билмайдигандек олиб еди. Албатта, акам менга ҳам гуллаб қўймаслигимни уқтириб, ширинкома берганди.
Бувим акамдан кўра мени кўпроқ яхши кўрарди, деб ўйлардим. У чўпчакларни айтиб бўлганидан сўнг аста ўрнидан турарди-да колотаси остидаги сочларидан тегишли калитни олиб, сандиғидан сархил егуликларни келтириб олдимга қўярди. Биз эртактингловчилар эса бор дунёни унутиб, бемалол оғизларимизни каппа-каппа очиб, хўракхўрликка тушардик…
Бувимнинг олдига кираётиб, онам иккаласининг сирли овозда гаплашаётганини сездиму даҳлизда кўймаланиб турдим. Онамнинг уни овутиш учун айтаётган гапларини тингладим: “ Нафасингизни иссиқ қилинг. Яхши гапгаям, ёмон гапгаям фаришта омин, деркан.
Сиз ҳали кўп яшайсиз. Ана Фозила кампирга қаранг, икки юзи қип-қизил хўроздай…”
Бувим эса онамнинг гапларига бепарво тарзда нолийди: ”…йўқ, болам, менинг ҳам иззатим битганга ўхшайди. Биргина Фозилани ҳисобламасанг, бу теграда менинг тенги тушим қолмади. Иззатим борида кетганим маъқул кўринади. Ана болаларинг ҳам улғайди. Азамдан кейин ҳам эслаб туришади. Ҳа, эсимдан чиқай дебди, тунов куни мен уларни эргаштириб Кунсулув кампирникига борувдим, Наим тушмагур калитни ўғирлаб, сандиқларимни ковлабди. Анови катта сандиқда ҳаммаси тайёр турибди, калити бахмал кўрпачанинг қатида.”
Уларнинг суҳбати менинг хаёлларимни шошириб қўйганди. Нима қиларимни билмай, акамни топиш учун ташқарига чиқдим. У ҳайотда ўт ўраётган экан. Акам икки тутам ўтни ўради-ю яна киссасига қўлини солиб, боз оғзига нималарнидир тиқарди. Олдига секин бориб, унга эшитганларимнинг ҳаммасини айтиб бердим. Акам шундан кейин уй томон шошиб югуриб кетди. У эшикни шартта очди-да ўзини бувимнинг қучоғига ташлади. Наим сал фурсат ўтиб, тисарилди-да бувимга хитоб қилди: “ Сиз ўлманг буви, ҳали кўп яшашингиз керак. Сандиғингиздаги туршакларни мен ўғирлаб еган эдим. Катта бўлсам, Сиёб бозоридан туршакларни қоплаб опкеламан. Сиз мен билан, Тоир билан яшанг. Ўзимиз сизга майиз, ёнғоқларни опкелиб берамиз…”
Бувисининг ўпкаси тўлиб турса-да кулимсиради. “ Ким ўламан, дебди. Менинг жонимни оламан, деган Азроил ҳам сендек невараларим борлигини кўриб, шаштидан тушади. Сен билан Тоирнинг болаларингни кўрмай туриб, ўлмайман.”
Шундай қилиб, бувим мен билан акамга ўлмайман, деб ваъда берди.
Кунлар совий бошлаган дамлар. Бувимнинг уйидаги сандалда шифтдаги қассоблар бир пайтлари отган ҳаром томирга қараб ётаман. Қачонки, шу ерда ётиб шифтдаги томирларни кўрсам, дарҳол эсимга бобом тушади. Бироқ мен бобомнинг юз қиёфасини тузукроқ эслай олмайман.
Эндилар бувим менга чўпчагу маталлардан ташқари, қишлоғимиздаги хосиятли ва бехосият жойлар ва у ерларда учрайдиган жин-ажинлар ҳақида сўзлаб берарди. Бувим турадиган уй жуда кенг эди. Қиш пайтлари ҳамсояларнинг болалариям бизникига келиб ўйнар эди. Бир куни бизлар бувимни ҳам унутиб, пойгакда қий-чув қилиб ўйнаётганимизда, бувим ялинган овозда Наимни чақирди. Биз бу пайтда Наим билан Ҳуснияни келин-куёвлардек ясантириб бўлгандик. Акам бошидаги бобомдан қолган саллани силаб-силаб бувимнинг олдига борди. У ўзи ўтирган кўрпачанинг тепасини ёнига тортиб, қарагин, дея имо қилди. Шунда Наим чўчиб тушди-ю, ортига тисарилди. Бизлар ҳам ҳайрон бўлиб ўша томонга бўйлаб, унчалар катта бўлмаган қорамтир илоннинг кулча шаклда ўзига –ўзи ўралиб ётганини кўрдик. Наим ташқарига отилиб чиқди. Сал фурсат ўтиб, қўлида болтани тутганича ҳовлиқиб уйга кирди. “Мен бу илонни олдин ҳам кўрганман. Ёмон илон бу. Ўтган йили уйимизнинг шифтидаги қалдирғочнинг болаларини еганини кўрганман. Қалдирғочлар чирқиллаб қолувди. Мен таёқ опкелгунимча бу ифлос даъф бўлганди. Илонни йўқ қилишимиз керак, агар уни ўлдирмасак, у яна кейин қачонлардир оиламизга зиён еткизиши мумкин.”
Бувим ҳам худди бизлардек Наимнинг гапларига жимгина қулоқ солиб турса-да, бироқ илонни ўлдиришга унамади. Акамнинг қўлидаги болтасини олиб, ёнига қўйди. Қайтага ун опкелишни буюрди. Ошхонадаги супрадан бир коса ун келтириб, бувимнинг қўлига тутқиздим. Бувим ундан сиқимлаб олиб, илоннинг устига сепди. Илон ўша заҳотиёқ узун бўлиб, бизнинг олдимиздан сирғалиб ўтди-да, ҳовли томон равона бўлди…
Бувим илонларнинг ҳам худди бизникидек оиласи ва Шоҳиморон деган подшоҳи борлигини айтди. Бу подшо ҳар бир хонадонга ўзининг илонларидан бир жуфтини тайин этиб жойлаштирган, одамлар ўз уйларида Шоҳимороннинг илонларини кўргудек бўлишса, дарҳол унинг устига ун сепар экан. Ва мана шу устига ун сепилган илон хонадон соҳибларининг яхши ниятда эканлигини Шоҳиморонга айтар эмиш. Бувимнинг бу гапларини тинглаётганимизда кўнглимизда заррача гумон туғилмади.
Орадан анча йиллар ўтди. Наим билан Ҳусниянинг тўйлари бўлди. Улар қирнинг устига уй солиб, қора қозонини бўлак қилишди. Бувим яшайдиган уйнинг шифтида бобомнинг сурати осиғлиқ турарди. Энди эса мен унинг ёнига бувимнинг ҳам суратини илиб қўйдим… Бувим турадиган уй менга қолган эди. Бувим тушларимга кириб чиқарди.
Уйғониб кетганимда ҳали тонггача узоқ вақт бор эди. Уйқумда кўрган тушимни хотирлай бошладим. Бобом билан бувимнинг сурати устида уст-боши оқ ва соқол мўйлаби ҳам қордек оппоқ нуроний чеҳрали бобо кўринди. У менга тахминан мана бундай деган эди: “ўғлим сен ҳаётда ўзингга танмаҳрам изламагин. Уни топган тақдирингда ҳам у сенга вафо қилар, лекин ҳаёт вафолик қилмайди. Негаки, сенинг ортингда йиғлаб қоладиган ва суратингни бобонг ва бувингникидек уйининг тўрига осиб қўядиган валиаҳдинг бўлмайди. Ўксинма болам. Сен бу гапларни дўст танми ёки душман танми дея муқояса қилиб овора бўлма. Мен дўст танман.”
Бу тушимни эслар эканман, ўзимнинг ҳам ақлим шошиб қолди. Эрталабки нонуштадан сўнг, кўрган тушимнинг таъбирини онамдан сўрагандай бўлдим. Ишонқирамай турган онам менга савол ёғдира бошлади.
“Жудаям оппоқми?”
“Ҳа.”
“Сочлари ҳам оқми ёки салласи бормиди?”
“Эътибор бермабман.”
“Балки Хўжаи Ҳизр бўлмасин?”
“Исмини айтмади.”
“Қўлининг бош бармоғини ушлаб кўрмадингми?”
“ У мендан анча узоқда турган эди.”
Онам мен билан ҳисоблашмади. Мен акамга қараганда ношудроқ эдим. Мабодо қизлар гап қотса ҳам уялиб, икки юзим қизариб кетарди. Уйдагиларимиз буни яхши билашарди. Йўқ, мактабда ўқиб юрган чоғимда, ўзимдан икки синф қўйида ўқийдиган Кимиё исмли қиз билан орамизда недир илиқликни сезганман. Йигит бўла туриб мен ичимдаги дардимни айтишга ботина олмадм. Қиз бўла туриб, у уялади. Хуллас, Кимиё “сендай лапашангдан ўргилдим,” дегандай менга этагини ҳам тутқизмай эрга тегиб кетади. Онам эса узоқроқ қариндошимиз бўлган Ёрмат каттанинг қизи – Мусалламни менга унаштириб қўйди. У билганини ва ўйлаганини қилди. Негаки, қишлоғимизда менга ўхшаган ёши ўтинқираган йигитлар ўзларига муносиб қайлиқ танлашга рағбат топмасдилар. Кимники унга муносиб деб билишса, йигит бошини ҳам қилиб рози-ризолигини билдирар эди. Сўнг қўшганлари билан “дунё деганлари шу эканда…” дея қўшилиб яшаб кетаверадилар…
Алоқ-чалоқ тушлар кўравердим. Мен иримчи эмасдим, бироқ бувим раҳматлининг таъсирими ёки онамнинг панди биланми ҳар тугул, ухлашим олдидан ёстиғимнинг остига пиёз ва пичоқни қўйиб ётардим. Тўшакда чалқанча ётаману уйқум келмай ёстиқ остидаги нарсаларни ўйлай бошладим. Улар менинг тақдиримни ўзгартира олармикан ёки ҳазорисфанддан ҳам бир даста қўйсаммикин? Ёхуд бир пайтлари Наим омбордан кўтариб келган болтани опкелиб солайми? Кулгим қистайди. Шу онда худди шаккоклик қилаётгандек дарҳол сергак тортаман.
…яна ўша нуроний юзли бобони тушимда кўрдим. У мени туртиб ўйғотди-ю ўзи эса бобом билан бувимнинг осиғлиқ турган сувратларининг устига кўтарилиб олди. Шоша-пиша салом бердим. У алик олди. Мен унинг олдида худди гуноҳкордек бошимни қуйи солдим. Нуроний чеҳрали бобо мендан гина қилди: ”болам сўзларимга қулоқ солмабсан. Гапларим сенга кор қилмабди. Сенга Шоҳимороннинг назари тушган. Шу сабаб уйланишни хаёлингга ҳам келтирма. Ҳали ҳам кеч эмас. Сенга охирги гапим шуки, қачонки у билан учрашганингдан сўнг, тақдир йўлинг очилиб, ниятингга етишинг мумкин. Агар аксини қиладиган бўлсанг, мақсадга ва кўзлаган манзилинга етмоғинг мушкул.”
Мен Шоҳиморон билан учрашув қачон ва қай жойда бўлишини сўрашга фурсат етмай, нуроний чеҳра деворга сингиб кетди.
Мусаллам иккимизнинг тўйимиз тирамоҳ фаслининг бошларида бўлди. Бу тўйга кўзим учиб тургани йўқ эди. Менинг хаёлимни ёнимда ўтирган келин – Мусаллам эмас, балки нуроний чеҳранинг гаплари ўғирлаган эди.
Тўйдан кейин ўша нуроний чеҳранинг гапларини унута бошлаётган эди. Бунинг устига қўлим-қўлимга тегмай рўзғор ташвишлари билан банд бўлдим. Нуроний чеҳра ҳам мени ёдидан чиқарган чоғи, ҳеч кўринмай кетди.
Мен хаёлим етган қадар кўп нарсаларни орзу қилардим. Орзуларим, ниятларим ва истакларим сероб эди. Улардан кўпининг баҳридан ўтдим, дея олмайману лекин не қилайки, армонга айланди. Бу эса менга қаттиқ алам қиларди. Начора… Орзулар дастлаб кўнгилда минг йиллик чинорнинг томирлари каби илдиз отар экан. Агар улар армонга айланса, мисоли чинор сўларкан, томирлари эса кўнглингиздаги доғдек қотиб турар экан.
Орзу… армон… доғ… Дилсиёҳликнинг асл ибтидоси шундан бошланади…
Мен нуроний чеҳрадан хафа бўла бошладим. Унинг ҳеч қурса, яна бир бор бўлса-да, уйимизга келишини интиқ бўлиб кутаётган эдим. Шоҳиморон ҳақидаги гапларни хотинимга ҳам айтиб бердим. У эса йиғлади. Йиғидан кўзлари шишиб, қизариб кетди. Кўзёшлари билан у мени овутмоқчи бўларди. Кўнглим ўксиб, уни аста бағримга тортаман. Юпатаман. Фақатгина иккимиз бир-биримизга ачинар эдик. Кўзёшларимизнинг аччиқ таъмини лабларимиз сезса-да, мен унга, у эса менга ширин ваъдалар айтиб пичирлар эдик.
Нуроний чеҳрадан ҳам, Шоҳиморондан ҳам кўнглим совиди. Ҳафсалам пир бўлди.
Кунлар исиб, далаларда бойчечаклар очила бошлаган кезларда бир туш кўрдим. Йўқ, туш эмас, ўнгим экан. Буни кейинроқ фаҳмлаб етдим. Бир пайтлари уйимизнинг ёнида тегирмон бўларди.
Тегирмондан пастроқда эса биз азиз деб биладиган жой бор эди. Худди ўша қўйиндининг ёнида ҳарсанг турарди. Мен тушимда алаҳсираб, ўша ҳарсангнинг олдига келаман, у ерда эса иккита кичкинагина болаларнинг ўйнаб юрганини кўраман. Кўнглим ийиб, улардан кичигини кўтариб олиб, уйимга кетаётган эдим. Бошқаси – каттароғи ҳарсанг томонга қараб, “бобо, бобо анови киши укамни уйига опкетяпти,” дейди.
Мен бу гапни эшитиб, ҳайронлик билан ортимга угирилиб қарадим. Шунда соқол-мўйлаби ҳам, уст-боши ҳам оппоқ чол ҳарсанг орасидан чиқиб мен томон кела бошлади. У секин келди-да, менга бир оғиз ҳам гапирмасдан кўксимдаги гўдакка қўл чўзди. Гўдак ҳам шу имога маҳтал турган экан, чоғи ўзини чолнинг бағрига отди. Кейин чол бир оғиз ҳам гапирмасдан болани бағрига босганича келган йўлига қайтиб кетди. Қария ҳарсангга сингиб кетганди. Бу шундайин бир лаҳза эдики, мен уни ақлимга сиғдира олмасдим. Хаёлларим ҳам худди даҳшатли маҳлуқни кўриб, жонсарак аҳволда потраб қочган ожиз ҳайвонлардек ҳар тарафга сочилиб кетган эди. Фурсат ўтиб, ақлимни йиғиштириб, кекса муйсафеднинг ортидан бақирдим: “ Эй-й-й, Шоҳиморон чиқ, бу ёққа, нега менинг болаларимни ушлаб турибсан. Биз уларга зормиз-ку, ахир. Эй, илонлар подшоҳи инсоф борми сенда? Бизларни зор қақшатишдан муддаонг не, эй золим Шоҳиморон?”
Ҳарсангга суяниб кўп ва хўб ялиндим, ёлвордим ва лекин ҳеч садо чиқмади. Тошни қучоқлаб ухлабман. Биров туртади, қарасам Мусаллам сал нарида эса онам ҳарсангга тикилиб турарди.