Воҳид чол уста Холиёрни унчалик ёқтирмасди. Шу сабаб бир-бирини кўришгудек бўлишса, атай йўлларини ўзгартиришарди. Гўёки, биров-бировини кўрмагандек. Аслида, орада талашадиган масала йўқ ҳисоби. Ёшлигидан бирга униб-ўсди. Девор дармиён қўшнилар бошида иноқ эди. Сўнг Воҳид чол ҳали чол бўлмаган айни навқирон ёшида уч-тўрт сўм пул топиб уста Холиёрни менсимагандек бўлади.
Воҳиднинг маишати яхшигина эди. Қўшниси – уста Холиёр эса отакасби – болаларни суннат қилиш билан шуғулланарди. Устанинг яхши томони шу эдики, фалон сўм берасан, деб такса нархини айтмасди. Тўй эгаси неча пулни лозим деб унга берса, шунисига қаноат қиларди. Аста-секин уста теварак –атрофдаги қишлоқларга ҳам танилиб улгурди. Уста Холиёр деган ном билан, дастурхондан ўзига муносиб жой оладиган бўлди.
Уста Холиёрнинг кейинчалик хотин-қизларга қизиқиши орта бошлади. Ҳаттоки, бир-икки жувонга гап отиб, роса калтакланди. Бари бефойда эди. Уста номининг улуғлигидан фойдаланиб, боши боғлиқ хотинларни ҳам йўлдан уришга уннай бошлади.
Устанинг мол-мулки кўпайгани сари хотинларининг ҳам сони ортиб бораверди. Ҳовлини болалари тўлдириб юришарди.
Воҳид уста билан қўшни эканлигидан ўнғайсизланади. Хотинини ундан, унинг кўзидан қизғанади. Мол-дунёси устаникидан кўп бўлса-да, лекин орада тафовут кемтик бор эди. Мана, оила қурганига ўн йилча бўляптики, Воҳиднинг боши гаранг. Ҳамма хешлари тугул, етти ёт бегоналар ҳам гапиради.
“Айб кимда экан-а? Воҳиддами ёки Рўзигулда? Нега бундай бўляпти-а?
Воҳид томондан ҳаммаси жойида. Рўзигул томонидан ҳам мин тополмайди. Аммаси-ю холалари бир этак қилиб бола боқиб ўтиришибди-ку!..
Нега?.. Балки, кимдир эскича ирим-сиримлар билан… қулфи калит қилиб ташлагандир?
Барибир охирига етиш керак…”
Воҳид бир куни онасининг тавсияси билан турли хил амалларни бажарди. Эртасига опасининг, индинига синглисининг, кейин эса амма-ю холаларининг гапи билан ҳар бало ишларни қилди.
Худди шунингдек, хотини Рўзигул ҳам айтилган шартларни гоҳида гувоҳлар иштирокида, гоҳида ёлғиз, баъзида эса Воҳид билан биргаликда адо этишди.
Хуллас, улар бормаган фолбину қўшноч, мулла-ю эшон ва қилмаган амал қолмади.
Бари беҳуда ва бефойда бўлди.
Устанинг қулоғи кар, кўзи басир эмасдики, ҳаммасини билиб, кўриб турарди. Рўзигулга ичи ачиди. Гулдай жувон кундан кунга сўлиб бораётган эди.
Айни пишиқчилик маҳали. Кун ботиш арафаси. Уста супага жой солдиради. Атрофига сув сепади. Ернинг ҳовури кўтарилади. Кайфияти яхши. Хурсандчилигига шерик излаб қўшниси – Воҳидни чақиради. Кампирига овқатни кўпроқ қилишни тайинлайди. Ўртанчи ўғли – Шернафаснинг қўлига пул бериб, Шерқул Пўлатникидан шароб опкелишга жўнатади.
У астойдил меҳмон кутарди.
Мана кутилган меҳмон – Воҳид ҳам ҳовлига кириб келди. Устанинг ўзи унга пешвоз чиқади. Ўғли офтобадан меҳмоннинг қўлига сув қўяди. Мезбон эса унга йўл бошлаб супага чиқиб ўтиришади. Юзларига фотиҳа тортиб, бир-бирларидан эринибгина ҳол-аҳвол сўрашгандек бўлишади. Дастурхондаги нонлар ушатилиб, бошқа неъматлар ҳам тотиб кўрилади. Ўғли чой келтириб қўйди. Сўнг Шерқул Пўлатникидан келтирилган ароқ ҳам очилиб, пиёлаларга қўйилади. Икки қўшни секин-аста сарҳуш бўлаверади. Тилларидаги тушов ҳам туша бошлайди. Ўчоқбошида овқатга уннаётган хотиннинг қулоғи динг бўлган. Суҳбат энди авжига чиқаётган эди. Уста гапни олисдан бошлайди:
-Ҳамсоя, сиз эскичага ишонасизми ёки йўқ. Бу дейман, ирим-сирим фақатгина аёлларнинг иши бўлса керак. Қачон қараманг, бир нарсани бошлаб юришади.
-Билмадим, – дейди Воҳид. – Менга қолса ишонмасдим. Лекин ёнингдагилар шундай ҳоли-жонингга қўйишмайдики, охири уларнинг гапидан безор бўлганингдан ҳам ишонишга мажбур бўлар экансан…
– Эй-е, ҳамсоя эр кишининг калласи хотинининг қўлтиғида бўлмайди-ку?!. Унинг ҳам ўзига яраша ақлу ҳуши, фаҳму фаросати бўлар ахир. Ёки бошқачамикан – а? – дея уста секингина ўсмоқчилайди.
-Уста ҳар ким ҳам ҳолига қараб, иш тутади. Сиз ишонган нарсага мен ишонмайман. Мен ишонган нарсага эса сиз ғайирлик қиласиз. Одам бир нарсага умид қилсагина ишонади. Унга талпинади. Худди қиморбоздай бор-йўғини тикади, -дейди Воҳид салмоқлаб.
-Ҳамма нарсага ҳам умид қилиб бўлмайди. Ишонч ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, ҳамсоя, – дейди уста. – Кўп нарсаларни кўрдингиз. Пулнинг кўплиги ҳам фойда бераркан. Белнинг қуввати ҳам шунданлиги бекорга эмасканда. Қардош аёллар билган қилган анжуманнинг тинч-ройиш тугашида ҳам пулингиз асқотди. Албатта, аввало сизнинг пухталигингиз ва уддабуронлигингиз ҳам иш берди. Лекин ўша қароқош, шаҳло кўзли аёл жўмард экан. Сизга ортиқ тирғалмади. Отасига раҳмат. Агар у қишлоққа сизни сўроқлаб келганида нима бўларди? Ана шунда сиз нима деган одам бўлардингиз?
-Ҳа, уста, балки мана шу кўргуликлар ўша жувоннинг аччиқ қисматига каффаротмикан, деб ўйлайман, – деди Воҳид. – Айб менда. Лекин ўша пайтда ҳамма ишни қилган бўлсам-да тан олмадим. Барчасидан тондим. Жувон бечора нима деярини билмай ҳайрон эди. Йўқса, мендай нотавон, бедавони йўриғига солиб йўрғалатса ҳам бўларди. Мен уларнинг уволига қолдим, уста. Улар индамай турган бўлсаям мен ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Бу ёқда мен ҳаммани лақиллатиб юрибман.
-Қачонлардир шаҳарга тушганимда, катта бўп қолган деб эшитувдим, – дея гапни кесади уста. – Ўтган-қайтганингизда кириб турасизми, у ёғини қўйинг “ота” деб эркаланадими ўзи?..
-Билмайман, уста, – дейди Воҳид ҳолсизгина. – Юрагим чидамайди. Ростини айтсам, узоқдан болани кўтариб келаётганини бир марта кўрганман, холос. Ундан кейин бирор мартаям учрашмаганмиз.
Шу пайт ўчоқ бошида нимадир тарқлаб кетди. Икки улфат шошиб қолишади. Қарашсаки, устанинг хотини қўлидаги оташкурак билан мушукни ҳайдаётгандек “пишт-пишт” деб юрган эди.
Воҳид унчалик эътибор бермади. Аммо уста Холиёрнинг юраги шув этди. Ўчоқ бошида мушукка пишириб қўйган жойи йўқ эди. Доғули хотин атай тарақлатган. Негаки, бошқа гаплар ҳам орага тушмасин, дея устанинг аёли ўз вақтида гурунгнинг ўртасидан чўрт кесади.
Ҳаммаси аён бўлди. Бироқ биргина Воҳид дунёбехабар уйига келади.
Ажойиб кунларнинг бирида Рўзигул уст-бошларини йиғиштириб, тўрт-бешта бўҳча қилиб тахлаб, эрининг уйга келишини кутади. Мана кутгани ҳам келди. Эр-хотин анчагача суҳбатлашади. Бошида сокин, охирида эса шовқин-сурон бошланади. Рўзигул ҳам чидаб турмайди. Шартта-шартта Воҳиднинг юзига ўтган ва бўлаётган гап-сўзларни айтади. Айтишга айтади-ю, сўнг шартта бурилиб, юкини кўтариб отасиникига кетади.
-Ўҳ, энағар, бунга устанинг хотини ҳаммасини айтган, – деб ўйлайди Воҳид. – Бўлмаса бунчалар оташин бўлмасди, бу хотин. Иккаласи дардлашган. Бир-бирига суянган киши бўлишган. Охирида супадаги гурунг ҳам ошкор этилган. Қочиб қутилиб бўлмаса, бу тақдирдан. Ахир бори ҳам шу эди-ку?!. Яшириб нима қила олардим. Токайгача пинҳон тутардим.
Рўзигул кетди, унинг кетиши билан ҳамма сир ошкор бўлди. Воҳиднинг ҳаловоти ҳам кетди. У барча қилмишларини тан олди. Бошини эгди. Ўзини айбдор деб атади. Рўзигулга бош урди. Бироқ хотин қайтмади.
Рўзигул бироз отасиникида турди-ю, сўнг Розиқ кичкинанинг совчиларига рози бўлди. Ва ундан бир этак бола-чақа орттирдики, бу эса бутунлай бошқа тарих эди.
Воҳид ҳам қишлоқдаги гап-сўзлар ётмасдан туриб боши очиқ жувонларга оғиз солди. Бўлмади. Ҳаммаси бирдек рад жавобини айтди. Унга алам қиларди. Хуноб бўлди. У ўзи қилган гуноҳларга истиғфор айта бошлади.
Тавба қилди.
Ўзининг тўғри йўлга тушмоқчи эканлигини ва шу йўлдан адашмасдан юрмоқчилигини исботлашга уринарди.
Воҳид атрофдаги одамларнинг унга ишонишини жуда-жуда хоҳларди. У ўзига нисбатан айтилган ва назарда тутилаётган барча гумон, ҳадик ва бошқа бад хаёлларнинг абас эканлиги тезроқ руёбга чиқишини истарди.
Охири жўраси – Мирзо Эшмат Қарғаоёқлидан косовдай қоп-қора хотинни унга опкелиб берди. Беванинг боллари кўп эди. Ўзи эса чаққонгина ва мулойим табиатли аёл эди.
Яқин қариндошларини чорлаб, ош беришди. Қарғаоёқлидан ҳам меҳмонлар келишди. Никоҳни мулла Миср ўқиди. Иккаласи эр-хотин бўлди. Улар анча вақтларгача бир-бирларига кўника олишмади. Бунинг устига ҳовлидаги, уйдаги кўп нарсалар Воҳидга Рўзигулни эслатарди.
Вақт ўтиши билан қарғаоёқлик келин назоратга олинди. Ўзгариш йўқ. Кутилган натижа рўй бермаяпти. Иккаласи ҳам ўзларини айбдор сезиб, давраларга қўшила олмасди.
Мулла Мисрнинг ўқиган никоҳининг муддати ҳам олтинчи йилга қараб боряптики, Воҳиднинг онаси дилтанг бўла бошлади. Чора ахтаришди. Илинж топилмади. Она, Воҳиднинг дунёга келажак болаларини интизор бўлиб, зориқиб кутаётганди.
Одамзот ҳар нарсага чидар ва кўнар экан. Кўникишга мажбур ҳам бўларкан. Онаси бир куни болалари Воҳид билан Эсонни чақириб, шарт қўйди: “ Эсон болам, мана акангни кўриб турибсан… Фарзанд доғи ёмон. Дунёдан аканг ҳам мен ҳам беармон кетсин десанг катта қизинг билан ўртанчи ўғлингни бунга фарзандликка берасан, болам. Бошқа гап йўқ.”
-Бўпти, эна, – дейди Эсон. – Бугун десалар бугун, эртага десалар эртага болаларимни бераман, опкетсин, майли.
-Раҳмат, болам, – дейди онаси. – Худо сени кам қилмасин. Барака топгин. Дўсту душманнинг олдида юзимиз анча ёруғ бўлди.
-Акам хурсанд бўлсалар майли. Мен ҳам, келинингиз ҳам розимиз, – дейди Эсон. – Оиламиз бир-ку ахир! Катта рўзғорнинг ичида аралашиб юраверади-да.
-Раҳмат, ука, – дейди Воҳид тўлиқиб. – Сен мени кўпгина балолардан халос қилдинг. Юкимни енгил қилдинг, ука. Сендан миннатдорман. Бу яхшилигинг мендан қайтмаса ҳам худодан қайтсин.
-Эй,ака, қизиқ одам экансиз-ку! – дейди Эсон. – Ахир бу менинг укалик бурчим-ку! Аслида мен хомкалла, энам айтмасдан туриб, ўзим қилишим керак эди. Лекин одамнинг ичини билиб бўлмас экан-да, ака. Очиғи, бу гапларни сизнинг олдингизда айтишдан озгина иймандим ҳам, ака.
-Эй, бўлди қилгин, – деди онаси. – Энди ҳам кеч бўлмади. Ҳаммаси жойида. Олам гулистон. Кўп жағ урмагин.Қани болаларингни чақир-чи! Улар билан ҳам гаплашиб олайлик.
Эсон ўз болаларини чақириб келди. Уларнинг уст-бошларини тахлаб, амакисиникига жўнатишди.
Бошда бироз бегонасирашгандек бўлишди. Йўқ, кейинчалик ҳаммаси жой-жойига тушиб кетди.
Воҳид вақти келиб қизни турмушга узатди. Унга ўзи ота сифатида оқ фотиҳа берди. Келин томондан бўладиган тўй ҳаражатларини ҳам ўзи кўтарди. Ўғилга худди шу тахлит оталик қилиб ўйлантирди. Элга ош тортди.
Ҳовлини тўлдириб юрадиган невараларни эркалайди. Улар ҳам бобо, дея эркаланади. Кампири иккови уларга ҳар хил ширинликларни улашади.
Воҳид чолнинг кўзлари доимо йўлга қараган эди. У дарвозадан ўша кўзлари шаҳло жувоннинг ёнида фарзанди билан кириб келишини кутарди.
Унинг илинжи фақатгина шу эди.
Бу нарсани у ҳеч кимга, ҳаттоки, ёнидаги кампирига ҳам айта олмасди.
Осмон йироқ, ер қаттиқ.