Донолар, ақл-фаросатинг бўлмаса, эшак бозорига даллол ҳам бўлолмайсан, деб бежиз айтишмаган экан.
— Сабзи бизнинг Қўқонда бир ярим минг, Тошкентда беш юз сўм экан! Сурхондарёдан келади-да!
Чўнтак қуруқ, «На қилдим мен, жамолингдан жудо қилдинг…» деб юргандим, бу гапни эшитгач, жойимда ўтиролмай қолдим: кўз олдимдан пачка-пачка мингталиклар ўта бошлади.
— Ҳар килосидан беш юз сўмдан қолганда ҳам бир тоннасидан беш юз минг сўм фойда! Агар “КамАЗ”ингга йигирма тонна босиб келсак, камида ўн миллион чўнтакда! — дедим ҳайдовчи оғайним Баҳодирга.
— А?! — чамамда Баҳодирнинг кўз олдидан юзталик долларлар ўтди-ёв! Дарров ўзича ҳисоблай кетди. — Бугун жўнасак, эртага азонда “оптим”да бўламиз. Кечгача сабзи олишга улгурсак, индинга қайтиб келишимиз ҳам мумкин.
Димоғда “Боғ аро”ни ҳиргойи қилганча, йўлга чиқдик. Айтганларидай, Тошкентда сабзи арзон экан. Зўрини беш юздан олдик. Йигирма тонна сабзини машинага ортиб, ортга қайтдик. Бу сафар «Боғ аро»ни эмас, «Тортадур»ни хиргойи қилдик. Фойданинг ҳисобидан «Темир ота»да томоқни ҳўллаб олдим. Ҳа, энди фойда келиб турибди, беш-олтита минг нима бўлибди! «Миллиони, миллони, алех роз!»
Учкўприкнинг бозорида Тиёншон тоғига етиб бормасаям, унга ўхшаган сабзи хирмони пайдо бўлди. Тепасида мен билан Баҳодир.
— Ҳамма нарсага етган ақлингиз, шунга келганда оқсабди-да! – деб қолди бир пайт Баҳодир.
Ҳайронқараш қилгандим, оғайним гапига изоҳ берди:
— Битта сўмка олиш эсга келмабди-ю? Шунча пулни қаерга қўямиз, чўнтакларга сиғмаса?
— Биринчи починдан ўзим бориб сўмка олиб келаман! – деб уни ишонтирдим.
Қўшиғимиз «Кеп қолинг!»га айланган.
— Сабзи қанчадан, ўғлим? — дастлабки харидорнинг овози эшитилди. Қарасам, қоп кўтарган отахон.
— Бир ярим мингдан!
— Тўрт килосими?
— Нималар деяпсиз, ота, бир килоси!
Ота менга жинни эмасмикан, деб анграйиб қараб турди. Сўнг:
— Ҳамма жойда уч килоси мингдан ¬сотишяпти-ю!
— Қайда?
— Шу бозорда-да, ее!.
Баҳодир «Йўғе, йўғе?» қўшиғини, мен “У ким экан, у ким экан?”ни бирин-кетин айтиб, бозор ораладик. Қайдан сўрамайлик уч юз эллик, нари борса тўрт юз сўм!
— «Сен… Сен… Сен!» – қўшиқнинг давоми Баҳодирнинг тилига келмади.
— «Аввалгиларга ўхшамас», — сўзимни қўшиқ билан бошлаб, — бир ҳафта бурун кириб сўраганимда бир ярим минг эди-да! — дея ўзимни оқлаган бўлдим.
— Уч юз сўмдан сотсак, нақд тўрт миллион зарар кўрарканмиз. Машинага кетган соляркани бунга қўшганим йўқ.
Ярим нархига бўлсаям сотамиз-да, нимаям қилардик.
Ошна-оғайнилар бор бўлсин: елиб-югуришларимиз, илтижоларимизни инобатга олишиб, бири беш кило, иккинчиси ўн, учинчиси тўрт кило қилиб олиб кетишди. Кечга бориб, Баҳодиржон қўлига қоғоз-қалам олиб ҳисоблаб кўрганди, олтмиш килочасини ¬сотиб бўлибмиз! Атиги ўн тўққиз тонна, тўққиз юзу қирқ кило сотилмаган сабзи қолибди!
— Олтмиш килоси ўн саккиз минг бўлади, — ошнам “КамАЗ” минмасдан олдин мактабда дарс берарди, шу пайтда математика асқотди. – Ўн беш минг сўмга тушлик қилдик. Бир кунда йигирма етти минг сўм зарар қилибмиз.
— Калланг кетдими сени? – деб юбордим. Тўғрида, ҳам сабзи сотсанг-у, ҳам зарар қилсанг…
— Сабзини беш юздан олгандик, уч юздан сотдикми? – Баҳодир бўш келмади. – Ҳар куни олтмиш килодан сотиб турсак, Худо умр берса, бир юзу саксон саккиз кунда йигирма тоннани сотиб бўларканмиз.
— А? Бир юз саксон саккиз кунда?..
— Ҳа! Ва тўрт миллион саккиз юзу йигирма икки минг сўмлик зарар кўрарканмиз! Бунга еган-ичганимиз кирмайди.
— Нима? – Баҳодирдан дафтарни юлиб олдим: рақамлар мени масхаралагандай рақс туша бошлади.
— «Нима бўлса бўлар эртага», — ошнам бошлаган қўшиққа жўр бўлиб, унинг ортидан эргашдим.
Лекин эртасига ҳам, индинига ҳам, орадан бир ҳафта ўтса ҳам «Тиёншон тоғи»нинг чўғи пасаймади: сабзиям жа яхши нарса бўларкан, ҳафта ўтмай устидан буғ, тагидан сув чиқа бошлади!
— «Энди нима қиламиз?» — қўшиғини бошлади Баҳодир.
— Эгасиз нарсани одамлар бир кунда таламон қилиб юборади, — дедим. — «Юр, муҳаббат, кетдик бу жойдан».
Икки кун ўтиб Баҳодир хонамга хиргойи қилганча, кириб келди: “Қайда бўлсанг ҳам сени, бир кун излаб топарман, ўшал кун келур…”
— “На бўлди нигорон?..”
— “Дўст бўлсанг ёнимда тур”, — деб Баҳодир бир варақ қоғоз узатди.
“Кўзларимга ишонмай” қайта-қайта ўқидим: “Бугуноқ сабзиларингни олиб чиқиб кетмасаларинг, бозорни ифлос қилганларинг, жойни беҳуда банд этганларинг учун энг кам иш ҳақининг тўқсон тўққиз баробари миқдорида жаримага тортиласиз”.
«Йиғладим, йиғладим…»
— Шунча сабзини ахлатга ташлаб юбориш — увол. Ошхоналарга берай десанг, бунчани ким олади? “Энди нима қиламиз?”. “Айт, нима қилай?”.
Сабзиларни зовур ёқасига тўкиб, «Тўйлар муборак»ни айтиб, ортга қайтдик.
Уч кун ўтиб, суддан қоғоз келди: “Атроф-муҳитни ифлос қилганингиз, аҳоли соғлиги учун заҳарли моддалар тарқатганингиз учун, туман экология бўлими берган аризага кўра, суд олдида жавоб беришингизни сўраймиз”.
«Мана сенга олам-олам гул, этагингга сиққанича ол!»
Икки оғайни суддан чиққач, сабзи хирмони тепасида пайдо бўлдик. Кран олиб келиб, зовур ёнидан катта чуқур қаздирдик. Сабзиларни ўрага сурдириб, устидан тупроқ торттирдик.
— «Одам бўлиб келдик, одам бўлайлик». Шу билан қутулиб кетсак ҳам катта гап, — деяпти Баҳодир.
Бироқ, энг сўнгги маълумотларга қараганда, ўра атрофидаги йигирмата тут, терак, ўрик дарахти қуриш арафасида эмиш. Бу ҳақда аҳолидан шикоят келса, қолганини ўшанда ҳикоя қилиб берармиз.
— Тошкентда помидор минг, Учкўприкда икки минг сўм дейишяпти… “Ўзим ҳар жойдаман, кўнглим сендадир”.
Етказилган зарар қоплангандан кейин оласизлар, деб “КамАЗ”ини суднинг ҳовлисига «тортиб» қўйишган, шунгами, Баҳодир сўзларимга парво қилмайроқ турибди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 2-сонидан олинди.