“Олмай қадр қон бўлсин, бермай отаси ўстирмай онаси ўлсин!… ”
Чўлпон. «Ойдин кечаларда».
Нақшинкор устунларнинг тилловий товланишидан кўз қамашади. Турли хил ялтироқ тошлар билан безалган меҳроб шаклидаги печлар, хаёлий тасаввурлар жо бўлган гулчин деворлар, ақлни ўғирлайдургон қон рангли гиламлар, митти шамдонлардан иборат масрур қандиллар осилган сеҳрли бир айвон, сеҳри билан деворга суянганича қотиб ўтирган бир гўзалнинг хаёлини бузишга ожиз. Энаси кўп умидлар билан Ойбиби деб ном қўйган бу қизнинг йигидан қизарган кўзида, ғамдан кўпчиган юзида лоқайд, бепарво бир туйгу қотиб қолган, хинадор бармоқларнинг нозик титрашидан, қора сочлари, киприкларининг оғир-оғир силкинишидан совуқ бир фожеанинг саболари эсарди.
Ойбиби чархи кажрафторнинг шафқатсиз дўнишидан, кечаги сабоҳли куннинг фожеавий зулматга айланувидан карахт ва жонсиздай ўтирарди. Ул бахтли сабоҳли кунда дунёда Озодбек деган, Туркияда сабоқ олиб қайтган закий бир йигитнинг борлигини билганди. Азбаройи севинганидан, суюнганидан унинг бошига кийиб олган кийимни кўрсатиб хандон-хандон кулганди. Ул бахтли кун Ойбиби:
— Бошингиздаги надур, Озодбек оға, — деди. Озодбек ўнғайсизланиб бош кийимини қўлига олиб, ўзи ҳам гўё бу нарсани биринчи бор кўраётгандай ҳайрон-ҳайрон тикилди.
— Бу фасдур, Туркиядаги туркларнинг миллий кийими.
Шунда қиз янада қаттиқроқ кулиб деди:
— Сиза ўзимизнинг хоразмий папахлар ва шерозий чўгирмалар ҳам дим ярашади.
— Биламан.
— Билсангиз кийинг-да.
— Энди киямиз-да.
Бир муддат йигит ва қиз бир-бирига сўзсиз тикилиб, нигоҳлар ила аҳду-паймон қилдилар.
— Одингизни ким қўйғон-а?
— Энам.
— Ойбиби — Бибиларнинг ойи!
Ойбиби ўйида гавдаланган Озодбекнинг азиз бўйларини қўмсаб-қўмсаб, атрофида шўх-шодон юрган бошқа қизларнинг сасларини эшитмай, маҳкума юзларини кўрмай, энди кўз очган бўлоқдай кўзидан милдир-милдир ёш оқди.
Эй, Олло наҳот энди ёзиғлиғи шу бўлса? Наҳот сарой маҳкумаларининг қисмати, шу наҳс босган болорлар1 орасинда кечаётгаи умри бир хил, ҳар тун борадиган йўлларининг охири хоннинг, ҳаром ва фахш гирдобида ғарқ бўлган тўшагида тугаса?
Ё Олло, кечагина ул бахтли кун Бибиларнинг ойи Озодбек билан саррин-саррин елларга, бедана ва булбулларнинг сайроқи-сайроқи сасларига, беда ва дала ўтларининг гўзал-гўзал исларига тўлган кенг далада учрашган эди. Саратон қизнинг юрагидай ёниб ётарди. Кўкда қуёш шу қадар катта эди-ки, Ойбибининг юрагида Озоддан бошқа, бутун ер юзида эса қуёшдан бошқа нур сочгувчи, куйдургувчи йўқ эди. Зўр курашдан сўнг ҳижрон жангида ғолиб чиққан муҳаббат қўшинлари, рашк ва айрилиқ ўтларидан гулхан ёқмоқликлари лозим эди. Ниҳоят суйимли-суйимли, азиз-азиз дийдорлашдилар. Бибиларнинг ойини соғинч ва интизорлик унларига тўла товуши қалтираб чиқди.
— Ассалом, — деди бир бахтли лаҳзада.
— Валейкум ассалом, — деди қиз юрагининг мангу куйдургувчи қуёши.
Сўнг яна одатий сўзсизлик даврага қалқиб, юз йиллардан бери бир-бирини излаб юрган, интизор-интизор нигоҳлар учрашди.
— Туркиқда чиққан «Қуръони карим»ни келтирдим.
— Ничик, яхши, — қиз «Қуръони карим» ни пешонасига суриб тавоф қилиб нари сурди.
— Кўрмайсизми?! — Озодбек ҳайрат ва меҳрга тўла қорачуқларини қизнинг ой юзига тикди.
— Ахир, — негадир қиз гапиролмай кўзини ерга тикилди.
— Устун…
Йигит унинг, таҳоратни янгиламоқ керак, деган андишали иддоасини тушуниб, қийиқчага тугилган бир таҳлам сувратни қизга яқинроқ суриб:
— Унда буни кўринг, — деди.
Дизнинг тахёси остидан қочишга чоғланган сочлари беда ва ажириқлар устида яқинда пўст ташлаган илондай ялтираб ётарди. Шойи кўйлагининг кенг этаги тиззалари устидан осилган, оёқларининг остида, баҳорий чечаклар ва камалак ранглари мужассам гулчамбардай ёйилиб ётарди.
— Бу ман, бу жўрам Султонбей, — деди Озодбек Бибилар ойининг елкаси оша сувратларга тикилиб.
Қизнинг бўйинларидан, сочларидан баҳорий дала чечакларининг бўйлари анқирди. Йигитнинг боши айланиб, кўзлари сузилиб, қизга бир сўз деди:
— Мен Амриқо, Фаранг, Олмон юртинда бўлдим, лекин ҳеч ерда юртимиздай бехиштий жой, иношундай мафтункор чирой кўрмадим, — деди зўр ҳаяжон билан.
Йигитнинг дабдурустдан бундай дейиши Ойбибига огир ботди, хаёли ёмон нарсаларга кетди.
— Начун бундин ёмон гапларни қиз болага ойтасиз?! Ҳозир тураман-у, кетаман.
— Товба қилдим, дилим касилсин.
Қизнинг жаҳлидан кулгусини зўрга босган Озодбек, бугун атайлаб кийиб келган Шерозий папахини тўғирлаб қўйди. Шу он қўли муаттар бўйлар таратиб ер узра ёйилиб ётган сочларга тегиб ўтди. Бир лаҳзада келажакдан яхган кунлар тилаган икки кўнгил, икки ҳавасманд ошиқ бир-бирига сўзсиз тикилиб қолди, гўё икки юракнинг қони, ҳарорати, руҳи қуюлиб келиб бир-бири ила қовушишга интиларди. Ойбиби бугун ўзгача ясаниб — оқ яктақ устидан беқасам қалами чакмон кийган йигитга бир чимрилиб қараб, нозик бир иштибоҳ ила соч ўримларини орқасига ўтказиб юборди. Озодбек туманлар ичра адашган сайёҳдай мунгли ва нажотли, азиз бир жуфт қора кўзга тикилиб, нечундир юрак-юрагидан бир оромсиз ҳижрон ҳис қилди. Чиройли юзига табассум баҳор жилғаларидай тез ёйилди, ихчам соқолини силаб, борлиқнинг кундуз дунёсида адашиб порлаётган мунаввар ёғдуда ой томон эгилди.
— Султонбей жўрамиз баҳорда келмоқ ваъда қилғон. Галсин, сизди гўриб би-ир куйсин.
Бибилариинг ойи қизариб, ой юзини яширмоқ ниятида яна қуйироқ энгашди.
— Булар Ҳофиз, Румий, Замахшарий ва Нажмиддин Кубро қуллиётлари. Тубандаги маним сувратларим.
— Идоравий маршрута дагани надур?
Озодбек бу гапни эшитиб, белбоғи устига қовуштириб ўтиргап қўлини ёйиб, ҳайрон-ҳайрон тикилди. Юз ифодаси тез ўзгариб сўлғин тус олди.
— Бу гап китобда айтилғонми? — дея қизнинг қўлидаги китобга энгашиб қаради.
— Беҳос ёдима тушди. Солижон оғам жўралари билан шу хусусда жўп сўллашади.
— Бу сўзни айтмоқдан сақланмоқ лозим, акс ҳолда оғангизнинг ҳаёти хавф остида қолади. Савдогар, мулла-эшон, мадраса толиблари ва ёш хиваликлар — идоравий маршрута, яъни таъсис кенгаши ҳаракатининг асосини таъмин қиладур. Бу ҳаракатга вақтида Полвонҳожи Юсуф ўғли раислик қилғон. Хон эса ҳаракатнинг душмани ён беришни истамайди чоғимда, шусиз ҳам кўп заҳмат ва жабр чеккан миллат ва юртнинг тақдирини, келажагини сақлаб қолмоқ лозим. Яхшиси мундин сўнг сўлламанг бу хусусда, — Озодбек диққат билан тикилтб ўтирган қизга қараб олиб. — Агар… шаҳодат ва ваколат идоравий-маршурута аъзоларига берилса — Урусия томонидан яқинлашаётган хавф маълум бир вақтга кечиккан бўларди. Илло, улар агар, бизга қўшилсангизлар қутиласизлар, курагасангизлар йиқиласизлар» , демайди. Уларнинг азалий нияти — миллат ва дин — Исломни оёқ ости қилмайдиган жумҳурият барпо қилиш. Қўйинг-эн, сиёсат билан эркаклар банд ўлсин.
Ойбиби саҳар чоғи гулбаргидан замиига тушган шудрйнг жарангидай нозли-нозли кулди. Қизариб лаб устидаги туклари билинар-билинмас терлагандай бўлди. Узини ўнглаб олиб, йигитга юрак-юрагидан ўтадигап қилиб, қиё боқди-да, бир сўз деди:
— Уларнинг дилини2 ўрганиш онсон бўлмоғондир?
— Кимларни?
— Туркларни!
— Ойбибижон — ўқиғон қиз, наҳот улар билан бир тилда сўллашимизни билмасангиз.
— Ибиий, худо урсин, агар, хаварим йўқакан.
— Онт ичманг-эй, ёмон бўлади.
Айтганидан ёмон бўлди, ёмон бўлди, ранг-рўим сомон бўлди, сомон бўлди, боғда булбул ўрнина бойўғли кулди, у чеккан оҳлар осмона учди, ерлара кирди. Музлаган кўксида орзулар ўлди, орзу дарахтининг яшил япроғи— хоннинг тош саройида сўлди.
Ойбиби ҳануз кўзларини ярим очганча, кечаги куни гарқ бўлган, ҳасрат денгизининг ўпқонларида, гирдобларида саросар кезиб юрарди. Ҳасрат денгизинннг адашган томчилари, борлиқ дунёнинг кечасида адашмай порлаёттан ой юзини ювиб тушарди. Кимнингдир қаттиқ туртувидан сесканган Ойбиби ўзига келиб, олдидаги бир тобоқ серёғ шавлани, сўнг энгашиб турган қорача ёқимлигина қизни кўрди.
— Мунча йиғламасанг, бари бефойда…
— Барибир хонники бўлишинг дарак.
Шавла совиб, ёғлари қотди у яна ҳасрат денгизига чўкиб кетди. Сўнг уни қадим шарқ бозорларидан сотиб олган тилсиз бир қулдай, итоаткорлигидан шод бўлиб чўмилтиришди, ясантиришди. Турфа хил заррин либосларга бурканган, ўзининг аламидан озроқ қимматбаҳо тошлар ва зебу-зийнатларни осиб кўзгу олдида турган қизга ҳар ким бир сўз деди:
— Манглойи қора-я, хон сени еб қўяди.
— Хийла ишлат, хийла.
— Мозоли сўлла тез юради
— Оғири шугун.
Ойбибини хилма-хил рангдор гламлар осиғлиғ, бахмал кўрпачалар солиғлиғ, жуда катта шинам хонага киргизган хотинлар кундузги арвохдай бир зумда ғойиб бўлишди. Хона тўрида катта ясатиғлиғ карт, унинг қаршисида улкан тош кўзгу жойлашган. Бутун деворни қоплаган эроний гилам остига чўғдай ёнган кўрпачалардан жой қилинган, ноз-неъмат тўла хонтахта қўйилган эди. Дераза рафига қўйилган Ўш шам хона ичига ажиб осойишталик ва ҳаловат бағишлаган дунёда ҳеч қандай хавф ва тажовуз йўқлигидан далолат бергандай милтиллаб ёнарди. Миясига, қочиб кетсамчи деган ўй келиб, дераза олдига чопиб борди, Деразадан сал нарида қорин қуйган иккита сарбоз айланиб юрарди. Ойбиби номус ва ҳижолатдан қўли билан юзини беркитди, кафтлари нам булди. Шу лаҳза ташқари эшикни очилиб ёпилгани, гиламларга босилган қадам товушлари эшитилди Ойбиби тисланиб бориб гилам қотилган деворга суюлди, кўзини юмиб олди. Дераза ортидаги аллақандай дунёдан сувнинг шилдираши, харам қизларининг беҳаёлик би
лан ҳоҳолаб кулгани элас-элас эшитилди. Шу лаҳза келувчи белидан қаттиқ қучди, қиз хушидан кетиб йиқилмаслик учун деворни ушлади. Юзига иссиқ нафас урилиб, димоғида ёқимли ислар қолди.
— Гўзингни оч, қўрқма!
Ойбиби кўзини очиб, ўзи тасаввур қилган саксон яшар баджаҳл чол ўрнида, баланд бўйли, келишган озғин одамни кўриб, ҳайрон-ҳайрон тикилдп. Қаршисида кулиб турган одам, элатдошларп айтган минглаб одамлар ёстиғнин қуритган қонҳўр Исфандиёрга сира ўхшамасди. Халқ қўшиқ ҳам тўқиганди:
Исфандиёрхон хон бўлди, еган-ичганимиз қора-қон бўлди.
Амирона ҳаракатга чорловчи буйруқдан чўчиб ўзига келди.
— Баригал!
Илон олдида жодуланиб, дунёнинг нелигини унутган бир жонзоддай судралиб хоннинг олдига борди. Хон унга бошдан-оёқ тикилгач, кўнгли жойига тушди шекилли, яйраб, «ўтир» деб имо қилди. Лиммо-лим шароб тўла хитойи пиёлани узатди. Ойбиби бош чайқади.
— Ич. Кўрқмийдиғон бўласан.
Хон алланарсаларни ўйлаб, наъшали-наъшали кулиб, бир қўзғолиб қўйди.
— Ким айтади сени бекни қизи деб, бир коса шаробни ича билмасанг.
Ойбибининг ой юзи ичида қўзғолаётган вулқонлар таъсиридан қизарган, ўлжасини пойлаган бургут каби қотиб ўтирарди. Хон шод ва маъсуд ёнбошлаб, кўрсаткич бармоғидаги катта узуги билан шароб пиёлани бир куйга монанд уриб, «ҳай-й… ҳай-й… » деган овоз чиқарарди. Хонага шу ер жиҳозларидай оғир ва мустаҳкам сукут чўккан, гиламлар, ялтироқ дарпардалар, ёстиқ жилдлари, хоннинг бошдан-оёқ зарга ботгап либоси — ўзидан мудроқ ва эринчоқ нур таратган куйи интизор бир осудалик билан мудраб ётарди. Хоннинг кайфи, хумори қизитилган тандирдай тобига келгач, ширин бир хомуза тортиб, соллона-соллона юриб тинмай бағрига чорлаётган картга бориб оғир чўқди.
— Қани, кел-чи!
Жодуланган жондоз, Бибиларнинг ойи, кўзида онгсиз ва шуурсиз пурни алангалатиб, унинг кўзларидан айирмай, ёшлиги, номус-ҳаёси, ул йигитга илинган орзуманд куни барбод бўладиган картга яқинлашди. Шунда у Исфандиёрнинг минглаб одамларнинг ҳаётини, қисматини, «жаллод» деган сўзни айтиши билан ер билан яксон қалин лабини, шаҳвоний хирс ва тамъа ўрнашган қорачуқларини, бир замонлар уни ҳам дунёнинг шўрига бир она туққанлигидан далолат бераётган терлаган манглайини жуда яқиндан кўрди. «Ёт» деган буйруқ янграши билан, қонида минг йиллик қасос ва ўчи куртакланган бургут каби ғанимининг кўзига чанг солди. Эрка хансироқлар, нозли кулишлар ва маҳкуманинг бокиралик нишонасини кутган кўрпа-тўшаклар, дарпардалар, гиламлар, ғалати ноёб ҳодисадан силкиниб-силкиниб кетди. Хоннинг ҳар кун ўн бора, балки юз бора «жаллод» чапагига очиладиган қўлларини қон аралашган кўз ёшлари ювиб тушди, ювиб тушарди.
— Марам!!!
Эшик очилиб, суякдан қуруқ қолган садоқатли лайчалар кириб, тош маъбудадай қотиб турган Ойбибига ташланди.
— Ўлдир гарни, қайногон сув қуйиб ўлдир!
Уни бир қоп гўштдай гариб-у нотавон этиб, судраб тош ҳовлига чиқишаётганида, ўйига бедазорга қўниб ором олган бир кун — ул бахтли кун келди. Энди ул ерларда юрмаслигини билиб, Озод деган йигитни қайта кўрмаслигини сезиб бўзлаб юборди. Уч-тўртта хотин оч калхатдай ёпирилиб, қарғаб, тортқилаб кийимларини ечдилар. Кўпол япалоқ тошлар устида озод турган қизнинг нозик вужуди, гулбаргидай мусаффо баданини кўрмоқдан истиҳола қилгандай ой юзини беркитди.
Тош ҳовли одатдагидай, эртанинг озод ўйлари билан яшаган бир маҳкуманинг қўрқинчли, талвасали унларини ютиб юборди.