Чойхона олдида тургандик.
— Ёнғоқ қоқтирмоқчи бўсанг‚ Шокир бувангга хабар бериб қўй! — Сиддиқ ака велосипедидан тушар экан сўз қотди.
Арофимдагилар кулишди. Сиддиқ ака ҳамма билан бир-бир:
—Тузукмисиз? Яхшимисиз? Тошкентлар қалай? — деб сўрашиб‚ гапида давом этди. — Э‚ одамлар азонлаб Шокир буванинг эшигида очретга туряпти. Зўр қоқяпти‚ учида бир донаям ёнғоқ қолдирмаяпти экан. Вақтлироқ айтмасанг‚ ёнғоғингни қоқиш қишга қолиб кетади.
— Э‚ сенга гап топилмай кетсин! — Мирзакбар ака кулимсираб‚ қўл силтади. Сўнг менга тушунтирган бўлди: — Шокир бувангиз ёнғоқ қоқаман деб чиқиб‚ йиқилиб тушибди‚ шуни айтяпти.
Қаҳҳор домли Дон Кихотга‚ бўйи ҳам‚ қўли ҳам‚ оёғи ҳам‚ юзи ҳам‚ бурни ҳам‚ соқоли ҳам узун‚ фақат ақли қисқа бўлган‚ деб таъриф берган. Бу таърифни Шокир бувага нисбатан ҳам ишлатса бўлади. Фақат у кишининг ақли қисқа эмас. Бўйига мос. Яна уни устига денг‚ кулгининг ишқибози. Қишлоқда бўлган‚ ўзининг бошидан кечган воқеаларни айтиб бермайди‚ юриб‚ туриб‚ ўтириб‚ ётиб‚ оёқ-қўлларини ҳаракатлантириб‚ лабини‚ кўзини юмиб‚ очиб‚ буриб‚ ўйнатиб — кўрсатиб беради:
— Бир куни дегин‚ Арслонбой раис кўчадан ўтиб боряпти: икки қўл орқасига чирмашган… Мана, бундай, қара… Қорин қанордай, олдида осилиб турибди. Қовоқлар бир қарч: кўзларини ёпиб қўйган. Ҳар қадам ташлаганда ер зириллайди: гуп‚ гуп… Эски уйлар шувоғи кўчиб тушяпти, ҳар қадам ташлаганда!
Носир буванинг эшагида мудраганча секин келаётган экан. Билардингу‚ Носир бувангни‚ эшакка миниши билан, ман бундай қилиб, ерга қараб мудрашни бошларди. Эшаги айтган жойига ўзи олиб бориб қўяверарди. Хуллас‚ Носир буванг мудраб келаётган экан. Эшаги ҳалиги қадам товушидан ҳуркиб‚ шарт орқасига қараб бурилворди! Носир буванг «гуп» этиб ерга қулади‚ эшаги думини хода қилганча қочиб қолди!
Э, унча-мунча актёр Шокир буванинг олдида ип эшолмайди. Актёрликка ишқибозлигиданми‚ мени кўрса дарров велосипедидан тушади.
— Ие‚ тошканлик келиб қолибди-ю? Қачон келдинг? — дея бирин-кетин саволларни ёғдира кетади. Аммо жавобларимни кутиб ўтирмайди. — Эргаш Карим қалай‚ юриптими? Кўриб турибсанми? Абдуҳолиғингам тинчми? Суръат Пўлатов оламдан ўтибди деб эшиб‚ жуда хафа бўлдим‚ Худо раҳмат килсин. Нима у касалмиди? – дея асосий саволларига ўтади.
Жавоб берганим сайин‚ саволлари болалайверади. Лекин етарлича жавоб олмагунча‚ қўймайди.
— Хабар олиб қўйгин‚ уйида ётибди‚ сени яхши кўради, — Сиддиқ ака билагимдан тутди. — Юр‚ бирга кўриб чиқамиз‚ менам киролганим йўқ.
— Ҳа‚ кириб қўйинглар‚ хурсанд бўлади‚ — Мирзакбар ака бизни қувватлади.
Олдинма-кетин‚ уйларига кириб бордик. Шокир бува айвондаги сўрида ётган экан. Бизни кўриб‚ ўмганини кўтарди:
— Э‚ келинглар‚ келинглар! Ие‚ тошканлик ҳам келибди-ю!
— Турманг‚ турманг! – шошиб бориб сўрашдик.
— Э! – бува қўл силтаб‚ бизга тушунтирган бўлди: — Оёқ кетган‚ бел кетмаган. Сиддиқ‚ анови болишни орқамга тираб қўй. Тирамаса турмайдиган бўлиб қолган! Бел! Ҳа-ҳа-ҳа!
Буванинг кампирлари чиқиб‚ биз билан сўрашиб‚ чолларидан нолий кетди:
— Буваларингни кўрмайсизми‚ ўғиллари йўқдай ўзлари тирмашиб чиқиб кетишди. «Вей‚ қўйинг‚ Маҳмуд келса, қоқиб берар! Ё ана‚ Қосимжон уйида‚ айтиб чиқаман!» деганимга парво ҳам қилмади.
— Вей‚ сен жаврамасдан чой-пой олиб чиқ! — Шокир бува жеркиб берди. Сўнг: — Ҳе-ҳеҳ! – деб кулди кампирининг орқасидан имо қилиб. — Энди холангга худо бериб ётибди: қоққан ёнғоқларимни бошимга қўйиб чақяпти! Ёнғоқни кўргансизлар-а?
Кўзимиз ҳовли этагидаги танаси бир қулоч келадиган ёнғоққа қадалди.
— Пастдагимас‚ тепадаги айрига қаранглар‚ ана шу ердан йиқилдим. Битта билакдай шох турган экан. Ўшани ушлаб ҳов, тепадаги айрига ўтиб оламан, дебман-да. Қуриб қолган экан‚ ҳамшира‚ шундай ушлашимни биламан‚ пастга қараб кетдим-да! Яхши‚ остига бостирма қуриб қўйган эканман‚ олдин бостирмага тушдим‚ кейин ерга! Худо сақлади. Тўғри ерга тушганимда борми‚ бувангни лаҳадда кўрардинг!
— Аммо яхши ер бор эди-да, — Сиддиқ акам луқма ташлади. — Мирзали гўрков ҳам мақтаганди, шу кунларда ким ўлсаям зўр жой бор деб!..
— Гапинг қурсин! — бува Сиддиқ акага қўл силтаб, менга юзланди. — Буни қўявер, Тошкандан гапир. Бахтиёр Ихтиёров ҳалиям борми? Нимага сира телевизорда кўрмайман-а?..
Суҳбатимиз қизиб кетди. Чой келди‚ нон келди‚ еган, ичган бўлдик. Кетишга рухсат сўрадик.
— Шошиб қаёққа борасан‚ ҳар куни келиб юрибсанми? Шўрва бўляпти…
— Бошқа сафар…
— Бошқа сафар яна бўлаверади‚ – бува ўмганини сал кўтариб‚ кампири томонга юзланди. – Ҳов‚ ҳалигини олиб чиқ.
Сиддиқ акам билан кўзларимиз тўқнашди: жиндай-жиндай отиб туришимизни бува билади. У кишининг олдида «ҳалиги»дан ичиб ўтирсак, ноқулай бўлади‚ деган гаплар ўтди кўнглимиздан.
— Унақа нарсаларни қўйинг‚ бува‚ тузалиб олинг кейин бўлаверади‚ – Сиддиқ акам кескин рад этди. – Бу ерга сизни кўргани чоллар келиб турибди. Уларнинг олдида ноқулай бўлади-да!
— Нима бўпти? Ай‚ чоллар келса келиб, кетаверади‚ – бува яна кампирлари томон юзланишди. – Опчиқяпсанми?
— Ҳозир!
— Сени азондаги ҳозиринг‚ тушда ҳозир бўлади! Обке тезроқ!
— Шуни бекор қиляпсиз-да‚ бува! – менам Сиддиқ акамни қувватлаган бўлдим.
— Нимаси бекор! Ўтиримиз-да, гаплашиб. Опчиқ!
— Қаерга қўёвдингиз, тополмаяпман?
— Э, сандиқнинг орқасида турибди, опчиқ!
Сиддиқ ака менга қошини учириб, пиёлаларни чайқаб, олма арчишга киришди.
— Манг‚ зормандангизни! — хола зарда билан қоғозга ўралган узунчоқ нарсани узатди.
— Бор‚ экансан-ку! — буванинг юзига табассум югурди. Сўнг қоғозга ўралган шишани қўлида силтаб давом этишди. — Мана шу қуриб кеткур-да‚ ҳаммасига сабаб. Мана шу бўлмаганда мен бунақа қилиб ётмасдим.
— Ҳа‚ бува‚ қилди расво ичкилик‚ дейишади-ю! Бизга айтмайсизми «яримта» бор деб‚ ўзимиз қоқиб берардик ўша ёнғоқни. Ичволгандан кейин‚ ёнғоққа чиқмаслик керак эди-да! — деди Сиддиқ ака қўлларни силтаб.
— Ким ичволиб ёнғоққа чиқибди‚ ким ичар экан!? – бува Сиддиқ акамга ўдағайлай кетди. – Ёнғоқнинг қуриган шохини гапирдимми‚ сен каллага! Мана ўша қуриган шох. Кўриб қўйгин деб, кўрга хасса қилиб олиб ўтирибман!
Бува ўрамни Сиддиқ акамнинг олдига отди. Ўрам очилиб кетди: бир томони йўғон‚ иккинчи ёғи ингичкалашиб кетган яқин ярим метрлик ёнғоқнинг шохи бизга жилмайгандай қараб турарди.