О’Генри. Дийдор (ҳикоя)

Ота одатдагидек ишдан кеч қайтди. Ҳорғин гавдасини аранг судраб остона ҳатлади. Бўсағада мижжа қоқмай кўзлари тўрт бўлиб, уни интиқ кутаётган беш яшар ўғли қарши олди.
— Салом, дада! – деди у қувончдан кўзлари порлаб.
— Салом, бўталоғим, ҳалиям ётмадингми?
— Йўқ, – дея жавоб берди бола ва сабрсизлик билан сўради: — Дада, майлими, сизга савол берсам?
— Майли. Қани эшитайлик-чи, оромингни ўғирлаб, алламаҳалгача сенгинани йўлимга интизор қилдирган қандай савол бўлди у?
— Бир соатда қанча пул ишлайсиз? – кўзларини пирпиратиб болаларга хос содда самимият ила сўради болакай.
Беш яшар боланинг кутилмаган саволи отани танг қолдирди-ю, туриб-туриб жаҳлини чиқарди.
Бемаҳалда бошқа бўлмағурроқ савол тополмадингми? Қолаверса, бу сенинг ишинг эмас, шумтака.
— Дада, илтимос, мен шунчаки билмоқчи эдим, айта қолинг, бир соатда қанча пул топасиз? – оёқ тираб олди болакай.
Боланинг ҳукми пошшонинг ҳукмидан устун эмасми, ота қараса, жавоб бермаса бўлмайдиган, жовдираб тикилаётган беғубор кўзлар билан нигоҳи бақамти келганида кўнгли ийиди ва:
— Бир соатда 20 доллар ишлайман, қўзим, — дея жавоб қилди у боласининг бошини силаб.
— Яшасин! – қичқириб юборди кичкинтой. Дада, менга 10 доллар қарз бериб тура оласизми?
Буниси ҳаммасидан ошиб тушди ва дарғазаб отанинг сабр косаси тўлиб, ортиқ жаҳлини ўзини тутиб туролмади.
— Ие, тағин яна нимани ўйлаб топдинг. Қаердаги кераксиз ўйинчоқларни сотиб олишим учун дадам 10 доллар беради, деб ўйласанг, чучварани хом санабсан. Қани ҳозироқ ўрнингга бориб ёт охирги пайтларда қанчалар худбин бўлиб кетганинг ҳақида бош қотириб кўр! Мен ҳар кун бетиним меҳнат қиламан ва жоним халқумимга келиб аранг уйга қайтаман. Сенинг хархашаларинг ва инжиқларингни кўтаришга тобим йўқ!
Мўлтираб тикилиб турган кўзларга ёш қалқди. Болакай индамай ортига ўгирилди. Чарчаган ота дам олгали ўрнига чўзилди, бироқ ҳар қанча ҳориган, жисмонан эзилган бўлмасин, ҳадеганда кўзларига уйқу инай демасди. Асаблари дош бермай, боласига ноўрин бақиргани учун қўнгли бузилди. “Тун ярмигача ухламай, топган саволини қаранг. Қизиқ, 10 доллар унга нега керак бўлиб қолдийкин?”. Шу йўсинда орадан бир соат ўтди. Ота у ёнига ағдарилди, бу ёнига ағдарилди, лекин кўзлари илинмади. Бу туришда саҳарга довур ухлолмаслигини англаб, ўрнидан турди. Ҳовуридан тушган ота сокин ўй сурар экан: “Чиндан болам шу 10 доллар муҳтож бўлса, мен жиганргўшамни гапини эшитмай туриб, кутганини ҳам рўйхотир қилмай уришиб бердим”, дея кўнгли хижил бўлди.
У ўғлининг хонаси томон йўналди. Эшикни секингина очиб:
— Ухлаяпсанми, болажаоним? – деб сўради.
— Йўқ, уйғоқман, дада.
— Сенга нисбатан ноҳақлик қилдим, қўполлик қилганимни тушундим. Мендан хафа бўлмадингми? Баъзан катталар ҳам хато қиладилар. Мана сенга 10 доллар, энди эски гиналарни унутамиз.
Бола пулни қўлига ҳам олмай, чопқиллаб бориб ёстиғининг остидан бир даста ғажимланган пулларни чиқарди. Ўғлининг ҳаракатларини сукут сақлаб кузатиб турган ота ҳайратда эди.
— Шунча пулинг бор экан, мендан тағин 10 доллар сўраганинг нимаси, бўталоғим?
— Пулим борликка бор эдикуя, аммо етмасди-да. Мана энди 20 долларим бор. Дада, мен бир соат вақтингизни сотиб олмоқчиман. Эртага уйга вақтлироқ келинг, бирга овқатлансак, девдим…

Инглиз тилидан Шаҳноза Раҳмонова таржимаси
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 42-сон