Саид Анвар. Эзма (ҳажвия)

Болаларнинг ғавғоси бартараф этадиган бир куч пайдо бўлди – телевизор! Ҳа ишонаверинг! Ишдан келасиз, ғинғир-ғирғир бошланса, «Бор телевизорингни кўр!» дейсиз, зумда тинчишади.
Аммо ғавғонинг каттаси ҳам телевизор бузилгандан кейин бошланаркан. «Тузаттир беринг, уста чақиринг!» Бир ёқда болалар эговлаб, иккинчи ёқда хотин жавраб тургандан кейин, бошингиз ғовлаб кетаркан.
— Исмоил уста олиб бор, — маслаҳат берди Жабборали қўшним. — Бир пастта ўнғариб беради.
— Қайси Исмоил?
— Тошпўлат индамаснинг ўғли-чи, пастмаҳалладан, — Жабборали тушунтира кетди. — Аммо боришдан олдин қулоғингга пахта тиқиб олгин. Исмоил жуда эзма бўлган, гапиравериб қулоғингни қоқиб, қўлингга беради, — ошнам кулди.
Паво қилмадим. Эзма бўлса нима, тузатиб берса бўлди-да, деб телевизорни велосипедга ортдим.
Исмоилни танирдим, аммо ҳеч ош-қатиқ бўлмагандим.
Яхши, уста жойида экан‚ эшикни ўзи очди. Саломимни жавобсиз қолдириб‚ олдин менга‚ кейин телевизорга қараб‚ чиққан эшигини каттароқ очди. Устахонасига кирдик. Турли асбоблар қалашиб ётган‚ катта столга имо қилди‚ телевизорни қўйдим.
Уста телевизорнинг орқасини очиб, бир-иккита ашёларини суғириб, текширган бўлди. Сўнг стулини ортга суриб, сигарет тутатди. Менам эски телевизор устига чўкиб, у кишига қўшилдим. Сигератлар кулга айланди. Аммо уста иягини силаганча ўтираверди. Ўзимча, телевизоримнинг касали ҳақида бош қотиряпти, деб ўйладим. Лекин беш, ўн, йигирма минут бош қотиришдиям, ўйлаб ўйларига етишолмади.
— Дарди оғирроқмикан? — деб сўрадим.
— Йўқ.
— Унда нега?..
— Паянникни Қамбарали олиб кетганди.
Тушундим. Қамбарали деганлари қўшни қишлоқда туради. Уям уста. Хойнахой, ярим соатда олиб келиб бераман деб паяннигини олиб кетган. Ҳозир келиб қолса керак, уста шуни кутяпти.
Жимгина ярим соат кутдик. Бу орада чекиш бўйича эълон қилинмаган мусобақамиз учу иккига етди. Олдинда мен.
— Шу… велосипедим бекор турибди… Қамбаралидан паянникни олиб келиб қўяқолсак бўлмайдими? — дедим тўртинчи сигаретни тутатиб.
Уста менга бир қаради-ю, индамади. Аммо ўрнидан туриб, эшикка юрди. Ойнадан қарасам, велосипедимни миниб, жўнади.
Олдинига, «Шуни олдинроқ айтсам ўлармидим!» дедим. Кейин эса, «Ақл ўргатмай ҳар бало бўл! Оғзингни юмиб жимгина ўтирсанг бир бало бўлиб қолармидинг!» деб роса беш соату қирқ бир минут ўзимни ўзим сўкдим! Ҳа, беш соату қирқ бир минут сўкдим! Устахона очиқ қолган, ташлаб кетсам бўлмайди, бир. Телевизоримни ҳам очиб қўйган, уни беркитишинг ўзи бўлмайди, икки. Велосипедимни бўлса, уста миниб кетган — қаерга борардим, уч. Сўкиниб ўтиравердим!
Бу пайтда уста Қамбаралининг уйига борибди. Велосипеддан тушибди. Ариқ бўйидаги курсига ўтирибди. Шу ўтирганча ўтираверибди. Қамбаралининг хотини кир юваётган экан, сувга чиқибди. Сувни олиб кириб кетиб, кирига иситиб, ишлатиб, яна сувга чиқса ҳам уста ўтирганмиш-да.
— Дадаси керакмиди? – келиннинг тили бор экан, ҳайрият сўрабди..
Уста бош қимирлатибди.
— Сайдилла аканикига кетганди.
Уста Саъдулланикига йўл олибди. Сайъдулла бир машина буғдойни кўчага тўктириб, тегирмонига ташиш билан овора экан. Уста унга бош қимирлатиб қўйибди-да, сигарет тутатиб, сўрига чўкибди. Яна ўтираверибди… Саъдулла бир машина буғдойни ташиб бўлибдиям ўтирганмиш-да!
— Ҳа, ака, тинчликмиди? – сўрабди ювиниб-тараниб чиққан Саъдулла.
— Қамбарали керак эди?..
— Қамбарали?.. Қамбар ака бу ерга келмади?.. — Саъдулла хайрон бўлиб, бир зум ўйланиб қолибди. Сўнг: — Э, адашим, ҳов, носпуруш Насриддин буванинг ўғли Саъдулла телевизорим бузуқ, уста айтиб келдим, деётганди, ўшаникидадир? — дебди.
Омадимнинг келганини қаранг: Саъдулланинг адаши Саъдулла туғилган куни баҳона, ўртоқлари билан, ҳовлида балиқ пиширишаётган экан. Устани ҳам даврага таклиф қилибди. «Жиндай-жиндай»дан бошланган ичиш, «охиригача ичиш»гача етибдиямки уста ўтирганмиш-да! Саъдулла охирги улфати кузатиб қайтиб:
— Тинчликмиди, устака? – деб сўрабди ҳарқалай.
— Қамбарали керак эди?
— Э, Қамбарали ака телевизоримни тузатиб, сиз келмасдан жиндай бурун, уйига кетганди!
Яхши, Қамбаралининг хотини кирини тамомламаган экан, ярим соатда сувга чиқиб қолибди:
— Паяннигингизни ташлагани уйингизга кетовди! — дебди.
Энди бу ёғини чўзсам бўлмас-а? Сизниям вақтингизни олиб, жуда кўп гапириб юбордим.
Хуллас беш соату қирқ бир минут сўкинганим бежиз кетмади, эшикдан уста кириб келди.
Бир сўз демай паянникни тўкка суқдилар.
Телевизоримнинг орқаси теккиздилар…
Сўнг қопқоғини ёпиб, қўлидаги отвёркани тақ этказиб столга ташладилар-да, менга маъноли қарадилар.
Тушундим: телевизорни кўтариб, велосипедга ортдим.
Уйга келиб қўйсам, телевизорим бинойидай кўрсатиб турибди.
Жабборали:
— Қалай, қулоғинг битиб қолмади? — деб яна кулди.
Нимага кулади, ҳайронман. Куладиган иш бўлгани йўқ, менимча.