Шерзод Комил Халил. Найранг (ҳикоя)

Ҳализамон қуёш чиқиб турганига қарамай бемаврид ёмғир майдалай бошлади. Лагерь ошхонасига аста қадам ташлаб кирсам Кечин ошпаздан бўлак ҳеч ким йўқ экан. У мени кўрган заҳоти ҳар доимгидек афтини буриштириб қарши олди.
– Ҳали овқатлар пишгани йўқ , – деди у хумрайиб.
Мен врач сифатида лагердаги овқатлар сифатини назорат қилардим. Албатта Кечин ошпазнинг овқатларининг сифати ҳам, ошхонани саранжом-саришта тутиши ҳам менга доимгидек мақул эрса-да, бироқ унинг совуқ муомиласи ва менга бўлган муносабатидан кўнглим ранжирди. Йўқ, уни табиатан хумрайган бадқовоқ инсон деб бўлмасди. Ўзгаларга мунособатларини кузатиш жараёнида мен унинг ниҳоятда одамохун инсон эканлигини кўп бора кузатганман. Шунинг учун айтишим мумкинки, унинг совуқ ва тунд муомиласи асосан менга қаратилганди. Бу сафар ҳам у мени шундай қарши олгач, ундан очиқчасига менга бўлган тунд муносабатининг сабабини сўрадим. Кечин ошпаз бир муддат менга ҳайрон бўлиб тикилиб қоларкан:
– Наҳотки сизга қўпол муносабатда бўлаётган бўлсам?! – деди.
– Назаримда сизнинг мени кўришга умуман ҳушингиз йўқ, — дедим мен. – Мен сизга нима ёмонлик қилибманки, менга бундай муомиладасиз?
– Асло ундай эмас, – деди у. – Кечиринг, мен ўзим билмаган ҳолда сизга шундай муомила қилибман.
У олдимга хуштаъм лимон чой дамлаб келаркан, мен унга:
– Келинг ўзингиз ҳам ўтиринг, – дедим.
Кечин ошпаз “духобка”да ҳозиргина пишган кекслардан олдимга олиб келаркан, қаршимдаги стулга чўкди. Сўнг чашкаларга лимон чой қўйди ва улардан бирини менга узатаркан:
– Сизга бир гап айтайми? – деди. Унга қараб юзланарканман:
– Албатта, қулоғим сизда, – дедим.
– Сизга қилган совуқ муомиламнинг боиси сизнинг врачлигингиз билан боғлиқ, – деди. – Ишонинг, бунда сизнинг сира айбингиз йўқ. Шунчаки, бир врач бир пайтлар мени роса “тушириб” кетган. Шундан буён врач зотини кўрсам қоним қайнайди.
– Шундай денг, – дейман. – Нима бўлганди ўзи? У қандай доктор эканки, сизни “тушириб” кетади.
– У доктор эмас, ғирт найрангбоз, аблаҳ деяверинг, – унинг ич-ичидан ғазаби тошиб келди. – Мен у билан шу ерда, мана шу лагерда танишгандим. Минг лаънат бўлсин ўша кунга. Ўшанда «Гулнора» лагерида янгитдан ошпаз бўлиб келгандим. У эса Тошкентдан доктор сифатида шу ёққа ҳам иш, ҳам дам олиш мақсадида келган экан. Сочи силлиқ таралган, мўйлаби эндигина сабза урган, новча олифта йигит. Кўрсангиз энсангиз қотади. Институтда докторлик дипломини олган заҳоти касофатни шу ёққа юборишибди. Исми ҳам Ноилми, Нойилми хуллас шунақа эди. У ҳам сизга ўхшаб лагердаги овқат сифатини текшириш учун ошхонага тўрт маҳал кириб турарди.
– Мен овқатдан тановул қилмагунимча болаларга овқат суза кўрманг, – дерди у. Мен нима ҳам дердим. У доктор бўлса, лагерга келган болаларнинг соғлиғи учун жавобгар инсон. Шунинг учун уни айтганини қилардим. Айтганини қилардим эмас, ўша касофатни ҳурмат қилиб, ўзимга яқин олибман. Мен саводсиз бир оми, у киши доктор, ўқимишли ақлли одам дебман. Мутахасислигим кардиолог, дерди у. Юрак дўхтири, буни сиз мендан кўра яхши биласиз. Ўша пайтда у ҳам, мен ҳам бўйдоқ эдик. Ҳар куни ошхонага тўрт маҳаллаб келганидан унча-мунча яқин ҳам бўлиб кетгандик. Тўғри у менга пича юқоридан муомила қилар, мен ҳам худди шундай уни ўзимдан юқори тутиб ҳурмат қилардим. У мени шунчаки Кечин дерди, мен эса унга доктор Ноил деб мурожаат қилардим. Бир куни доктор Ноилни уйланиш тўйимга айтмоқчи бўлиб, бу ҳақда унга сўз очдим.
– Тўй қачон бўлади, – деди у.
– Лагердаги “паток”ларни тугатиб олайлик, насиб бўлса куз ойларида режалаштиряпмиз, – дедим.
– Яхши, – деди у. – Ишқилиб мен Тошкентга қайтиб кетмасимдан олдин қилинг-да. Кечинни тўйида қатнашсак қатнашибмиз-да. Ҳа, дарвоқе, келинбола ўзи чиройлими?
– Ойдеккина, – дедим мен соддалик билан.
– Бирон кун, келинболани ҳам лагерга олиб келинг, биздек дўстларингиз билан ҳам бир таништириб қўйинг. Ахир энди бегона эмасмиз. Дўст сифатида келажакда ҳам борди-келди қилармиз. Нима дедингиз-а ?!
– Албатта, – дедим мен. – Уни сиз билан бирон кун таништиришга ваъда бераман.
Мен унинг аблаҳлигини қайдан билибман. Нияти бузуқлигини пешонасига ёзиб қўймаганку?! Мен ахмоқ соддалик қилиб, унинг найрангларига учиб Сунбулани у билан таништирибман. Сунбула хипчабел, қомати келишган кўзга яқин қиз эди. Қоракўзлар, узун киприклар, қайрилма қошлари жон олай дерди. Мен у билан унаштириб қўйилгандим. Хуллас, доктор Ноилни дўстим сифатида қайлиғим Сунбула билан таништирдим. Мен лагердаги болаларга овқат тарқатгунимча доктор Ноил Сунбула билан алоҳида столда ўтириб турди. Доктор Ноил ниҳоятда назокат билан Сунбулага савол берар, қайлиғим уялиб, тортиниб жавоб берарди. Мен бундай тангликдан уни қутқариш учун болалар овқатини тарқатиб бўлганим ҳамоноқ уларни олдига бордим.
– Зерикмай ўтирибсизларми? – дедим.
– Йўқ, асло, – деди доктор Ноил. – Кечин, қайлиғинг сенга жуда мос экан, аммо …
– Нима аммо, – дедим мен унга. У гапни чалғитиб:
– Йўқ, шунчаки тилимдан чиқиб кетди, – деди у. – Биласанми Кечин, Сунбула икаланг, бирор кун мени қабулимга келинглар. Бир иш бор.
– Нима иш экан? – дедим мен. Сунбула ҳам тараддудланиб унга қаради.
– Мен Сунбулада жиддий бир нарса пайқадим, буни қабулимда келганларингда гаплашамиз. Майли, ҳозирча соғ бўлинглар бўлажак келин-куёвлар. Мен энди борай, сизларни ҳам холи қолдирай. Кечин, қайлиғинг билан таништирганингдан хурсандман.
У шундай деб, мен ва Сунбулани ҳангу-манг қолдирганча ўрнидан туриб кетди. Биз унинг ортидан қараб қолдик. Мени ҳайрон қолдирган нарса, унинг Сунбулада нимани пайқаганлиги эди. У кетгач Сунбула:
– Кечин ака, бу доктор Ноилингиз жуда ғалати одам эканми? – деди. Мен ундан:
– Нега ундай деяпсан? – деб сўрадим.
– Энди кўриб турганига қарамай, менга шундай мулозамат қилди-ки, яна ғалати-ғалати саволлар ҳам берадими-ей.
– У сенга нималар деди?..
– Шу бизнинг Кечинни ростдан ҳам севасизми деса бўладими?! Нима мен уни сирдош ўртоғиманми?..
– Тўғри айтганда, – дедим мен, доктор Ноилнинг ҳали менга нисбатан ғаразини билмаганим учун. – Ростдан ҳам мени севасанми?!
– Эй боринг-ей, – Сунбула ўрнидан туриб кетди. – Сизга ҳам ғалатилик доктор Ноилдан юққан шекилли.
– Қайдам, – дедим мен, уни кузатиш учун ташқарига чиқарканман. – Лекин у сендан нимани пайқаганини тушунолмадим.
– Менимча жинни у, – деди Сунбула. – Пайқаган эмиш.
У доктор Ноилнинг устидан қотиб-қотиб кулди. Шу билан мен уни кузатиб ошхонага қайтдим. Орадан бир-икки кун ўтди. Доктор Ноил шошилинч келиб-кетиб юргани учун Сунбула ҳақида унга оғиз очишга журъат қилмадим. У ҳам менга бу ҳақда бошқа гапирмади. Аста-аста доктор Ноил ошхонага келмайдиган бўлди. Ҳамширадан овқатни идишда сузиб доктор қабулига олиб боришимизни айттириб юборадиган одат чиқарди. Мен гоҳ ўзим, гоҳ ёрдамчиларим овқат сифатини назорат қилиш учун доктор Ноилнинг қабулига бордим, бироқ у бандлигини рўкач қилиб, бизни олдига киритмади. Ҳар гал овқатни ҳамшира унинг олдига олиб кирди. Доктор Ноил билан аввалдан яқинлигимиз учун ҳамширанинг сўзига ҳам қарамасдан бир гал унинг олдига бостириб кирдим.
– Нима гап?! – деди у ноодатий совуққонлик билан.
Мен унинг ўтирган курсисига бориб саломлашиб қўлини оларканман:
– Мен тушунмадим, ўзингизда нима гап? – дедим. – Ошхонамизга бормай қўйдингиз? Биздан бирон хафагарчилик ўтдими?
– Ўтганда қандоқ? – деди у. – Бизнинг Кечин докторларнинг гапини назар-писанд қилмайдиган одам бўлса, биз ким бўлибмиз-ки, унга таъсир ўтказсак.
– Ундай деманг доктор Ноил, – дедим мен. – Мен сизни жуда ҳам қаттиқ ҳурмат қиламан.
– Тилингиз бошқа, дилингиз бошқа, – деди у. – Мен буни сизнинг ҳатти-ҳаракатларингизда кўрмаяпман.
– Нега ундай дейсиз? – дедим мен. У менга жаҳд билан тик қараркан:
– Нега Сунбулани ҳалигача қабулимга олиб келмадингиз? – ўшқирди у.
– Сунбулани?! – дедим мен ҳайрон бўлиб. – Уни нега олиб келишим керак?..
Бирдан унинг Сунбула билан таништирганимдаги гапи эсимга тушди.
– Демак уни мендан рашк қилаяпсиз? – деди у. – Мен дўст сифатида сизнинг фойдангизни ўйлаб ўтирибмана.
– Нималар деяпсиз доктор Ноил, – дедим мен. – Асло ҳеч кимни рашк қилаётганим йўқ. Ҳаммаси эсимда. Фақат Сунбула ўтган галги сўзларингизда жиддий муносабатда бўлмагани учун мен нима дейишга ҳам ҳайронман.
– Майли Кечин, сен ҳайрон бўлиб юравер, охири пушаймон бўлмасанг бўлгани.
– Нега ундай дейсиз доктор?..
– Сен Сунбула билан кел, уни албатта текшириб кўришим керак. Сенга айтмоқчи бўлган гумонимни кейин айтаман. Бу ниҳоятда жиддий масала тушуняпсанми? Яқин орада у сени хотининг бўлади ахир.
– Тушунаман, – дедим мен, гарчи гап нима тўғрисида бораётганлигини билмасам ҳам.
Шу билан суҳбатимиз ниҳоясига етди. Мен эртага Сунбулани унинг қабулига олиб келишга ваъда бериб, у билан хайрлашиб чиқиб кетдим. Эртасига тушдан кейинги қабулда Сунбула билан унинг ҳузурига бордим. У ўзининг яна аввалгидек назокатли ва нозиктаъб тутди. У Сунбулага:
– Хоним ўтган гал сизда нимани пайқаганимни биласизми? – деди. Сунбула:
– Йўқ, доктор, — деди.
– Сизнинг хушрўй ва соҳибжамоллигингизни, – деди у. Мен доктор Ноилга илкис қарадим. Сунбула ҳам ундан бундай жавоб кутмагани учун чўчиб менга қаради. Лекин доктор Ноил мутлоқо бехавотир ҳолда:
– Хоним нега чўчийсиз, бу гаплар, мана бу рашкчи Кечинни қитиқ патига тегиб қўйиш учун омади бир гапда, – деди. – Ростини айтадиган бўлсам, Сунбулахоним сизни ўша куни қўлларингиз титраганини пайқадим.
– Йўғ-ей, қўлларим нега титрар экан?! – ҳайрон бўлди Сунбула.
– Сиздан уялгандир-да, – дедим мен.
– Йўқ, – деди доктор Ноил сўзимни шарта кесиб. – Бу ерда уят ва ҳаё ҳақида сўз кетаётгани йўқ. Гап Сунбулахонимнинг соғлиғи тўғрисида кетмоқда.
– Мен соппа-соғман, – деди Сунбула.
– Мен ҳам сизни хоним, мана бу Кечин учун доимо соғ-саломат бўлишингизни тилайман. Агар рухсат этсангиз, сизнинг юрагингизни кардиограмма қилсамда, кейин бу ҳақдаги мулоҳазаларимни баён қилсам.
Унинг бундай жиддий гапириши Сунбулага ҳам, менга ҳам ўз таъсирини ўтказди. Сунбула текширувга розилик берди. Мен унинг фикрини ичимдан қўллаб-қувватладим. Доктор Ноил Сунбулани кардиограмма қилмоқчилигини айтиб, уни ўз ҳузурига олиб қолди. Мени эса ташқарига чиқариб:
– Ярим соатлардан кейин келинг. Қайлиғингиз сиздан уялмасин. Мен уни текшириб бўлганимдан сўнг, бу ҳақда сиз билан алоҳида гаплашамиз, – деди. Мен:
– Унда ярим соатлардан сўнг келаман, – деб ошхонадан хабар олгани кетдим. Лагердаги болалар учун соат тўртларда бериладиган чойни тайёрладим. Ёрдамчиларимга бу ёғини ўзларинг уюштираверинглар деб кўрсатма бердим-да, айтилган муддатда доктор Ноилнинг қабулига бордим. Доктор текширувларни тугаллаб бўлган, Сунбула билан у ёқ бу ёқдан гаплашиб турган экан. Мен келганимни билгач:
– Кечин, кир, – деди. Мен ичкарига кирдим.
– Нима гап тинчликми? – дедим.
– Ҳа, – деди. – натижаларни эртага маълум қиламан. Иккалангизни ҳам эртага шу маҳалда шу ерда кутаман.
Биз у билан хайрлашиб чиқдик. Мен Сунбулани кузатиб қўйдим. У мен билан гаплашишга унча ҳуши йўқдек кўринди. Шунинг учун уни кузатганим ҳамоноқ доктор Ноилнинг олдига кирдим.
– Нима гап доктор, – дедим. – Сунбула ғамгиндек кўринди менга.
– Кечин, мана бу ерга ўтир, – деди у менга бўш стулни кўрсатиб. Мен у айтган жойга ўрнашиб олдим. – Биласанми нима?! Қайлиғингда миакард инфарктининг белгилари бор. Дастлабки бошланғич “форма”да.
– Бу жуда ёмонми? – дедим мен, миакард инфаркти ҳақида ҳеч нима билмаганим учун.
– Бўлмасамчи, – деди у. – Лекин буни унга айтмадим. Олдин сен билан маслаҳатлашай дедим.
– Тўғри қилибсиз доктор, – дедим мен. – Уни даволаса бўлади-а?
– Албатта, – деди доктор Ноил. – Қайлиғингиз учун Карлови-Варига “путёвка” олиб бероласанми?..
– Қаерда у жой? – дедим мен.
– Чехославакияда, – деди у. – Агар тегишли пулни топа оламан десанг, “путёвка” олишда ёрдам бераман. “Путёвка”ни иккита олиш лозим.
– Биттасига кимга? – дедим мен.
– Кимга бўларди, сенга-да. Нима уни Чехославакияга ёлғиз юбормоқчимисан?
– Йўқ, албатта, – дедим мен. – “Путёвка” қанча тураркан?..
– Мен буни эртага Тошкентга телефон қилиб, билиб бераман. Фақат ҳозирча бу ҳақда Сунбулага оғиз оча кўрма.
– Яхши, -дедим мен. – Ҳаммасини сиз айтгандек қиламан.
Эртаси куни тушликда у ошхонадаги овқат сифатини текширгани келганида “путёвка”ни суриштириб билганини, нархи фалон пул эканлигини айтди. “Путёвка” нархини эшитиб мени кўзимдан ўт чиқиб кетди.
– Нимага қалтирайсан Кечин, — деди у. – Ё, Сунбула Карлови-Варига боришга арзимайдими? Нима, шу пулни қайлиғингдан қизғонасанми?..
– Балки ўзимизда ҳам даволаса бўлар, — дедим.
У Қовоғини уйди. Овқатни эринмай текшираркан:
– Бунча зиқна бўлмасанг, – деди. – Отангни сурувидаги қўйлардан сот, нима камайиб қолармиди?!
Унга отамнинг чўпон эканлигини Сўқори тоғларида уч юздан ошиқ қўйларимиз борлигини айтиб бергандим. Доктор Ноил шунга шаъма қилаётганди. Мен унга нима дейишимни ҳам билмасдим. Ҳали уйланмаган қизимни Карлови-Варига олиб боришга қандай журъат қилардим. Бу мени қўлимдан келармиди?! Отамдан қўйларни сотишни қандай сўрайман?! Сунбуланинг ота-онасиданчи?! Хуллас, ўйлаб ўйимга етолмасдим. Мени каловланиб қолганимни кўрган доктор Ноил:
– Кечин, сени бунчалик зиқна, деб ўйламагандим, – деди. – Сунбулани тирноғига ҳам арзимайсан.
У мени олдимдан шундай деб чиқиб кетди. Мен уни дўст деб билганим учун келажагимни ўйлаб менга юраги ачияпди деб ўйлабман. Тушдан сўнг, унинг қабулига борганимда мен унга ҳаммасига розилигимни айтдим.
– Ана энди ўзингга ўхшаяпсан Кечин, – деди у. – Унда Сунбулани чақир, мен унга ҳаммасини тушунтираман. Фақат Карлови-Вари ҳақида оғзингдан гуллаб ўтирма. Менда бир режа бор. Сен ва уни Карлови-Варида учраштириш.
– Ахир қандай қилиб? – ҳаяжонланиб унга қарайман.
– Буни кейин кўрасан. Буёғини менга қўйиб беравер. Сен яхшиси ҳозир Сунбулани бу ёққа жўнат-да, ўзинг “путёвка” ва самолёт билетларига пул ҳозирла. Бу сенга тўй олди саёҳати бўлади. Мени сенга берадиган ёрдамим шу. Кейин бир умр эслаб юрасан.
Мен у айтгандек қилдим. Сунбулани уни олдига жўнатдим-да, ўзим йўл ҳозирлигига пул ҳозирладим. Отам анча қаршилик қилса-да, уни кўндирдим. У сотиладиган қўйларни менга ажратиб берди. Икки ҳафтага қолмасдан доктор Ноил айтган пулларни унга келтириб бердим. У пулларни “путёвка” ва билет харид қилиш учун авиакассада кассир бўлиб ишлайдиган укасига бериб келиш учун Тошкентга жўнаб кетди. Орадан кўп ўтмай яна лагерга қайтиб келди. Менга:
– Тайёргарлигингни кўравер, яқин орада Сунбула билан Карлови-Варига кетасан, – деди. – Айтмоқчи, унга бу ҳақда гапирмадингми?!
– Йўқ, – дедим мен. – Ҳаммаси сиз айтгандек кетмоқда.
– Унда яхши, – деди у. – Мен Сунбулага Карлови-Варига бир ўзи кетишини айтдим. Самолёт ва “путёвка” тўғрилаб бераман дедим. У ёққа боргандан сўнг, сени кўриб ҳангу-манг бўлиб қолади. Ўшанда унга ҳаммасини қандай бўлса, шундайлигича айтиб берасан. Мен сени ўз укамдек кўрганим учун бахтли бўлишингни тилайман.
– Рахмат доктор, – дедим мен. – Бу яхшиликларингизни ҳеч қачон унутмайман.
Шу билан орамизда бошқа айтарли гап ҳам бўлмади. Доктор ҳам, мен ҳам ўз ишимизни қилиб юравердик. Бу орада лагерда “паток”лар ҳам якунланиб қолди. Доктор бир куни мени олдига чақириб Тошкентга қачон етиб боришимни айтди.
– Билет ва “путёвка”ларни аэропортда қўлингга тутқизаман, – деди. – Энди Сунбула билан учрашмай тур. Бира тўла ўша ёқда кўришасан. Унга “сюрприз” бўлади.
– Хўп бўлади доктор, – дедим мен.
Шундан сўнг биз бошқа гаплашмадик. Кейин билсам у аблаҳ менинг қулоғимга “лағмон” илиб юрган экан. У Сунбула билан қабулда бўлганида имкон қадар ўзини яхши кўрсатиб, мени эса обрўсизлантириб юрганлигини мен кейин билдим. У Сунбулага билет ва “путёвка” олиб беришини, у ердаги саноторияда даволанишини, сўнг турмушга чиқаверасиз деб айтган. Шундай имкониятдан ҳозир фойдаланмасангиз, кейин бу Кечин сизни ҳеч жойга ҳам олиб бора олмайди деган. Қиз унинг гапларига лаққа тушган. Мендан бегонасираб аста-секин унга яқинлаша бошлаган. Мен ўшанда буни афсуски илғамабман. Доктор Ноилнинг сўзларига ишонганим учун мен ахмоқ, Сунбула билан бошқа гаплашмадим. Сунбула албатта мени келишимни кутган. Лекин доктор Ноил биласизми унга нима деган?..
– Сизнинг касаллигингизни эшитиб у сиздан ўзини олиб қочиб юрибди, – деган. – Карлови-Варида дам олиб келаверинг, балки тузалганингиздан сўнг унга керак бўлиб қоларсиз.
Бу гапларни менга кейинроқ доктор Ноилнинг ҳамшираси айтиб берди. У Сунбулани мана шундай тарзда аста-секин мендан айнитиб борган. Ўзи эса унга қадамба-қадам яқинлашган. Лагердаги “паток”лар тугагандан сўнг айтилган вақтда доктор Ноил билан аэропортда учрашгани бордим. Лекин уни топа олмадим. Сунбулани ҳам Тошкентга кетганини эшитгандим. Бироқ на Сунбуладан, на доктор Ноилдан дарак бўлди. Бир неча кунлик сарсон-саргардонлик сўнг Тошкентдаги авиакассаларидан бирида кассир бўлиб ишлайдиган унинг укасини қидириб топдим. Ундан акасини сўрадим.
– Акам Сунбула деган қиз билан Москва орқали Карлови-Варига учиб кетди, — деди у.
Уни ўша ернинг ўзида ўлдиргудай дўппосламоқчи эдим, одамлар ажратиб қолишди Тўғри, унинг айби йўқ эди. У акасининг кирдикорларидан умуман бехабар экан. Шундан сўнг, нима қилишни ҳам билмай қолдим. Мени боплаб алдаб кетган доктор Ноилни ичимда ҳам, ташимда ҳам бўралаб сўкканча бир неча кунлар Тошкентда сандироқлаб юрдим. Ўзим Карлови-Варида ишлатмоқчи бўлган пулларни сарфлаб бўлгач, Рембранднинг “Оқпадар ўғилнинг қайтиши” картинасидаги йигитга ўхшаб, уйга шумшайиб қайтдим. Мен у картинани мактабдаги тарих дарслигида кўрганман. Ҳа, аҳволим маънан худди ўшандай эди. Отам ва онамга бўлган воқеанинг ҳаммасини рўйи-рост айтдим. Бир кўнгил қўйларни қолганини сотиб бўлса ҳам Карлови-Варига бориб, ўша доктор Ноилни сўйиб ташламоқчи ҳам бўлдим. Аммо отам шаштимдан қайтарди.
– Мени бутун умрлик молу-дунёмдан айириб кафангадо қилмоқчимисан, – деди у.
Унга нима ҳам дердим. Хўрлигим келиб, узоқ вақтлар отамнинг ёнига тоғу-тошларга чиқиб кетдим. Чўпонлик қилиб қўйларни боқиб юрдим. Одамларнинг юзига қандай қарардим. Шу тахлит Сунбулани келишини кутдим. У келганда ҳаммасини гаплашиб олмоқчи бўлдим. Бироқ афсуски, Сунбула ҳам қайтмади. Орадан уч-тўрт йиллар ўтгач уйимизга Прагадан телеграмма келди. Телеграмма доктор Ноилдан эди. Унда шундай ёзилган эди.
Қадрли Кечин!
Мендан қаттиқ хафалигингни биламан. Аммо на илож. Югурганники эмас, буюрганники бўлади. Сунбулани Карлови-Варига ўзим олиб кетишни маъқул кўрдим. Чунки уни биринчи кўришдаёқ қаттиқ ёқтириб қолдим. Менга қизингни таништир деганимда, унга кейин ўзим уйланаман деб ўйламагандим. Лекин тақдир экан. У мени юрагимдан уриб қолди. Шунинг учун кардиограмма ҳақидаги найрангни ўйлаб топдим. Унга етишишим учун менда бошқа йўл йўқ эди. Бахтимга сенинг соддалигинг иш берди. Мен Сунбулани Карлови-Варига олиб келганимдан кейиноқ бир ҳафтага қолмасданоқ ўз ниятимга эришдим. Узоқ қаршиликдан кейин ниҳоят у меники бўлди. Шундан кейин сени хаёлидан чиқариб ташлади. Тўғри у йиғлади, ўзини ўлдирмоқчи бўлди, энди қандай бош кўтариб юраман, деди. Аммо мен уни сақлаб қолдим. Ҳаммасини уйланиш учун уюштирганимни унга тушунтирдим. Мақсадим асло эрмак қилиш эмас эди. Лекин сен Кечинни хафа қилганимни биламан. Мен “Анелик” орқали сенинг номингга пул юбордим. Ушбу пулларни олиб отангни пулларини қайтариб беришинг мумкин. Лекин менинг олдимга келишни асло хаёлингга келтирма. Ўч олишни ҳам ўйлама. Карлови-Варидаги “роман”дан сўнг мен Сунбулани ўз никоҳимга олдим. Кейин биз Прагага кетдик. Прага катта шаҳар. Бу ерларга келсанг адашиб қоласан. Мен катта бир клиникада кардиолог бўлиб ишга кирдим. Ўша ерда бир бадавлат словакни операция қилдим. У мени Прагада ижарада яшаётганимни эшитиб ўзи яшайдиган Братиславага таклиф қилди. Биласан, Чехославакия ҳозирда Чехия ва Словакияга бўлиниб кетган. Мен операция қилган ўша словак давлат амалдорларидан бири. У менга ўша қилган яхшилигим учун ҳовли-жой совға қилди. Энди хотиним Сунбула ва болаларимни олиб Братиславага кўчиб кетамиз. Эҳтимол бу хат сенинг қўлингга борганида биз Братиславада бўлармиз. Албатта Тошкентни қаттиқ соғиндим. Лекин буни сенга айтганимдан нима фойда. Майли сен ҳам бахтли бўл. Сунбулани энди унут. Бирор яхши қиз топиб уйлан. Фақат мендан хафа бўлма. Кечин, сен ўз номингга мувофиқ Сунбулага етишишга кечикдинг. Бу воқеаларни хотирангдан буткул ўчириб, бахтли яшашингни тилайман, деб доктор Ноил.
Ундун ана шундай мазмундаги хатни олгач, бутунлай тамом бўлдим. У хатга илова тарзда Сунбула ва болалари билан тушган суратларни ҳам менга жўнатибди. Уларни кўриб мен тамом бўлдим. Лагерга ишга келадиган врачларни нега ёмон кўришим сабабини энди тушунгандирсиз?!
Мен ошпаз Кечин пиширган охирги кексни тановул қилганча, лимон чойдан ичарканман, унга бошимни сараклатиб қўйдим.
– Ҳозир уйлангандирсиз-а?.. – дедим.
– Ҳа, ўлибманми, уйланмай, – деди у. – Хотиним ва тўрт фарзандим бор.
Ошпаз Кечин ўрнидан тураркан:
– Ҳализамон болалар келади, — деди. — Овқатни сифатини кўриб беринг. Мен:
– Албатта, – дедим. – Лимон чой ва кекс учун рахмат.
Лагер ошхонасидан ташқарига чиққанимдв, ёмғир ёғишдан тўхтаган, қуёш чарақлаб турарди. Қабулхонага бориб қанча ўтирганимни билмайман. Нимага дейсизми?! Йўқ, ошпаз Кечиннинг ғамгин тақдиридан ўйга ботганим йўқ. Мен шунчаки ошпаз Кечин айтиб берган, ўша доктор Ноилни танирдим. Ҳа, таниганда ҳам жуда яхши танирдим. Чунки у мени амаким бўларди. Энди мени танигандирсиз. Ҳа, мен ўша, ошпаз Кечин дўппосламоқчи бўлган кассирнинг ўғли доктор Ёқубман. Мен шу пайтгача ҳар доим амаким билан фахрланиб юрардим. Чунки у ҳозир ҳам Европада таниқли докторлардан бири, мен шунинг учун унинг жияниман деб кези келса бировга сўз бермасдим. Амакимнинг йўлидан юрай деб мана шу Оқсувдарё бўйида, ўрмон ичкарисидаги “Гулнора” лагерига ишга келгандим. Энди у ҳақидаги ҳақиқатни эшитгач, балки ҳаётга теран қарарман. Бас, амаким ҳақида энди ҳеч кимга гапирмайман. Ҳатто ошпаз Кечинга ҳам, энди мени тушунгандирсиз. Йўқ, бу қўрқаётганим учун эмас. Бу – бу ҳақда бошқа гапиришни истамаслигим учун. Ҳа, ана шунақа, азиз биродар.