Маданиятнинг ҳисобчиси Мамадали билан ошхонада учрашиб қолдик. Тўғриси, ишдан кейин ўн грамм урволиш учун киргандим. Мамадали анчагина олиб қўйган экан.
— Э, шоир, шоир, — деди ўрнидан гандираклаб турди.
Кўпчиликнинг диққатини тортмаслик учун, у томон юрдим.
— Бомилар, бомилар? — Мамадали қучоқ очди. Икки кун бурун учрашгандик, минг йил кўришмагандай юзимдан ўпти. — Оҳ-оҳ-оҳ! Асал, асал! Ўтирсинлар.
Ўтирдим.
— Бало кўрмайлик, кўчада ўлмайлик! — ҳисобчи юзига фотиҳа тортди. Кейин стаканида эллик граммча қолган ароқни иккига бўлмоқчи бўлиб, салфетка идишини олдига тортди. — Ўн граммдан, ўн грамм…
— Йў, йў!.. Ўзим олиб келаман, — деб ўрнимдан турдим.
Иккита «юз» олдим.
— Йўқ, йўқ, бу кўп, — Мамадали кўрсаткич бармоғини силтаб, бош чайқади. — Мен бўпқолдим.
— Кемага тушганнинг жони бир.
— Ҳе-ҳе, мен кемага эртароқ тушгандим-да! — у кулди. — Бўпти, майли, йигитнинг сўзи ўлгунча…
— Ароқнинг бўйни узилсин!
— Ҳат-тат! Янги гап-у! Топасизлар-да, аммо сизлар шоирлар! Бу гап учун яна биттадан оламиз. Мен эрийман.
— Етарли бўлди.
— Йўқ! — Мамадали буфетчига юзланди. — Шурик, иккита юзтадан, — у менга қаради. — Ҳозир опкелади, ҳаммаси танийди мени. Бизи қишлоқда юраверади деб ўйламанг. Анча-мунча таниш-билиш орттириб қўйганмиз. Буларнинг шепи бор, тилло одам! Қачон кўрса, қучоқлашиб кўришади. Парғонада буларнинг каттаси бор, оғайнимиз, билади-да шуни! Бозорком ҳам яхши одам, сўрашгани узоқдан чопиб келади, машинада кетаётган бўлса, тўхтайди…
— Ҳа, энди маданиятда ишлайсиз, кўпчиликнинг ичидасиз…
— Ҳў-ў, маладес, туври айтдингиз. Ҳаммасининг хизматини қиламиз-да.
— Турайлик энди, кун ҳам кеч бўляпти, машина кам, қишлоққа кетишимиз бор…
— Машина керакми сизга? Ҳозир телепон қилиб чақиртирайми, учиб келади, — Мамадали яна буфетчи томон бўйлади. — Ҳов, телепон борми?
— Қўйинг, овора қилманг, кетиб олармиз, турдик.
— Бўлди, шоир, аммо қишлоққа борганда давом эттирамиз.
Ниҳоят эшикка қараб юрдик. Аммо негадир Мамадали ортига қайтди.
— Бир минут, шоир, ремен олгандим, эсдан чиқибди, — у ичкарига кириб, қўлида қайиш билан қайтиб чиқди. — Қаранг, зўрми? Олти мингга олдим ўзиниям.
— Яхши.
— Шуни қўлда кўтариб юрмай, тақиб олақолай-а, бир ерда қолиб кетади, нима дедингиз?— у ременни силтади.
Жавобимни кутмай, буфетчининг хонасига кириб кетди. Дам ўтмай қўлида эски қайиш билан чиқиб келди:
— Мана бўлди, эскисини мусир ташлаймиз! Ё сизга берайми, шоир? Тақиб юрасиз…
— Йў, йў…
Ошхона ёнидаги бекатга ўтиб, машина кута бошладик.
— Ременни қисиброқ боғлаб олибман, сал бўшатмасам, белни еворди, — деб Мамадали қайишига ёпишди.
Кўзим олазарак, ким келиб қолар экан дейман, Мамадали жаврашини қўймайди.
— Ҳозир келади, шоир, шошманг. Шошиб қаерга ҳам борардик. Ана, анови машина секинлаяпти, мени таниди, тўхтайди.
Аммо машина секинлаб турди-да, илкис юриб кетди.
— Танимади! Аммо мен уни танидим, Султонали! — Мамадали машинани кўрсатди. — Каттахитойдан. Савдода ишлайди. Мени яхши танимади, бўлмаса тўхтарди. Ана, ана, бунисиям секинлаяпти, таниди шекилли…
Мамадали таъкидлагандай, машиналар негадир олдимизга келганда секинлаб, кейин тезлаб кета бошлади. Ҳайдовчилар ҳам худди кўришлари зарурдай, бизга тикилиб-тикилиб қарай бошлашди. Ҳатто орқада кетаётган хотин-халаж ажабланиб бизга боқишарди.
Мамадалининг оғзи тинмайди:
— Ана бу, Одилжон, Қовғалидан. Секинлаяптими, демак тўхтайди. Зўр укамда — бу!
Одилжон ҳам секинлади-ю, аммо тўхтамади. Унинг орқасидаги бизни қўли билан имлаб кўрсатаётган болаларга қараб, Мамажоннинг завқи келиб кетди:
— Одил танимади-ю, аммо ўғиллари таниди мени! Тўйида хизмат қилганмиз-да! Зўр ўғиллари бор, биттасининг оти Зуфар, иккинчисиники Зафар!
Ниҳоят эскироқ бўлса-да, «Жигули» биздан сал ўтиб, тўхтади. Ҳайдовчиси машинадан тушиб, биз томон юрди.
— О, Олимбой, Олимбой! — Мамадали хитоб қилди. — Ўтиб кетганингда ҳам хафа бўлардим. Танидинг-а, мени!
— Танидим! — деди Мамажонинг қучоқ очиб турганига парво қилмай қўл силтаб.
— Опкетасанми, укажон!
— Опкетаман, аммо олдин жимни кўтариб олинг! — деди Олимбой ишора қилиб.
Қараб қотиб қолдим: Мамажонинг янги қайиш тақилган шими, илигида, туфлисининг устида турибди!
Шундан буён мениям кўпчилик танийдиган бўлиб қолди.
— Туманнинг марказида, катта кўчада шимини ечиб турган одам бор эди-ю, ўша кишининг шериги мана шу акам бўлардилар! — дейишяпти.