Шерзод Комил Халил. Тулки (ҳикоя)

Ҳавонинг қовоғи эрталабдан солиқ, қор учқунларди. Рихсиқул ҳовлидан кечаси билан ёққан қорни кураркан, қиш роса қишлигини қилади шекилли, деб ўйлади. Дарҳақиқат, қор қалин тушганди. Яна учқунлаб туришидан ҳали-бери тинадиганга ўхшамасди. Рихсиқул кураш керак бўлган ҳамма жойни бир зайлда кураб бораркан, товуқлар катаги ёнига келганда бирдан тўхтаб қолди. Катак оғзи ланг очиқ турар, ичидаги иккита товуқдан асар ҳам йўқ эди. Рихсиқул атрофга олазарак боқди. Қорда катак яқинида ҳайвон излари кўринарди. Излар мушукникидан бироз катта, афтидан тулкиникига ўхшарди. Бу излар эрталабга яқин тушган бўлиб, қор уларни ҳали ёпишга улгурмаганди. Рихсиқул шошиб нариги катакка қаради. Бу катакнинг эшиги берк бўлиб, доимо, уриштириб юрадиган олақанот хўрози жойида турарди. Рихсиқулнинг юраги сал жойига тушди. Бироқ барибир иккита товуқнинг йўқлигидан кўнгли хижил бўлди.

– Асолат, – хотинига бақирди у.

– Лаббай дадаси, – эшик очилиб айвонда хотини кўринди. – Тинчликми?

– Катакни кеча ёпмаганмидинг? – ўшқирди у.

– Йўқ, – деди хотини, Рихсиқул томон яқинлашиб келаркан. – Олақанотга жўхори бераётганингизда ўзингиз ёпгансиз деб ўйлагандим. Уларга нима бўлибди?..

– Ҳе, онангни… – cўкинди Рихсиқул. – Тулки еб кетибди.

– Вой, – катакка эгилиб қаради хотини. – Иккита бўлса ҳам тухум туғиб турарди-я?!

– Энди тухум ейсан қараб тур, – ғижиниб хотинидан нари кетди у.

Асолат серрайиб катак ёнида туриб қолди. Рихсиқул олақанот яшайдиган катакка бориб хўрозига термулди. Яхшиям олақанотга ҳеч нарса бўлмаганди. Бўйни ва оёқлари узун олачипор хўроз катакдан Рихсиқулга биланглаб қараб турарди. Заб хўрозим бор-да, ўйлади Рихсиқул. Дарҳақиқат, унинг хўрози ҳали бирон-бир жанг енгилмаганди. Ўтган йили кузда олақанот хўрозбоқар ўртоғи Эшматбойнинг ҳам хўрозини қочирганди. Яхшиям, тулки унинг катагини очолмаган. Хотинига қолса, олақанотни аллақачон товуқларга қўшиб қўйган бўларди. Товуқнинг ичида юрган хўроз уриштиришга ярармиди?! Эй, бу хотин зоти, ўзи нимани ҳам тушунарди. Рихсиқул хотинига қаради. У ҳамон товуқларнинг катаги олдида ачиниб турарди.

– Эй, – деди у хотинига таҳдиднамо боқиб. – Нима бу ерда турганинг билан товуғинг топилиб қолармиди?! Бор, нонушта тайёрла.

– Хўп, дадаси, – дея Асолат аста афсусланганнамо нари кетди. – Ҳозир сутчой тайёр бўлади.

Рихсиқул индамади. Нима ҳам дерди. Аслида товуқларнинг катаги очиқ қолишига ўзи сабабчи?! Олақанотга маҳлиё бўлиб, товуқларнинг катагининг дарчасини ёпиш унинг ёдидан кўтарилганди. У яна қор курашга тутинди. Бирпас кураб тураркан, қор яна майдалай бошлаганлигига эътибор қаратди. Рихсиқул қоркуракни ўтинхонани эшиги ёнига олиб бориб қўйди. Олақанотга омборхонадан жухори олиб келиб берди. Шу алфозда хўрозига бирпас термулиб ўтирди. Баҳорда наврўз келса, уни уриштираман деб ўйлади Рихсиқул. Унгача олақанотни тайёрлаш керак. Тухум, қон, гўшт бериш керак. Яна чиниқтирувчи машқларни бажартириш шулар сирасига киради. Энди товуқлар йўқ. Демак тухум ҳам бўлмайди. Эшматбойдан товуқ сотиб олсамикан, ўйлади Рихсиқул. Бугун қарта ўйнашга келса, бир кўнглига қўл солиб кўраман. У шундай ўйда, олақанотга термулиб тураркан, Асолат:

– Дадаси, нонуштага келинг, – деб чақирди.

– Боряпман, – деди Рихсиқул олақанотнинг катагидан узоқлашиб ҳовлида турган обтова томон юраркан.

–​ У қўлини ювиб уйга кирди.

Икки ўғли Рихсиқулга салом берди. Улар онаси ёнида нонуштада Рихсиқулни кутиб ўтирарди.

– Дада, товуқларимизни тулки олиб кетибдими? – сўради катта ўғли Рихсиқул нонуштага ўтирган ҳамоноқ.

– Ҳа, ўғлим олиб кетибди, – деди Рихсиқул, энди тўртинчи синфга бораётган ўғлига назар солиб.

– Дада, тулкини отсангиз бўлмайдими? – деди кичкина ўғли. – Ахир қўшотар милтиғингиз бор-ку?

– Отамиз ўғлим, – деди Рихсиқул. – Агар яна бир марта уйимизга келса, тулкини отамиз.

– Тулки айёр бўлади, – деди катта ўғли. – У яшринча келади.

– Уни барибир пойлаб отса бўалди, – деди кичкина ўғли.

У эндигина иккинчи синфга борарди. Рихсиқул нонушта қиларкан, болаларининг тулки ҳақидаги гапларига қизиқиб ўтирарди. Болалари савол берар, у эса жавоб берарди. Асолат эса болаларга кўп гапирмасдан нонушта қилишни таъкидларди.

– Гапирмасдан сутшойни ичинглар, – деди онаси. – Йўқса, мактабга кеч қоласизлар.

Шундан сўнг болалар жимиб қолишди. Нонуштадан сўнг Асолат уларни мактабга жўнатди. Рихсиқул ғишт печкага оёғини узатиб ўтирди. Хотини печкага ўтинхонадан ўтин олиб келиб тиқди. Уй бироз исигач, Рихсиқул устидаги жимферини ечди. Ёстиққа бошини қўйганча узала тушиб ётди. Хотини ҳовли ва уйга кириб-чиқиб алланималарга куймаланиб юрарди. Рихсиқул шу куйи ётаркан, зерикди. Шу дам бирдан Эшматбой эсига тушди. У ҳам бекорчиликдан уйида ётгандир, ўйлади Рихсиқул. Дарвоқи Рихсиқул Эшматбой билан биргаликда Шўртангазкимё мажмуасида ишчи бўлиб ишларди. Улар ўн беш кун ишлаб, ўн беш кун дам олишарди. Ҳозир айни шундай дам олиш кунлари эди. Эшматбойни чақирсаммикан, деб ўйлади Рихсиқул. Чақираман, нима зерикиб ўтирармидим. У ўрнидан туриб уй телифонидан Эшматбойга қўнғироқ қилди.

– Ҳа, Рихсиқул, – деди телифондан Эшматбой. – Нима гаплар?..

– Гап борда, – деди Рихсиқул. – Кел, уйга, бир қарта ташлайлик.

– Ўзим ҳам ўтмоқчи бўлиб тургандим, – деди Эшматбой. – Ютқизсанг, ош-пошни тадоригини кўриб қўявер.

– Эй, битта ош сендан айлансин, келавер, – деди Рихсиқул.

– Яхши, ҳозир бораман, – деди Эшматбой.

У шундай деб телифонни қўйди. Рихсиқул ташқаридан хотинини чақирди. Асолат эрининг чақириғига биноан етиб келаркан:

– Нима дейсиз, – деди.

– Тушликда палов тайёрлайсан, – деди Рихсиқул. – Меҳмон келади.

– Яна Эшматбой ўртоғингиздар-да, – топоғонлик қилди Асолат.

– Эй, жуда топағонсан-да хотин, – деди Рихсиқул. – Ҳозир худди ўша келади.

– Яна ўша зорман-да қартадан бўшамайсизми? – деди Асолат қовоғи уйилиб.

– Бор, ишингни қил, – деди рихсиқул жеркиб.

Хотини индамай нари кетди. Унга эрининг шу номинг учгур қартага муккасидан кетаёганлиги ёқмасди. Бироқ Рихсиқул ва Эшматбойни фақат бугина боғлаб турмасди. Улар аввало ёшликдан бирга ўсишган тенгқурлар эди. Ўн йил битта синфга ўқишганди. Армияда ҳам бирга хизмат қилишган, энди эса бир жойда ишчи бўлиб ишлашарди. Бундан ташқари уларнинг иккаласи ҳам ашаддий хўроз ишқибозлари эди. Айниқса Эшматбойнинг уриштирадиган бир-қанча хўрозлари бор эди. Рихсиқулнинг эса ҳозирча ёлғиз шу олақанотидан бошқа хўрози йўқ. Шунга ҳам шукур. У шундай ўйда ўтираркан, дарвозаси очилиб ҳовлига семиздан келган, икки юзи қип-қизил, бўйи эса бироз паст Эшматбой кириб келди. Рихсиқул уни деразадан кўриб тураркан:

– Кириб келавер, – деди айвон томонга имо қилиб.

– Қартангни тайёрлаб турибсанми? – ҳали эшикдан кирмасдан мақсадга кўчиб қўя қолди Эшматбой. – Бир сувингни чиқариб ютмасам юрган эканман.

У этигини қорини айвондан қоқиб уйга кираркан, Рихсиқул у билан саломлашиб, хонтахта атрофида ўтиришга таклиф қилди. Эшматбой шапка ва курткасини ечиб ўтирди. Рихсиқул:

– Совуқларда чарчамай юрибсанми? – деди.

– Дамни олиб юрибмиз-да, – деди Эшматбой ёстиққа ёнбошлаб оларкан. – Уйинг иссиққина экан. Ҳа ўзингда нима гаплар? Кайфиятинг йўққа ўхшайди?

– Эй, нима бўларди. Кеча икикита товуғимни тулки олиб кетибди, – ёрилиб қўя қолди Рихсиқул.

Эшматбой қаҳ-қаҳ отиб куларкан :

– Ишқилиб хўрозингни олиб кетгани йўқми? – деди.

– Йўғе, Худо асрасин, – деди Рихсиқул. – Товуқнинг катаги кеча очиқ қолган. Шунга кирган-да лаънати.

– Эй, сен тулкини нима деяпсан, керак бўлса ёпиқ жойинга ҳам киради, – Рихсиқулни қўрқитиб қўйди Эшматбой.

Улар шундай у ёқ бу ёқдан гаплашиб ўтиришаркан, Асолат аччиққина қилиб чой дамлаб берди. Хонтахта атрофида иккаласи чойдан ичиб, қартани бошлашди. Эшматбой олтиталик қилиб қарта сузаркан:

– Ютқизишга тайёрланавер, – деди. Рихсиқул:

– Кўрамиз, қўлингдан нима келаркан, – деди.

Иккаласи шу куйи қарта ўйнаб ўтиришди. Кетма-кет тўрт маротаба Эшматбойнинг қўли баланд келди. Рихсиқул кетма-кет қарта сузаркан, Эшматбой:

– Шу гал ҳам ютқизсанг, хўрозингни тикасанми? – деди.

– Оввора бўлма, – деди Рихсиқул. – Олақанотнт қартага ҳеч қачон тикмайман. Ундан кўра, менга бир-иккита товуқ сотсанг. Баҳоргача хўрозни боқишга тухум керак. Тухумни сотиб олгандан кўра, уйда товуқ бўлгани яхши-да.

– Нима менда сотиладиган товуқ бор эканми? – деди Эшматбой, Рихсиқулга туз чиллик бериб ердаги қарталарни кўтартираркан.

– Ҳа, энди товуқларинг кўп-ку? – деди Рихсиқул. – Товуқ бозорга оввора бўлиб юрмай деяпман-да.

– Майли, хотин билан бир маслаҳатлашайчи, нима дейди. – деди Эшматбой қўлини тўлдириш учун ердан қарта оларкан. – Мана сенга иккита дама.

Рихсиқул ноилож яна қарта кўтарди. Эй, бу қартада Эшматбойга қандай омад келади, Рихсиқул ҳеч тушунолмасди. Улар шу тахлит тушга қадар қарта ўйнашаркан, шундан Рихсиқулнинг бор-йўғи икки-уч маротаба қўли баланд келди. Қолган ҳамма ўйинларни Эшматбой ютиб олди. Қарта тушликка қадар давом этди. Асолат паловни келтиргач, ноилож ўйин тўхтатилди. Бу орада олдинма-кетин болалар ҳам ўқишдан қайтишди. Тушликдан сўнг, Эшматбой уйга қайтадиган бўлди. Рихсиқул уни кузатиб ҳовлига чиқаркан, Эшматбой деди:

– Қани, тулки кирган жойни бир кўрайликчи?

Рихсиқул уни катак томон олиб борди. Қор бир маромда майдалаб ёғиб турарди. Эшматбой катакни кўраркан:

– Оббо, тулки шу ёққача келибди-да, – деди. – Яхшиям олақанотингга тегмабди.

– Хўрознинг эшигига тамба бостириб қўйганман, тулки очолмайди, – деди Рихсиқул.

– Ҳа, майли, мен кетдим, – деди Эшматбой, қорда жунжикаркан.

Рихсиқул уни кузатиб қўйди. Сўнг оғилдаги сигирга сув ва емиш берди. Болалар ташқарида қорбўрон ўйнашга чиқишмоқчи эди, Асолат рухсат бермади. Рихсиқул ҳовлида бир муддат тентираб юргач, яна хўрознинг катагини олдига борди. Унга ҳам, сув ва дон берди. Шундоқ далада тураркан, совуқ қота бошлаганлигини ҳис қилди. Уйга кириб печканинг ёнига чўзилди ва шу ётганча уйқуга кетди. Кўзини очганда кеч тушиб қолганди. Бу вақтда Асолат болаларни дарс қилдирарди. Рихсиқулнинг кўз очганини кўриб Асолат:

– Дадаси, туринг энди, – деди. – Ҳозир сигирни соғаман бузоқни ушлаб турасиз.

Рихсиқул ўрнидан туриб ташқарига – ҳовлига чиқди. Қор ҳамон майдалаб ёғарди. У обтовада юз-қўлини ювди. Сув совуқ, аёз Рихсиқулнинг юз ва қўлларини чимчиларди. Хотини унга сочиқ олиб келиб берди. Рихсиқул оғил томон юраркан хотинига:

– Сигирни соғасанми? – деб сўради.

– Ҳа, бузоқни ийдириб олаверинг, ҳозир бораман, – деб Асолат ошхонага сигир соғадиган челакни олишга кириб кетди.

Рихсиқул оғилни очди. Ичкаридан сигирнинг шиптири димоғига урилди. У сомонхонага қамалган бузоқчани ечди. Бузоқча онасининг елинига талпинди. Рихсиқул сигирнинг ҳамма эмчакларини эмиши учун бузоқчани ийдир қила бошлади. Бу орада челак кўтариб хотини келди. Рихсиқул бузоқчани онасини олдида ушлаб турар, жонивор боласини бўйнидан яларди. Асолат сигирни соға бошлади. Бузоқча баъзан типирчилар, бироқ хотини керакли миқдорда сут соғиб олмагунча, Рихсиқул уни қўйиб юбормади. Асолат сутни соғиб бўлгач, челакни кўтариб чиқиб кетди. Шундан сўнг, у бузоқни қўйиб юборди. Бузоқча онасини тўйиб эммагунча унга тегмади. Сигирга сомонхонадан беда олиб солди. Бузоқчани сомонхонага қамагач, Рихсиқул оғилни беркитди. Қор бутун оламни тутиб ёғарди. Рихсиқул хўрозига дон олиб бориб берди. Бу қамоқда олақанот ҳам зерикиб кетгандир, ўйлади Рихсиқул. Хўроз донни териб еркан, Рихсиқул уни кузатиб турди. Ундан узоқлашаётганда эшикнинг тамбаланганига эътибор қилди. У қандай қўйилган бўлса, шундай мустаҳкам турарди. Атрофга кеч туша бошлаганди. Рихсиқул қўлини ювиб уйга кирди. Болалари дарсларни бажариб бўлишганди. Рихсиқул улар билан домино ўйнади. Ўйин Асолат кечки овқатни олиб келгунча давом этди. Кейин ҳаммалари кечликни бирга қилишди. Асолат қайноқ шўрва тайёрлаганди. Шўрвадан кейин Рихсиқул ташқарига чиқиб ҳовли ва томорқасини бир кўздан кечирди. Ҳаммаси жойида ўйлади у. Эй, бу қор ҳам ёғди-да. Қоронғу тушганига қарамай ҳамма ёқ, оппоқ қорга бурканганидан ўзига хос манзара касб этганди. У уйга кирди. Хотини ётишлари учун жой тўшаб қўйганди. Болалар ҳаш-паш дегунча ухлаб қолди. Рихсиқул хотинига тегажоқлик қилди. Асолат чарчаган эканми, Рихсиқулга рўйхушлик бермади. У хотинини холи, қўйиб юқорига тикилганча ўйлаб ётди ва шу ётганча қандай қилиб уйқуга кетганини ўзи ҳам билмади. Кечаси билан алоқ-чолоқ тушлар кўриб, эрталабга яқин боши ғалати бўлиб уйғонди. Назарида боши оғриб турганди. Ўрнидан туриб ташқарига чиқди. Юз-қўлини ювиб кофе ичсаммикан, деб ўйлаб турганди, бирдан нигоҳи олақанот яшайдиган катак томонга тушди. Катакнинг тамбаси ағдарилиб ташланган эшиги эса ланг очиқ ётарди. Рихсиқул томорқани кесиб ўтган ҳолда, катак томонга югурди. Падарига қусур, олақанот йўқ эди. Қорда тулки изларини қидириб кўрди. Аммо қор кўп ёққанидан атрофда ҳеч қандай из кўринмади. Бир маҳал уйдан, Рихсиқулнинг ўрнидан турганини кўриб хотини чиқиб келди. Эрини катак олдидиа гарангсираб турганини кўрган Асолат:

– Ҳа, дадаси, нима бўлди? – деди.

– Очиқ мозор бўлди, – деди Рихсиқул. – Ҳе, онангни… тулкиси, олақанотни ҳам олиб кетибди.

Асолат эрига нима дейишини ҳам билмасди. Рихсиқул ҳозир гап кўтарадиган холатда эмасди. Шунинг учун Асолат индамай бошқа ишларни қилишга тутинди. У эрининг олақанотни қандай яхши кўришини биларди. Шу хўрозни деса, мендан ҳам кечишга тайёр деб ўйларди Асолат. Аммо Рихсиқул, ҳозир, хотинини сўкиб солмади. Уйқудан ўйғониб, олақанотни тулки олиб кетганини билган ўғилларига ҳам ҳеч нарса демади. Рихсиқулнинг кайфияти йўқлигини кўрган оила нонуштани жимгина қилишди. Асолат болаларни мактабга жўнатгач, Рихсиқул ўртоғи Эшматбойга қўнғироқ қилиб, хўрозини ҳам тулки олиб кетганини айтди.

– Ҳе, сен ҳам жуда анойи экансан-да. – телифондан Эшматбойнинг керилган овози эшитилди. – Ўша тулкини шартта отиб ташла.

– Тулки мени от деб қараб ўтирармикан, қайдан топаман уни? –Рихсиқулнинг асаби қўзиди.

– Эй каллаварам, – деди Эшматбой. – Ана дарё ва ўрмон уйингга яқин бўлса, милтиғингни олиб туш-да, биринчи кўрган тулкингни от. Ҳеч бўлмаса бир хумордан чиқасан.

– Ҳе, одам қуриб сендан маслахат сўрармидим, – телифонни жаҳл билан қўйиб қўйди Рихсиқул.

У Эшматбойга эзилган кўнглига малҳам бўлармикан деб қўнғироқ қилганди. Ундан ҳеч нарса чиқмади. Ҳе, берган маслаҳатингга сени… Тулкини от эмиш. Нима бу билан хўрозим тирилиб келармиди? Битта-ю битта уриштирадиган хўрозим эди-да. Тақдир шуни ҳам кўп кўрган экан. Ҳа, кеча кичик ўғли ҳам тулкини отиш ҳақида гапирибмиди?! Балки кеча отганда, бугун олақанот тирик бўлармиди?! Ким билсин. У ўзини босиб оларкан, балки Эшматбой ҳам тўғри айтгандир, деб ўйлади. У айтгандай бирон бир тулкини отиб бир хумордан чиқсаммикан?! Ҳа, албатта шундай қиламан, деб ўйлади у. Ўрнидан туриб кийинаркан:

– Асолат, – дея хотинини чақирди.

– Ҳа, дадаси, – ошхонада куймаланиб юрган хотини ташқарига деразадан қаради.

– Омборхонада осилган қўшотарни олиб чиқ, – деди Рихсиқул айвонга этигини кийиб чиқаркан. Уни чакмон кийганини кўрган хотини:

– Тинчликми дадаси, милтиқ кўтариб шундай қорда қайга борасиз? – деб сўради. – Ундан кўра, ҳовлиларни қорини курасангиз бўлмайдими?!

– Овозингни ўчир, – деди Рихсиқул. – Милтиқни олиб чиқ.

– Олақанотни еган тулкини отиб келмоқчиман. Товуқларни еганда ҳам майли дегандим, аммо олақанотни ейишига жимгина қараб туролмайман.

Асолат эрининг фикридан қайтмаслигини юз-кўзидан кўриб турарди. Шунинг учун, индамай милтиқни унга олиб чиқиб берди. Рихсиқул милтиқни чакмоннинг орқасига осиб олганча, Оқсувдарё томонга кетди. Ҳамма ёқ қорлигидан дарё бўйларида юриш ноқулай эди. Баъзи жойларда қор қалинлигидан этикка кираман дерди. Рихсиқул милтиғни ўқлаб олиб, дарё бўйларини жимгина кузатаркан, қарғалардан бошқа ҳеч нарсани кўрмасди. У ўрмон томонга юрди. Қор ўрмонда хам роса ёққани етмагандек ҳали ҳамон тўхташ нималигини билмасди. Рихсиқул ўрмонда қорда тайғаниб аранг юриб борарди. Сал дарахтларга тегиб кетса, тепадан ҳам шиғалаб устига қор тушарди. У шундай юриб бораркан, бирдан омадини чопганлигидан қувониб кетди. Яқин атрофдаги қорда тулкининг излари бор эди. Рихсиқул қўлида ўқланган милтиқни тайёрлаб атрофни олазарак кузатганча аста юриб борарди. Секинлаб юриб бораркан, бирдан юнглари оқ-сариқдан келган думи узун ва чиройли тулкига дуч келди. Тулки ҳам рўпарасидаги инсонни биринчи кўрганиданми, ё, умуман инсон зотига илк дуч келганиданми, бир муддат Рихсиқулга тикилиб қолди. Ана шу бир муддат Рихсиқул учун етарли эди. У тулкини нишонга олганча, нақ пешонасидан отди. Жонивор турган ерининг ўзида қонга беланиб, ерга қор устига қулади. Рихсиқул унинг тепасига борди. Аммо унинг хумори ҳали босилмаганди. Мингта тулкини отса ҳам босилмасди. Ахир олақанотдай хўрозни энди топиб бўлармиди?! Рихсиқул белидан қайишини ечиб, тулкини думидан боғлади ва уни судраганча, ортга қайта бошлади. Олақанотнтнг хунига шу тулки бошқа тулкилар номидан товон тўлаганди. Рихсиқул уни судраб ўрмон ва дарё соҳилидаги далаларни кесиб ўтди. Қорда тулкининг қони оқиб келарди. У тулкининг думидан қайишга боғлаган ҳолда судраганча қишлоққа кираркан, шуни бир Эшматбойга кўрсатсаммикан, деб ўйлади. Кўриб қўйсин тулкини қандай отганимни… Эшматбойнинг уйи шундоқ йўл устида бўлса, тулкининг ўлигини кўрсатиб ўтади. Рихсиқул шундай ўйда, тулки ўлигини судраб бораркан, Эшматбойнинг уйи рўпарасига келганлигини кўрди. У Эшматбойни чақирмасдан, тўғри тулкини судраганча, ҳовлисига кириб борди. Ҳовлида Эшматбойнинг хотини Ҳалима кўринди.

– Эшматбой қани? – деди Рихсиқул.

– Вой, нима бало бу? – деди Ҳалима тулкини кўриб.

– Тулки, – деди Рихсиқул қисқагина қилиб. – Эшматбой қайда?

– Пастдаги оғилда, – деди хотини. – Ошнангиз сизни хўрозингиз тулки еб кетганини эшитиб, хўрозларини қафасга солиб оғилга кўчирган. Ҳозир ўшаларга қаряпти шекилли.

– Меникини ҳам еб кетмасин дегандир-да, – деди Рихсиқул. – Қўрқмасин, мен хўроз ейдиган тулкини отдим.

У шундай деб Эшматбойнинг оғили томон йўл олди. Бу ердан ҳам Рихсиқулники сингари шиптир ҳиди анқирди. Рихсиқул ичкарига кўз ташлади. Кўз ташлади-ю кўзларига ишонмади. Не кўз билан кўрсин-ки, Эшматбой унинг олақанот хўрозига оғилда дон бериб турарди.

– Эшматбой, – деди Рихсиқул. Эшматбой ялт этиб орқасига қаради.

– Нима дейсан, – унинг ранги учиб Рихсиқул томон юриб келди.

– Тулки отиб келдим, – деди Рихсиқул.

– Тулки?! – овози титраб Эшматбой Рихсиқулнинг олдига чиқди. – Сен бу ерда нима қиляпсан?..

– Сенга тулкини кўрсатмоқчи эдим, – деди Рихсиқул. – Энди билсам ўзинг тулки экансан.

Рихсиқул шундай дея қайишда думидан боғланган ўлик тулкини Эшматбойнинг олдига ташлади-да, оғилдаги сигирлар орасидан ўтиб, хўрози олақанотни олиб чиқди. У ҳар доим уриштириб юрадиган жонажон хўрозини қучоқлаганча, шахд билан бу ердан чиқиб кетди. Эшматбой ўлик тулкига боққанча, Рихсиқулнинг ортидан қараб қолди…

Тошкент – Чилонзор. 2011 йил.