Феврал ёлғондакам қовоғин уйди.
Қолгиси келяпти, лекин илож йўқ.
Шодмонқул Салом
Азизим, ойдин тунда тоғ қоясида қолиб кетган кишининг танидан қорнинг изғиринли совуқлари ўтиблар кетганида кўкдаги ойнинг ёғдусига исинганини кўрмагандирсиз-у, бироқ ҳеч тасаввур қилиб кўрганмисиз…
Кечаси сутдек ёруғ эди ўшанда. Воҳанинг у ёки бу жилғаларидан оқиб бораётган сув йўллари худди сут оқиб бораётгандек таассурот қолдирарди кишида.
Бир замонлар бу кенгликларда от солган бирор фотиҳнинг қўшинидан кўтарилган чанг мисоли қалин туман кўтарилиб бориб, адирлар қуршовида бир муддат ястаниб олганди. Шу фурсатларда йўлдан адашишган эди. Кейин туман кўтарилди. Бир-бирига уланган қирлар оралаб, тизза бўйи қор кечиб сўқмоқ йўлни чамалаганича кетиб бораётган от йўлидан адашган эди. От устидаги жувоннинг совуқдан жониворга қамчи уришга ҳам ҳоли йўқ эди. Отнинг устига ташланган хуржунга икки оёғини тиқиб олганича, беҳол кетиб борарди.
Қулоғига ғўнғир-ғўнғир овозлар кела бошлади. У буни ўлаётган бўлсам керак, ёки жин-ажинадир -деб ўйлади. Бироқ ички бир ун уни овоз солиб, одамларни ёрдамга чақиришга ундарди.
Овоз солди. Не ажабки, жавоб келди. Агар акс-садо бўлмаса…
Аёлнинг кўнглида умид чироқлари лип этиб ёнди. Демак, у ҳали яшайди.
Аёл кексалардан эшитган, -жин чақирса, жавоб берсанг оғзинг қийшайиб қолади-деган гапларга ҳам парво қилмай овоз солди. Не бахтки, зум ўтмай унинг қаршисидаги қирдан сойликка эниб уч киши пайдо бўлди.
Уларнинг ҳолати, гарчи тун бўлсада, ойдинда ғоят ачинарли эканлиги англашиларди. Соқолларининг ўсиқлиги, увадаси чиқиб кетган кийим бошлари, очликдан силласи қуриб, жонсиз мурдани эслатувчи қиёфалари бошқа фурсат бўлганида кундузи ҳам кишини даҳшатга солар, бироқ бугун аёлга улар нажот фаришталари мисол яхши кўриниб кетганди. Улар негадир отнинг тумшуғи остидаги узангига ёпишишди.
-Йўл бўлсин…-деди бири.
– Урушга яна одам чақирув қоғози келибди, олиб қайтаётгандим… йўлимдан адашдим…- совуқдан шаққиллаганча жавоб берди жувон.
-Раиснинг сендан бўлак тирик одами йўқми? – деган ғоят таниш овоздан жувон ялт этиб сўзлаган бошқа бировига тикилди-да, бир муддат сукут қилиб, дадиллик билан деди:
-Эркаклар йўқ, уларнинг ўрнини аёллар босиши керакку.
– Ўчир овозингни мегажин!!!
Ҳаммаси кутилмаганда рўй берди. Келганлар жувонни отнинг устидан ерга улоқтиришдида, бир зумда иккиси миниб олиб, учинчиси эса унинг ортидан яёв қандай пайдо бўлишган бўлса, шундай ғойиб бўлишди.
Аёл бўзлаганича қорда қолдирилган этик изи бўйлаб уларнинг ортидан чопиб кетди. Шу лаҳзаларда уни олиб кетилган оти эмас, одамларга етиш ва уларнинг қўлида бўлсада халок бўлса ҳам майли дегандек тасаввур билан олдинларди. Аҳён-аҳёнда кетиб бораётган талончилар тўдасининг ғўнғир-ғўнғир овози жувонга куч берарди. Бироқ энди у мадад олиб келаётган этик изларини йўқотиб қўйган эди. Фақат қорли сўқмоқ йўлда, отнинг тойилиб-тойилиб бораётган излари бор эди. Демак, ўғрилар уни адаштирмоқчи бўлишган. Ёки аёлни ҳам тинчитиш мақсадида ортидан тушгандир. Ёки ортидан келаётганмикан- у шундай хаёлланиб тўхтаб, разм солиб ортига қаради.
Дафъаттан оёқлари ортидаги қор сурилиб кетди-ю, мункиб тушди ва қор уюми билан бирга пастга шўнғий бошлади.
У бир уёнга, бир буёнга интилар, қўли билан титкилаб, пастга тушиб кетмаслик учун бирор имкон қидирарди. На бирор дарахтнинг новдаси, шувоқ, на бирор тутиб қолгулик тош топилмай қор уюмига кўмилар-кўмилмас бўлиб сирпаниб кета бошлади.
Маълумотларга кўра, инсон ўз жонига қасд қилиб кўп қаватли уйдан ёки бирор баландликдан ташлаб, оёғи ердан узилар экан, унинг хаёлига биринчи бор келган фикр
-Ўзи нега шундай қилдим – деган ўй бўларкан.
Аёл қир ёқасидаги сўқмоқ йўлдан сойликкача эниб тушиб, бироз вақт ҳушсиз ётдими, ёки тезда қўл-оёғини қимирлатиб уни соғ-омонлигига амин бўлдими буни аниқ эслолмасди. Билгани бор хаёлотини, вужудини бир жойга тўплаганича ойдинда қорайиб турган камар томонга эмаклай бошлади.
Йириккина, баҳорда чўпоннинг отари ётадиган камарнинг бир четида чўпонлар турар жойи бўлиб, барча нарса йиғиштириб кетилган, жойнинг шундоққина қаватида лойсувоқ билан тайёрланган ўчоқ жойлашган эди.
Аёл сурила-сурила аввалига қорайиб турган қамишларни тўшак деб титкилаб кўрди ва сўнгра қорайиб турган ўчоқ томонга юриб, унинг ичига кирди-да, чўнқайиб ўтириб олди.
Қандайдир қўрқувданми, шаҳдданми, жасоратданми бироз унутилган совуқ аёлни яна ўз забтига ола бошлади. Кийимига ёпишган қорни қоқиб ташлади. Оёғини кулга чуқурроқ ботирди. Тиззаларини қучганича, бошини унга қўйиб олди-да, танини иситиш учун -ҳуҳлай бошлади. Унинг бутун танаси дирдирар, тиши-тишига тақиллаганча урилар эди.
У ўзини шу ерга ўлишига эндигина ишона бошлаган эди. Даставвал хаёли ўзига бўйсунмай бошлади.
Қайердандир гўдак йиғиси эшитила бошлади.
“-Менинг гўдагим йўқку! , икки боласи ҳозир ҳамсоясининг уйида иссиққина сандалга қўшни болалар билан “Қушимбоши” ўйнашаётгандир. Қўшнининг болалари унинг болаларига сенинг отанг “Дизертир”-дейишаётганмикан. Кичиги яна ўзи тушунмасада, ёмон гап эканлигини ҳис қилиб “ Менинг дадам- Дизети эмас” дея ўксиб-ўксиб йиғлаётгандир.
Бу оқшом аёл талончилар тўдаси орасида урушга боришдан бош тортиб бир кечада қишлоқдан йўқолиб қолган эрини таниди. Ўзини тезда йиғиб олиб сездирмади. Бу аёл бир зумда эркакка айланди. Аллақачонлар ўзини руҳан шунга тайёрлаган ва пишган ҳам эди. Фарзандларини ҳам ота-ҳам она ўрнида туриб боқиб, тарбиялашни…колхоз ишида баъзи эркаклар қилолмайдиган юмушларни ва ташаббускорликларни ўз бўйнига олган, шунинг учун ҳам у худудда раисдан кейинги иккинчи одамга айланиб улгурган эди.
Аёл отдан ўзини отиб, эрига –мени қутқар –дея ялинмади. Қўлларидан тутиб-уйга қайтайлик, болалар ҳам, халқ ҳам сизни кечиради, эл корига яраб яшайлик – ҳам демади.
Эр эса уни танимади. Ҳартугул аёлга шундай туюлди…
Гўдакнинг йиғиси энди яқинроқдан , аниқ-тиниқ эшитила бошлади.
Бийдек даштда, бунинг устига тизза бўйи қорли, қировли кунда гўдакка нима бор…
-Ўлаяпман шекилли – деб ўйларди аёл.
Болаларини эслади. Улар иссиққина сандалга оёқчаларини тиққанча ўтиришар, каттаси ёстиқни олиб қўйиб, кекса одамлардек ёнбошларкан, кичиги уни қизғониб йиғига ўтди. Каттаси унга қайтариб бераркан, бола йиғидан тинди.
-Йиғламанг – пичирлади аёл – Бу оти қолган дунё…Бу нобакор дунё… сизларни кўзларингиздан сизиб чиққан бир томчи кўзёшга арзирмиди…?
Аёл ҳаёт ва ўлим ўртасида аросатда турарди.
“Гўдакнинг йиғиси… эҳ бу…шоқолларнинг овози-ку….”
Шоқоллар…унга томон яқинлашиб келаяпти…”
Демак, ҳаммаси томом.
Ички бир қўрқув уни овози яқинлашиб келаётганлигини билдираётган чиябўрилар томонга қарашга ундарди.
Жувоннинг ўз тиззаларидан бошини кўтаришига мажоли йўқ эди.
Бошини баъзўр кўтарди ва бир вақтлар қуёш порлаган бемажол кўзларини юқорига қадади. Шунда ҳам кўкда қуёш порлаб турарди.
“- Қуёш…кун келибди… энди тирик қолади!”
-Ҳозиргина чиққанми , бу қуёшки, тафтсиз.
У икки қўлини зўрға қимирлатиб, кафтларини қуёш деб ўйлаётгани, аслида ойга тутиб, исинишни истарди.
Унинг онги ҳали тўла музламаган эди.
“Ахир бу ой-ку”
“Ой қайси томондан бош кўтарди. Демак қуёш ҳам шу томондан чиқиб келади.
-Фақат қачон?
-Тонг отганда …
-Тонг қачон отади?
У билмайди.
Қўлларини кўкка тутиб тураверсинми…
У оёққа қалқди.
Гандираклаганича ой чиқиб келган томонга қараб кета бошлади. У фақат қуёшга тезроқ етиб боришни ва энг аввал қўлларини иситишни ўйларди.
“Мен қуёш чиқиб келар томонга қараб бораверсам, у ҳам мен томон келаётган бўлса иссиқ нурларини таратиб келаётган бўлса…бир-биримизга тезроқ етиб борармиз – деб ўйларди. Шоқоллар ҳақида эса ўйламай қўйганди.
Аёл йиқилиб тушар, ўрнидан турар ва яна кета бошларди. Шу алфозда қорда илонизи қадам изларини қолдириб қирга чиқиб борди ва унинг ортига ошиб кетди.
Ортидан эса қора кўланкалар унга изма-из юриб, кўздан йўқолишди.
* * *
Жувон ҳушига келганида ўз уйида, иссиқ сандалда роҳатланиб ётар, унинг икки боласи ҳам оёқларини кўрпа остига олганларича, ниманидир устидан талашишарди.
Оналарини кўз очганини кўриб, унинг бошига бир зумда парвона бўлишди.
“-Мен нариги дунёдаман-шекилли, унда болаларим бу ерда нима қилишяпти!?”
-Онажон, сизга нима бўлди…-сўрайди кичик ўғли ундан йиғламсираб.
-Нима бўпти, ўғлим?
-Сизни кимдир…
Каттаси эса ташқарига отилиб чиқиб кетди-да, -Зулфия хола онам кўзларини очдилар!-дея қўшни аёлни чақиргани эшитилди.
Қўшга аёл ҳаллослаб етиб келади.
-Ҳайрият-э, қайтиб келдингиз…- пичирлайди у, – Нима бўлди ўзи. Сизни кимлардир ярим тунда уйингизга келтириб ташлашганида, музлаб, беҳуш бўлиб қолгандингиз… икки кундирки тузукроқ ўзингизга келмайсиз…
Қўшни аёл нималардир ҳақида гапирди-да , уйига чиқиб кетди.
Аёл эслай бошлади.
“Мени қайси яхши одамлар ажалнинг оғзидан қайтариб олиб келдийкин” –дея эслашга ҳам уринди. Эслолмади.
Ажабланганича, онаси касал бўлишини ҳеч ҳам тасаввур этолмаган, ўзига тикилиб турган мунчоқкўз болаларига кўзи тушиб, бироз эсанкираб қолди.
Ўрнидан шахт билан туриб кетди.
-Нега, юпун кийиниб юрибсиз?- дея койиди ва уй тўридаги сандиқни очди ва қалин, пўстинли кийимлару-жунли пайпоқларни олиб болаларини бирин-кетин кийинтира бошлади.
-Совуқ!-деди у пичирлаганича.
– Ойи, кўчага чиқиб, меҳмонга борамизми?- сўради бири.
-Нега энди?-сўради боласидан.
– Қалин кийиндик-ку.
-Ҳеч қайёққа бормаймиз!
Болалар ва эшикдан энди кириб келган қўшни хотин ҳайрон бўлганича ундан кўз узмай тикилиб туришар, жувоннинг ўзи ҳам қават-қават кийим кийганича, яна сандалнинг ичига оёғини тиққанча ўтирар эди.
Ташқарида эса қуёш, қиш қуёши бўлсада қиздирар эди.
Аёлнинг бу каби кўпчилик учун тушуниб бўлмас, кийинишларига бора-бора кўзлар ҳам кўникди.
* * *
Орадан чамаси икки йиллар ўтиб, урушни ана тугар, мана тугар –деб туришган пайтларида, иссиқ, қуёшли кунларининг бирида, эгнида пиджак, тўн ва қалин патли пўстин кийиб олган, бошида қалин рўмол танғиган, оёғида пайтава ўраб, кирза этик кийган, қўлидаги қамчиси билан этигини уриб ўтирган, энди раис бўлган бу аёлнинг олдига почтачи қария тушкун, қўл қовуштирганича келди-да, хат тутқазди.
-Кимга, ота!-сўради у.
Почтачи ота беришга журъат этолмаган, урушдан келган хатларни унинг ўзи етказарди. Бу гал эса ота чурқ этмай жимгина бош эгиб тураверди.
Хат унинг ўзига бўлиб, эрининг урушда душман ўқига учиб халок бўлганлиги ҳақидаги қорахат эди.