Кўкни қоплаган булут Ҳисор этакларига тақалиб қолди-ю, шатир-шутир ёмғир ёға бошлади. Мен машинада дорихонага шифобахш гиёҳларни топшириш учун кириб кетган Толиб овчини кутиб ўтирардим. Аслида Мироқи шаҳарчасида у билан тасодифан кўришиб қолгандим. Толиб овчи ёши қирқларни қоралаган, дароздан келган киши. Уни шаҳарчадан кўра кўпроқ ўрмонда учратиш мумкин. Шу ўртадаги дўкондан болаларга у-бу нарса харид қилиб қайтаётсам, овчи лўкиллаб юрибди. Қўлида тўрхалта, эгнида униқиброқ қолган ёмғирпуш, бошида эски қулоқчини ҳам бор. «Бу ёқларга қандай шамол учирибди овчини», десам:
– Дорихонага мана бу гиёҳларни топширай, – дейди қўлидаги тўрхалтага ишора қилиб. – Мени ҳам қишлоққа олиб кетарсиз?!
– Майли, тезроқ топширинг, бирга қайтамиз, – дедим.
Машина ойнасидан сизиб сув оқарди. Дунё ёмғирга айланиб оқаётгандек эди, гўё. Хайриятки, овчи ҳаялламасдан дорихонадан чиқди. Мен ойнадан унинг мунглиғ ва шикаста кайфиятда тўрхалтасини тутганча машина томон келаётганига эътибор қилдим. Афтидан, унинг гиёҳларини дорихонадагилар олишмаганди. У машина ортидан айланиб ўтди-да, эшикни очиб тўрхалтаси билан ёнимга чўкди:
– Ҳайданг, кетдик.
– Гиёҳларни олишмадими?.. – дедим тўрхалтага ишора қилиб.
– Гиёҳ олиб келганимни уларга айтмадим, – деди у қандайдир ўксик товушда.
– Нега? – дедим машинани аста юргизарканман.
– Сизга нима десам экан, – тусмолланди у. – Зебони кўриб қолдим.
– Қайси Зебони? – машинани буриб оларканман, унинг дабдурустдан айтган гапидан ҳайрон бўлдим.
– Сиз уни билмайсиз, у пайтлар бола бўлгансиз, – тушунтирган бўлди овчи.
– Рости гап ҳеч нарсани тушунмадим.
Машина энди йўлга тушиб олганди.
– Зебо синфдошим, унга кўнгил қўйгандим, – тортиниб гап, бошлади у.
– Биринчи муҳаббат денг, – йўлдан нигоҳимни бирровга узиб, овчига қараб олдим.
– Шундай деса ҳам бўлади, – гапимни тасдиқлади. – Ҳар бир одамда шундай муҳаббати бўлади-ку?! Зебо, нима десам экан, жуда ҳам ғурурли, бошқача қиз эди. Ота-онаси у гўдаклигидаёқ ажрашиб кетган экан. Онаси ҳам, отаси ҳам бошқа-бошқа оила қургач, Зебо бобоси Неъмат мерганнинг қўлида қолган. Зебонинг онаси шаҳарга эрга тегиб кетаркан, кекса сўққабош отасига кичкина қизини “Сизга овунчоқ бўлади”, деб қолдирган. Тақдир-да. Қисмат шундай бўлгандан кейин ким нима қила оларди?! Неъмат мерган уруш кўрган чол, милтиқ отишни менга ўша ўргатган. У томида қизғалдоқ ўсадиган лойшувоқ уйда яшарди, ҳозир бунақаси ҳеч жойда қолмаган. Хуллас, Зебо ўша Неъмат мерганнинг набираси эди. Вей, Зебони кўрсангиз, қанақа қиз эди-я?! Ўзи қорачадан келган, сочларини қирқ кокил қилиб ўрадиган ширин қизча. Кўрган киши шунақа қизни ота-онаси ташлаб кетганига ишонмайди. Мен уни биринчи маротаба мактабга борганимда кўргандим. Кейин унинг ўзимизнинг маҳаллада туришини, ота-онаси ташлаб кетганини, бу ёғидан у ёғи яқин мерганнинг қўлида қолганини — ҳаммасини катталарнинг ўзаро гап-сўзларидан билиб олдим. Мен унга жуда ҳам ачинардим, ич-ичимдан раҳмим келарди. Шунинг учун уни ўзимга яқин олардим. Тўртинчи-бешинчи синфларда ўқиб юрган кезларимизда бу яқинлик фақат унга ачинишимдан эмас, бошқача бир ҳис эканлигини англадим. Лекин нима эди у, буни мен ҳали билмасдим. Англаганим – уни ҳеч ким хафа қилишини истамаганим, ўзимга жуда ҳам яқин олишим, бошқалардан зимдан қизғонишим каби туйғулар эдики, бундай туйғуларни одам фақат илк бор севиб қолгандагина ҳис қилиши мумкин. О, болаларнинг севгиси қандай беғубор бўлар экан, биз катталар буни кейин англарканмиз. Ўша пайтлар менинг Зебога нисбатан туйғуларим ана шундай эди. Эсимда, бешинчи синфда биология ўқитувчимиз болаларни тўполон қилмаслиги учун бир ўғил-бир қиз ўтирғизаман, деганда:
– Мени Зебо билан ўтирғизинг, – дегандим.
Синфхонада дув кулги кўтарилган. Яхшиям, ўқитувчимиз ўшанда мени тушунган. У киши ёши ўтиб қолган кекса аёл Мукаррам опа Исмоилова эди. Менга жилмайганча болаларга изоҳ берганлар:
– Толиб билан Зебо бир кўчада туришади. Шунинг учун уларни бирга ўтирғизаман. Бошқаларнинг ҳам журнал бўйича қандай ўтиришларини айтаман.
Вей, шу биология ўқитувчимиз ўзи бошқача инсон эди-да. Дарсни шунақа қизиқарли ўтардилар. Мен ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсига ўшанда қизиқиб қолган бўлсам керак. Баъзан овчи бўлишимга Мукаррам опа дарсларининг таъсири бормикан, деб ўйлаб қоламан. Бир гал у киши бизга юртимиз ҳудудида ўсадиган доривор гиёҳлар ҳақида дарс ўтиб берганида, мен ростакамига гиёҳларга қизиқиб қолгандим. Сабаби, бу доривор гиёҳларнинг кўпчилиги Оқсувдарё бўйларида ўсарди-да, ўрмон ичкарисида эса уларнинг сон-саноғи йўқ.
Дарё ва ўрмон этакларида ғуж-ғуж ўсадиган бутасимон наъматаклар ҳам доривор хусусиятга эга эканлигини билиб олгач, шифохонада ҳамшира бўлиб ишлайдиган ойимдан бу ҳақда сўрагандим. Наъматакнинг буртма тиканакларини ойим сутчойга солиб қайнатардилар. Гуллагандан кейин тугадиган мевасидан эса, ичидаги данагини ажратиб олиб, мураббо тайёрлардик. Ўшаларнинг ҳаммаси, ойимнинг айтишича, шифобахш хусусиятга эга экан. Ойим гап орасида наъматакларнинг ўзимизнинг дорихоналарда ҳам сотилиши, ҳатто сотиб олиниши ҳақида гапириб қолди. Наъматакни яхши биласиз-ку?! Бизда уни ҳулҳули ҳам дейишади. Андак тикани бор бута, ёввойи атиргулга ҳам ўхшаб кетади. Вей, гуллаганда наъматак қандай чиройли-я?! Нимагадир наъматакни ўйласам, Зебо эсимга тушади. Назаримда, унинг характерида наъматакка ўхшаш нимарсадир бор эди. Кўнгли нозиклиги, ғурур ва ўжарлиги – ҳаммасида наъматакка хос бир нима борлигини туярдим. Биология ўқитувчимиз ва ойимнинг гапларидан сўнг менда, биласизми, қандай ғоя туғилди. Наъматак бошларини қирқиб тўплаш ва Зебога ёрдам бериш. Гап шундаки, Зебонинг бобоси нафақадан бўлак даромади йўқлиги учун ёлғиз набирасига ҳам тузук-қуруқ ёрдам беролмасди. Мактабда ҳамма болаларнинг ота-оналари у-бу нарса сотиб олиши учун тез-тез пул бериб туришарди. Энди, мактабга музқаймоқ, пахта ҳалво, равочга ўхшаган нарсаларни сотишга олиб келишарди. Танаффус вақтларида биз болалар шунақа нарсаларни олишга жуда ишқибоз эдик. Лекин унақа нарсалар сотиладиган жойларда Зебони сира ҳам кўрган эмасман. Уни қўлига бобоси ҳеч қачон пул бермаган бўлса керак. Арзимас нафақасидан қандай ҳам берсин?! Албатта, мен унга жон деб пул бериб турган бўлардим. Лекин Зебонинг характерини айтдим-ку, бирам кўнгли нозик эдики, асти қўяверасиз. Мен пул бериб тураман десам, унинг хафа бўлиши турган гап эди. Ҳатто мен билан урушиб ҳам кетиши мумкин. Шунинг учун мен бунга журъат қилолмасдим. Биз деярли ҳар куни мактабдан бирга қайтардик. Бир куни мен унга Оқсувдарё ва ўрмон бўйидан наъматак териш ва дорихонага сотиш ҳақида оғиз солдим:
– Бирга наъматак терсак, Мироқи дорихонасига олиб бориб сотардик, – дедим. Бахтимга, Зебо кўнди:
– Хўп, майли, – деди у.
– Қачон борамиз?..
– Истасанг, ҳозироқ, – дедим.
Оқсувдарё бўйига пилдираб кетдик. Ҳатто тошлоқ жойларда ҳам ғуж-ғуж наъматаклар ўсиб ётибди. Дарёнинг шовуллашини айтмайсизми?! Наъматаклар шамолда силкинади, дарё куйлайди гўё. Эҳ, қандай ажиб лаҳзалар эди. Зебо иккаламиз наъматак бошларини қўлимиз билан юлиб, сумкамизга солардик. Қўлларимизга тиканаклари кириб кетарди. Ўша куни у қадар кўп наъматак теролмадик. Кейинги гал ўзимиз билан бирга қайчи олиб келдик. Шунда наъматак териш аввалгисига қараганда анча осонлашди. Биз дарё бўйига деярли ҳар куни келадиган бўлдик. Наъматак уруғбошларини қирқиб йиғарканмиз, бир ойлардан сўнг анча-мунча наъматак йиққанимиз ойдинлашиб қолди. Зебо ҳам, мен ҳам буни уйдагиларимиздан яширардик. Мен уни омборда доимо тўнкарилган турадиган саватнинг тагидаги тўрхалтага солиб қўйгандим. Зебо ҳам бобоси кўзи тушмайдиган жойга наъматак уруғбошларини яшириб қўйганди. Хуллас, бир ойдан сўнг наъматакка тўла тўрхалталарни автобусга ортиб, Мироқига олиб бордик. Дорихона эгасини Раҳим мўйлов дейишар экан. Биз борган вақтимизда у қаёққадир чиққан, дорихонага биздан бир-икки ёш катта ўғли Миркалон қараб турарди. Кўринишидан бўш-баёв бола эканлиги сезиларди. Шу боис унга латта деган лақабни Зебо иккаламиз қўйгандик. Дорихонага келган одамга гарангга ўхшаб қараб турарди-да. Найновроқмиди, қанақадир ғалати бола эди. Биз у билан гаплашиб олдик:
– Отам наъматак олади, – деди у.
Раҳим мўйлов келгач, савдолашиб ишни битирдик. У қўллари билан мўйловини бураб силлиқларкан:
– Наъматакни ўғирлаб келмаяпсизларми? – деди.
– Нега энди ўғирларканмиз, амаки, – саволга савол билан жавоб берди Зебо. – Оқсувдарё ва ўрмон бўйи ғуж-ғуж наъматак-ку?! Биз ўша ерда турамиз.
Раҳим мўйлов пулни санаб олдимизга ташларкан:
– Майли, ҳазиллашдим, болакайлар. Агар яна бўлса, олиб келинглар. Мен бошқа доривор гиёҳларни ҳам сотволаман.
Раҳим мўйлов бизга бошқа доривор гиёҳлар рўйхатини ҳам берди. Зубтурум, туятовон, зирк ва яна алламбалолар. Лекин уларни топиш учун ё Ҳисор тоғлари этакларига, ё ўрмон ичкарисига кириш керак. У ёқда эса ёввойи ҳайвонлар кўп. Мана, овчи бўлганимдан кейин, энди-энди у ёқларга қадам босаяпман. У пайтлар ҳали Неъмат мергандан отишни ҳам ўрганганим йўқ эди. Шунинг учун биз Раҳим мўйлов берган доривор гиёҳларни излашга кўп ҳам жидду жаҳд қилганимиз йўқ. Наъматакнинг ўзи билан кифояландик. Зебо иккаламиз шундай қилиб, наъматак сотиб илк бора пул топгандик. Бирнави, ўзимизда пул бўлиши Зебога ҳам, менга ҳам ёқиб қолди, шекилли, Раҳим мўйловнинг дорихонасига ҳар йили наъматак мавсумида тўрхалталарни тўлдириб борардик. У бизга болаларга етадиган пул берар, ҳатто ўғли Миркалон латтани болалар қандай пул топаётганини айтиб койирди. Миркалон латтага эса барибир эди. Найновга ўхшаб отаси ва бизга жимгина қараб тураверарди. Аслида унга пул топишнинг нима кераги бор?! Сирасини айтганда, менга ҳам кераги йўқ эди. Отам ҳисобчи, топиши ўзига яраша бинойидек, лекин шу Зебога раҳмим келарди-да… Тўғрироғи уни яхши кўрардим. Зебога яхши кўришимни айтганманми?! Йўқ, ҳеч қачон буни айтмаганман. Ахир, қандай қилиб ҳам айтардим. Эҳтимол, у мени шунчаки дўст деб ўйлагандир, яна билмадим. Тўққизинчи-ўнинчи синфда ўқиётган вақтларимизда, уни ёқтиришимни айтишга кўп оғиз жуфтлаганман. Лекин тилим калимага келмади. Ўзи, одам чиндан ҳам кимнидир қаттиқ яхши кўрса, буни ҳеч қачон рўйи-рост айтолмайди.
Орада Неъмат мергандан овни ўрганишга чоғландим. У урушда мерган бўлган-да. Овчи учун мерган бўлиш ҳофиз учун ширали овозга эга бўлишдай гап. Неъмат мерган анча қариб қолган, аммо руҳи тетик одам эди. У баъзан мен билан ўрмон этакларига овга чиқарди. Бир гал ёввойи тўнғизни қандай отишни ўргатганди.
– Ҳайвонларни ҳеч қачон сочма ўқ билан отма, – деганди у. – Сочма фақат қушлар ва майда жониворларни отишга ярайди. Ёввойи тўнғиз ва айиқни сочма билан отсанг, ўлдим деявер. Яраланган ҳайвон сени бурда-бурда қилиб ташламагунча тинчимайди.
Неъмат мерган менга кўп нарсани ўргатган. Аҳоли яшайдиган жойда милтиқ стволини қуйига қаратиб юришдан тортиб, қушларни отишда ҳавога кўтарилишини кутишгача – ҳаммасини ўшандан ўрганганман. Мен ундан гап орасида Зебо ҳақида ҳам у-бу нарсаларни сўраб олганман.
Мактабни битирганимиздан сўнг Зебо фармацевтика институтига ўқишга кирди. Мактабда биология ва кимёни яхши ўқиган-да. Мен эса армияга кетдим. Армияда юрган вақтларимда уйга қайтгач, Зебога севишимни албатта айтаман ва унга уйланаман деб ўзимга ўзим сўз бердим. Лекин армиядан келгач, эшитдимки, Неъмат мерган Зебони турмушга бериб юборибди. Устимдан муздек сув қуйилгандек, юрагим бўм-бўш бўлиб қолди. Қўлим ишга бормас, нима қилишимни ҳам билмасдим.
– Кўзим очиқлигида уни турмушга бердим, энди кўнглим тўқ, – деганди мерган.
Мана, шунга ҳам ўн беш йилдан ошиқ вақт ўтибди. Ўшандан бери Зебони кўрганим йўқ эди. Турмушга чиқиб кетганидан сўнг ҳафсалам пир бўлди. Ота-онам мени ҳам бир қизга уйлантиришди. Аввалига хотинимга кўнглим йўқроқ эди, кейин-кейин ўрганиб кетдим. Фарзандлар туғилгач, ришталар мустаҳкамланар экан. Ўтган йиллар ичида Ҳисор ўрмон қўриқхонасида ишладим. Овчилар жамиятида масъул бўлдим. Бу орада Неъмат мерган ҳам дунёдан ўтиб кетди. Унинг таъзиясига кечикиб бордим. Зебо ва онаси келган экан. Буни хотинимдан эшитдим. Лекин унинг ўзини ўшанда ҳам кўрганим йўқ. Лекин бугун кўрдим. Ишонасизми, у кимга теккан экан?! Ўша Раҳим мўйловнинг ўғли Миркалон латтага хотин бўлибди. Мана бу доривор гиёҳларни топшираман деб кирсам, қорачадан келган, бироз тўлишган хушбичим хотин турибди. Юз-кўзлари менга жуда ҳам таниш.
– Зебо, сизмисиз?.. – деб юборганимни билмай қолдим.
Зебо ҳам мени таниб аста бош ирғади-да:
Сиз… – дея олди, холос. Шу пайт ичкаридан:
– Зебо, ким экан?.. – деган эркак кишининг овози келди.
Қараб турдим, бир маҳал ичкаридан Миркалон латта чиқиб келса бўладими?! Ўзи, Зебони бу дорихонада кўрганимдаёқ юрагим шиғ этганди. Отаси Раҳим мўйловга нимаси биландир ўхшаб кетадиган Миркалон латта:
– Сизга нима керак? – деди.
– Ҳеч нарса, – дедим-да, ташқарига отилиб чиқиб кетдим. У мени танидими-йўқми, билмадим. Бўлган гап шу.
Эй, сизни ҳам кела-келгунча бошингизни қотирдим. Қишлоққа етиб келибмиз-ку?! Мени нариги кўча бошида ташлаб кетинг.
– Хўп, – дедим мен ёмғирли ҳавода қишлоққа кириб келарканмиз.
– Тўрхалтангиздаги наъматакми?..
– Йўқ, – деди у.
– Наъматаклар ҳали уруғбош тугмаган. Эҳтимол, энди гулга кираётгандир. Баҳор адоғида мева тугишни бошлайди. Булар Раҳим мўйлов бир пайтлар рўйхатини берган бошқа доривор гиёҳлар. Яқинда қўриқхонани текширгани чиққанимизда, эрмакка туятовон тергандим. Болаликни эслаб, Раҳим мўйлов ишлаётган бўлса, шунга олиб борай дегандим. Кўрдимки, у ишламаётган экан. Дорихонани энди келини ва ўғли юритаяпти, шекилли. Майли, мен тушаман. Ана у симёғоч олдида тўхтанг.
Машинани Толиб овчи айтган жойга тўхтатдим. У машинадан тушаркан, тўрхалтасини унутганини эслатдим. Бепарво қўл силтади:
– Шу гиёҳлар сизга, бугун кимгадир беришим керак эди. Сизга насиб қилган экан.
Гапимиз тугамасдан ёмғирда биз томон югургилаб келаётган қизчани кўриб қолди.
– Дадам келдилар! ..
– Ўша ерда тур, қизим, – овчи югуриб бориб қизчани кўтариб олди-да, уйи томон кета бошлади. – Нега ёмғирда юрибсан?..
– Сизнинг келишингизни кутиб тургандим, – деди қизча. – Сизни соғиндим.
– Мен ҳам сизларни соғиндим, қизим.
Машинани ортга буриб олаётганимда Толиб овчи “раҳмат” дегандек бош силкиб, қўл кўтариб қўйди. Машинани секин ҳайдаб кетарканман, одамзод қисматининг нақадар сирли эканидан ҳайратга тушиб, бир маромда йўл босиб борардим. Ёмғир эса ҳамон шиғалаб ёғарди…
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 5-сон