Санжар Турсунов. Чавандознинг кўнгли (ҳикоя)

— Умри билан берган бўлсин!
— Ҳалвоми? Қандай яхши. Мен сизга айтсам, қиз бола отасига жа меҳрибон бўлади-да. Тўғри, мен буни билмайман. Ўғилларим белимга мадор бўлади десам, синдириб ташлашяпти, баччағарлар.
— Ўғил бўлса яхши бўларди!
— Э-е, ўғилми, қизми берганига шукур.
Шу ва шунга ўхшаш гаплар биридан иккинчисига учинчисидан бешинчисига ўтиб бутун қишлоқ бўйлаб тарқалиб юрарди.
Олимқул аканинг хотини қирқ ёшли Ойсанам опа, худди ёш келинчак мисол уялган бўлиб, рўмолининг учини лабига қистириб, ерга қараган бўлди.
Аёллар чақолоқни қўлига олиб эркалаб, суюнчилади. Ҳали рангини билиб бўлмаса-да, бири олиб-бири қўйиб гоҳ эрига, гоҳ ўзига ўхшатди.
Одамийлик шундаки — улар бир-бирини яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам, севинчдаю қайғудаям ёлғизлатиб қўймайди. Олимқулнинг бу ўйга келишига қишлоқнинг нариги четида яшайдиган, Зулфия момонинг кечга яқин қўлида бир тугун билан кириб келгани бўлди. Момонинг ёши саксондан ўтган неча йилки ёлғиз яшарди. Худо унга тирноқ бермаган. Момо эри қайтиш қилгач эллик ёшда эди. Мана шунга ҳам ўттиз йил бўпти. Олимқул аканинг, кеч бўлганда сизга зарилмиди, айтсангиз ўзим елкаларимда кўтариб келардим, деган сўзига момо бундай жавоб қилди:
— Сен бола ўзингни кўп койима. Ҳали елкангга бу қизчанг шунақанги кўп минадики, дод деб юборасан. Бу бирламчи. Сўғин мени қариб, энди юролмай қолди деб ҳам ўйлама. Худо умр берган бўлса, шу қизчангни тўйида кампир ўлди, ўзим бўламан.
— Илоё айтганингиз келсин. Қани ичкарига марҳамат.
Момо қизчанинг чилласи чиққунча шу ерда қоладиган бўлди. Қизчага Интизор деб исм бердилар. Бундан момонинг ажин босган пешонаси яна-да тиришди.
— Бу қанақа исм бўлди? Ундан кўра Зулфия қўйинглар. Хурсанд бўламан.
Кўпни кўрган момонинг сўзини ерда қолдиришни эр-хотини гуноҳ санадими, қизчани Зулфия деб атай бошладилар. Бундан момонинг чўкаётган кўнгли яна ўсди. Худди энди эрга тегадигандек, ё келинчак даври қайтаётгандек бир гапириб ўн кулар, югуриб елиб кичкина Зулфиянинг хизматини қиларди.
Орадан яна йиллар ўтиб Зулфия қизили қизилга, оқи оққа ажралиб гўзал қизга айланди. Тилаб олинган фарзанд тантиқ, эркатой бўлиб ўсди. Айтгани айтган, дегани деган бўлди. Ота-она унинг ҳар сўзини қонун, эркалигини меҳрга йўйишди. Қиз уй-рўзғор ишига аралашмас, кўнгли нимани тусаса шуни қилар, унинг яна бир одати бор эдики, уйқучи эди. Қиз бола дегани бировнинг хасми. Эрта учади — кетади. Мана шу ўй ота-онани анча ўйлантирарди. Зулфия бўлса парвойи палак, унинг умуман турмушга чиққиси йўқ, тўғрироғи, эрга тегиш нималигини-да, англаб етмасди. Гарчи, тенгдош дугоналари аллақачон бола-чақали бўлса-да, у ўртоқларини боласини кўрганда ажабсинибми, ҳадиксирабми, хуллас, ўзи ҳам тушунмайдиган бир назар ташлаб қўярди.
Шундай кунларнинг бирида қизиқ воқеа рўй берди: Зулфияни бир йигит ёқтириб қолди. Биргина “кўриб қолиш” номдор чавондознинг келажаги порлоқ ўғлини оромини ўғирлади. У кўпкарида қанча соврин олган бўлмасин барча-барчаси рангсиз, қизнинг нигоҳи билан ўлчанганда — сариқ чақалик қиймати қолмади.
Норқўзи (чавандознинг исми шундай эди) ҳар куни Зулфиянинг уйи атрофини изғир, отини лўккиллатганча уёқдан буёққа, буёқдан-уёққа ўтар, девордан бўйнини чўзиб қарар, биргина умиди уни кўрсаю ёнаётган юрагини совутса. Атайин қилгандек қиз ҳам сувга чиқиб қолмас, (умрида бирор марта сувга чиқмаган қиз) ё саҳарлари қўйларини подага ҳайдаса, (у бу пайтда ухлайди-ку) ҳеч бўлмаса кўчага сув сепса. Норқўзи шу хаёллар билан кекса кампирдек имиллаб ўтаётган кунларни тунга уларди.
Чавандоз ўғлидаги ўзгаришни зийрак нигоҳи билан анча кузатиб юрди. Таниш-билишлардан сўраганида кайфияти тушиб кетди.
— Бўлмайди.
— Нега?
— Сен чавандозсан. Шундай экан, эзма бўлмагин. Ҳар бир гапинг худди отинг туёғи каби мустаҳкам, ёлидек кескир бўлмоғи даркор.
Чавандоз билан бола ўртасида шундай суҳбат бўлиб ўтди. Ота эзма эмасди. Шу билан бирга золим ҳам деб бўлмасди. У ўғлини аяди. Қолаверса, бировнинг қизини ёмон деб гуноҳга ботишни истамади. Рўзғор ишига уқуви бўлмаса, кўп ухласа, қизнинг ёмон дегани эмас-ку. Чавандоз буни билади. Билгани учун ҳам ўғлини бир силтаб, чавандозсан, сен ҳақингда ҳар қандай гап отингдан ҳам тез югуради, деб қўймоқчи эди. Буни уддасидан чиқолмади, чунки ўғли отасининг гапига исбот талаб қилди. Исбот… ҳозирча йўқ.

* * *

Олимқулга Зулфия момо бир гап айтганди:
— Қизни уриб бўлмас бу бирламчи, сўғин эркалатиб бўлмас.
— Унда уни нима қилайин?
— Иккисининг ўртасини топишинг керак.
— Қандай топаман?
— Ҳа, болам-а, топишнинг осонроқ йўли бўлганида ер юзи аллақачон жаннат бўлиб кетмасмиди? Шундай болам. Вақт — доно ҳакам. Ҳаммасини вақтнинг ўзи кўрсатади, ўргатади.
Олимқул момонинг гапини ақл тарозисидан ўтказаркан, ўша вақт келмадикан, ўтиб кетдими ё ҳали эртами деб иккиланарди. Норқўзининг уйи атрофида парвонадай учиб юрганидан хабардор. Бир кўнгли таёқ олиб қувай деса, бир кўнгли шошма подадан олдин чанг кўтарма, деб ўзини қўлга оларди.
Зулфия ҳақида бундай гап юрарди:
— Э, уми ялқов. Бир камим шуни келин қилиш қолувди. Нима, ёшим бир жойга борганда, унинг ўрнини ўзим йиғаманми?
— Исм — ярим тақдир, дейдилар. Ўзи яхши қиз. Ялқовлигиниям бир нима қилса бўлади. Фақат момонинг исми одамни сал чўчитади-да. Момо яхши аёл эди. Аммо… Пешонасига туёқ битмади.
Бу икки сабаб юрагида ёли бор ҳар қандай йигитни ҳам бироз довдиратиб қўярди. Норқўзи-чи? Буларни билмайдими? Билади. Лекин, ўлгудай қайсар.
Ҳўв, ўша суҳбатда отасиям шуларни айтмоқчи эди. Аммо ирим-сиримга ишонмайдиган чавандоз буларни айтиб ўғлининг олдида ҳурматини йўқотишдан қўрқди. У яна шуни тушинди: қиз жуда ғурурли. Унга етиш осон бўлмайди. Ҳа, айнан шу умид уни хотиржам бўлишга ундарди. Ўғли қанча уринмасин қиз бўйин эгмаса — бари бекор. Чавандоз шу ўйлар билан юрганди, лекин бундоқ қараса, ўғли ҳамон шу қизни кўчасини чангитишда давом этмоқда. Уни ёнига чақирди. Гапни айлантирганди, ўғлининг жавоби бундай бўлди:
— Мен кўчадан от миниб ўтганда ҳар бир туйнукдан қизлар пойлайди. У бўлса мени хаёлига ҳам келтирмайди. Агар шу қизга уйланмасам, отимнинг мадори етгунча чоптириб бу ерлардан кетаман, кетаман.
— Ё, қудратингдан айланиб кетай, бу яна қандай томоша бўлди.
Шу суҳбатдан кейин ота тушиндики, дўппини бошдан олиб бир ўйламаса бўлмайди. Элга гапини бермаган чавандоз энди қаёқдаги ўйдирмаларга ишонса — кулгу бўлади-ку.
Эртаси чавандоз Зулфияларнинг қишлоғи  сари йўл олди. Одамлар қўй-эчкиларини ҳайдаб чакана отарга қўша бошладилар. Чавандоз улар билан суҳбатлашиб турди. Ички сезги билан қизнинг отасини таниди. Ҳа, юзи кўзида самимийлик уфуриб турган бу одамдан ёмонлик чиқмайди. Чавандоз кўпни кўрган. Бир қарашдан ё икки оғиз гапидан кимни қанақа инсон эканлигини билади. Отар кетгач чавандоз Олимқулга эргашди. Йигирма қадамлар юргач қизнинг отаси ортидан келаётган одамни сезиб тўхтади.
— Менга бирор юмушингиз бор эдими? — деди ажабланганча.
— Вақтингиз бўлса, икки оғиз гаплашсак дегандим…
— Қани марҳамат, уйга кирамиз. — Олимқул шундай деб чаққонлик билан йўл бошлади. Уйга кирганда хотини ҳали ҳовлини супириб бўлмаган, қорни ичкарига тортилган сигир норози қиёфада бир қараб қўйди. Ит ҳурмоқчи бўлиб оғиз очгани ҳамон, эгасининг қовоқ ўйганини кўриб бостирмасига кириб кетди. Ҳовлисидаги тартибсизликдан Олимқул баттар ҳаяжонланди. Бурнининг устидаги маржон терни кўриб: “Андишали одам экан”, деб хаёлидан ўтказди чавандоз.
— Хуш кўрдик. — мулозамат кўрсатди Олимқул, сўрида жойлашиб ўтиргач, меҳмонга чой узатаркан.
— Олимжон ака, биласиз, чавандоз халқи икки гапни билади. Ҳалол ва ҳаром. Шу икки ибора бизнинг оримиз, шаънимиз.
— Доно гап айтдингиз…
— Менда донолик нима қилсин. Хуллас, гапимни дангалини айтадиган бўлсам, гапга нўноқман. Кейин, нозик жойларда керакли гапларни айтолмайман. — Чавандоз чойдан яна бир ҳўплади. Гапни нимадан бошлашни билмай бироз тараддудланди. Қатъий қарорга келди чоғи, ўрнидан бир қимирлаб давом этди: — Биттагина ўғлим бор. Қизларим аллақачон жойини топиб кетишган. Чолу кампир шу ўғлимиз қачон тенгини топар экан деб эшикка, — гапи сал ҳаддидан ошганини сезди-да, тезда хатосини тузатди — тўғрироғи, ўғлимизнинг оғзига тикиламиз. Бу кишим бўлса миқ этмайди. Охири ўзим сездиму қайдасиз Олимжон ака, деб келабердим. — Юзларини терини артаркан “нега бунча чайналдим”, деб ўзидан ғижинди ва гапни пўсткалласини айтди-қўйди. — Қизингизни ўғлимга хотинликка беринг…
— А? Оғайни… Эшитмай қолдим.
— Йўқ Олимжон ака, сиз мени нотўғри тушунманг… Мен ҳалиги айтмоқчийдимки, шу нима десам экан, қуда бўлсак демоқчийдим…
Олимжоннинг қўллари титрар, оғзи қуриб борарди. Унинг бу ҳолатини чавандоз бошқача тушундими, ҳарқалай яна бидирлаб кетди:
— Сизга айтгандим-ку, гапга нўноқман деб. Сиз мени тушунмадингиз… Ўғлимга қизингизни сўраб келувдим…
— Қизимни?.. — Олимқул тамоман довдираб қолди. Уларнинг суҳбатини сигир соғиш баҳона эшитиб турган хотини сергак тортди. Хотин сатилини бир четга қўйди-да, улар томон одимлади. Сўрига етгач салом бериб, меҳмонга юзланди:
— Миймон ака, биласиз ҳозирги ёшлар ҳамма нарсани ўзлари ҳал қиляпти. Дугонам келсин бир гаплашиб кўрайлик. Кейин ёшлар учрашсин…
— Яхши, яхши. Майли бўлмаса мен борай… — Чавандоз нималардир деб тўнғиллаб дуо қилди-да ирғиб ўрнидан туриб калишини ярим кийиб кўчага отилди. Кўчага чиқаркан, худди махбусхонадан чиққандай тоза ҳаводан эркин нафас олди.
— Ё, қудратингдан айланиб кетай. Шунча йил улоқ чопиб бунақанги қийналмагандим…
Шундан кейин чавандознинг аёли бир неча марта келиб кетди. Ота-она рози. Фақат Зулфия унамайди. У на розилигини айтади, на рад жавоб беради. Нуқул кулади. Бирон нарса десанг-чи, деб қистовга олса:
— Нима дей? — дейдию ҳовлини тўлдириб ханда отади.
Бу каби томошалар чавандозни кайфияти анча туширди. Бир куни ўғлини ёнига чақирди-да, қаттиқ-қаттиқ гапирди:
— Улоққа чўзилганинг билан уни ердан даст кўтариб олмасанг бекор. Ердан даст кўтариб олганинг билан, барча отлардан ўзиб, чилвирга боғламай, баковул айтган жойга обориб ташламасанг — бу ҳам бекор. Айтилган жойда обориб ташласангу, оломондан бир киши бўлса-да, ғирромлик қилди деса, билки, буям бекор. Шундай экан, чавандоз ҳам… — гапининг давомини айтмади.
Шу суҳбатдан кейин уч кун ўтиб Зулфия Норқўзи турмушга чиқишга рози бўлди. Унинг нима қилганини ҳеч ким билмади.
Тўй зўр ўтди. Бир томонда кураш, бир томонда кўпкари. Одамлар ҳайрон:
— Кўпкарию кураш суннат тўйида бўларди, бу яна қанақаси.
— Чавандоз бирданига набиранинг ҳам тўйини қиляпти, — деб аския қиладиганлар ҳам топилди.
— Э-э, сенга нима ҳасадбой! Ошингни еб, кўпкарингни кўриб курашни томоша қилабермайсанми?
— Э, бўйингдан чавандоз шўйтиб ҳам тўй қиласанми-а?
— Хабарингиз йўқми, бу дейман келин сал ёши ўтганроқми?… Ё менга шундай туюлдими?
— Иборангиз рост малим. Қиз сал ялқовмиш…
— Э-э, тоза чўзилдинглар-да. Менга қара, сенларга на, а сенларга нима? Тавба қилдим-ей, тавба қилдим. Одам деганиям шундай бўладима?
Бир томонда шунақанги гапу бир томонда кураш, кўпкари, ҳатто баъзи бир қизиққанлар хўроз ҳам уриштиришди.
Отлар кишнайди. Чавандозлар ириллайди. Полвонлар “Ё Али”, “Ё пирим”, деб осмонга сакрайдилар. Ёш болалар шовқин солишади.
Норқўзи билан Зулфиянинг тўйи мана шунақа ажабтовур бўлди.

* * *

Тўй ўтганига ҳам йигирма кундан ошди. Зулфиядан эса ҳамон дарак йўқ. Олимқул билан хотини йўл қарайди. Юрак ютиб борай десалар, қудаларининг полвон гапидан қўрқади. Чунки, ота-онанинг қизларидан кўнгли тўлмас, янги хонадонда тоза шарманда бўлган, пешингача ухлаб, на ҳовли супурган, на сигир соғган. Ўз ўрнини ҳам йиғмаган бўлса керак, деб ўйларди. Кўчадан кимнидир овози эшитилса иккиси ҳам илкис бир-бирига қарашар, то овоз улардан йироқлашганча юракларини ҳовучлаб ўтирарди. Уларнинг назарида ҳозир, қизларини олиб келиб ташлаб кетишлари мумкиндай туюларди.
Бу ҳолдан юраги сиқилган ота бир кун хотини қўшнининг уйига чиққанидан фойдаланиб, ўзини кўчага урди. Қизи келин бўлиб тушган маҳалла бошигача боргани бир бўлдию, йигирма қадам ичкарига қадам босгани бир сари бўлди.
Қудасининг уйига деярли мўралаб кирди. Воажаб: ҳовли чиннидай топ-тоза, озода. Райҳонлар барқ уриб ётибди. Олимқул адашмадимми, деб яна бир назар ташлади. Йўқ, адашмабди. Ичкарилади. Секин ошхонага мўралади. Қозонда тушлик овқат бақ-бақлаб қайнарди. Бир маҳал уй ичидан қизининг кулгани эшитилди. Ё қудратингдан, қизининг кулгуси бошқача эди. Бу ханда келинликка хос бўлган, саранжом-саришта аёллар кулгусига жуда ўхшаб кетарди.
— Ҳа, қуда тинчликми? Келинг-ей, бохайрми?
Милтиқнинг ўқидай жаранглаган бу овоздан Олимқул бир чўчиб тушди. Ортида чавандоз келинидан мамнун қайноталарда бўлган бир табассум билан унга қараб турарди…
— Сиз… Мен… Қизим…
— Бўлди-бўлди. Ҳисоб биру бир. Эсингиздами, сиз ҳам мени уйингизга борганимда шундай довдиратгандингиз. Бу ҳазил. Сизни тушундим. Мен сизга айтсам… — чавандоз шундай деб Олимқулнинг билагидан ушлаб сўри томон бошлади. — хотинга эрталаб тур, келининг ҳали ёш, то ўргангунча қарашгин, дедим. Хотин рози бўлди. Хотиним турганча, биласиз у беҳад семириб кетган. Хуллас, келиним ҳамма ишни қилиб бўпти…
Олимқул кўзида ёшни биров кўриб қолмасин, деб тезда артиб қўйди.

* * *

Зулфиянинг озода ва чаққонлиги бутун қишлоққа ёйилди. Чавандоз “Сен уни қандай кўндирдинг?”, деб сўраганда Норқўзи отасига шундай деди:
— У менга: “Момомни йўқлаб турасан. Мен у билан атиги етти йил яшадим. Аммо шу етти йил ичида аёлга нима керагу нима керакмаслигини билдим. У менинг иккинчи онам”, деди. Момони мен ҳам яхши кўрардим.
Чавандознинг кўзи намланди. Ўғлини бағрига босиб ўпгиси келди. Бироқ, келини ҳовлида айланиб юргани учун ўзини тийди. Холироқ учраб қолса, албатта шундай қиламан, деб дилига тугиб қўйди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 31-сон