Буниси ғирт тўқима ҳангома‚ ишонаверинг.
Телевидение режиссёри Неъмат Холматов телефон қилди:
— Ўртоғим Фарғонадан келяпти‚ Қўйлиқда турасан‚ кутиб олсанг…
— Мен ўртоғингизни танимасам…
— Келиб‚ сенга қўнғироқ қилади… Қаерда турганини айтади… Нима шу қийинми? Тошкентни билмайди‚ илтимос сендан…
Иложи йўқ‚ телефон қилишини кута бошладим. Қўнғироқ ҳам бўлди:
— Мен Неъматжоннинг ўртоғи — Ғофиржонман. Қўйлиққа келгандим…
Тушундим. Тушунмай ўлибманми‚ Қўйлиқда тураман-ку! Йўлга отлана бошладим. Телефон яна жиринглади. Яна Неъматжон Қурбонов‚ э-э-э‚ Қурбонов дейман-а‚ Неъматжон Холматовнинг овози эшитилди:
— Чиқяпсанми? Қўнғироқ қилди‚ етиб кепти. Қўйлиқда турипти экан… Адашиб юрмасин. Илтимос…
Ана шу гапдан кейин меники тутди: ўртоғи билан гаплашдим, кутиб олгани чиқяпман: яна телефон қилгани нимаси?! Худди мен кичкина боладай қайта–қайта тайинлагани-чи!
— Менга қўнғироқ қилиб юборсин! — дедим зарда билан.
Хаёлдан бир шумлик ўтди-да.
Қўнғироқ бўлди:
— Мен Неъматжоннинг ўртоғи — Ғофиржонман‚ келгандим… — дастакдан овоз келди.
— Қаерда турибсиз? — дедим атай.
— Қўйлиқда. Шундай кўчанинг бошида.
— Қўйлиқнинг саккиз томонга кетган ўн олтита кўчаси бор, қаеридасиз?
— Телефоннинг олдида…
— Қадамига телефон…
— Фарғонага кетадиган жой бор-ку… Питак… Ҳа‚ питакнинг рўпарасида турибман.
— Питак деганларининг бир томони Бектемирга, иккинчи томони Сирғалига, учинчи томони шаҳарга, тўртинчиси Роҳатга қараб кетади, қайси томонидасиз?
У бир зум каловланиб қолди. Сўнг аниқлик киритди:
— Автобуслар қатнайдиган жой бор экан-ку… Автостанция…
— Қўйлиқнинг атрофи автобус қатнайдиган жой, автостанция…
— …
— Одингизда қайси автобуслар турибди?
— Ҳозир…
У дастакни қўймади‚ аммо нарига кетганини тушундим. Дам ўтмай дастакдан «ду-ду-ду!» деган овоз эшитила бошлади.
Нима қилардим‚ яна кутдим.
— 39‚ 130‚ 12-автобуслар қатнар экан‚ — навбатдаги қўнғироқдан кейин жавоб бўлди.
— Яхши‚ — дедим салмоқлаб. — Турган жойингизни билдим. Аммо мен сизни қандай таниб оламан? Қўйлиқ тўла одам.
— Қора пальто‚ қора телпакдаман…
— Ҳаммаям шундай кийинган…
— Қўлимда катак-катак сўмка бор…
— Ҳаммаям ҳозир шундай сўмка тутяпти…
— …
— Менга қаранг‚ яхшиси сиз‚ ўша жойда чап оёғингизни кўтариб турсангиз… Дарров таниб олардим!
— …
— Хўп‚ мен йўлга чиқдим.
Қўйлиққа бориб‚ акани узоқдан дарҳол танидим: қора пальто‚ қора телпак‚ қўлида катак сўмка… Эркак зоти борки‚ ёнига яқинлашса… чап оёғини кўтаряпти! Бепарво ўтиб кетса, хафсаласи пир бўлиб оёғини пастга тушияпти!
Бу ҳолатни кўриб, қотиб қолдим.
Секин яқинлашдим.
У мени кўриши билан чап оёғини оҳиста кўтара бошлади.
Роса рўпасига келиб, жавдираб юзига қарадим.
ўофиржон калласини силтаб-силтаб, кўтарилган оёғига ишора қилди.
Ҳайрон бўлгандай елка қисдим.
У оёғини туширди, нари кетдим.
Четга бориб қотиб‚ қотиб кулдим. Кулгимни босиб олгач, ортимга қайтдим.
Ғофиржон яна чап оёғини кўтара бошлади. Аммо афтимни таниб қолганмикан‚ зарда билан оёғини ерга туриширди. Ерни бир-икки тепиб ҳам қўйди.
— Бўлди‚ ака‚ бўлди, танидим, — дедим‚ — юринг уйга кетдик.