Саидвафо Бобоев. Халоскор хабар (ҳикоя)

Мен айтиб бермоқчи бўлган бу воқеа собиқ шўролар даврида юз берганди.
Полкимиз Байкал ортидаги кичик бир шаҳарчада жойлашганди. Зобитлар турли миллат вакилларидан иборат бўлган аскарларга нафрат ва алам билан муомала қиларди. Миллатлар ўртасида турли низолар қўзғаш, аскарларни бир-бирларига қарши қайраш уларнинг кундалик юмушлари эди. Тагиров деган бир кавказлик сержант уларга бош-қош. Талакиян, Заракуа деган икки бақувват аскар уни ҳамиша қўллаб-қувватларди.
Мамлакатда кечаётган тўс-тўполонларни телевизор, газета-журналлар орқали кузатиб борардик. Асосийси, биз аскарликдан бўшатиш тўғрисидаги Мудофаа вазирининг буйруғи чиқишини кутардик…
Взвод командиримиз Долганин мени имлаб ёнига чақирди.
– Тайёр бўл, Турага бориб келамиз, – деди ҳеч бир эътирозга ўрин қолдирмай.
Тура бу – полкимиздан эллик чақиримча нарида жойлашган шаҳарча. Қисмимиз асосий таъминотни ўша ёқдан оларди. Демак, озиқ-овқатми, кийим-кечакми, шунга ўхшаш нарсалар олиб келамиз.
Ҳамроҳларимни кўриб, кўнглим хира тортди. Машина кузовида Тагиров ўша икки ҳамтовоғи билан кеккайиб ўтирарди. Баланд овозда нималар ҳақидадир гап­лашиб, хохолашарди. Ёнларида лейтенант Долганин бурқситиб сигарет тутатаяпти. Авзойиларидан ҳаммалари анчагина отиб олишган. Ҳайдовчининг ёнида кекса пропоршик газета варақларди.
– Мана, олинглар! – деди у газеталар дастасини кузовга узатиб.
Заракуа газеталарни қўлга олиб, истар-истамас лейтенантга берди.
Йўлимиз қуюқ ўрмонлар оралаб ўтарди. Чор-атрофда қалин, баланд дарахтлардан бўлак бошқа нарса кўзга ташланмайди. Аҳён-аҳёнда ён-веримиздан бизникига ўхшаш юк машиналари ўтиб қолади.
Талакиян мундири тагига яшириб ўтирган ароқ шишасини олди. Ҳаммалари ичишди. Колбасадан газак қилишди. Долганин бир бўлак колбасани шоша-пиша оғзига солиб, газеталарни варақлашга тушди. Мен кузовнинг адоқроғида ўтирардим. Талакиян узатган ичкиликни рад этдим. У ҳам ортиқча қистаб ўтирмай, бир сипқориб идишни бўшатди. Бир пайт:
– Ие, буни қаранглар! – деб қолди газета варақлаётган Долганин, – сартлар ҳам саноққа кириб қолибди – Ўзбекистон мустақиллик эълон қилибди!
– Кўрайлик-чи. Уфф! Очликдан ўлмоқчи, қирилиб битмоқчими булар? Мустақил бўлишни буларга ким қўйибди!
Ширакайф аскарларнинг шундай хитоблар остида газета қўлма-қўл айланди. Мен эшитганларим ҳазил бўлиб чиқишидан қўрқиб, тошдай қотиб ўтирардим. Юрагим ҳаяжондан бежо урарди. Аммо газетага кўз ташлаётган аскарларнинг қиёфасидаги таажжуб, ҳасадмонанд бир ифода бу сирли мужданинг рост эканлигидан дарак берарди.
Талакиян пўнғиллади:
– Э, аҳамият берманглар, бузоқнинг югургани сомонхонагача, ҳали аҳволларига маймунлар йиғлайди, кўрамиз! Марказ бунақаларнинг энасини кўрсатиб қўяди.
Уларнинг гапи қулоғимга кирмасди: вужудимни қувонч, ҳаяжон қамраб олганди. Юз-кўзимдаги ҳайратни ҳеч яшириб туролмасдим. Беихтиёр ҳайқиргим, кулгим, ўйнагим келарди.
– Ўртоқ лейтенант, кўришга рухсат этинг, – дедим газета томон қўл узатиб.
Долганин мени ҳозиргина кўриб тургандай юзимга анча пайт тикилиб қолди. Сўнг афтига заҳарханда қалқиб чиқди.
– Айтганча, сен ҳам ўша ёқдан-а? Хурсанд бўлаяпсан, шекилли. Лекин ҳали йиғлайсанлар!
У шундай деди-ю, газетани ғижимлаб, йўл чеккасига ирғитиб юборди. Сўнг хохолаб кулди. Бошқалари унга жўр бўлди.
Беихтиёр ўрнимдан ирғиб турдим. Ўзим ҳам кутмаган бир журъат билан кузовдан ерга сакрадим. Зарбдан чайқала-чайқала қад ростладим.
– Қаёққа?! – деб чинқирди Долганин менга қўрқув ва ҳайрат тўла кўзлари билан тикилиб.
Бошқалар ҳам ҳаракатимдан ҳангу манг бўлиб қотиб қолганди.
– Машинани тўхтатмайман! – деб яна ўшқирди лейтенант. – Турага ўзинг қандай етсанг етиб ол, тушундингми? Агар бизни куттириб қўядиган бўлсанг, ўзингдан кўр! Сени ҳарбий трибуналга топшираман!
Зобитнинг сўнгги пўписалари элас-элас эшитилди. Чунки машина мендан анча узоқлашиб кетганди.
Қизиқ, взвод командирининг таҳдидлари мени заррача чўчитмади. Йўл ёқалаб юра бошладим. Теваракка аланглаб, газетани изладим. Ниҳоят топдим. Буталар орасида қисилиб қолган экан. Газетани авайлаб олдим-да, ғижим жойларини силаб-сийпалаб ростладим. Ўқидим! Ҳа, Ўзбекистан мустақиллик ­эълон қилибди!
Мен кўзларимга ишонмагандай, хабарни овоз чиқариб уч карра ўқидим. Мен гоҳ ўйноқлаб, гоҳ хиргойи қилиб йўл бўйлаб кета бошладим. Айни пайтда Туранинг бу ердан жуда узоқда, йўлнинг хилват, ваҳимали эканлиги ҳам мени сира ташвишлантирмасди. Юрагимда англаб бўлмас ажиб бир туйғулар кечарди. Аҳён-аҳён ўтиб қолган машиналарга шунчаки қўл силкиб қўяман. Шу алфозда бир соатдан мўлроқ йўл босдим. Ҳаво булутлана бошлади. Ўрмон алланечук қорамтир тусга кирди. Шу пайт ортимдан “УАЗ” машинаси елиб келаётганини кўрдим. У менга жуда таниш туюлди. Адашмаган эканман. У қисмимизга тегишли машина эди. “УАЗ” ортидан “Тез ёрдам” улови кўринди. Мен саросималаниб, йўл чеккасида тўхтаб қолдим. Машина шундоққина ёнимга келиб тўхтади. Ҳайдовчи ёнида ўтирган баланд бўйли зобит кабинадан тушди. У полкимиз командирининг ўринбосари, полковник Кравчук эди.
– Эй, солдат, сен кимсан, қаердан келаяпсан? – деб сўради у ташвишли бир овозда.
Мен низом бўйича расм-русмларни бажаргач, зобитнинг саволларига жавоб бердим. Жавоб берарканман, Кравчукнинг кўзларида таажжуб, аллақандай ҳайрат жилваланганини кўрдим.
– Сен ҳам лейтенант Долганин билан бирга эдингми? – сўради у ҳануз гапларимга ишонмагандай. – Қани, машинага ўтир-чи…
Машинага жойлашдим. Кравчук мен томонга бурилиб, хўрсинди.
– Бахтинг бор экан, солдат. Сени Худо сақлабди…
Зобитнинг узуқ-юлуқ гапларидан англадимки, мени ташлаб кетганлар фалокатга йўлиқибди! Машина йўл чеккасидаги тўсиққа урилиб, сойликка қулаган! Уч киши ҳалок бўлибди, қолганлари ҳам оғир аҳволда эмиш.
– Ҳаммаси ичкилик оқибати, – деб ғудраниб қўйди Кравчук.
Унинг кейинги гапларини деярли эшитмадим. Ғижим газета – халоскоримни кўксимга босганча, кўзларимни юмдим.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 5-сон