Ҳаммом ўзи шунақа жой, ҳаммани онадан туғма қилиб қўяди. Ким пайғамбару, ким уммат — билиб бўлмайди. Одам боласи кийим билан экан.
Бу гапларнинг маънисини Мусахон поччадан сўранг. У кишини танимассиз, эҳтимол: бўйи пастгина, қўллари калтагина одам. Ўзи шу яқин ўртадаги разъездлардан бирида буфетчилик қилади. Қиламан десанг, калта қўл билан ҳам анча иш қилиш мумкин экан. Кичкинагина буфетнинг орқасидан калта қўл билан бола-чақа боқиб, орзу-ҳавас кўриб, участка тиклаб, келин тушириб, қиз чиқариб юрибди-ку, бундан ортиғи кимга керак!
Хўш десангиз, Мусахон почча яқинда ҳаммомга тушган экан. Ечиниб иссиқ хонада мазза қилиб терлабди-да, совуқхонага кириб чўмила бошлабди. Боя айтдим-ку, қўллари калта деб. Кимнинг қўли узун кимнинг қўли калталигини билмоқчи бўлсангиз, ҳаммомга тушинг, Мана, Мусахон поччанинг нималиги ҳам билиниб қолди. Чўмилаяпти-ку, орқасига совун тегмайди. Икки курагининг ораси мағзава бўлиб турибди. У тосни бошига кийиб, хоналарни айланиб чиқди. Таниш йўқ. Бир ўрта яшар киши Қорбобога ўхшаб кўпикка беланиб ўтирибди.
— Ҳой ука, — деди Мусахон почча, — орқамни ишқаб қўйсангиз-чи, барака топкур.
У киши бошидан сув қуйиб ўрнидан турди. Мусахон почча энгашиб турди, у боплаб ишқаб қўйди. Шундан кейин Мусахон почча яна тосни бошига кийиб, индамай кетаверди. Ишқалаган киши пичинг қилди:
— Ҳо мулла ака, раҳмат қани?
Мусахон почча дўнғиллади:
— Ҳар бир тўққиз пуллик нарсага ҳам раҳмат айтаверсанг, бутун тирикчиликни йиғиштириб қўйиб, раҳматдан бўшамай қоласан. Шунга ҳам раҳматми?
Мусахон почча шундан кейин бошидан уч-тўрт тос сувни шар-шар тўкди-ю, кийингани чиқиб кетди. Ўша куни у атирсовундек ялтираб, қип-қизил бўлиб автобусда разъездга чиқиб кетди-да, буфетни очди. Одам яхши ювинса, тоза кийинса, табиати равшан бўлади. Мусахон почча бугун бир гапириб ўн кулади. Назарида савдо ҳам яхши кетаётганга ўхшайди. Хуллас, Мусахон почча бугун димоғида энг камида етти-саккиз қўшиқни ҳиргойи қилиб, ишни тамом қилди. Тушган пулларини санаб ҳамёнга уриб, кундаги одати бўйича кеч олтидаги скорий билан станцияга келиб пул топширди. Бухгалтер «почча, янги хўжайин билан танишиб чиқмайсизми?» деб қолди.
— Танишамиз, танишамиз. Қуруқ кирсак бўлаверармикин? Бу галча шундоқ бўлиб турсин.
У шундай деб, лабида эрталабдан қолган табассум билан директор кабинетининг эшигини очди.
Очди-ю остонадан на у ёққа, на бу ёққа ўтишини билмай туриб қолди.
— Келаверинг, келаверинг, бемалол, — деди директор.
Мусахон почча бўшашиб олдинга юрди. У тамом ўзини йўқотиб қўйган эди. Бу, директор, эрталаб ҳаммомда Мусахон поччанинг орқасини ишқаб қўйган киши эди. Директор ҳам уни таниди.
Мусахон почча қани нима бўларкин деб, индамай бошини эгиб тураверди… Охири директорнинг ўзидан садо чиқди:
— Сиз ҳам бизнинг системада ишлайсизми?
Бу нима дегани? Бу системага тўғри келмайсан дегани эмасми?
— Ҳа, энди, бола-чақанинг насибаси экан, қимирлаб турибмиз.
— Жуда соз, — деди директор салмоқлаб.
Мусахон поччанинг бўладигани бўлиб қолди. Беихтиёр чўнтагига қўл солиб, буфетнинг калитини ушлади:
— Жон ука, бир аҳмоқлик қилдим, кечиринг. Мени қувманг. Сиздек одамга шундай итлик қилдим, жазомни худо берсин.
Директор ҳайрон бўлди:
— Сиз менга нима гуноҳ қила қолгандингиз?
— Бугун эрталаб, эрталаб ҳаммомда орқамни ишқаб қўйгандингиз.
Директор кулиб юборди.
— Э, ўша киши сизмидингиз? Бутунлай эсимдан чиқиб кетган экан. Хўш, нима қилибди?
— Раҳмат айтиш эсимдан чиққан экан. Атайлаб шуни айтгани келдим. Қуллуқ, қуллуқ, ука, мартабангиз бундан ҳам баланд бўлсин. Энди бизга жавобми?
Директорнинг энсаси қотиб: «жавоб», деди. Мусахон почча орқаси билан юриб чиқиб кетди.
У чиқиб кетгандан сўнг, директор секретарни чақириб, бу одам келса иккинчи олдимга киритманг, деб тайинлади. Аммо Мусахон почча кунора келиб секретарнинг бай-байлашига қарамай кабинетга кирар, шундоқ мартабали одамга орқасини ишқалатгани учун узр айтиб кетишни канда қилмасди.
Охири директор безор бўлиб кетди. Қандоқ қилсин. Иложи йўқ. Бу тоифа одамлардан қочиб қутулмасанг бошқа йўл билан қутулиб бўлармиди. Елим-ку, елим улар.