Шавкат Ёдгоров. Кўчиш (ҳикоя)

— Буларни нима қилсам экан, олиб кетайми…
У капрон арқон билан тахлам-тахлам қилиб боғлаб ташланган китобларга қараб ўйланиб қолди. Эскириб адо бўлаёзган курсига омонат чўкар экан, китоблардан бирини «той» ичидан суғуриб олди: «Жамиятшунослик хрестоматияси». Яқин орада қўл тафтини кўрмаган китоб муқовасидаги қотиб қолган оҳак юқини енги билан артиб ташлади. Қуйма мато қопланган пишиқ муқова ҳалиям тароватини йўқотмабди. Уни варақлар экан, ўзини умрида биринчи марта китоб ушлаётган одамдай ҳис қилди. Димоғига урилган жудаям қадрдон, жудаям тотли, таниш исдан ҳушёр тортди. Бу ахир китоб иси-ку! Фақатгина китобда бўладиган, бошқа ердан топиб бўлмайдиган қандайдир ажиб, унутилаёзган хотираю туйғуларни эсга соладиган ис! Китобни юзига қоплаб тўйиб-тўйиб ҳидлади. Негадир кўнгли тўлиб, йиғлагиси келди. Сўнг бир нима эсига тушгандай шошиб муқованинг ички томонига кўз ташлади. Ўзига таниш, қадрдон ёзув: «ТошДУ — 1984. Апрел. Шахсий кутубхона…».
«Йигирма йилдан ошибди. У пайтлар умримнинг баҳори эди. Ўзим ҳам баҳорни, айниқса апрелни севардим… »
— Нази, нима қилаяпсан? Шу пайтда китоб ўқишга бало борми? Турсанг-чи, машина келгунча нарсаларни тахлаб улгуриш керак.
Иддао билан қараб турган эри кўзига дағалу нотавон кўриниб кетди.
«Сиз ниманиям тушунардингиз, қирққа кириб битта китоб ўқимаган одам! Мен ахир… Мен ахир мана шу китобларни ўқир эдим бир пайтлар. Мен бозорчимас, ўқитувчи эдим-ку! Мени китобларим билан бирпас холи қўйинг», — дегиси келди. Лекин оғзидан умуман бошқа сўзлар чиқди:
— Китобларни… Китобларимниям олиб кетамизми?
— Керагини ол. Юкни кўпайтириб нима қиласан? — эри яна бир нималарни минғирлаб, нариги хонага чиқиб кетди.
Унинг нималар деганини ўзича тахмин қилди: «Қорин тўйдирармиди шу китобларинг? Макулатупага топшириб қутуламан шекилли?»
Бунга қолса ҳаммасини иккита кирсовунга алмаштириб юборади.
Китобни очиб дуч келган қаторни ўқий бошлади: «Маркс ва Энгелс тараққиёт ҳақидаги жуда ҳар тарафлама, мазмун жиҳатидан бой ва чуқур таълимот бўлган Гегел диалектикасини классик немис философиясининг энг буюк ютуғи деб ҳисоблардилар. Улар тараққиёт ва эволютсия…». Уф-ф, шуларни ўқиган эканман-да бир пайтлар кўзимнинг нурини тўкиб. Тушунган бўлсам керак-да, а!”
— Ойи, нима қиляпсиз? Четроқ туринг, — қўлида ўзиданам каттароқ қоғоз қути кўтарган кўйи тепасида турган қизига хаёли чалғиди.
— Акангни чақир, қизим, — деди-ю, қизининг чақиришини кутиб ўтирмай, ўзи чақирди: — Бобур, бу ёққа қаравор.
Сўнг салқиб қолган «той»дан яна бир китобни суғурди: «М. Булгаков. Мастер и Маргарита». Қизиқ, русча китобларниям ўқирдим-а. Буни қачон ўқувдим? Маргарита, Маргарита… Ҳа-а, қалбини шайтонга сотган аёл Марго! Эсладим сени»
Яна бир нималар эсига тушгандай кулиб қўйди. Гўё китобни очса иблис Воланд чиқиб ҳаммаёқни абгор қиладигандай уни очмай, жойига тиқиб қўйди. Тепасига келган ўғлидан сўради:
— Бобур, китобларни нима қиламиз, олиб кетамизми? — гапи ялиниш оҳангида чиққанига ўзиям ҳайрон қолди.
— Вой, ойи, булар ҳаммаси э-эски китоблар-ку. Янги уйга обориб нима қиламиз буларни? — «Даракчи»да ўқувдим, Европадаги битта шаҳарда одамлар янги уйга кўчса ҳамма эски нарсаларини ташлаб юборар экан? — деб қўйди қизи.
— Сен жим тур, қаэрдаги гапларни гапиравермай, — жеркиб берди ўғли.
— Китобнинг эскиси бўлмайди, қизим. Сен айтгандай ҳамма эски нарсаларни ташлаб кетсак, нимамиз қолади?
— Майли, ойи, олиб кетамиз. Лекин бу китобларингизни барибир ҳеч ким ўқимайди, — шундай деб ўғли нари кетди.
— Ҳаммаси кириллча бўлса, — деб яна гап қўшган қизи кета туриб китоб боғламини беписанд тепиб ўтганига кўзи тушиб, ўзини тутиб туролмади.
— Тепма китобни, бефаросат. Кўзинг оқиб тушмасин яна. Сенлар ўқимасанглар, ана, Нафиса ўқийди. Ҳеч бўлмаса, невараларимдан биронтаси китоб ўқийдиган чиқиб қолар.
Яна бир нималар демоқчи бўлди-ю, индамади.
«Булар отасига тортди, — ўйлади у. — Қўлига китоб ушламайди. Тўнғичим Нафиса тузук. Яхши ўқияпти, шеър-пер ҳам ёзадигандай чоғи бор. Асли айб ўзимда. Мактабдан кетиб кўп нарса йўқотаяпман».
Беихтиёр қайкунги эри билан кечган суҳбатни эслади.
— Мактабнинг олдидан ўтаётганимда дарсга кўнғироқ чалинганини эшитсам, ўқитувчилик давримни қўмсаб, бир бошқача бўлиб кетаман. Рухсат бўлсаю бир соат мазза қилиб дарс ўтиб олсам… — деб эрига дардини тўкувди ўшанда.
— Сенга бозорга чиқ менга қўшилиб, демовдим шекилли, — ўйиб олди эри. — Ҳалиям кеч эмас, ана Саиднинг хотини яна бинойидай мактабга қатнаб юрибди.
— Ростданми, Малоҳат мактабга қайтибдими? Бизнеси зўр деб эшитувдим-ку ё синганмикин? — шундай дейишга деди-ю, ичида қандайдир илинж пайдо бўлган эди ўша пайт.
Ўшанда эрининг: «Яна қайтсанг эплаб кетармидинг? Сен олий тоифали эдинг шекилли» — деганига эътибор бермаган эди.
Ҳозир ўйланиб қолди. «Орадан ўн йилча ўтиб кетди. Дастурлар, талаблар ўзгариб кетган дейишади. Қайтсам, яна аввалгидай дарс бера олармикинман?».
Ўтган йили кузда бозорга уни бир йигит сўраб келди. Галстук таққан, зиёлинамо йигит. Аввалига ҳайрон бўлди. Текширувчилардан деса, қўлида бир даста гул.
— Танимадингиз-а, опа, ўқувчингизман, — дейди кулимсираб.
— Танияпман, — деди ёлғонлаб,— фақат исмингизни эслаёлмай турибман…
— Шуҳратман, Жумаэв. Мактабда ўқитгансиз.
— Ҳа-а, Шуҳратжон, яхши юрибсизми?
— Яқинда номзодликни ҳимоя қилувдим. Шунга раҳмат айтиб ўтай девдим, — деб қўллари қовушмайгина гулдаста узатиб турибди.
Шошиб қолди. «Раҳмат, раҳмат», — дейди нуқул.
Бироз ўзига келиб сўради:
— Қайси фандан?
— Тарихдан, опа, мактабда қизиқтириб қўйган экансиз…
Бир бошқача бўлиб кетди ўшанда. Кўп кунлар гапириб юрди: «Олдимга «кандидат наук» шогирдларим келиб туради…»
Анча ўй суриб қолган экан чоғи, эри олдига келиб турганини ҳам сезмабди.
— Шундай қилиб нима бўлди? — деди эри кулимсираб. Афтидан у нариги хонадан туриб унинг китоблар устида ўй суриб қолганини обдон кузатган ва бир хулосага келиб қўйган эди. — Олиб кетамизми китобжонларингни?
Боя нотавон туюлган эри бинойидай кўринди. Кулиб юборди. Сўнг жиддий туриб деди:
— Ҳаммасини олиб кетаман. Биттасиниям ташлаб кетмайман. Ҳаммаси… Ҳаммаси меники.
Мен ҳали муаллимликка қайтаман. Ўзимнинг устимда кўп ишлайман.
Ўтилмай, ўта олмай қолган дарсларимнинг ҳаммасини ўтаман. Шундай дарслар ўтайки, ўқувчиларим фан доктори, йўқ, академик бўлиб чиқишсин!
— Сенга ишонаман, Нази, — эри шундай деганча китобларни каттакон қоғоз қутига жойлай бошлади. Унга ўғли, сўнг қизи қўшилди.