Икром Асад. Сабр дарахти (ҳикоя)

Чоп этиш учун Э-маилга юбориш
Қўлқопнинг таклифи билан тоғ сайрига чиқдик. Узоқ юргач, гапирувчи тош ва дарахтга дуч келдик. Ўн икки рангда товланаётган дарахтга яқинлашганимиз сари йўлда тошлар сони кўпайиб борарди.
—Йўл бўлсин, болажон?—деди ақиқ тош ичкарига киришга рухсат бермай.
—Ҳув, анави дарахт мева- сидан татимоқчимиз,—гапни чўзмай мақсадга ўтдим.
Бобом бир пайтлари айтиб берган бу дарахтнинг олдига боришга тошларнинг еттита саволига тўлиқ жавоб бергач, рухсат беришди.
—Эй тошлар, майлими, мен ҳам дарахтга савол берсам, —деб уларга мурожаат қилдим. Тошлар ҳали оғиз очмасдан дарахт нуроний, донишманд қиёфага айланиб:
—Қулоғим сенда, бўтам, сўйла, нени билмоқ истаюрсен—деди
—Ўрмон маликаси Арчаой менга Қарағайлар шаҳарчаси масъулиятини топширди.Уни бошқариш каминага юклатилди. Бунинг учун қандай фазилатга эга бўлишим керак?
—Бўтам, менинг ўн икки шохимдаги ўн икки китобда бу саволингга жавоб ёзилган. Сен уни ўқи ва унга амал қил,—деди донишманд чол ҳамда китобларни нур билан оча бошлади.Мен қалб билан китобга назар солдим. Улар камалак рангларда жило бериб, юрак шаклида кўз олдимда тизилишди.
Саломатлик, Фаросат, Хотира, Зеҳн, Тафаккур, Маърифат, Нафс, Ҳақиқат, Орият, Дунё, Адолат, Қатъият сингари китобларни варақлай бошладим…
Кекса донишманд ўз ҳолига қайтди: у яна дарахтга дўнди. “Бу дарахт қандай номланур?”—сўрадим тилло тошлардан .
—Бу Сабр дарахтидур, жавоб беришди улар.
Қўлқопчамнинг кумуш хандаси тошларга тегиб, акс-садо қайтарарди:
“Мен сени севаман,Табиат!”