Шодиёр Ҳазрат Исмат. Ғафур муаллим (ҳикоя)

Унинг бобосини Зиёд аттор дейишарди. Уйлари қишлоқнинг тепароғида, сувга яқин жойлашганди. Лекин улар деҳқончилик билан шуғулланмасди. Зиёд аттор фақатгина молларини шаҳардан опкелиб, устига устамасини қўйиб, қишлоқнинг одамига сотиб, рўзғорини тебратган.
Зиёд аттор болаларни яхши кўради. Уларга ҳолва, майиз, парварда ва бошқа шунга ўхшаш нарсаларни инъом қилади. Шу важдан бўлса керак, қишлоқ болалари уни кўрди дегунча, ортидан эргашади. Аттордан улушини олади. Эвазига унинг оту эшагини суғоради, молу қўйларига ўт солади. Тагини курайди. Зиёд атторнинг уйи худдики, болалар боғчасига ўхшайди.
Зиёд атторнинг Ёқуб исмли ўғли бор. У отасининг уйига эгалик қилади. Ёқуб ҳам бошда ота касби – атторлик билан шуғулланди. Бироқ эплай олмади. Сўнг, тоға касби – қассоблик билан кун кечира бошлади. Ота-боланинг рўзғори битта. Қора қозонни Ёқубнинг хотини қайнатади.
Зиёд аттор неварали бўлади. Унинг отини эса Ғафур деб қўйишади.
Зиёд аттор… Ёқуб қассоб… Ғафур… Мана шу шажара оралиғидаги вақт, масофа, тарих ва тақдир ҳақида одамнинг қанча-қанча орзу-ю армонлари борлигини бир карра ёдга олсангиз… Юрак чидармикан?!
Ғафур синчков бўлиб, ҳовлидаги ҳамма нарса унинг назаридан четда қолмасди. Бобосининг дўлтахонасидаги атторлик моллари қаерда қандай туришини ёддан биладиган бўлди. Отасининг анжомларини ҳам худди шу тахлит биларди.
Момосидан, онасидан турли хил эртак, масалу маталлар эшитади. Унга айниқса, итлар билан боғлиқ бўлган воқеа-ҳодисалар жуда хуш ёқарди. Уни от билан кучук жуда-жуда ром этганди. У бир пайтлари ўзига тоғаси совға қилган – Олапарни эркаларди. У қулоғи ва думи кесилган йирик ит эди. Бола итни минганида ҳам жонивор чурқ этмасдан турарди. У от минишдан чўчир эди.
Ғафурнинг ҳатти-ҳаракатлари ўзига мос, киши ҳавасини келтирарди. Унинг зийраклиги ва катталарга хос салмоқ билан гапириши ва фикрлаш тарзи атрофдагилар учун ажабтовур туюларди. У ҳаётдан кўрган ва кўраётганларинидан недир сабоқ олаётганди. Уйдагилар: бувиси, онаси, отаси-ю бобосидан эшитаётганларидан ҳам недир ибрат олар эди. Мана шундай дамларда унинг юрагидаги, ақлидаги недир бўшлиқлар гўёки тўлишаётгандек эди. Бу ҳисдан унинг ўзи ҳам, унга кўз-қулоқ бўлиб турганлар ҳам бирдек хурсанд эди.
Ғафур бирданига олам, борлиқ, туриш-турмуш ҳақида ўйлай бошлади.
Бобосининг оти касал бўлиб қолди. Эмлашди. Фойдаси бўлмади. От борган сари ҳолидан тойиб, сўлайиб қолди. Бобо отнинг ёлларини силади. Унинг хўрлиги келди. Буни кузатиб турган болакайнинг кўзларига эса ёш келди. У бобосининг шу билан бирга отнинг ёнига чўкка тушди. Улар биргаликда отнинг ёлларини силаб, баданларини қашлашди. От эса бошини ерга солганича ётарди. Бола унинг бошларини силаганда, от кўзларини юмди. Афтидан, бу сийлов унга ёқаётганди. От бироз туриб кўзларини очди-ю уларга қаради. Сўнг яна кўзларини юмиб олди. Отнинг кўзларидан ёш сизиб оқди. Боланинг эти увушди, у бир отга, бир бобосига қараб турарди. Бобо эса кўзларини неварасидан яширди. Боланинг ҳам юзи намланди. Бобо аччиқ хўрсинди.
Зиёд атторнинг оти ўрнидан турмайди. Отни Ёқуб қассоб ҳалоллаб олади. Унинг гўштини рўзғорда ким еса ейди-ю, лекин Зиёд аттор билан невараси – Ғафур бир чимдим татиб ҳам кўришмайди. Отдан айрилиш Ғафур учун ҳаётдаги катта сабоқнинг бошланиши эди.
Орадан вақт ўтиб Олапар ҳам ўз-ўзидан йўқолиб қолади. Ғафур уни қидириб қариндошлариникига боради. Дашту қирларни излайди. Бариси бефойда. Олапар топилмайди. Анча вақтдан кейин Отқамар дарасида Олапарнинг ўлиб ётганини эшитади. Бобоси билан бирга у ерга борди. Итни кўради. Хўрлиги келди. Ўпкаси тўлиб, йиғлайди. Ўша дамда бобосининг, яхши ит ўлигини эгасига кўрсатмайди, деган гапи унга таскин беради.
Энди Ғафур ҳаётдаги йўқотиш, айрилиқлар ҳақида ҳам ўз-ўзидан ўйлай бошлайди. У ўзича яхши-ю ёмонни, фойда-ю зарарни солиштира бошлайди. Ғафур қушлар, ҳайвонлар ҳақидаги хаёллардан энди одамлар ҳақида улар орасидаги тафовут хусусида фикр юрита бошлади. Энди у одамлар, рўзғор, оилалар орасидаги номутаносибликлар ҳақида ўйлар эди.
У жўраси Икромнинг нега отасиз яшаши кераклигини, Ҳошим бобонинг кампири нега ўлиб қолиши керак, Иноят бобо нега ароқ ичади, дея ўзига ўзи савол берарди.
Ғафур бу дунёнинг охири, ҳаётнинг синоатларидан тезроқ бохабар бўлишига ошиқарди. Дунёни охирига қадар билгиси келарди. Ёш Ғафурга хаёллари тутқич бермасди. У савол беравериб, ҳаммани безор қилганди. У ниманидир кашф қилмоқчи бўларди. Ва бу борада ўзини ихтиронинг уддасидан чиқа олмаётган ношуддек сезарди.
Ғафурни онаси оқшом тоғорага солиб чўмилтирди. Сочларини кузади. Тирноқларини олди. Унга атаб халта тикишди. Аталган халта худди бобосининг атторлик тўрвасига ўхшаб кетарди. Эртасига эрталаб халтасига қалам, дафтар, сиёҳдон солиб бобоси қўлига олди. Кейин Ғафурни ҳам қўлидан тутиб йўлга опчиқишди. Бобо невараси билан мактабга бораётган эди. Уни олд партага ўтиргизишди. Бобоси уни ўзининг эски ошнаси – Шермат муаллимга топширди.
Ғафур дарсларни яхши ўзлаштирди. Одоби, хулқи жойида эди. Унга ўқитувчиларнинг ҳам ўқувчиларнинг ҳам бирдек ҳаваси келарди. Синфида ҳамма унинг гапига қулоқ соларди. У худди шу тахлит – ҳавас қиладиган даражада мактабда ўқиди.
Мактабни битиргандан сўнг, уни отаси – Ёқуб қассоб Жиззахга муаллимлик курсига опкелади. Таассуфки, Ғафур имтиҳондан йиқилади. Кейин қишлоққа қайтишдан уялиб, ўша ерда чўлни ўзлаштириш бригадалардан бирига ишга киради. Яна тинимсиз ўқийди, ҳам ишлайди. Кўп нарса унга алам қиларди. У ўзини қасдма қасдига яшаётгандек сезарди. Ғафур тақдирида нима борлигини тезроқ билгиси келиб, жангдаги саркарда каби ҳаётига пешвоз чиқарди. У недир ёруғлик кўришни истарди. У муаллимлик курсига киришни ва уйланишини ўйларди. Кечалари уйқуси қочарди.
“Ҳаммасига чидайман, ёруғ кунларим олдинда, яратганнинг менга айтгани ҳам бордир. Мен эса фақат сабот билан олға юришим керак.” Унинг хаёллари мана ўйлар билан банд эди. Ҳаёт уни қаттиқ синади. Дардга йўлиқди. Уч йил яна шифохонада ётди. Шунда ҳам унинг қўлидан китоб тушмади. Дардни берган худо даъвосини ҳам беради, деганидек Ғафур тузалди. Жиззахдаги муаллимлик курсини ҳам битирди. Унинг юзи ёруғ бўлди. Елкасидан тоғ ағдарилиб, жонажон қишлоғи – Жомга йўл олди.
Мактабда математика фанидан сабоқ берадиган муаллим бўлиб ишга жойлашди. Ҳамма билан тез тил топишиб кетди. Ғафур муаллимнинг математикадан дарс ўтиши бўйича атроф мактаблари орасида олдига тушадиган йўқлиги рост. У бир пайтлар ўқитган болалари бугунги кунда ўзи билан бирга хизмат қилишади. Кўпчилик ота-оналар ўз болаларини Ғафур муаллим ўқитишини жуда-жуда исташадилар.
Ғафур муаллим бахтини ростакамига мактабидан топди, десак муболаға бўлмайди. У турмуш ўртоғи – Зумрадхонимни ҳам ўз ўқувчилари орасидан топди. Муаллимнинг мактубларини маҳбубаси – Зумрадга ўз ўқувчиси – Элдор элтиб берарди. Зумрад ҳам худди эртакдаги каби ҳавас қилса арзийдиган заифа. Ғафур муаллимнинг кўнглини тушунади. Эри билан фахрланади.
Ғафур муаллим ўзига, кучига, тоълеига ишонади. Давраларда ўзи ўқитган болаларнинг ҳозирги кунда эришган муваққиятларидан сўзлаб беради.