Кападамиз. Халфана овқат қиляпмиз. Ҳайдар акам шўрванинг кўпигини оляпти, мен шолғом арчиш билан овораман. Оқсоқолларимиз Ҳамроали билан Раҳмон акалар кечаги масалани бир ёқлик қилиш билан банд: қарта ўйнашяпти.
— Э, сен, — Раҳмон ака қартани шийлаб туриб, менга юзланди, — Ҳайдар ҳақида ёзсанг-чи, бутун бошли китоб бўлади.
— Ҳайдарнинг бошидан ўтганларини, кино қилиш керак, юрган йўли комедия-да, комедия! — Ҳамроали ака уни қувватлади.
— Қулоқ солма, уларнинг гапига, қулоқ солма, — Ҳайдар ака чўмич билан ишора қилиб давом этди. — Гапиришаверади.
— Бу, — Раҳмон ака Ҳайдар акага ишора қилди, — бир вақтлар мактабда ҳайдовчиликдан дарс берарди. Ўқувчиларни машинасига чиқариб, «езда» қилдириб келибди. Кейин машинани тўхтатиб, капотини очиб, тушунтиришни бошлабди: «Мотори қизиб турганда радиаторнинг қопқоғини очиш мумкин эмас. Чунки бу пайтда суви қайнаган бўлади, мана бундай қилиб очиб юборсак…» деб туриб радиаторнинг қопқоғини бураб, очиб юборибди! Қайнаб турган сув осмонга қараб отилибди! Ўзи тепасида турмаганми, сув пешонасидан бошлаб, белигача куйдириб ташлабди!
Ҳамроали ака хохолади. Унга қўшилдим.
— Бекорчи гап, — Ҳайдар ака кескин эътироз билдирди. — Битта ўқувчим билмасдан очворганди.
— «Аполавка» ҳам бекор гапми? — Ҳамроали ака қошини маъноли учириб, гап бошлади. — Бир куни бу жуда астойдил, тахталарни опчиқволиб, ҳовлисининг этагида уннаб ётибди. «Мана шу ерга оғил солмоқчиман, бетон қуяман, аполавка қиляпман», деди. Бир паст қараб турдим. Навбатдаги тахта қимирлаб, мих ўтавермади. «Орқасидан бирорта ёғоч тирагин, — дедим. — Қимирлаб тураверса мих ўтармиди ундан». «Э, ҳозир буни боплаймиз!» деб тиззасининг кўзини тахтага тираб, теша билан ура кетди. Ҳарқалай мих қоқилди. «Ўтмайсан-а, ўтмайсан!» деб оёғини орқага олганди, тахта ҳам қўшилиб бирга кетяпти-да! Қарасам, тахтани тешиб чиққан мих тиззасининг кўзигача ўтиб кетган экан. Тешанинг зарби деб, билмабди-ей!
— Э-э-э! — Ҳайдар ака қўл силтади. — Тахтадан ўтган мих шимимга илиниб қолган экан.
— Ҳайдарчилик-да! — Раҳмон ака гапни илиб кетди. — Трактор минади, шолимнинг донини олиб келиб берди. Аммо сеткали бўлгани учун тепаси кесакига тегиб, прицеп дарвозадан сиғмади. Кўчага тўкиб кетаверса, яна уни ичкарига ташиш — иш. «Нима қилсак экан?» деб турсам… «Кетмонни олиб чиқинг!» деб қолди. Олиб чиқдим. «Балон остини ковлаймиз», деди. «Одам юравериб, машина ўтавериб, заранг бўлиб кетган, бу ерни ковлаб бўладими?!» дедим. «Бўлади», деб қўлимдан кетмонни олди. Вей бало экан — бу! Болта ўтмайдиган жойни кетмон билан ковлаб ташлади. Терга пишиб кетди ўзиям. Дарвозахонада чуқурлиги бир, эни бир ярим қарчлик ариқчани пайдо бўлди.
Прицеп балонларни ариқчага мослаб юргизганди, ҳарқалай дарвозадан сиғди. Шолини ҳовлига ағдарди! «Қойил!» дегандай унга бош бармоғимни кўрсатдим. Илжайиб кўз қисди. Тракторига газ берди ва… шолини тўкканда кўтарилган прицепини туширмасдан ўқдай отилиб кет-ти!… Дарвозани ҳам бирга кўчага олиб чиқиб кетди!
«Вей, ўзинг бир соат уннаб ковладинг, атай пасайтириб йўл қилдинг, дарвозани кўрмадингми?» дедим жаҳл билан. «Иш шошилинч эди-да, прицепни тушириш эсдан чиқиб қолибди», дейди кулиб. Кейин «иши шошилинч» билан абеддан, ярим кечагача дарвозани қайта қурдик.
— Бу Ташкендаям иш қилиб келибди-ю, атмайсанам, — Ҳамроали ака менга тикилди.
— Янғисими? Эшитайлик…
Ҳайдар акага қарадим.
— Унга қарама, бизга қара! — Раҳмон ака қўл силтади.
— Э, уни ёзиб бўлмайди.
— Ёзмасанг ҳам бизга айтавер!
— Тошкентга супирги сотгани боришган экан. Супигиларни сотиб бўлгач, пулларини тахлаб, резинка билан боғлаб, шимларининг орқа чўнтагига солибди. Сироч акамникига келибди. Хожатга киришибди. Орқа чўнтакдаги пул эсда йўқ… Бир нарса дуп этиб пастга тушгандан кейин, пул эсига тушибди.
Ўн минут ўтибди, ўн беш минут… Ярим соат ўтибдиям Ҳайдар акам чиқмасмиш-да. Қўзи энам ҳавотир олиб, «Ҳайдар, Ҳайдар?» деб эшигини тақиллатибди. «Ҳозир!» дебди.
Узун симга илиб оламан дермиш, ололмасмиш… Гургутни чақиб ташлармиш… Симни туширгунча гугурт ўчи қолармиш… Бу ёғда энам қўймасмиш: «Ҳайдар, бўлдингми? Нима қиляпсан ўзи?» «Ҳозир!» деб гугурт чақармиш, симни туширармиш…
Сирож акам ишдан келса, ҳовлиси тўла пул эмиш-да! Кўзларига ишонмабди. Пулларни ювиб, қурисин деб ёйиб, шамол учириб кетмасин деб устига биттадан тош бостириб чиққан экан.
— Э-э! — Ҳайдар ака шўрванинг сувидан хўплаб, чўмични қозон четига қўйди. — Тузи яхши, — деди сўнг бизга юзланиб. — Аммо ҳали пишгани йўқ. Ярим соат қайнаб турсин, унгача мен божамникига бориб келаман.
— Шошма! — Раҳмон ака сигаретини чайнаб, ўрнидан турди. — Сени ярим соатинг уч соат бўлади… Унгача қайнайвериб, шўрва тугайди.
— Э, ака, — Ҳайдар ака тушунтира кетди, — божамнинг электр аррасини прицепга юклатиб қўйганман, эшикнинг оғзида турибди. Шундай тракторда бораман, прецепни улайман, ғув бориб ташлаб келаман. Чичқонқишлоқ қочиб кетибдими!
— Э, бор! — Раҳмон ака сигаретини бурчакка отиб, жойига ўтирди.
— Эсон-омон бориб келсин-да, ишқилиб, — Ҳамроали ака бошини қимирлатиб қўйди.
— Битта ишкални бошламаса бўлди — бу!
Қарта ўйин авжига чиқди. Қанча вақт ўтди, билмаймиз. Тракторнинг шовқини эшитилди.
— Келди, — деди Раҳмон ака деразага бўйлаб.
— Тез қайтвордими? — Ҳамроали ака ажабланган бўлди.
— Ҳайдар-да бу, ҳайдайди! Мингда юради-да!
Ҳайдар ака бегона йигит билан кириб келди.
— Тепага чиқаверинг, тепага чиқаверинг! — деди унга. Кейин бизга тушунтирган бўлди. — Божам, чичқонлик божам — Султонали…
— Ие! — Раҳмон ака ажабланди. — Сен буникига бормоқчийдинг-у?
— Султоналининг ўзи келиб қолган бўлса… — Ҳамроали ака фотиҳага қўл очди. — Қани, омин, тинчлик-омонлик бўлсин!
— ўалати иш бўлди! — деб Ҳайдар ака «пиқ» этиб кулди.
— Нима иш бўлди?
— Э, қўяверингилар, — деб Ҳайдар ака қўл силтади. Шўрванинг тузини кўрараркан, яна «хо-хо-хо»лаб кулиб юборди. Шўрванинг сувига тиқилиб, йўтала кетди.
— Гапир мундай, одамни илҳақ қилмасдан! — Ҳамроали ака қовоғини уйди. — Ўзинг маза қилаверма, бизам кулайлик-да!
Ҳайдар ака дўпписини бошидан олиб, шолчага ташлаб, ёнига ўзи ўтирди.
— Ғалати иш бўлди, — Ҳайдар ака яна кулди. — Тракторнинг орқасини прицепга тўғрилаб турсам, уйдан хотин чиқиб қолди. «Прицепнинг қозиғини солиб қўй», демоқчи эдим, «Ҳа, дадаси, йўл бўлсин?» деб сўради. «Божанинг аррасини абкегандигу, обориб берай, сўрайвериб эзиб юборди», дедим. «Унда жиндай шошмай туринг, — хотини қошин учириб, кулимсиради, — менам прицепингизга чиқиб олай, сиз билан бориб ҳам синглимни кўраман, ҳам катайса қилиб келаман», деб уйга кириб кетди. «Тезроқ чиқ, иш қайнаб ётибди! деганимча қолдим. Хотин чиқди, газни босдим.
Божам яхши уйда экан.
— Бу ёғини сиз айтиб беринг! — у Султоналига қаради. — Мен гапиролмай, кулиб юбораман.
— Эшикдан чиқишим билан, кабинадан бошини чиқариб, салом йўқ, алик йўқ, «Кейин сўрашаверамиз, иш қайнаб ётибди, бир-иккита қўшнилардан чақиринг, арра туширишиб юборишсин!» деди. Ҳайрон бўлиб қолдим. «Нимага оғзингиз очилади, чақиринг қўшниларни!» деб дўқ уришга ўтди. «Арра қани?» секин сўрадим. «Ана, орқада, прицепда турибди!» деди. Орқасига қараб, ҳеч нарсани кўрмадим. «Прицеп қани?» деб сўрадим! «Нима бало, божа, мастмисиз?» деди. Кейин… Ҳайдар акам орқасига қаради-да, ранги ўчиб кетди. «Қани прицеп?» дедим. «Сиз прицепти қўйиб туринг-у, катайса қилиб келаман деб, чиқиб олганди, бизнинг хотин қани?» деди.
«Хо-хо»лашдик.
— Божам икковимиз ҳовлиқиб, тракторни юрган йўлимдан босдик, — Ҳайдар ака кулиб, ўзиники йўқдай, тиззамга шапатилади. — Қишлоққа келсак, прицеп эшик оғзида қандай қўйган бўлсак, шундай турибди. Тепасида ясан-тусан қилиб, тугунча қучоқлаган опанг ўтирибди! «Ҳа, дадаси, ҳай-ҳайлашимга қарамай, тракторингизни учириб кевордингиз. Ўтирибман энди, қачон катайса қилдираркан деб!» дейди. «Олдин қозиғини солиб, тракторга улаб, кейин прицепга чиқсанг ўлармидинг!» дедим. Шўрвани ичволиб, кейин аррани ташлаб келармиз, деб божамни бошлаб келяпман.
— Бағи, Ҳайдарчилик-да, Ҳайдарчилик! Шўрвани қуй-э! — деди Раҳмон ака.