— Тўғрисини айт, ука, ўлиб қолсанг, ортингдан нечта одам келади?
Бунақа совуқдан совуқ гаплар фақат Мамасиддиқ акадан чиқади. Аслида ака жуда зўр одам. Чекмайди — бировдан сўраб олишнинг иложи бўлмаганда. Ичмайди — ухлаганларида. Бир замонлар катта-катта амалдорларга ҳайдовчилик қилган. Ҳозир, энди замонни кўриб турибсиз-ку, ташкилотлар, уларга қўшилиб амалдорлар ҳам камайиб кетди, шунга бекорчилар. Йўқ, аслида бекорчи ҳам деб бўлмайди у кишини. Кимнидир машинаси, мотоцикли, велосипеди, ҳеч бўлмаганда араваси бузилса бас, тепасида Мамасиддиқ ака турган бўлади: Меҳнатнинг таги — вино, э кечирасиз, роҳат, шиори остида ишлашга ўтишган.
Қишлоққа ким келди, ким кетди, ким уришди, ким ажрашди, ҳамма-ҳаммасидан у киши орқали хабардор бўласиз. Тўғри, андак ўзларидан ҳам қўшадилар. Буни юзига солсангиз:
— Ие, ўзинг ёзувчисан-у, ҳикояни тушунмайсан. Жиндай ёлғон қўшиб, бадиийлаштирдим-да! — дейди қийқириб кулиб.
— Ҳа, ўйланиб қолдинг? — сўради ака. — Ўзим айтиб қўя қолай, Иқбол келади, Соҳиб келади, Наби, Анвар аканглар, боргинки, йигирматача одам келади-да! Тошкентда ишлаяпман, деб мақтанмасанг ҳам бўлаверади. Биласанми, мен ўлиб қолсам мана шу атрофимиздаги учта туманнинг жамики дўкончиси, буфетчиси, тижоратчиси битта қолмай, ҳаммаси келади.
Кулгимга парво қилмай, акам янада кучайди:
— Келиб ҳам жим туришмайди, “жигарим”лаб, оҳ-воҳ қилиб, юракдан чиқариб йиғлашадиям! Чунки ҳаммасидан қарзман-да!
Ана шу ажойиб Мамасиддиқ акам бир ой олдин борсам, дўппини чаккаларига қўндириб масжидга қараб кетяптилар.
— Ҳа, йўл бўлсин, ака? — дея атай сўрадим.
Ака қўлларини силтаб, зарда билан жавоб қилдилар:
— Чўнтакда пул бўлмагандан кейин дўконга борармидинг, масжидга борасан-да!
Кечагина аканинг дўконда ичиб ўтирганлари устидан чиқдим.
— Асли-наслингизга қайтибсизми, ака?
— Дўконни ҳам зиёрат қилиб туриш керак-да, мудир хафа бўлади, ҳадисларда ҳеч кимни хафа қилманг, дейилган, — жавоб қилди ака жиддий.
— Бир чиройли масжидга кираётгандингиз… Нимани сўрардингиз?
— Саломат қил, ризқ бер, пул бер, деб сўрардим.
— Бераётганмиди?
— Бераётганди.
— Унда ичиб юрмай, ҳар куни номозингизни ўқиб, сўрайверинг эди.
— Одамда инсоф ҳам бўлиши керак, — ака бармоғини силаб, ҳар сўзини таъкидлаб давом этди. — Худо ҳам ҳар куни сўрайверсанг, “Қанақа одамсан, сендан бошқа ишим йўқми, Сиддиқ?!” деб сўкиб берса, бўлмайди-да!
Ана шунақа аломат одам — Мамасиддиқ ака! Бунақасини бутун республикани айлансангиз ҳам тополмайсиз.