Шерзод Комил Халил. Бекинмачоқ (ҳикоя)

«Оқсуяк, чиллак, тўп, олатаёқ, кўчмак”, ҳаттто “бекинмачоқ” ҳам болалар учун найинки ўйин-эрмак, балки ростмана кураш, Изланиш-топиш, бу орадаги хафагарчиликлар, ўзларига хос изтироблару ғалаба нашъасини суришлари ҳақида хаёлга толсак беихтиёр шу фикрга келамиз: “Бу ўйинлар – шунчаки ўйин эмас, билъакс – ҳаёт. Яшаш учун курашнинг ўзига хос кўринишидир.”
Шукур Холмирзаев

Илмилиқ баҳор кунлари эди. Бироз хира, оқиш булутлар қишлоқ осмонида қўним топган, бамисоли оқ товуқнинг пари каби тарам-тарам бўлиб тизилганди. Биз шағал ётқизилган кўча бошида бекинмачоқ ўйнаш учун йиғилгандик. Биз деганимиз мен, Зарифа, Рафиқ гуппи яна бир-иккита бола. У болалар биздан бир-икки ёш кичик, Рафиқ гуппи аксинча, бир ёш катта, Зарифа иккаламиз эса тенгдош бўлиб, бешинчи синфни битириш арафасида эдик. Энди бекинмачоқнинг қоидаси шундайки, ўйиндаги болалар, аввал бошда давра бўлиб йиғилишади. Даврабоши бўлган киши қуръа билан ўйинда кимлар яширинишини бирор айтим билан белгилаб олади. Айтишнинг охирида қолиб кетган киши изловчи саналади. У кўзини юмиб тескари қараб туради-да, юзгача санайди. Саноқ тугагунча қолганлар яшириниб олиши шарт. Чунки изловчи юзгача санаб бўлгач, яширинганларни излашни бошлайди. Ўйин ҳамма топилгунга қадар давом этади. Биринчи бўлиб топилган киши, кейинги ўйинда изловчи бўлади. Изловчи бўлмаслигинг учун шундай жойда яшириниш зарурки, токи сени биринчи бўлиб топиша олмасин. Хуллас гапни қисқа қилсак, биз шу ўйинни ўйнаш учун кўча бошида тўпландик. Доимгидек Рафиқ гуппи ўзининг катталигини писанда қилиб айтим айта бошлади:

Эт-дим, бит-дим,
Бир теп-дим,
Поъ-езд йў-ли-га туш-дим.
Поъ-езд йў-ли бу-та-зор,
Бу-та-зор-да а-йиқ бор,
А-йиқ ме-ни қўр-қит-ди,
Қу-ло-ғим-дан сил-кит-ди.
Иқ-биқ, сен-чиқ.

Айтим айтаётганда у, ҳар бўғинда ҳар бир болани кўрсатиб ўтаркан, оҳирги бўғинда навбати келган бола даврадан чиқиб кетаверади. Рафиқ гуппи атайин мени охирида қолдирди. У лунжи осилган аввалдан шунақа, мени унча хушламасди. Афтидан у Зарифани мендан қизғонарди. Албатта буни юзимга айтмагану, аммо мен унинг ҳатти-ҳаракатларидан, ўзини тутишидан, Зарифа иккаламизнинг дўстлигимизни кўролмаслигини ич-ичимдан сезиб юрардим. Шунинг учун у мени айтишнинг охирида қолдириб, ўзи Зарифа билан бирон жойда яширинишни мақсад қилганди. Мен юзгача санарканман, болаларни Оқсувдарё томондаги чакалак томон югуриб кетганлигини тушуниб турардим. Чунки кўчамизда яшринадиган тузук-қуруқ жой йўқ, бундай жой бўлса, фақат чакалак атрофида эди. Санаб бўлганимда кўча бошида бир ўзим қолган, болалар зим-ғойиб бўлганди. Мен талмовсираб дарё бўйига тушдим. Соҳил ёқалаб аланглаганча чакалак томон юрдим. Юриб борарканман ҳар бир дўнглигу, харсангтошлар атрофига қарардим, нимадир кўриниб қолишига умид қилиб чакалак ичкарисига бўйнимни чўзиб, улоқиб борардим. Чакалакзор қуюқ дарахтлару майсалар билан қопланган, бу ерда ёлғиз юриш, бир қараганда кишини қўрқитади ҳам, аммо болаларнинг шу ерда эканлигига ишончим комил бўлгани учун бундан заррача ҳам ташвиш тортмаслигим тайин эди. Мен бурганзор оралаб борарканман, бирдан шу ўртадаги шивир-шивир қулоғимга чалинди. Тагида сув сизиб ётган ялпизлар теграсидан ўтиб секин ўша томонга яқинлашдим. Шу он кўзим бирдан қарағайлар танасида ўтирган Зарифага тушди. Ундан нарироқда ҳалиги икки бола ҳам кўриниб ўтирарди. Мен уларга сизларни топдим, чиқинглар у ердан десам бас эди. Аммо бундай қилсам бу гал изловчи Зарифа бўларди. Чунки, аслан олганда, мен уни биринчи бўлиб кўргандим. Бироқ қиз болани изловчи қилиш менга сира ҳам тўғри келмасди. Энди у Рафиқ гуппини ахтариб юрадими?! Йўқ бунақаси кетмайди. Рафиқ гуппи ҳам шу яқин орада бўлиши тайин. Уни биринчи бўлиб топаман-да, кейин бошқаларга яширинган жойингиздан чиқинглар дейман. Бу гуппи мени охирига қолдиргани учун, бу гал бир изловчи бўлиб таъзирини есин. Мен шундай ўйда атрофга секин алангларканман, Зарифани ёнида, шундай ўтлоқнинг ичида чўккалаб ётганига кўзим тушди. Вой, ярамас-ей, Зарифани ёнига ётганини қара! Мен ўша томонга яқинлашиб бордим-да:

– Рафиқ, чиқ ўтлоқни ичидан, – дедим. Кейин эса бошқаларга:

– Чиқинглар, – дедим.

Рафиқ гуппи менга ўқрайиб қараркан:

– Биринчи бўлиб кимни кўрдинг? – деди. Мен:

– Сени, – дедим.

– Ёлғон айтаяпсан? – деди у мен томонга яқинлашиб келаркан. – Сен анов болаларни ёки Зарифани биринчи кўришинг керак эди. Сабаби мен майсанинг ичида ётгандим.

– Мен сени кўрдим, – дедим. – Қора илонга ўхшаб майса орасида буришиб ётган экансан.

– Овозингни ўчир, – деди у менинг бўғзимга чанг соларкан. – Сен мени кўришинг мумкин эмас.

– Аммо мен сени кўрдим, – дедим унинг қўлини бўғзимдан олиб ташларканман. – Нима бу учун мени урасанми?..

Зарифа олдимизга югуриб келаркан:

– Бас қилинглар, – деди. – Агар урушадиган бўлсангиз мен ўйнамайман.

Шундан сўнг гуппи мендан нари кетаркан:

– Агар Зарифа бўлмаганда мендан яхшигина калтак ердинг, – деди.

Бошқа болалар бизга анграйиб қараб туришарди. Биз дийдиё билан чакалакдан ташқарига чиқдик. Тарам-тарам булутлар энди шаклини ўзгартириб водий осмонини қоплаб олган, тоққа қараб шамол эсарди. Назаримда Рафиқ гуппи билан бўлган бу дилшикасталикдан сўнг, нимдоғ булутларнинг оқиш юзи ҳам бироз қорайгандек эди. Қуёш булутлар тагида қолганди. Зарифа Рафиқ гуппига:

– Энди мард бўлинг, – деди. – У сизни топдим деяпди. Бу гал сиз изловчи бўласиз. Гуппи унинг сўзини қайтаролмади. Ҳатто Зарифанинг бу сўзидан сўнг, анча юмшаб ҳам қолди. Бошқа болалар – Даврон ва Замира ҳам Рафиқнинг бундай бўшашиб қолганлигига ҳайрон бўлиб қараб туришарди. Фақат менгина унинг нега бундай қилаётганлигини билардим. Бироқ бу ҳақда кейинроқ. Хуллас, гуппи изловчи бўладиган бўлди. Бу мен учун баъайни ғолибликдек гап эди. У олайиб қошларини чимирганча менга қараркан, мен унинг устидан кулгандек:

– Тескари қараб кўзингни юм, – дедим. – Энди биз яширинамиз.

Бу гап гуппининг жон-жонидан ўтиб кетди. У Зарифа билан мени ёнма-ён юришимни ҳар доимгидек сира истамасди. Мен буни ҳар доим мактабда ҳам, кўча-куйда ҳам ички бир ҳис билан сезардим. Биз яшириниш учун чакалак томонга югуриб кетарканмиз, Рафиқ гуппининг ичидан қандай қиринди ўтаётганлигини мен илғаб турардим. Чакалакка кирганимиз ҳаманоқ Даврон ва Замира шу яқин атрофга яширинишаркан, мен гуппини ичини баттар ёндириш учун Зарифани чакалакнинг узоқ чеккаси томон бошлаб кетдим.

– Шу атрофда яширинаверайлик, – деди Зарифа. – У барибир бизни биринчи топа олмайди-ку?

Мен ўзимни изловчи бўлган ҳолатимни эсладимда:

– Йўқ, – дедим. – Уни қандай айёрлигини билмайсан. У мени биринчи бўлиб топишга ҳаракат қилади.

– Худди сенга ўхшаб-а? – деди Зарифа мунчоқ кўзларини менга қадаб. – Нега унга нисбатан ғирромлик қилдинг?

– Нима, унинг ўзи ғирром-ку?! – дедим мен. – Сени ёнингда майсанинг ичида ётиб олганини қара. Чунки у биринчи бўлиб ўзини эмас, сени кўриб қолишимни истаган. Тушуняпсанми?

– Ҳа, – деди Зарифа, фақат бу гал майин овозда. – Ўзи аввал кимни кўргандинг?!

– Кимни бўларди?! Сени-да, – дедим мен. – Лекин қиз болани изловчи қилиш мен учун номардлик.

– Лекин бу ўйин, – деди Зарифа. – Нима эшитмаганмисан?

– Нимани?

– Ўйинни чидаганга чиқарган, – деди у. – Сен мени қиз бола деб аяб ўтиришинг керак эмас эди. Ўйин ҳаммага бир.

– Тушундим, – дедим мен. – Бошқа бундай қилмайман.

– Мана бу бошқа гап, – деди Зарифа чакка сочларини қулоғи ортига ошириб ёнимдан юриб келаркан. – Ўзи қаёққа яширинамиз.

– Мен бир жойни биламан, – Унга маънодор қарадим. – У жой Рафиқ гуппини етти ухлаб тушига ҳам кирмаган.

– Яхши, – деди Зарифа. – Нега уни гуппи дейсан?

– Гуппосдай семизлигини қара, – дедим мен. – Бу лақабни унга мен бермаганман. Орқа-равотдан ҳамма уни шундай дейди.

– Лекин сен ундай дема, – деди Зарифа. – Эшитиб қолса, сени калтаклайди, ўзи, нега у билан чиқиша олмайсан?

– Уни сенга… – Нима дейишни билмасдан тўхтаб қолдим мен.

– Нима менга?.. — деди Зарифа тушуниксиз алфозда. – Гапир?..

– Сенга яқинлашишга интилиши менга ёқмайди, – унга тўғрисини айтдим.

– Нималар деяпсан? – деди у. – Рафиқ менга тўғри айтган экан.

– Нимани? – дедим, таъжуб билан Зарифага қарарканман.

– Нима бўларди?! Сени эсингни жойида эмаслигини-да, – деди қиз.

– Вой ярамас-ей, – дедим мен. –У ҳали мен ҳақимда сенга шундай дедими?

– Ҳа, нима қилардинг уни? – деди Зарифа. – Агар мен бўлмаганимда боя у сени яхшилаб калтаклаган бўларди.

– Нима, Зарифа, сен уни тарафини олаяпсанми? – дедим мен.

– Жиннимисан, – деди у. – Ҳақиқатан ҳам ақлингни еб қўйибсан. Менга ким бўлибди у тарафини олиб. Фақат синфдошим калтак еб қолмасин деяпман.

Унинг бу гапидан кўнглим сал жойига тушди. Хайрият-ей, дедим ичимда. Шунда илк бор мен ҳам Зарифани Рафиқ гуппидан қизғонишимни ҳис қилдим. Аммо нима эди бу, дўстликми, ё бошқа нарса, буни ҳис қиладиган ёшда эмасдим. Фақат билганим Рафиқ гуппини Зарифага яқинлашишини ҳам, гапиришини ҳам истамасдим. Лекин буни Зарифага қандай айтардим. Мен уни чакалак ичкарисига бошлаб борарканман, илондарага яқинлашиб қолганлигимизни кўриб бирдан қўрқиб кетдим. Илондара деганимиз шу атрофдаги бир чуқурлик. У ерда баҳор келди дегунча шунақанги илонлар ғужғон бўлади-ки, уни бир кўрган киши кейин, хаёлидан кеткиза олмай бир неча кун қўрқиб юради. Мен ана шу Илондара ҳақида Зарифага айтишим керак деб ўйладим.

– Зарифа, бўлди у ёғига бормайлик.

– Нега? – деб сўради у, менга хиёл жилмайиш билан боқаркан.

– У ёқда Илондара бор.

– Илондара?! – ҳайратланиб менга боқди у. – Қанақа Илондара?!

– У ёққа бормаймиз, – дедим мен. – Ҳув анов чуқурда илонлар кўп. Шунақанги кўпки, кўрсанг қўрқиб кетасан.

– Юр, кўрамиз, – деди у қўлимдан тортиб . – Мен бунга қизиқаман.

– Йўқ, – дедим мен . – У ёққа бормаймиз. Мен қўрқаман.

– Қўрқма, – деди Зарифа. – Ёнингда мен бор-ку?

– Бормайлик, – дедим мен. – Ахир бекинмачоқ ўйнаяпмиз-ку? Орқага қайтиб бирон жойда яширинамиз. Билмасдан бу ёққа кўп юриб юборибмиз. Юр кетдик.

– Унда ўзинг кетавер, – деди Зарифа. – Бу мен учун бекинмачоқдан ҳам қизиқ. Уларни бориб кўраман.

У мени қўлимдан қўйвориб Илондара томонга кета бошлади. Мен ноилож унинг ортидан юрдим. У мендан тахминан ўн қадамча олдинда эди. Юриб бораркан, нохосдан бирдан додлаб юборди:

– А-а-а-а-а! И-лон! – деди у. Мен ўрнимда тақа-тақ қотиб қолдим. Сабаби Зарифанинг оёғи остида катта чамаси менинг билагимдай келадиган чипор илон маҳкам ўраниб олганди. Афтидан Зарифа уни тўсатдан босган бўлиб, илон жон ваҳмида унинг оёғига ўралганди. У “қутқар” дея мен томон чопиб келаркан, мен қўрққанимдан орқамга қараб қочдим. Бироз чопиб тўхтадим. Зарифа орқамдан йиғлаб югуриб келди. Унинг оёғига ўралган чипор илон шу яқин ўртада тушиб қолган ва қоқигуллар орасида қаёққадир ғойиб бўлганди. Зарифа эса ҳамон дод солиб йиғлар, мен эса унинг олдида нима қиларимни билмай турардим. У илон ўралган оёғини кўрсатиб йиғларди. Мен унинг ўша оёғига қарадим. Афтидан уни чипор илон чаққан, Зарифанинг оёғининг икки-уч жойи бироз қонаганди.

– Энди нима қиламан? – деб у оёғини кўрсатиб йиғларди.

– Қаттиқ оғрияпдими? – дедим мен нима қиларимни билмасдан.

– Йўқ, лекин жуда ҳам қўрқдим, — деди у.

Мен яқин ўртадаги чашмадан унга қўлимда сув олиб келиб бердим. У сувни бир-икки ҳўплам ичаркан:

– Сен ҳам қўрқдинг-а, – деди бирдан овуниб. Мен:

– Ҳа, бироз, – дедим. Биз ерда чўккаладик.

– Илон чақса нима бўлади? – деди у. Мен:

– Нима бўлишини билмайман, – дедим. Бироқ буни унинг ўзи айтди.

– Илон чақса одам ўлади, – деб эшитганман. – Лекин бу ёлғон экан. Мана мен тирикман-ку?!

У менга жилмайди. Шунда мен унинг оппоқ юзларига, чиройли қош-кўзларига, қирқ кокил қилиб майда ўрилган сочларига қараб, унинг ниҳоятда истарали ва келишимли қиз эканлигини кўрдим. Шунда мен уни нега Рафиқ гуппидан қизғанишимни тушундим. Мен уни яхши кўрардим. У менинг болаликдаги илк муҳаббатим эди. Биз шундай ўтирарканмиз, бир маҳал у ўзининг ҳолсизланиб бораётганлигини айтди. Ҳа, шундай деди-ю, шилқ этиб ерга йиқилса бўладими?! Мен уни ҳатто ушлаб қололмадим. Унинг юзига шапатиларканман:

– Зарифа, кўзингни оч, ахир нима қиляпсан, кўзингни оч, – дедим.

Лекин Зарифа кўзини очмади. Мен уни пайдарпай турткилай бошладим. Унинг атрофида шундай алфозда гирдикапалак бўларканман, бир вақт мен томонга кимларнингдир келаётганлигини кўрдим. Улар Рафиқ гуппи, яна Даврон ва Замира эди. Даврон, Замира ва Рафиқ гуппига:

– Ана улар, – деб бизни кўрсатди. Гуппи бизни кўриши ҳамоноқ югуриб келди.

– Нима бўлди унга, – деди у менга талмовсираб қараркан.

– Уни илон чақди, – дедим мен йиғлаб. – Катта чипор илон.

– Сен томошабин бўлиб ўтирдингми? – деди у менга бўкириб. – Қани, қаеридан чақди?

Мен Зарифани оёқларини кўрсатдим. Водариғ чипор илон чаққан жой қизариб қорая бошлаганди. Гуппи Зарифанинг оёғига энгашиб, оғзини қўйди-да илон чаққан жойни сўриб, ташқарига тупуриб ташларкан:

– Вақтни ўтказиб юборибсан, нега унга ёрдам кўрсатмадинг, – деди.

– Мен унга сув олиб келиб бердим, – дедим.

– Йўқол кўзимдан, – деди у. – Сув олиб келиб берган эмиш. Қанақа боласан ўзи?! Ахир Зарифа ўлаяпти.

– Ўлаяпти? – қулоқларимга ишонмай йиғлаб юбордим мен. – Йўқ, Зарифа ўлмайди.

– Уни тез уйига элтишимиз керак, – деди гуппи. – Қани уни елкамга ортишимга ёрдамлашиб юборинглар.

Менга Зарифани Рафиқ гуппининг елкасига қўйиш ёқмаса-да, ноилож Даврон ва Замирага қўшилиб унга ёрдамлашдим. Рафиқ гуппи уни орқасига кўтариб оларкан, мен ва Даврон унинг икки ёнидан маҳкам ушлаб олдик. Гўппи ўлардай бақувват экан. Зарифаларнинг уйигача дам қўймасдан югургудай бўлиб борди. Мен ва Даврон орқамиздан келаётган Замира ҳам чопа-чопдан чарчаб, ҳалиқлаб қолдик. Гуппи Зарифанинг ота-онасига уни бекинмачоқ маҳали Илондарада илон чаққанлигини айтди. Зарифанинг ота-онаси қизларини зудлик билан касалхонага элтишди. Менга маълум бўлишича, у ерда унга қандайдир вакциналар қилишибди. Афсуски бу нарсалар унга фойда қилмабди. Уни кечга яқин қайтариб олиб келишди. Заҳар қонга тарқаб кетган экан. Жони касалхонада узилибди. Эртасига аза очилди. Уларнинг уйига мени қўйишмади. Кейин билсам Даврон ва Замирани ҳам, ҳатто гуппини ҳам қўйишмаган экан. Мен уйда йиғлаб ўтирдим. Кўчамиздан унинг тобутини олиб чиқишганда, битта-бита ёмғир ёға бошлади. Ёмғир тинимсиз уч кун ёғди. Гўё осмон ҳам Зарифанинг ўлимига кўз ёш тўкаётган эди. Учинчи кун, тушдан сўнг ёмғир қолганда, мен уни зиёрат қилиш учун яширинча қабристонга бордим. Не кўз билан кўрайки Рафиқ гуппи Зарифанинг қабри тепасида йиғлаб ўтирарди. Мен унинг тепасига бордим. Тўғрироғи, гуппини кўриб Зарифанинг қабри шу бўлса керак деб ўйладим. У менга ҳатто эътибор ҳам қилмади.

– Унинг қабри тепасида сенга нима бор! – дедим мен.

– Мен уни севардим, – деди у менга қайрилиб ҳам қарамасдан.

Мен нима дейишимни ҳам билмасдан унинг ёнида чўккаладим. Шу кўйи қанча ўтирганимизни билмайман. Кеч кира бошлаганда, мен уйга қайтиш лозимлигини англадим. Лойшанг қабристонни оралаб чиқиб кетарканман, гуппи ҳамон ўша ерда қимир этмай ўтирганлигини кўрдим. Қабристон йўлагидан ташқарига чиққанимда, унинг қаттиқ ўкраб-ўкраб йиғлаётганини эшитдим:

– Зарифа мен бундай бекинмачоқ ўйнашни истамайман, – деб йиғларди у. – Бундай бекинмачоқ ўйнашни истамайман. Эшитаяпсанми, Зарифа?!

Тошкент – Чилонзор. 2011 йил.