Уни биринчи марта кўрганимда, “Наҳотки, ер юзида шундай гўзал аёллар ҳам бор?”, — деб ўйлагандим. Негаки, у тимқора сочларини елкаси узра ёйиб, оппоқ садафдек тишлари кўриниб шунақанги силкиниб кулгандики, худди эрка шамолда ҳилпираб, турган даста оқ гулни эслатди: озод, қўл етмас ва нозик… Беихтиёр “турмуш ўртоғи қанчалик бахтли бўлса керак”, — деган ўй ўтди хаёлимдан.
Ўшанда биз унга қўшни бўл¬ган уйга ижарачи бўлиб кўчиб келгандик. Унинг кулганининг сабаби бир ўртоғимнинг қўлида, нечанчи асрда ясалганини билиб бўлмайдиган хуми тушиб кетгани боисидан эди. Уни ўртоғим эски-тусқи нарсалар сотувчи кампирдан не бир хаёл билан харид қилганди. Ўзи ижарама-ижара юрибсану, тарихпарварликка йўл бўлсин, дейдиган одам йўқ. Хуллас, шу арзанда хум биз лаш-лушларимизни йўлакка уловдан тушираётган чоғимизда, ерга тушиб чил-чил синди. Шунда у кулганди. Ўртоғим кулаётган аёлга энсаси қотиб, манглайи тиришиб қаради, бир нима деб ғудранди ҳам, аммо унинг бўғзидан чиқаётган чала калимаси унинг кулгуси остида эшитилмай қолди. Ва дўстим ҳам бошқа ҳеч нима демади. Негадир жимиб қолди. Дунёдаги тенгсиз жаҳлдор одам ҳам уни кўрганда беихтиёр ҳалим бўлиб қолиши шубҳасиздек эди, назаримда.
Аёл бизни хафа қилиб қўйдим, деб ўйлади шекилли:
— Кечирасизлар. Мен сал ғалатироқман-да, шу кулгули нарса бўлса йиғлайман, йиғлаш керак бўлган жойда кулавераман. Узр, — у яна кулди ва оҳиста ўрнидан туриб кета бошлади. Рўпарадаги офтобрў курсида ўтирган эди у.
Орадан бир соатлар вақт ўтди. Бу орада биз юкларимизни уйга жойлаб, худди сомони бўшатилган қанордай тартибсиз ёнбошлаб ётгандик. Эшик қўнғироғи босилди. Учовимиз ҳам бир-биримизга ажабланиб қарадик: Ким бўлдийкин? Кўчиб келганимизни ҳали биров билмаса?
Эшикни ким очади, ўртоқларимнинг бири янги кулбамизни айланиб, ички ҳовлида юрар, иккинчиси — Асад эса ҳалиям хумини эслаб лабини осилтириб ўтирибди. Ноилож ўзим турдим. Эшик орқасида ўша… қўшни аёл жилмайиб турарди.
— Келинг…
— Мумкинми? — у жавобимни ҳам кутмасдан ичкарига кирди. Ўртоқларим ҳам, мен ҳам майкачан эдик. Аёл жилмайиб қўйди.
— Бу уйда бир оила яшарди, — деди уйни диққат билан кўздан кечиргач. — Уларни борлиги ҳам, йўқлиги ҳам билинмасди. Қандайдир бошқача эдилар… — У мен таклиф этган стулга омонат ўтирди. — Уйланганмисизлар? — деди кейин ҳар биримизга тикилиб.
— Йўғ-е, — деди Асад ҳамманинг номидан жавоб бериб.
— Яхши… энди менга рухсат. — у ўрнидан турди. Нимадир эсига тушган каби қўшиб қўйди. — Ҳа, айтганча эрта кечга қўшниларнинг гапи бор?
— Қанақа гап? — деди энди алами тарқаб кетган Асад.
Дарвоқе, Асад дўстим аллақачон ўзини биздан илтифотлироқ кўрсатиб, унинг эътиборини қозонишга ҳаракат бошлаб юборганди.
— Гап? — аёл яна шарақлаб кулди. Биз эса елка қисиш билан кифояландик. Аёл давом этди. — Гап — хотинларнинг гапи тўкиладиган кун. Бахтга қарши эрта кечга менинг уйимда тўпланамиз. Агар истасанглар, ўтинглар…
— Албатта борамиз — деди яна Асад.
Бу сафар аёл кулмади. Аксинча, юзида “Бекор таклиф қилдим, булар боришданам тоймайди”, деган ифода пайдо бўлди.
У кетди. Биз эса, худди кучли момақалдироқдан кейин пайдо бўлган қўзиқориндек анграйиб туравердик. Қандайдир карахт эдик.
— Ҳой, хумкалла одамни шарманда қилдинг-ку. Сен болага қачон ақл битади.
— Кўп гап — эшакка юк. Худди шунга ўхшаб ортиқча ақлнинг ҳам кераги йўқ. Одам салгина ширин тил ва мулозаматли бўлса — омад келгани шу…
Янги ижара уйимизда кулгу янгради. Бу бизни сеҳрлаб кетган кулгу эмас, сеҳрланганларнинг беғубор кулгуси эди.
* * *
Уни иккинчи марта кўрганимда, қош қорайган маҳалда ишдан қайтаётгандим. Кўп қаватли уйнинг орқа томонида, кекса дарахт остида ким биландир гаплашиб турганди. Кулгусидан танидим. Ўша кулгу. Ўша ҳарорат. Ўзим билмаган ҳолда қадамимни секинлатдим. Ва унинг ушбу гаплари қулоғимга кирди:
— Барибир яшашим керак-ку…
Шу маҳал йўловчи машина келиб қолди. Унинг чироғи мени ёритиб ўтди. Аёл мени таниди шекилли, лип этиб дарахт панасига ўтди. Мен эса, кўча ўртасида узоқ вақт туришим ноқулайлини фаҳмлаб, тезлашдим.
Эндигина овқатланиб бўлгандик, шу пайт эшик қўнғироғи босилди. Асад ўрнидан отилиб турди.
Дарвоқе, ўша биринчи учрашувда бўлиб ўтган ҳангома ҳамон уни ҳаяжонлантирарди. Ўша кундан бошлаб ўртоғимиз эшик тиқ этса, йўлкага отиладиган бўлганди. Бу сафар ҳам у югуриб бориб, эшикни очди. Ким биландир аввал кулиб, ке¬йин минғирлаб, сўнгра негадир зардали оҳангда гаплашиб, ортига қайтди ва менга қараб:
— Пастда сени кутиб тураркан, — деди.
— Ким?
— Ўзингни думбулликка солма. Кимлигини тушганда кўрасан.
Кийиниб пастга тушдим. Мендан ўттиз қадам нарида, дарахт¬лар орасида бир қора шарпа турарди. Ўша томон юрдим. У ҳам нарёққа қараб илгарилай бошлади. Иккимиз олдин-кетин эллик қадамча юрдик. У бир катта дарахт панасида тўхтади.
— Сиз?! — дедим унинг рўпарасида тўхтаб. Қаршимда ўша кулгуси чиройли аёл турарди.
— Мен билан қаёқларгадир қочиб кета оласизми? — деди ҳеч иккиланмасдан.
Мен… Ўзим билмаган ҳолда бир қадам ортга тисландим.
— Нега энди сиз билан қочиб кетишим керак? — Мен ўзимни сал-пал босиб олгандим.
— Мен сиз билан ҳеч қаёққа кетмайман. — деди туйқусдан ва яна шарақлаб кулди. Мудраб ётган қушлар питирлаб учди. У гапида давом этди. — Боя сиз кўрганингиз бор-ку, ҳа, ўша йигит менга шундай деди. Мен унга айтдим: мен сени севмасам ёки шунга ўхшаш гап қилмаган бўлсам, нега энди қочишим керак? Яна шундай дедимки, агар сен мени ростданам севсанг нега қочишимиз керак, ҳозир ҳеч ким бунақа йўл тутмайди, аксинча келишади, шундай эмасми? Унинг ниятини биламан… — У бироз ўйчан қиёфада давом этди. — Шунчаки… Ҳа, шунчаки… Сизга бир воқеани айтиб берайми? — Бу сафар хушчақчақ овозда гапирди. Унинг турланишини ҳеч ақлимга сиғдиролмасдим. Бир лаҳзанинг ўзида ҳам ғамгин, ҳам хурсанд ҳолда сўзлаш ёки яшаш мумкинми? Мен шуни тушунмасдим. У ким ўзи? Одамми ё парими? Ёки умуман унда ҳиссиёт, юракнинг ўзи йўқми? Яна бир ўй менга тинчлик бермасди: Нега мени бу ерга чақириб, телба-тескари гапларни айтяпти? Тушуниш қийин. Одамнинг телба бўлиб қолиши учун бир лаҳза ёки иккита бир-бирига ўхшамаган гапнинг бир пайтда битта одамдан эшитишнинг ўзи кифоямикан?!…
— Ўн саккиз ёшимда, мени турмушга беришган, — дея ҳикоя¬сини бошлади аёл. — Ўшанда китоблару киноларда бўладиган муҳаббат таъсирида юрардим. Ўн саккиз ёш. Ростданам яхшими ёки ёмон паллами бу – ҳамон анг¬лаб етолмайман. Бу ёшда кимнидир севиб, севилишинг ёки бир умрга етиб ортадиган изтироб олишинг мумкин. Буни айниқса, шоирлар яхши тушунишади, ҳис қилишади. Хуллас, мени узатишди. Ўзимдан ўн ёш катта одамга. Буни тўйдан кейин билганман. Катта энам айтарди, қизнинг севгани тегирмончининг этигига ёпишган ундай гап. Этикка илашган унни тегирмончи барибир қопига солмайди. Аммо, катта энам билмасдики, унни сидириб ташлаган билан у ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди. Қаердадир, қайси бир ковакдами қолади.
Яна чалғиб кетяпман-а. Тўй ўтди. Мен у билан уч кун яшадим. Чунки, отамнинг бир каттакон жўрасининг таниши эди бу одам ва у аввал хотин қўйган, лекин жуда бадавлат эди. Отам ҳам… эҳтимол, шунинг учун мени унга узатганди. Тўртинчи кун эрталаб қочиб кетдим. — Аёл кулди. — Мен эркакмасман, лекин ўзимча сал тушунаман: хотини қочиб кетса, эркакнинг боши эгилса керак. Эгилганда ҳам ёмон эгилади.
Отамнинг олдига боришибди. Тўпалон, яна дўқ-пўписа… — аёл бир муддат жим бўлиб қолди. — Орадан бир ҳафталар ўтиб, шундай хабар эшитдим: У яна уйланибди. Янги келин мендан ҳам бир ёш кичик экан.
Тошкентга келдим. Биламан, ота-онам мени ҳеч қачон кечирмаганидек ва ҳеч қачон унутиб ҳам юбормайди. Тошкентда бир қаҳвахонада ишлай бошладим. Қаерга ҳам борардим. Ва бир, йигитни учратдим. Сезишимча, бўйдоқ эди. Мен ишлайдиган қаҳвахонага кунда-шунда, кўпинча эрталаблари кирарди. Уйда чой ҳозирлаб берадигани бўлмагач, шундай салт-баёв бўлади-да эркак зоти. Оти Неъмат эди. Син солиб идиш-товоқ, йиғиштираётганимга қарайди, гўё алланимани баҳона қилиб “Мумкинми, яхши қи甬лаб қолади. Хуллас, танишдик — кўнглимга ўтирди. Асли одам кўнгли куйиб турган пайтларда бир малҳам излайдию, лекин ақлини олиб қўяди экан-да. Кўзимга ўтдай кўринди шу йигит. Ҳа, ҳозирги эримни айтаяпман-да. Бошида жуда меҳрибон эди. Эр-хотин ҳам шунчалар иноқ бўладими, деб ўйлар, қўрқиб ҳам кетар эдим. Кейинчалик, бора-бора… у ҳам айниди. Бир кун ўртамизда шундай суҳбат бўлиб ўтди:
— Сен мендан қарздорсан.
— Қарзим қанча?
— Ўн йил.
— Ўн йил?
— Ҳа, ўн йилдан бери, сени боқиб, едириб, кийдириб келаяпман.
— Мен эса ўн йилдан бери сен учун яшаяпман.
— Аслида, ҳамма ўзи учун яшайди. Бу шунчаки чўпчак.
— Яхши, бугундан бошлаб ўзим учун яшайман.
…Аёл ҳикоясини тугатиб жим бўлиб қолди. Мен эса унинг эри “ўз-ўзидан” айниб қолганини ҳазм қилолмас ва буни ошкор айтолмасдим. Негаки, бу савол ҳам қайтариб бўлмас умр каби беҳуда эди. Аёлнинг бурун катакларидан қандайдир қушнинг ожиз ноласига ўхшаш сас эшитиларди. Бехосдан юрагим шув этиб кетди. “Ахир унинг мазаси йўқ. Тез чарчайди ва нафас олиши қийинлашади.”
— Кетдик, — дедим қўлини маҳкам тутганча.
Аёл ҳеч бир савол-сўроқсиз менга йўлдош бўлди. Катта кўчага чиқдик. Машина тўхтатдим:
— Кинотеатрга, — дедим-да, машинага ўтирдик.
Аёл худди минг йиллик таниши билан муҳим бир жойга борадигандек, хавотирланмай, бемалол ўтирарди. Унда қўрқув ҳам, ҳайрат ҳам йўқ эди. Аксинча, бу туйғулар мени қамраганди. Фақат икки нарсани тушунса бўларди, бири у бегоналар билан кўп марта кинога борган, иккинчиси менга шунчалик ишоняпти…
Ўша куни биз кинодан чиқиб, истироҳат боғига бордик, кафега ҳам кирдик. Уни билмадиму мен ўша куннинг роҳатию завқини ҳеч қачон унутолмасам керак. Негаки, биз умуман ўйламадик, фақат қувнадик, ўйнадик. Ҳа, бундай кунлар бутун умр давомида саноқли бўлади. Ўша куни у менга ҳамма нарса ҳақида гапириб берди. Мен уни айнан ўша куни танидим. Бу бошқа аёл эди. Ҳа, кулиб юрадиган аёл бош¬қа. У аёлни бемалол алдаб ёки йиғлатиб кетиш мумкин, аммо мен таниб турган аёлни на алдаб, на йиғлатиб бўлади. У қанчалик меҳрибон бўлса, шунчалик қаҳри қаттиқ эди. Ундан муҳаббат кутса бўлади ва жиноятни ҳам бемалол кутиш мумкин.
Мен аёлни уйига кириб кетгунча ортидан тикилиб турдим. Билмадим, нима учундир чекким келди…
* * *
Сирга талпинганинг сари сендан олислаётгандай бўлиб жонингга ўт кетаверади. Қисмати кафтдаги қордай аён ва аянч бу аёл дилимга қаттиқ ўрнашиб қолганини ҳис этарканман, эсласам, титраб кетардим, — бировга айтиб ўлмайдиган, аммо айтмай ҳам бўлмайдиган бир тўфон бошимни гангитиб борарди тобора. Аммо…
Кейинги уч кунда уни на кўрдим, на бетиним қўнғироқларимга жавоб ололдим. Яшайдиган уйига эса калладай қулф осиқ. Ё ота-онаси келиб олиб кетган, ёки… ишқилиб бир бало бўлган.
Тўртинчи куни тасодифан қаршимдан чиқиб қолди. Фақат бош¬қа қиёфада, бошқа алпозда. Тушимми, ўнгимми деб туриб қолдим. Қўлида уч ёшлар чамасидаги ўзига қуйиб қўйгандек ўхшайдиган қизалоқ. Ёнида мен ҳеч қачон афтини кўрмаган бир эркак. Эркакнинг қўлларида иккита катта-кичик бозорхалта. Шод-хуррам, бир гапириб ўн кулиб, елкаси билан эркакка эркаланиб туртиб қўяди. Эркак ҳам маъсум жилмайиб, паст овозда ниманидир гапириб кетаётир. Уни танимаган кишилар бу манзарани кўргач беихтиёр, “Кўз тегмасин, гўзал оила экан”, деб ширин хўрсинса, эҳтимол.
Аёлнинг бағримни тилкалаб юрган жодусини англолмай шу турганимча туравердим. Токи… улар кўздан пана бўлгунича.