Томас ёзишга муккасидан кетаётир эди… Унинг жуда олис замонларда қолиб кетган, аммо хазин битиклари ичида томчи туғаётган фаромуш хаёллари шакл-шамойил топаётганди, вужуд бўлаётганди. Томас кайфият бандаси, кўнгил фуқароси эди.
Сўз наққошининг қувваи ҳофизаси фиғонли мунг таратди, бамисли афтондил кўнгилнинг ҳасратли ноласи сингари.
Бу тириклик қисматининг ёрти бўлаги: томирлари ичра жўшиб оқаётган қон, тоабад ёниқ сатрларидан беқиёс хаёл мисоли томчи томаётган нақши бехазон эди. У сўнгсиз ва чексиз ижоднинг дунёи дун салтанатида шу йўсинда далли девона – cавдойи мисоли кезинар эди… Бу сўнгсизлик жазаваси – ёзмоқлик фароғати эди.
Шу саодат ичида нафас олмоқлик не эканини биласизми?
Томаснинг юраги кўксини безовта тепди, чунки унга ўз қини тор келмоқда, ҳам борлиғи оташ ичида ёнмоқда эди. Томас иситмаси ошган вужудини совутмоқ учун деразани ланг очиб юборди, лаҳзада етиб келган муздек ҳовур юзини чайиб ўтди. Фурсат ўтиб, саҳифада хомушлик сатрлари вужуд кўрсатди. Шунда Томас чап кўкрагини безовта тепган юрагини бамисли авайлаб суғуриб оларак, ҳайрат ичида боқаётган ўз кўзига кўрсатиб қўйди.
Ўшанда унинг лаблари пичирлаганди:
– Қара, эй қорачиқ! Ғафлатда кўз юмма! Теранроқ боқ! Юрак нелигини кўриб қўй!
Томас қизий бошлади. Бу гал у иситмаси ошган юзини совуқ сувда ювди. Ҳолбуки у бундай жазавага кўп тушган, ҳар гал бундай ҳол юз берганида, у совуқ душ қабул қилар, сўнг… сўнг яна ёзишга муккасидан кетарди.
Ёзиш не эканлигини биласизми?
Ижодий жазавани-чи?
“Йўқ, ҳеч вақони англаб бўлмас, шундай экан, энг ёмон нарсани ҳам тахмин қилишга ҳаққимиз йўқдек.”
Руҳий ғалаён ва жисмоний зўриқиш ичида вужуд бўлиб яралган ижодий жазава нима эканлигини тушунаётгандирсиз энди?
Айни шу жазаванинг маҳсули бўлган нақш саҳифаларда қай йўсинда шакл кўрсатаётганини кўраётгандирсиз? Унинг нелигини англаётгандирсиз?
“Баайни вақтнинг ўзи каби макон ҳам барчасини унутишга ундайди: макон инсонни унга таниш ва ўзи кўниккан кундалик ришталардан халос этади, шу тариқа инсон боласи ўзининг ибтидосига, ҳурликка ошуфта ибтидоий ҳолатига қайтади, бу шундай нарсаки, ҳар кимсани дафъатан бир дайдига менгзашга қодир”, дея ёзди у ”Сирли тоғлар”романида.
“Далли-девоналикни ўзида пинҳон қилмаган муҳаббат чин муҳаббат эмасдир. Таъқиқлар ва ҳадиксираш муҳаббатга бегонадир. Ўзгача бўлса, бу биз назарда тутган чинакам ишқнинг олис бир кўланкасидан бошқа нарса эмасдир. Бундай одми муҳаббатнинг жойи фақат енгил-елпи қўшиқлардадир”. У шуларни ёзиб бўлгач, тамаки тутатмоқ учун ўрнидан турди.
Томас димиқ хонанинг деразасини очди. Бироз туриб қолгач, тоза ҳаво истаб ташқарига чиқди. Кўчкилари билан қутқу солган қўрғошин тусли қуюқ булутлар осмонни-да ишғол этди, замин эса кўланканинг соясида қолиб кетди. Томас шодмонликка элтажак, ёруғликка олиб чиқажак сўқмоқларга кўз тиккан эди… Аммо унинг дори-дунёси ёв забт этиб, куни кўкка совурилган мамлакат каби кунпаякун эди.
Бу кун Томас ўксик кўнгил харобаларида ҳақиру хор эди.
Димиққан ҳаводан безиб, ташқарига отилган эди у. Кўрдики, ташқарининг-да муҳити бузуқ, ичкаридан қолишмас эди. Англадики, айни бу дам икки иқлим – ташқари ва ичкари ҳам унинг бит оралаб, абгор бўлган хароб ҳоли-ю қоронғулик чўккан руҳиятига жилла қурса кўкдан елиб келган мусаффо эпкин, ва ё қоронғуликда милт этган руҳафзо ёғду олиб кирмас эди.
Дилхун муқояса – дилгир ўхшашлик эди бу.
Осмоннинг-да авзойи бузуқ, ичкарининг-да иқлими димиқ.
Томас ноилож ортига – ичкарига бурилди…
Ғийбат ва ғурбатга муккасидан кетган муҳитга дарғазаблик, димиққан иқлимга кўникмаслик ҳисси келтириб чиқарган эди ундаги бу жазавани…
Аслида бу ҳам жисмоний зўриқиш, ҳам руҳий инқироз ичида айрича шакл-шамойилга кираётган ижодий жазава эди.
У олов ва оташ билан олишаётир эди. Йўқ, Томас олов тиллари билан ўралаётган оташ гулханида тобланаётир эди. Жон қонатган муттасил ўй, руҳиятида қўзғолган шиддатли жазава ва…
…ва бармоқлари учида титраётган қалам…
…кўз ўнгида онасининг маъюс чеҳраси…
…қулоқлари остида эса нури дийдаси чалган куй ёнар эди…
…Юлия хоним чалган Любек куйлари…
…далли хаёлида бадар кетган Мюнхен ўйлари…
Cиёҳдан томаётган талотўп ғалаён – руҳий исён ичида яралган шиддатли туғён эди бу…
Томас Мюнхен хаёллари ичида оқар эди…
“Улуғ санъаткорлар – улуғ ногиронлар”- деб ёзган эди у ўшанда.
Зотан, ўзи-да англамасди, ҳолбуки толеида қуёш чарақлаётир эди унинг. Бармоқлари орасида титраётган қалам сиёҳидан эса бехазон битиклар чаккиллаб томаётир эди. Томасона инкишоф, Томасона маҳорат ичида битилган битиклар саҳифалар аро дурдона асар, инжа нақш бўлиб қотди… Томас сўз наққоши эди. Ва бу наққош битган нақш миллионлар тилида қўшиқ бўлиб янгради… янграяжак…
“Улуғ санъаткорлар – улуғ ногиронлар!”
Баҳорги гулдиросдан сўнг ёғиб ўтган майин ва ёқимли найсон шивири каби таралаётир эди унинг оҳанглари…
“Ҳар қандай азобнинг чегараси бордир. Жисмоний оғриқнинг оқибати – ҳушни йўқотиш. Қалб азоби эса фалажликка етаклагай.”
“Бахтсиз муҳаббатдан ҳалок бўлмайдилар. Толеъсиз муҳаббат абгор ҳолат эмас. Бахтсиз муҳаббатга дучор бўлганлар ўзларини севадилар…”
Томас ёзишга муккасидан кетаётир эди. У шу кўйида бош кўтармай ўн саҳифа, ўн беш саҳифани қоралаб қўйди. У қанча кўп ёзгани сари хотираси шу қадар тиниқлашар, шамс эса хушнудлик ичра толеида жилва қилар, унинг заррин нурлари у ўтирган хонага даричадан сирғалиб тушар, воқеалар Томаснинг кўз ўнгида жонланаверар, сиёҳдан томаётган ҳарфлар занжири бир-бирига уланиб, ажойиб ҳалқалар ҳосил қиларди. Унинг ҳаёт, яшамоққа оид мулоҳазалари борган сари янада ойдинлашаётир, ғойибдан етиб келган ёғду зулмат чўккан тун қўйнини – унинг руҳиятини худди машъала-ёмби янглиғ ёритаётир эди. Бу ижодий жазава – ижодий илҳом эди… У бундай инжа ижодий жараён ичида кўп нарсага қодир эди.
Туйқус Томаснинг кўз ўнгида шаффоф парда кўтарилди ва унинг чор тарафи ёришиб кетди…
Ўшанда у бамисли мантиқ чегараларини ёриб ўтганди…
Аслида у адабиётнинг мўъжизакор уммонига қўшилмоқ учун оромини йўқотган савдойи тўлқин каби мавжланаётир эди…
Бу гал у сўниб, соб бўлаётган инсон соясининг нақшини чизди.
”Аслида бахтсизликнинг интиҳоси ҳам бир фалажликдир!” – дея ёзди у…
Томас қуёшнинг олов тилларини ўз домига тортиб, қонаб қотган шафақ манзарасини чизаётган он, елкасига шом қўндириб, ибодатдан қайтган падари кўз ўнгида намоён бўлди.
Туйқус Томаснинг кўнгли бузилди.
– Қандай отам бор эди-я! Ё Любекдаги бахтиёр ҳаёт уни бизга кўп кўрдими?! – дея ўксинди у.
Бу гал энди қаршисида онаси гавдаланди.
Юлия хонимнинг кўзлари кўкдан таралаётган шуъладан ёлқинланар эди. Шунда Томас онасининг кўзлари шишасида балқиётган, янаям аниқроғи, қалқиб оқаётган саробни тасвирлади.
– Рўё, рўё, рўё! – дея ҳапқирган эди унинг юраги.
Тилсимини кўрсатиб, йўқолиб бораётган сароб. Йўлида қалқиётган сароб… Йўқолиб, сўнг яна қайта балқиётган рўё! Ўшанда онасининг кўзлари шаффоф томчи туғди: тома-тома, думалай-думалай қуйига оқиб, аввал Юлия хонимнинг юзини, кейин либосини ювди.
Томаснинг тағин кўнгли бузилди.
“Онам! Бояқиш онам! Кун кўрмай ўтган онам!”, пичирлади унинг лаблари…
Беташвиш болалиги кечган Любекдаги қадрдон гўша унинг қувваи ҳофизасида бор бўй-басти билан намоён бўлди. Мана, бекачи Сара онасига патнисда шарбат олиб бормоқда. Юлия хоним эса дафна дарахти остида оромкурсида шунчаки хаёл суриб ўтирар эди…
Ўшанда отаси дафна ниҳолини аллақаердан келтирган ва ёзги боғларига ўтқаздирган эди. Йиллар ўтиб, қувватга тўлган дарахтнинг хуш бўйлари бутун боғни тутиб кетганди… Томаснинг хаёлида болалик хотиралари чиндан жонланаётганди.
Болалик хотиралари. Беғубор хотиралар. Ахир ким турмагай унинг қошида узун хаёлларга ўраниб?!
Маннлар оиласи катта хонадон эди. Оила бошлиғи Томас Йоҳан Ҳайнрих Манн бадавлат савдогар, Любек шаҳри сенатори эди. Онаси эса… онасининг илдизлари олис Бразилияга бориб тақалган – исми Юлия Да Сильва-Брунс эди. Юлия беш фарзандни дунёга келтирди: Ҳайнрих, Юлия, Томас, Виктор ва Карла.
Юлия хоним санъатга меҳр қўйган аёл эди. Мусиқа чалишни қойиллатар эди. У куй чалганида “деворлар рақсга тушар”, у шеър ўқиганида самодаги “булутлар йиғлаб кўчарди…” Томас эса ҳар гал онаси чалган куйга сомеъ бўлиб тинглар, ўзи ҳам унга қўшилиб куй чалар эди. Бир кун онаси отасига қараб:
– Ҳайнрих, боқсанг-чи, Томасимиздан яхшигина мусиқачи чиқадиганга ўхшайди. – деганди.
Ўшанда Ҳайнрих Любек шаҳар сенаторлар мажлисидан эндигина қайтган, залга кириб келганида ўғли пианинода мусиқа чалаётган эди. Томас деярли тўрт йил давомида австриялик муаллимдан мусиқа сирларини ўрганди.
Отаси пианино ёнига келиб, баайни ўғлининг бармоқлари ораларидан вужуд бўлаётган ажойиб куйга сомеъ бўлиб, узоқ туриб қолди…
Шу воқеадан сўнг беш-олти ой ўтгач, отасининг тоби қоча бошлади. Ўша кезлар Томас эндигина ўн олти ёшни қаршилаганди. Маннлар хонадонида эса бир шарпа кўринаётир эди. Бу беомон ажал шарпаси эди. Отаси тўшакка михланиб қолди. Унинг саратон касалига чалингани маълум бўлди.
Дард билан олишиб, ўлим тўшагида ётган Томас Йоҳан Ҳайнрих Манн ёнига фарзандларини чорлади. Ўшанда у бир этак болаларига узоқ насиҳат қилган эди. Кейинги кунлар ичида у жуда ўзгариб қолганди. Юзи синиққан, кўзлари эса фарзандларига нолон боқар эди. Унинг кўзлари нолонмас, жонсарак эди, чунки ўлим шарпаси ўзига қутқу солиб яқинлашаётганини, эҳтимол, сезиб ётар эди. Эрининг бу ҳолини кўриб турган Юлиянинг дунёларига ўт кетган эди. У баъзан эридан, ҳам фарзандларидан яшириқча йиғлаб оларди. Йоҳан буни сезиб қолганида Юлиянинг дили баттар хуфтон бўлар эди.
Юлия адо бўлган эди. Унга Йоҳандан кейин беш фарзандни қай йўсинда ёлғиз вояга етказиш ташвиши азоб берар эди.
Йоҳаннинг эса юзи синиқиб кетган, рангпар бир ҳолда эди. Мудом чўғ мисоли ёниқ турувчи кўзлари сўник эди. Юлия бармоқларини унинг бармоқларига олиб борди. Шунда эрининг бармоқларини қалтироқ босаётганини сезиб қолди. Йоҳанга ўлим белги бериб яқинлашмоқда эди. Томирларидаги қон шу енгил титроқ билан хотима топиш арафасида турар эди.
Юлия адашмаётган эди. Эрининг жон томирларида қонлари увишаётир эди.
– Юлия, – деди Йоҳан ҳазин товушда, – хона димиқиб кетибди, деразани очсанг-чи! – Юлия шошиб ўрнидан турди. У деразани ланг очиб юборди.
Ташқаридан енгил ва тоза бир эпкин етиб келди ва Йоҳаннинг юзини чайиб ўтгандек бўлди.
Йоҳаннинг негадир кўнгли бузилди. Шу топда у отаси ва онасини эслаган эди. Инсонга икки ажойиб неъмат берилгандир: бу ота-она ва фарзандлардир. Шу икки неъматни кимса танлай олмас. Уни Қодир Эгам ато этгусидир. Эҳтимол, шунинг учундир инсон қайғули кунида, ва ҳам шодликка тўлганида ота-онаси ва фарзандларини эсга олади. Инсон ҳаётининг асосий мазмуни айнан шу эмасми?! Ахир бу тириклик қисматининг ўзгинаси эмасми?!
Йоҳан тинмай гапирар, у болалиги, яқинларини эсга олаётганди. Кейин фарзандлари ҳақида тинмай қайғурди…
Юлия хоним қўрқиб кетди. Аввалига у эрини алаҳсираяпти, деган хаёлга борди. Кейин эса тушуниб қолди: инсон ўлими олдидан шундай талвасага тушар экан, барчасини эсга оларкан. Эҳтимол, Йоҳан шу сонияларда ўзининг ҳаётини қайтадан яшаб ўтаётгандек эди. Йоҳан ҳаётга тўймай кетаётган кимса каби армонли бир ҳолатда эди…
Бу жуда қайғули маназара эди.
– Мендан кейин, – деди у рафиқасига ҳазин товушда, – Любекдан Мюнхенга кўчиб ўтасизлар.
– Ваҳима қилма, Йоҳан!
– Бу бор нарса. Ажал эса менга шу сонияда келиши ҳам мумкин, у сўнгги ишоратни кутаётир. Сенга эса маслаҳатим, ҳушингни йиғиб ол. Тетик тур, болаларга ҳушёр бўл!
– Етар, бўлди! Мени бошқа қўрқитма, Йоҳан! – Юлия кўз ёшларини бошқа ичкарига қайтара олмади. Юлия рўмолчаси билан тинмай уларни сидирар, аммо кўзёшлари ҳали вери тинай демасди.
Йоҳан кечаги кун адвокат ва нотариус орқали васиятга қўл қўйганди. Васиятга кўра жамики ширкатлар савдога қўйилади, улардан тушадиган фоиз ҳисобига Маннлар хонадони кам-кўстсиз, фаровон ҳаёт кечира олишади. Мулкдан тушадиган тушум эса катта суммани ташқил қилар эди. Йоҳан жуда эҳтиёткор, корчалон савдогар эди. У ҳаммасини олдиндан сезиб турар ва ўлимидан сўнг фарзандлари қийналмай яшашини истар эди. У барчасини олдиндан режа қилиб, расамадди билан ҳаммасини тақсимлаб чиққан эди.
Йоҳан ўзини ташқарига олиб чиқишларини сўради. Хизматкорлар уни суяб боғчага олиб чиқишди. Бекачи унга жой ҳозирлади. У боғчада узоқ ўтирди. Бу унинг матлуби даврон хонадони – боғчаси билан cўнгги дийдорлашуви, ҳам хайрлашуви эди, эҳтимол. Унинг ичи-ичига сиғмас, дақиқа сайин, лаҳза сари негадир безовта, беқарор бўлиб бормоқда эди. Аслида унинг бўғзида жонсарак жони талваса қилмоқда эди. Бу ўлим талвасаси эмасмиди?
Йоҳан ўлим белги бериб келаётганини сезиб турар эди. Мана, у ҳозир умр йўлдоши Юлияга узоқ тикилиб қолди. Зотан у кейинги дақиқаларда бунинг қадрига теран етмоқда эди: эр-хотин бир-бирига умр шерик кимсалар. У опа ёки сингил эмас! Табиийки, ота-ота ўрнини боса олмайди. Аммо ота-она-да рафиқангнинг ўрини боса олмаc. Уни умр шерик кимса – умр йўлдош дейдилар. У ҳар қачон, ҳар қаерда, ҳатто энг қийин дамларингда ёнингда туриб беради. Йоҳан биладики, ўзидан кейин фарзандлари онасининг измида бўладилар. У тўнғичи Ҳайнрих ҳамда иккинчи ўғли Томасга жуда ишонар, иккиси ҳам зийрак, ҳушёр йигитлар эди. Аммо барибир умри охирлаб бораётганини сезган Йоҳан тушкун бир ҳолатда эди. Йоҳанни ўйлар адо қилаётган эди. У дармони қуриб, бемажол бошини ёстиққа қўйди. Шу тоб тўғридан эсган эпкинлар унинг озурда юзига урилди. Бу Любек шамоллари эди. У охирги бор ўзи барпо этган боғнинг мусаффо ҳавосидан тўйиб нафас олди. У шу кўйи ўз ўйи билан ўзи овора узоқ сукут сақлади, кейин Юлияга қараб:
– Мени энди ичкарига олиб кирсинлар, – деди.
Шундай кейин Йоҳан кўп яшамади. Дарвоқе, Юлия унинг ёнидан бир қадам ҳам жилмади.
Эртаси куни Йоҳан безовталана бошлади. Унинг пешонасидан тер бодраб чиқди, бекачи уни артиб турди. Юлия эса унинг қўлини ушлаб турарди.
– Мендан сўнг ўзингни йўқотиб қўйма. Доим ҳушёр бўл. – Шу гапларни айтиб бўлгач, Йоҳан сукут ичида жимиб қолди.
Юлия унинг сўзларини киприк қоқмай эшитаётганди, бироқ эрининг сукути уни хавотирга солди. Бу таҳликали сукут эди. Йоҳан тилдан қолганди.
– Бери кел, ўғлим, – деганди онаси ўшанда Томасга қараб.
Томас онасининг ёнидаги курсига омонатгина чўкди.
– Ҳайнрих қайтдими?
– Ҳалиям дарак йўқ!
Ўша куни Ҳайнрихнинг фалсафадан машғулоти бор эди. Юлия хавотир ичида Томасга пичирлади. “Бардам бўл, отанг тилдан қолди.”
Томас чўчиб кетди. Бирдан унинг юзи қум тусини олди. У курсини суриб, шифтга кўзларини қадаб унсиз ётган отасига янаям тикилиброқ қаради ва қўрқиб кетди. Отаснинг шифтга қадалган кўзлари нурсиз ва сўник эди. Томаснинг вужуди музлаб кетди. Ўлим шарпаси отасининг кўзларига кўланка ташлаган эди. Шундан кейин Йоган узоқ яшамади…
Любекдаги бахтиёр ҳаёт шу тариқа хотима топган эди…
* * *
Дафн маросимидан кейин хонадонга ўлик сукунат чўкди.
– Хоним бир нарса ичадиларми? Қаҳва ёки чой? – журъатсизгина сўради бекачи Сара.
– Йўқ. Ҳеч нарсанинг кераги йўқ. – Юлиянинг овози зўрға эшитилди.
-Ўзингизни қийнаманг бундай!
– Қани энди иложи бўлганида…
Оқсоч айб иш қилган кимса каби елкасини қисган кўйи чиқиб кетди. Томас эса нарида столга суянган кўйида узун хаёллар ичига ботиб жим турар эди. Ҳайнрих ва Виктор ҳам сукут ичида нолон қолганди…
Опаси Юлия ва синглиси Карла унсиз йиғлаётганди.
Тўсатдан Юлия хоним безовталана бошлади. Ниҳоят, у ўзини ором курсига ташлади. Унинг пешонасидан дўлдек тер оқмоқда эди. Зумда Сара етиб келди. Қизлар ҳам унинг атрофини ўраб олишди. Йигитлар эса қўрқув ичида нима қиларини билмас эди.
Ҳайнрих Сара келтирган сувни онасига тутди.
Юлия хонимнинг юзи қум тусини олган, лаблари ҳам борган сари тусини йўқотаётган эди. Ниҳоят у ўзини қўлга олиб, Сарага юзланди:
– Оёқ-қўлим музлаб кетгандек! Иссиқ сув олиб келсанг бўларди.
– Ҳозир!
У шошиб чиқиб кетди. Қизлар онасининг қўлини ушлаб, қўрқиб кетишди. Унинг қўллари музлаб қолган каби эди. Шундан кейин онаси анча пайтгача ўзига келолмай, оғриб ётди. Уни жудолик эзиб ташлаган эди. Томас ҳар гал онасининг шу ҳолини кўз олдига келтираркан, дори дунёсига ўт кетар эди. Бу жуда эзғин ҳол эди ва Томасни мислсиз қайғу домига отарди.
Онасини ётоғига олиб киришди.
Томас ортига бурилди. У юриб, зина орқали тепага кўтарилди, сўнг хонасига кириб беркиниб олди. Қўлини чўнтагига солиб, анчага довур жим туриб қолди. Афтидан у нима қилишини билмасди. Атрофида кимса йўқ, Томас кўнглини бўшатиб йиғлашни истар эди. Гарчи ичи тўлиб турса-да, кўзига томчи ёш келмади. Аммо айни дамда унинг юраги тўхтовсиз йиғлаётир эди.
Юрак йиғлаши қандай бўлишини биласизми?
Қалб ярасининг бутун вужудга оғриқ беришини-чи?
У стол ёнига келди. Қўли қаламга қай йўсинда борганини билмайди. У ёзар эди. Фақат ёзар эди. Тўхтовсиз ёзарди. Ва ўзи ёзаётган битиклари ичида ўзи-да оқарди…
Ўшанда илк бор ёзиб, енгил тортганини ҳис этган эди у. Қаламни жипс ушлаган бармоқлари эса қабариб кетганди.
Томасни жудолик азоби қийнар эди. Ўша куни Томас хонасидан чиқмай, кечга қадар ёзди. Шафақ қонаб, уфқ ўксиниб қолган маҳал оқсоч Сара унинг эшигини тақиллатди. Томас овоз берди.
Сара ичкарига кириб, уни кечки овқатга, пастга тушишини сўради.
Бу оталарисиз кечаётган биринчи кеча эди. У пастга тушганида онаси бироз ўзига келган, аммо ҳалиям юзи қумдек туссиз эди.
– Сен отангнинг ўрнида ўтир, – деди Юлия хоним Ҳайнрихга.
Ҳайнрих онасига ҳанг-манг бўлган кўйида тикилиб қолди.
– Шундай қил, – деди яна онаси. – Отангнинг жойи бўш турмасин! Энди сен мудом унинг ўрнида ўтирасан, – деганди онаси тўнғичига қараб.
Ҳайнрих ўрнидан туриб, отасининг жойини эгаллади.
Барча сукутда эди. Улар кечки овқатни шу тақлид, жим ва сукут ичида танаввул этишди.
* * *
– Ҳалиям бандмисан, – деди ичкарига кириб келган Ҳайнрих укасини ёзув столида кўргач. – Бош кўтармай ёзаётганингни кўриб маррага етиб келдинг чоғи, дея ўйлай бошладим.
– Бир иш бошалагандим. Уни тугатолмай доғдаман.
– Унда сенга қийин бўпти. – тегишди Ҳайнрих.
– Шунақага ўхшайди. – Томас ёзув дафтарини ёпди, сўнг ёйилиб ўтирди.
Ўша кезлар бўлажак ака-ука ёзувчи Маннлар Любекдаги адабий муҳит билан яқин алоқада эди. Айнан ўша адабий муҳит Томаснинг ёзувчи сифатида шаклланишида муҳим рол ўйнаганди. Аввалига Томас ёзганларини акасига кўрсатар, у билан маслаҳатлашар, кейин «Симплициссимус» таҳририятига олиб борарди. Томас баъзан акаси нимани ўйлаяпти, нима ҳақида ўзига гапиради, барчасини олдиндан сезиб турар эди.
Оталари вафотидан сўнг хонадон аҳли Любекдаги уйларини тарк этишди. Мюнхендаги хонадонга кўникиш уларга осон кечмади. Бутун оила гўё бошсиз қолган чавандоз сингари эди.
Уйнинг тўрида онаси пианино чаларди. Таралаётган куй қия очиқ эшикдан Томаснинг хонасига оралаб кирди.
Онаси санъатни севарди: у сўнгги нафасига қадар куйга шайдолигича қолди. Юлия хоним фарзандларининг кўз ўнгида худди шундай: куй учун яратилган, санъатни севган, адабиётни қадрлаган аёл сифатида гавдаланар эди. Баъзан Томас қўпол хато қилган чоғларида ҳам онаси койиш ўрнига, унинг лунжини гўё эркалаган мисол енгилгина чимдиб қўяр эди.
* * *
Шом тушмай, қоронғулик туйқусдан бостириб кирди. Вақт алламаҳал бўлиб қолган эса-да, Томаснинг кўзига уйқу инмасди. У кейинги кунларда ором не эканини унутган. Гарчи уни уйқусизлик қийнаса-да, ухлай олмасди. Бу азоб коми эди. У аввал пастга тушди, кейин емакхонага ўтди. У шарбат ичгач, пича туриб қолди. Кейин яна тепага кўтарилди. Томас нима қиларини билмасди. Бироздан сўнг у ўзини ёзув столи устида кўрди.
Бу гал унинг қўллари укаси Виктор ҳамда акаси Ҳайнрихнинг шатранж тахтаси узра диққат билан туриб қолганлари манзарасини чизди. Ана ниҳоят, Ҳайнрих устма-уст асп юриш қилди ва рақибини довдиратиб қўйди.
– Шоҳмот! Шоҳмот!
Бу Ҳайнрихнинг ғолибона ҳайқириғи эди. Томас Викторнинг ғафлатда бош чангаллаб қолган ҳолатини ҳам кўздан қочирмади…
“Инсон боласи алоҳида шахс ўлароқ биргина ўз ҳаётини яшамайди, балки айни пайтда ўзи умргузаронлик қилаётган бутун давр ҳаётини ҳам бошидан кечиради”.
Томас бугун жуда эрта уйғонган эди. У хонасидан бир қадам ҳам жилмай ёзди, эртаси куни ҳам шу йўсин кечди, бошини кўтармай битиклари ичида оқди. Учинчи куни у толиққанини ҳис эта бошлади.
Томас уйда ёлғиз эди. Рафиқаси Катарина Прингсҳайм кечаги ҳафтада Швейцарияга жўнаб кетганди. Томас эрта-индин унинг Цюрихдан қайтиб келишини кутаётган эди. Фарзандлари Клаус, Голо, Эрика, Элизабет, Майкл ва Моника ўз ташвишлари билан билан овора.
“Қизиқ,-дея ўйлаган эди Томас ўшанда – болаларинг дастлабига бағрингда полапонлар сингари ғимирлаб, секин-аста ўсишади. Ажабо, кейин бирдан катта бўлиб қолишади, вақт қандай ўтганини билмай қоласан. Полопонлар улғайиб, қушга айлангач, бағрингдан учиб кетишади, уларни на тута оласан, на қуча. Ахир ўзимиз ҳам шундай эмасмидик?!”. Энди у ёши улғайиб, ярим асрлик бўсаға сари одимлар экан, онаси Юлия хонимнинг бир пайтлар ўзини муштоқ бўлиб кутган онларини эслади.
– Томас, ўғилгинам, на сендан, на Ҳайнрихдан, на Юлиядан ва на бошқалардан хабар бўлди. Икки кундан буён йўл қарайман. Ҳеч бирингдан дарак бўлмади-я!
Юлия хоним йиғлаб олди. Кейин бир пасда барчасини унутиб, Томасни дастурхонга таклиф этди. Тамадди қилиб олишгач, она-бола тўйиб суҳбатлашишди.
– Элизабетни олиб келмабсан! – дея ўпкаланди у.
Юлия хоним невараси Элизабетни бошқа невараларидан кўра кўпроқ суяр эди.
Элизабет Манн-Боргезе Томаснинг фарзандлари ичида бошқача чиқди. Мулойим, хархашасиз, кўнувчан, эҳтимол шу сабабдан Юлия хоним уни авайлар эди. Ҳар гал Томас уни ёнига ташлаб кетганида, Юлия хоним Элезабетни еру кўкка ишонмай, кетидан юрар, у билан вақтини чоғ ўтказар эди. Ҳали ҳам худди кечагидек эсида, қизи бувиси билан қўшилиб куй чалар эди. Шунда Юлия хоним у чалаётган куйга маҳлиё бўлиб, узоқ хаёл суриб қолар, эҳтимол Элизабет унга олисларда қолиб кетган беғубор болалигини эслатарди. Дарвоқе, Элизабет бувисига жуда ўхшаб кетарди, кўзи, қоши…
“Соҳил бўйини бироз айланиб келсам яхши бўлар эди” – деган ўй кечди Томаснинг хаёлидан.
– Жаноб, бир нима истайдиларми? Қаҳва ёки чой? – сўради оқсоч аёл.
– Йўқ. Ташқарига айланиб келсам дегандим. – деди у.
– Унда тушликка нима буюрадилар?
– Балиқ ва гуруч!
Томас кийимини кийиб, ташқарига одимлади. Ҳайдовчиси Томаснинг ёнида ҳозир бўлди:
– Жаноблари қаерга олиб боришимни буюрадилар?
– Емакхонага…
Виктор Томаслар хонадонининг ҳайдовчиси эди. У бўш вақтларида қишки ва ёзги боғларда боғбонлик ҳам қиларди. Виктор жуда мўмин киши: камгап, аммо жуда зийрак, хўжайинининг кўнглини бир қарашда пайқай олар, керак бўлганда жонига оро кирар эди. Ҳатто айрим пайтлар Катарина хоним у билан баъзи хусусида маслаҳатлашар ҳам эди. Виктор жуда соддадил ва хонадонга содиқ хизматкор эди.
Улар Пошингерштрасседан чиқиб, Ньютонштрасседа жойлашган ресторанга етиб келишди.
Томас бу ерда енгил тамадди қилиб олгач, ўзини соҳил бўйига олиб боришни сўради.
Қиш чекиниб, Мюнхенда баҳор бошланганди. Куннинг чиройи очиқ, чор тараф эса қишки уйқудан уйғонган, яланғоч дарахтларга зумрад ҳалқачалар инганди… Кечаги майин севалаб ёққан ёмғирдан сўнг чор атрофнинг ғубори кетиб, ювилгандек эди. Кўклам ўз исми билан ўлкага кўкариш олиб келганди.
“Қизиқ, дея ўйлади Томас. – кечагина осмон тумтайиб, кишини хуноб қилганди. Бугун унинг ҳам чиройи очиқ, менинг каби…“
Томас руҳияти баайни кечаги найсон суви билан чайилгану, энди кўнглидаги ғуборлар тарқалиб, шоён бир кайфиятда эканиин ич-ичидан ҳис этди. Баайни кечаги кун у руҳиятида йиғилиб қолган алланечук заққумларни ёзиш, тинимсиз ёзиш орқали ташқарига ҳайдаб чиқарган каби енгиллаб қолгандек эди. Яна Худо билади, нимадир бўлиб, у тағин жазавага тушиб қолиши жуда мумкин нарса эди.
Томас машина ойнасидан ташқарига боқди. Инсон нега шундай?! Ёки ёши ўтган сари бундай ҳолга тез-тез тушармикан киши?! Кейинги пайтлар у кўпинча болалигини соғинадиган, янаям аниқроғи, беғуборлик кечган Любекдаги ҳаётини қўмсайдиган бўлиб қолган. Мана ҳозир ҳам у ташқарига қараб бораркан, кўз олдида қадрдон Любек кўчалари намоён бўлаётир эди. Любек кўчалари Томаснинг ортидан чопиб бораётир эди…
Бу қўмсаш, бу соғинч ва беташвиш болалик кечган қадрдон гўшага хаёлан бўлса-да қайтиш истаги недан уни дафъатан қуршаб олди? Эҳтимол, айнан Мюнхенда бор бўй-басти билан намоён бўла бошлаган ташқи оламнинг хавотирларими эди уни соғинч кўчаларига етаклаган?
“Ўлимдан қўрқмаслик даркор ва у ҳеч бир синоатни ўзида яширмагандир, бу фақат аён бўлган жисмоний бир зарурат. Ва бу ҳолатни шундайлигича қабул қилмоқ лозим. Бу ҳақда керагидан ортиқ тафаккур қилмоқлик эса ҳаётнинг ўзини чиритмоқ билан баробардир!” – дея ёзди у “Cирли тоғлар” номли романида.
Сафсатабоз ефрейтор айнан Мюнхенда ўзининг дастлабки қутқули қадамларини қўя бошлаган эса-да, чинакам долғаларга қадар ҳали анча бор эди, ажалэлтар вабонинг панжалари ўлкани батамом ўз забтига олгунига қадар, Томас Манн бутун яқинлари билан қадрдон Дўйчландни ташлаб чиқишига қадар ҳали анча бор эди.
Артофни зулмат чулғади. Кўкда эса Мюнхен ёғдулари жилва қилмоқда эди…
2014 йил, 13 март.