Саид Аҳмад. Яна бир Турдивой (ҳажвия)

(Хотира)

Турди пучуқнинг айни кучга тўлган бўз болалиги туғишган она шаҳридан олисда, юрт соғинчи билан ўтди.
Бундан эллик икки йил олдин биз боя айтганимиздек, Турди пучуқ ҳеч кимга сўз бермайдиган:, ўтирган ерини пулга сотиб оладиган, бошидан дўпписи тушиб кетса, пул тўлаб, бировга кўтартирадиган, орияти баланд йигит эди.
Бир хунук воқеа бўлдию бечора болалиги ўтган кўчаларни, сув ичган ариқларини ташлаб, олис юртларга бош олиб кетишга мажбур бўлди.
Маҳалла йигитлари гап ўйнашарди. «Гап»нинг нималигини биласизми? Ҳафтада бўладиган ўртоқлик базми. Ҳар бир базм иштирокчиси навбати келганда жўраларини меҳмон қилади. Ўша меҳмондорчиликда жўралардан бирига палов ошатилади. Агар у оғзи тўла ош билан отасининг номини айтса, қутулади, айтолмаса, зиёфат навбати унга берилади..
Турди пучуқ тўйларнинг хўрози, базмларнинг булбули эди. Ҳеч кимга сўзини бермасди. Жўралар унинг тилини қисиқ қилиб қўйиш чораларини ўйлашарди. Бир базмда Турди пучуқ мусалласни кўп ичиб ухлаб қолади. Жўралардан бири унинг тагига бир коса сув қуяди. Турди пучуқ ўзига келганда қараса, таги ҳўл. Саҳар пайти зиёфат бўлган уйдан қочади. Кўча қаттиқ совуқ эди. Турди уйига келгунча шимининг орқаси музлаб қолади. Турди икки кун кўчага чиқмай уйида қимирламай ўтиради.
Турди пучуқнинг таги ҳўл бўлиб қолгани эртасигаёқ маҳаллага овоза бўлиб кетади. Ана шундан кейин Турди пучуқ туғилган маҳалласини, ёр-жўраларини, чўмилган анҳорларини ташлаб, узоқларга бош олиб кетади.
Мана бугун орадан эллик икки йил ўтиб, у маҳалласига келяпти.
Қадрдон кўча, дилга ўрнашиб қолган пасти-баланд, баъзи жойларида наҳраси бор пахса деворлар…
Турди бобо келяптилар. Даставвал у киши болаликда ош еб, чойхўрлик қиладиган, кўприк биқинидаги чойхонага кирдилар. Чойхона ўша-ўша. Энди унда Ленин бурчаги йўқ, Маркснинг суврати ўрнига Навоийнинг сувратини рамкага солиб илиб қўйишипти.
Турди бобо чой буюрдилар. Патнисда иккита нон, бир сиқим қанд билан чой олиб келган болани гапга солдилар.
— Болам, маҳалла аҳли тинч-омонми? Ўзбеклардан кўпчиликмисизлар? — деб сўради. Кейин у, шу самоварда Жўравой деган чойхоначи бўлгучи эди. Соғ-омон юриптими, — деб ўсмоқчилади.
Бола ўйланиб қолди. Кейин бирдан эсига тушиб суюниб кетди.
— Дадам айтган эдилар. Жўравой самоварчи Турди пучуқ деган бир дўсти орқасини ҳўл қилиб қўйгандан бир йил ўтиб, ўлган экан.
Турди бобо ғалати бир аҳволга тушиб қолди. Бу қандай гап, орадан эллик икки йил ўтиб, бир авлод алмашса ҳам, арзимас бир ишни одамлар унутолмаса!
Бу дунёда ҳеч ким ва ҳеч нарса унутилмайди, деган гап чиппа-чин экан.
Турди бобо маҳаллани айланиш ниятидан кечиб, орқасига қайтди. Ким билади, у бу томонларга қачон келади. Келадими, йўқми? Ўзи келмаса ҳам, Турди пучуқ номи маҳаллада ҳали узоқ яшашига ишонди.