Дадам раҳматли: “Жунадулла, ота касбини танлаган одам хор бўлмайди, қассобликда ҳикмат кўп…” деса, “Гўнг ҳидлаб, ичак судраб, суяк излаб юраманми?” деб бурун жийирибман-а! Бармоғимни осмонга ниқтаб:
– Мен актёр бўламан, актёр! – деб ҳайқирибман камига. Хом сут эмган бандамиз-да.
Рақамларга мурожаат қиламиз: саккиз марта ўнг қўлим синди, етти марта чапи. Уч марта ўнг, икки марта чап оёғим шифокорлар хизматидан баҳраманд бўлди. Оёқ-қўлимнинг чиққан, солинганининг, синган қовурғаларимнинг саноғига етолганим йўқ. Олти марта нокаут ҳолатига тушдим. Бурнимда ўтказилган пластик операция ҳозирча битта. Тўрт марта қошимни, беш марта лабимни тиктирдим. Тишларимни буткул янгилаганман.
Қалай, кўрсаткичлар ёмон эмас-а? “Актёр эмас, боксёр бўлибсиз-да!” дерсиз? Тополмадингиз, актёр бўлдим, актёр!
Театрга ишга келиб, дастлабки уч ойни ҳуштак чалиб ўтказдим. Ҳуштакчи ролини ўйнамадим, ҳуштакнинг ўзи бўлдим. Саҳнада ўйнаётган актёр “вишт, вишт, вишт!” деб итини чақириши керак. Афсуски, актёр ҳуштак чалишни унча эплолмади. Аниқроғи, унинг ҳуштагига ит тугул, мушук ҳам келмади. Мени ёллашди. У саҳнага чиқади, мен парданинг орқасида туриб, ҳуштак чалиб, итни чақириб берадиган бўлдим. Яна спектаклнинг уч жойида: бошида, ярмида, охирида. Олдин ёки кейин чалиб юбориш мумкин эмас – томоша бузилади. Кўзим билан саҳнани тешиб юборгудай бўлиб ўтираман. “Ҳуштак жойига тушмади”, деган гап бўлиши мумкин-да. Мен-ку ҳуштакни хўп ўрнига туширдим. Аммо падар лаънати ит асли наслига тортиб эгаси қолиб, мен томонга чопиб қолса бўладими? Эшшакдай келади ўзиям. Қочмай кўринг, ейди! Спектакль бу ёқда қолди, томошанинг каттасини ит икковимиз кўрсатдик: томошабинлар ичида ҳам итдан қочиб юрибман-да!
Спектаклдан кейин мени хўп чилёсин қилишди. Итни ҳам эгасининг олдига борадиган қилиб ўргатишди. Аммо ҳуштакчилик ҳам жонга тегди.
– Ҳуштак чалиб юраверамизми? – дедим режиссёрга.
– Роль ўйнайсанми? – сўради у.
– Ўйнайман, – дедим мен.
– Унда саҳнага чиқ! – буйруқ берди режиссёр.
Шифокорлар ҳақида аллақандай спектакль қўйилаётган экан. Нарвонда тепага чиқаётган одам томга етай деганда гурсиллаб йиқилиб тушаркан. Ана шу йиқиладиган одам ролини менга беришди. Репетиция бошланди, йиқилдим.
– Йўқ, унча ўхшамаяпти, томошабин ишонмайди. Юракдан чиқариб йиқил! – деди режиссёр.
Юракдан чиқариб йиқилишим учун етти қават кўрпани солиб қўйган бўлса экан! Қуруқ полга қулашим керак. Баландлик уч метр. Камига:
– Йиқилганингда бошинг мана бу тошга тушса, янаям ишонарлироқ чиқади! – деб ҳам қўяди.
Бошим тошга тушса, жоним чиқиб кетишини ўйламайдиям, касофат. Ўн учинчими, валлоҳу алам, ё ўн тўртинчи марта йиқилганимда:
– Оригинал! Класс! – деди режиссёрим шодон. – Афтингни буриштириб, вой-войлаганларинг ҳам ниҳоятда табиий чиқди. Эртанги спектаклда ҳам худди шундай йиқил!
Ҳақиқатан ҳам зўр, зарданинг ҳаммасини шунга сарфлаб йиқилгандим, репитициядан тўғри шифохонага кетдим. Бир ой қўлимни тахтакачлаб юрдим: Худога шукр, саҳнага чиқмадим. Тахтакачни олдирган куним режиссёрим йўқлаб турибди-ю!
– Дублёринг йиқилишни унча ўхшатолмаяпти, эртадан бошлаб ўзинг ўйнайсан, машқ қилиб тур.
– Э, йўқ, зўр йиқиляпти, ўзи ўйнайверсин. Кечагина қўлимнинг тахтакачини олдирдим, раҳмингиз келсин.
– Санъат қурбонсиз бўлмайди, ўйнайсан!
Бошланди. Санъат йўлида оёқ, қўл, бел, қовурғаларни бирин-кетин “қурбон” қилишни бошлаб юбордим. Спектакль ҳам тўхтаб-тўхтаб (аниқроғи, менинг тузалишимга қараб) роса икки йил қўйилса бўладими! Ўйнайман, йиқиламан, шифохонага жўнайман. Ўйнайман, йиқиламан, шифохонага жўнайман… Шифокорлар билан ҳам ошно бўлиб кетдик. Спекталь бўладиган кунга гипс, дока, тахтакачларни тайёрлаб туришади. Кетаётганимда:
– Биродар, навбатдаги томоша қачон бўлади? – деб сўраб ҳам қўйишади.
Устига-устак, спекталда бирор оғиз сўз айтмайман: фақат йиқиламан! Белимнинг гипсини олдирган куним, энди отиб юборса ҳам ўйнамайман, дедим ўзимга ўзим. Йўқ, ҳарқалай янги ролга таклиф қилиб қолди.
– Яна йиқиладиганми? – белимни уқалаб туриб сўрадим.
– Йўқ.
– Унда қаҳрамоним бирор оғиз ҳам гапирмаса керак-да?
– Гапиради. Анчагина сўзи ҳам бор. Характерингга жуда мос, – режиссёрим бош бармоғини кўрсатди, – класс!
Айтганидай жуда зўр роль экан. Боксёрнинг севгилисига Болтавой деган шилқим ортиқча гап қилади. Қиз буни зумда боксёрга етказади. Боксёрнинг жаҳли чиқиб, Болтавойни панада пойлаб туради. Аммо Болтавой қолиб саҳнада бегона йигит пайдо бўлади. Унинг юзига мушт келиб тушади, афт-башараси қонга бўялади. Ана шу мушт еб, қонга беланадиган йигит роли бизга тегди. Яна сўзиям бор. “Нега урасиз?” дейман юзимдаги қонни артиб. “Э, кечирасиз, мен сизни Болтавой дебман”, дейди боксёр. Тамом. Афтимга рўмолчани босганча саҳнадан тушиб кетаман. Одамга алам қиладигани, боксёр йигит ролида эски рақибим: талабалик йиллари хотинимнинг орқасидан гул кўтариб юрган курсдошим!
Шунақанги юракдан чиқариб уради, лаънати, тишларимни ғижиллатиб, “Биз томонларда ҳам байрам бўлиб қолар!” дейман ичимда. Яхшиям хотин билан театрда бирга ишлаймиз, саҳнадан тушишимга шўрпахтани тайёрлаб туради, босамиз, қонни тўхтатамиз. Эртасига гримм билан юзларни бўяб, чиқиб бораман, қарсиллатиб муштни ейман, саҳнадан тушаман, хотин шўрпахтани тайёрлаб турган бўлади…
– Ҳов! – дедим бир куни режиссёрга бармоғимни кўксимга ниқтаб туриб. – Буям эркак, бирор мушт урсин!
– Қани, репитиция қилиб кўрамиз. Майли, сен ҳам бирор мушт ур. Аммо асосий зарбани у беради, – деди режиссёрим.
Тилим қурсин, тилим! У урди. Шунақанги ўхшатиб урди, гаранг қўйдай саҳнада айланиб юрибман, кўринмайди, лаънати. “Қочвордимикан?” деб турсам, иккинчи мушт келиб тушди! Вой-вой-вой-эй! Нокаут!
– Класс! – деган режиссёримнинг овози узоқ-узоқлардан эшитилди. – Бундан буён худди мана шундай ўйнайсизлар.
Бир мушт ўрнига иккитасини ейдиган бўлдим. Йиғлайдигани, спектакль тўхтовсиз уч ой ўйналса бўладими? Яхшиям хотин бор – саҳнадан тушишимга шўрпахтани тайёрлаб туради, босамиз, қонни тўхтатамиз, эртасига…
– Ўйнамайман! – деб кўрдим.
– Қанақасига ўйнамайсан, томошабин сени деб спектаклга келяпти! – деган жавобга эга бўлдим.
Лекин жуда машҳур бўлиб кетдим. Ҳатто талабалар жамоага қўшиб, мениям учрашувга таклиф қилишди. Оқ костюм-шимларни кийиб, қизил галстукларни боғлаб (артист бўлиб қолдик-да), савлат тўкиб учрашувга кириб бордим. Савол-жавоблар бўлди, ёмон эмас. Фақат охири…
– Севимли ролларингиздан биттасини ижро этиб берсангиз! – деган таклиф тушди.
“Ҳуштакчи”да умуман саҳнага чиқмаганман. Йиқилиб берай десам, бу ерда на том бор, на нарвон. Ноилож калтак ейдиган ролимни ижро этиб берақолдим. Яхши рақибим ҳам биқинимда ўтирганди, гумбурлатиб урди: оқ костюмни қизил рангга бўяб, қўлда гулдаста билан учрашувдан қайтдим.
“Шўринг қурсин!” дейсизми? Раҳмат. Аммо ҳали-замон шўрим қуримайдиганга ўхшайди. Учта вилоятдан таклифлар тушибди: билетларни сотиб, жойларни ҳозирлаб қўйишибди – мен калтак ейдиган спектаклни бир ойдан намойиш этарканмиз! Ҳа, табриклайверинг, республика бўйича айланиб юриб калтак еб чиқарканман! Хотинни сафарга борадиганлар рўйхатига киритишмаган экан, қўштириб қўйдим. Уям кетяпти, тоғораси билан шўрпахтасини кўтариб.
Устига-устак режиссёрим мени янада “хурсанд” қилиб турибди:
– Қўлимга бир ажойиб трагедия тушди. Гастролдан эсон-омон қайтсанг (аблаҳнинг нафасини қаранг!) саҳналаштирамиз. Сенга зўр – ўлик роли бор. Живой ўлиб берасан!
Ҳа, пешана-да, пешана. Йиқитгани, калтаклатгани етмаганди, энди ўлдириб, кўмади шекилли, мени!
Лекин жуда хафа бўлаётганим йўқ. Мен саҳнада йиқиламан, калтак ейман, э, боринг, ана, ўларканман. Аммо ҳаётда амал деб, ўлиб-тирилаётганлар – менинг ролимни ўйнаб юрганлар камми? Нима дедингиз?
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 2-сон