— Олим ёлғон тополмай қолса, ҳар замонда ростам гапириб туради!
Бу гап мени ўйлантириб қўйди: ҳақиқатан ҳам Олимжон ака шунақамикан?
«Одам қанчалик кўп ёлғон гапирса, уни ёлғонга ишонтириш шунчалик осон бўлади», деган «доно» фикр ҳам хаёлимдан ўтди. Бу фикрларнинг қанчалиги рост, қанчалиги ёлғонлигини аниқлаш учун хат ёздим:
«Ҳурматли Олимжон Усмонович!
Халқаро Ожизлар жамияти Сизнинг халқ олдидаги катта хизматларингизни инобатга олиб, «Нексия» автомашинаси билан мукофотлашга қарор қилди. Бунинг учун сиз:
1. Ҳақиқатан ҳам яхши кўрмаслигингизни тасдиқловчи шифокор хулосасини
2. Тўрт томондан олинган 3Х4 хажмидаги олти дона суратингизни,
3. Ожизлигингиз ҳақида маҳалла оқсоқолининг билдиргисини зудлик билан бизга йўллашингизни сўраймиз.
Юқоридаги ҳужжатларни қанча тез жўнатсангиз, «Нексия»нинг уйингизга етиб бориши шунча жадаллашади.
Ҳурмат билан, Халқаро Ожизлар жамиятининг раиси, Си Ку Хва».
Хат кетди. Натижасини бир ойдан кейин, қишлоққа бориб, Олимжон аканинг ўзидан эшитдим:
«Хат келиб хотинни қўлига тушипти: икки қаторини ўқибоқ, шайтонлаб қопти! Мен ўғилларни ёнимга олиб, чўлга, шоли ўтоққа кетганман, нима қилишини билмай, Каримжоннинг уйига чопипти:
— Акангизга Худо бериб қолди, чўлга бориб хабар беринг, яна кеч қоп ўтирмайлик! Духтирдан ўтиши, маҳалладан қоғоз олиши керак экан… Ҳа-а, расмам дейишипти, қайтишта Янгқўрғондан тушириб келарсиз…
Ўн гектарли ернинг еттинчи гектарида билимгача лойга ботиб шоли ўтоқ қилиб юриппан, биров чақиради-да! Қарасам, Карим! Қоғозни силкитиб бақиради, ҳеч нарса эшитмайман.
Кўнглим бир нарсани сезиб, шолипоядан чиқиб келдим. Энди мени танип бўмайди: эгнимда отамнинг эски кўйлак-иштони — бир томони йиртилип кетган, бир ёғи сўкилип… Иштон худди кир бўп қоладигандай, тиззагача шимарибам оганман. Шунчалик лойқага ботганманки, лойга тушган чойнакти қопқоғидай бўп, кўзим кўринади холос!
Каримжон буларга парво қилмай, мени шартта қучоқлаб олди:
— Қуллуқ бўлсин, домла, қуллуқ бўлсин! Машиналар муборак бўлсин!
Олдинига хотиннинг пенсиясига латария қўшип берганди, ўшанга машина чиқиптимикан, деб унча суюнмадим: хотин ўлгунимча бошимда ёнғоқ чақарди-да, мен олиб берганман деп!
Каримжон хатни ўқиб беровди, тугаппан-да! «Опчиқовир!» деппан.
Ёнимизда «Наврўз»нинг тижорати бор. Тижоратчи билан бир-икки матта шолининг ҳисобидан улфатчилик қлип, оғайни бўп қоганмиз. Каримжон ўтип, хатни кўрсатган экан, ярим қоп вино берип юборипти, барака топкир! Атрофимиздаги шоликорлар ёпирилиб келишди, тижоратчи ҳам бекор турмай, «Зовурнинг нарёғига ўтавер, Олимга Худо бериб қолди!» деб суюнчилаб турганми, йўлдан ўтган одам борки бари келди! Тортовриппиз, тортовриппиз… Бир вақти қарасам, машинада кетяппан. Уст-бошим ҳалиги аҳвол!
— Тўхта! Бу туришда бормай, ювиниб олай, — дедим.
— Э, ўзлари ювишади, — деди Карим.
— Кўмишдан олдин-а? — дедим.
— Йўқ. Донғингиз мағрибдан машриққача кетган. Машинани ювамиз деб келадиганлар кўп, олдин мени ювасизлар дейсиз-да!
Қишлоққа кирип борсак, хи-и-ив, хотин ҳам бекор ўтирмай кўринган одам борки суюнчилаган шекилли, эшигимнинг таги тўйхонага айланип кетипти: супириб-сидирилган, сувлар сепилган, стулларни ҳам терип қўйишипти.
Бир паста «келди-келди» бўп кетти! Олдин мени иккитаси қўлимдан, иккитаси оёғимдан кўтарип ариққа отти. Хў-ўп ювишди! Хотин бўлғуси куёвига атап сарполар обқўйган экан, уни кийдиришти. Бир пайт:
— Потиҳа қиворинг, потиҳа қиворинг! — деп қолишти.
— Нимага? — деп қарасам, қассоп пичоғини қайрап, қўчқорнинг оёғини боғлап ўтирган экан.
Бу ёғи ке-е-етти!
Эрталаб турсам, қўчқорнинг ҳаром ичак-човоғини кучугим тортқилап юрипти: битта қўйдан шу қопти холос — калла-поччасигача пиширип еп юборишипти, азаматлар!
— Ҳамма оғайниларингиз келди-ю, — хотин бўшаган шишалар қоплар экан гап қилди, — Мухтор ўртоғингиз кемади. Нима ораларингдан бирор гап ўтканмиди?
Ҳа-я, нимадир етишмагандай бўп турганди кечқурун, энди эсимга тушти: Мухтор кемаган экан. «Нимага кемади экан?» деп ўйлай кетдим. Уришганимиз йўқ, айтишганимиз йўқ… Эшитмай қолдимикан десам, қишлақти ярми уйимга кўчип келди-ю! «Бир гап бор!» деб дўкондан яримтани олиб, қўйинга солиб, Мухторникига отландим.
— Кўча чиқяпс экан, маҳалла оқсоқолидан справка опкенг, расмга ҳам тушип қўйинг! — хотин ортимдан тайинлап қолди.
Опам — Офтобхон олти ойдан буён касал, бир жойда бўп қоган. Эшигидан ўтаётип, «Кириб қўяй, қуллуқ бўсинга чиқолмай кўнгли ўксип ётгандир», деп уникига бурилдим.
— Қуллиқ бўлсин, Олимжон! — у юзимдан ўпиб, кўз-ёши қилди. — Сени қадрингга етадиган ҳам чиқипти-да… Ҳа, эссиккина, отамиз, онамиз кўрмади бу кунларингни, қанчалар суюнишарди, суюнишарди…
Мениям кўнглим тўлип кетти. Унга қўшилмоқчи эдим, опам бурнини чуқур тортип, кўз-ёшини артип:
— Энди, Олимжон, мени гапимга кирсанг, шу «Нексия» деганларини омагин! — деди қатъий.
Анграйип унга қарадим.
— Экта ўғлинг бор, — опам давом этти, — «Нексия» ўғилларингди ўртасида талаш бўлади. Ундан кўра пулини огин-да, эковига биттадан «Жигули» олиб бер!
Касалнинг кўнгли ўксимасин деб, «Хўп», деп у билан хайрлашдим.
Мухтор мени жуда совуқ қарши олди. Қучоқ очиб табриклаш қаёқта, тилини учида зўрға, «Ке!» деп қўйди.
— Олиймот бўлмай кеткир, маданиятни қачон ўрганасан!? Битта яримтани обориб, — қўйнимдаги ароқни хонтахта устига «тўқ» этказип қўйдим, — «Қуллуқ бўлсин, ўртоқ!» деп қўйсанг, асаканг кетадими!
— Нимани қуллуқ бўсин дейман? — Мухтор пинагини бузмади.
Ҳаққатанам аччиғим чиқип кетти. Учкўприкдан Мансур, Чақақишлоқдан Содиқ кеп табриклап кетти -ю, бу иягимнинг тагида турип қутламаса! Чўнтагимдан хатни олип, юзига урдим:
— Мана буни ўқи, мана буни!
Ўқиди. Сал кулимсиради. Аммо «Қуллуқ бўлсин!» дейиш қаёқда.
— Хатнинг адресини ҳам ўқидингми? — деп сўради.
— Йўқ.
— Халқаро ожизлар жамиятидан келган хат, «Муштум»нинг конвертида келадими, кўрип туриппан бўлмай кеткир!
Конвертга қараб… Олдин муштумчи укамнинг кулип турган юзи кўз олдимдан ўтти. Кейин ярим қоп вино, валишга осилган қўчқор, яшик-яшик ароқлар бир-бир айланип ўтаверди, ўтаверди! Ўнгга қарабам ўтаверди, чапга қарабам ўтаверди…
Жа-а, маза қилип ўтирип, заҳар ичганда-а-ай ароқни ичдик. Кейин… Катта кўчадан кетсам, бирортаси «Қуллуқ бўлсин!» деб қоса, қўлоғининг тагига қўйип юбормай деп, чорвоқ билан уйга келиб олдим…»