Купе эшигини очишим билан оғзига сўрғич кийгизилган сут тўла шишани кафтлари орасига олиб иситиб ўтирган хотинни кўрдиму нима қилишимни билмай, туриб қолдим.
Хотин ҳам аввал эсанкираб, кейин майингина кулиб қўйди. Унинг бу хил, ҳар қандай эркак қонини кўпиртирадиган шайтон кулгичини илгари ҳам бир кўрган эдим. Танимдан сон-саноқсиз чумоли ўрмалагандек, ғалати сесканиш билан чамадончамни ўриндиққа қўйдиму яна хотинга қарадим. Унинг тиззасида йўргакланган бола. Поезд ғилдирагининг товушига қулоқ солиб, нималарнидир ўйлаётганга ўхшарди. У менга қарамай қўлидаги сут тўла шишачани столчага қўйди-да, болани тиззасидан олиб, ёнига авайлаб ётқизди. Ҳамма ёқни ялпиз ҳиди тутиб кетди.
У ёқ-бу ёққа қарадим. Дарҳақиқат, столчада бир даста чўл ялпизи ётарди. Нима қилишимни, нима дейишимни билмайман. Хотин ҳам бетимга қараёлмайди. Назаримда, бу хотиннинг бутун вужуди сирга, кўзлари сеҳрга тўла эди.
…Мен у билан бурноғи йили саратон кунларининг бирида автобусда учрашган эдим. Бувайдадан автобусга чиққанимда ёнимда бир жувон ўтирарди. Сал йўл юришимиз билан иссиқина нафас бўйнимга урилгандек бўлди. Йўқ, нафас эмас, атиргулнинг бағридан чиқадиган аллақандай беғубор ҳид эди у. Қарасам, ёнимда ўтирган хотин елкамга бошини қўйиб, ухлаб қопти. Қўлидаги шоҳи тугунчаси оёғим тагига тушибди. Бир қўлимни аранг чўзиб тугунчани ердан олдиму уни уйғотиб юбормаслик учун қимирламай ўтиравердим. Автобус бир силкинди. Хотинининг боши сирғалиб кўкрагимга тушди. Ўримга илинмай қолган соч толалари томоғим тагига келиб қолди. Шунда димоғимга ялпиз иси урилди. Хотиннинг қулоғида сўлиб қолган ялпиз шохини кўриб қолдим.
Кўпчилик ўртасида бегона аёл кўкрагимга бош қўйиб кетишидан ҳижолат тортиб, уни уйғотмоқчи бўлдим. Секин қулоғига пичирладим.
— Кўзингизни очинг, яхши эмас.
Хотин кўзини очмади, ингради. Ичидан аламли бир нидо чиққандек бўлди. Бахмалдек юмшоқ лаблари аранг қимирлади-ю, сув, дея олди, холос.
Энди билдим. Хотин бехуш бўлиб қолган экан. Орқамда ўтирган чол дашном берди.
— Ука, келинни пастга олиб тушинг, кўнгли беҳузур бўлаётганга ўхшайди.
Уйланмаган бўйдоқ эдим. Бу гап қулоғимга ҳам ғалати, ҳам аллақандай хуш ёқадиган бўлиб эшитилди.
Бу гап ёнверимдагиларнинг қулоғига етиб, бирпасда автобус ичи шивир-шивир бўлиб қолди. Кимдир тез кетаётган автобусда чайқала-чайқала олдинга интилди-ю, энгашиб шоферга нимадир деди. Автобус тўхтади.
— Ука, келинни иссиқ кунда қийнаб қўйибсиз. Пастга тушиб, сув бўйида пича дам олиб ўтиринг. Келаси автобусда етиб оларсизлар.
Нима бўлаётганини билмасдим. Ҳамманинг кўзи менда. Беихтиёр хотинни суяб пастга олиб тушарканман, қулоғимга бир гап чалиниб қолди:
— Эрининг бедаволигини қаранг, ўзи ойдеккина экан, дарди борга ўхшайди. Эри ўлгур мунча лапашанг бўлмаса.
Ҳамма ёғимдан тер чиқиб кетди. Бу менинг хотиним эмас, сизларга ўхшаган оддий йўловчиман, деб бақириб юборгим келди. Аммо елкамга осилган нозик қўллар бунга монелик қилаётгандек индаёлмасдим.
Автобус мени мутлақо нотаниш, лекинига қараганнинг кўзини куйдирадиган ҳусни бир жаҳон аёл билан йўлга ташлаб кетди.
Саратон осмондан олов пуркаб турибди. Учкўприк йўлидаги толларни биласиз. Охири кўринмайдиган асфальт йўл худди поёни йўқ соябон аравага ўхшайди. Ҳавонинг димлигидан тол барглари ҳам қимирламасди. Белбоғимни ечиб, ариқ бўйидаги чим устига ёздим-у, уни ўтқаздим.
Хотин эшитилар-эшитилмас деди:
— Нафас ололмаётибман. Шабадароқ жойга олиб боринг.
Бу ташвишни ўзимга қаёқдан орттирдим, дедим-у малол келгандек унинг оппоқ билакларидан ушлаб турғиздим-да, бир қўлимни белидан ўтказиб (бошқа иложим ҳам йўқ эди), сув ёқалаб олиб кетдим.
Атроф жимжит. На қуш учади, на одам ўтарди. Бўй баравар қамишлар қилт этмайди. Ялангликроқ жойга келиб тўхтадик. Хотин сал ўзига келди.
— Вой-е, кўкрагимга шамол тегди-я!
Унинг тилга киришидан севиниб кетиб, аста ўтқаздим. Аммо у ҳали ҳам астойдил ўзига келмаган эди. Оёқларини сал букиб, тиззамга бош қўйиб, ярим очиқ кўзларини сўнгсиз осмонга тикканича қимирламасди. Киши билмас унга қарайман. Киприк демаган қора духобанинг ўзи. Айниқса чиннидек оппоқ юзида янада қорайиб турарди. Қоши тўмтоқроқ. Оралиғидаги билинар-билинмас ўсма изи, иягидаги тарикдек холи, бўйнида қимирламай туриб қолган тер томчилари бемалол кўриниб турарди. Ич-ичимдан, бу бахт қайдан келди, деб қўяман.
Аёлнинг қўли қимирлади. Гиёҳларни тимирскилаб, бирини узди. Бу чўл ялпизи эди. Уни димоғига олиб борди-да, бир ҳидлаб, менга узатди. Ҳидладим. Ана шундагина мен бахтни эмас, бахт мени топганига ишондим. Бутун олам ялпиз ҳидига тўлиб кетди. Бир-биримизга тикиламиз. Аммо на ундан, на мендан садо чиқади. Бир-биримиз билан кўзларимиз гаплашаётганга ўхшарди. Унинг кўзларини кўрмагансиз. Ҳали ҳеч бир инсон боласи бунақа кўз кўрмаган.
Кўзларимиз гаплашарди.
Билмадим, шу алфозда қанча вақт ўтирдик, Ҳар қалай, подадан моллар қайтаётган маҳал эди. Бузоқларнинг аянчли маъраши қулоғимга эшитилгандек бўлди.
Нима бўлди-ю, хотин сапчиб ўрнидан туриб кетди. Тугунини қўлига олди.
Энди унинг қошлари чимирилган, қилмишидан аламзададек кўринарди. Биламан, бехушлик бегона кишининг тиззасига бош қўйишга мажбур қилганидан қаттиқ изтироб чекяпти. У кимнингдир хотини. Бу беҳушлик уни не кунларга бошлаши мумкин. Аммо у менинг унақа бемаъни кишилардан эмаслигимни билганда эди, бу хил хаёлларга бормасди. Бола бўлиб номард хаёлларга бормаганман. Шайтоннинг сўзига кирмаганман. Буни хотин билмасди. Кўзида қўрқинч ва андиша олови ёняпти.
Кетдик. Тол тагида автобус кутяпмиз. У бетимга қарамайди. Қовоғи солиқ. Унга ҳатто жаҳл ҳам ярашарди. Ҳар зардали қарашида вужудим ўртаниб кетарди.
Автобус келганда пиллапояга оёқ қўяр экан, яна бир марта қаради. Бу қарашда мени эрмак қилишми, раҳмат айтишми — билиб бўлмайдиган бир ифода бор эди.
У кетди.
Ҳали-ҳали бу қарашнинг маъносига етолмадим. Бугун вагон купесида унга яна дуч келдим. У яна кулди. Бу майин кулгиси мени яна хаёлга солди. Нега кулади? Эрмак қиляптими?
Проводник иккаламизга ҳам бир стакандан чой келтириб қўйди. У стакандан чой ҳўплаб туриб, вагон силкинишидан қалқиб кетдими, куламан деб шундай қилдими, ҳар қалай, атлас кўйлагига чой тўкилди. Менга қаради.
— Эслаб ҳали ҳам кулиб юргандирсиз?
Бу гапнинг маъносига етдим.
Яна жим кетдик. Деразадан боғлар ўтяпти. Симёғочлар бир-бирини қувяпти. Икковимиз ўтмиш хаёллари билан бандмиз. Охири сабрим чидамай сўрадим.
— Энди тузалиб кетдингизми?
— Ҳа, тузалиб кетдим. Бунинг учун сизга раҳмат айтишим керак эди. Ҳали ҳам бўлса айтиб қўйиш — қиёмат қарзим. Раҳмат. Виждонли йигит экансиз. Биласизми? — у менга бир оз тикилиб турди-да, кулимсираб қўйди. — Сиз ўшанда бахтингизни йўқотгансиз.
Ҳайрон бўлдим. Унга савол назари билан боқдим.
— Билмадим, — деди у кўзларини ерга қадаб. — Балки адашаётгандирман. Эҳтимол, бир фалокатдан қутулгандирсиз? Эҳтимол, мен бахтимни топгандирман? Эҳтимол, бахтимни йўқотгандирман? Билмайман. Ҳар қалай, ўшанда ё мен синовдан ўтдим, ё сиз синовдан ўтдингиз. Ўша пайтда мен одам боласига ишонмас эдим. Тасодифдан ўргилайки, ўшанда сизга йўлиқдим. Агар бошқа кишининг қўлига тушганимда бир умр виждон азобида қолиб кетармидим…
Хотиннинг кўзи жиққа ёшга тўлди. Бир киприк қоқса, оппоқ юзларини ёш ювиб кетади. Аммо у киприк қоқмади. Сўнгсиз қора кечаларни бағрига сиғдирган бахмал кўзлар бу ёшларни шимиб кетгандек бўлди.
Энди у кўзёшсиз, унсиз йиғларди.
У яна тилга кирди. У гапирарди-ю, овози титрарди.
— Болам ҳурмати, ишонинг, мен ўша куни ёмон ният билан кўчага чиққандим. Мени сиз ўлимдан қутқардингиз. Қаттиқ алам ўтган эди ўшанда.
Унинг тушуниб бўлмайдиган гаплари яна ҳайрон қилиб қўйди мени.
— Ҳайрон бўлманг. Хотин киши қаттиқ ўч олади. Сиз эркаклар аёл зотининг иродаси бўш бўлади, ҳар қандай хўрликка чидайверади, деб ўйлайсиз. Йўқ, асло унақа эмас. Мен ҳам эримдан ўч олмоқчи эдим.
Хотин дераза тарафга қараб жим бўлиб қолди. Поезд катта бир кўприк устидан гувиллаб ўтиб кетди. Сал нарироқ бориб гудок берди. Йўл пастлашаётганидан купе эшиги сирғаниб очилиб кетди. Ўрнимдан туриб беркитиб қўйдим. Хотин яна ўгирилди.
— Биласизми, ўртада ҳурмат, андиша бўлмаса, эр-хотинлик уй зиндон бўлади. Айниқса, орага хиёнат ораласа тамом.
У ҳам алам, ҳам изтироб билан менга икки йилдан бери жумбоқ бўлиб, хаёлимни банд қилиб юрган сирни оча бошлади.
— Эримни яхши кўриб текканман, чиройли йигит эди. Кўп қизларни куйдирган. Анча-мунча ўртача қизларга қайрилиб ҳам қарамасди. Эрталаб уйдан чиқиб кетаётганда орқасидан тамоша қилиб қолардим. Кечқурунлари икки кўзим кўчада эди. У эшикдан уйимга офтобга ўхшаб кириб келарди.
Ана шундоқ эр менга хиёнат қилди. Жазман орттирди. Биласизми, севган кишинг, дунёда ягона бахтим деб билган кишинг хиёнат қилса чидаб бўладими? Ахир бутун умримни унга бағишлаган бўлсаму, келажак бахтимни усиз тасаввур қилолмасаму, менга хиёнат қилса. Бунга чидаб бўлармиди. Лекин бутун кучимни, бутун сабримни бир жойга жамлаб чидадим. Уни инсофга чақирдим. Бўлмади. Ҳис-у туйғуларимни оёқ ости қилган киши олдида кўз ёши тўкишга ғурурим йўл бермади. Бундай қилолмасдим ҳам. Унинг жазмани олдига бориб, эримни тинч қўй дейишга ҳам ғурурим йўл бермади.
Бутун вужудимни ўч олиш ҳисси қамраб олди. Ўзимни ўлдирмоқчи бўлдим. Майли, шу ўлимим билан уни виждон азобига ташлаб кетаман. Бу доғ уни ўла-ўлгунча қийнасин, дедим.
Шу ният билан уйдан чиқдим. Йўлда кета туриб ҳар хил хаёлларга бораман. Нимани ўйласам ҳам, эримдан қасос олишга бориб тақалар эди. Ана шунда сиз пайдо бўлдингиз. Бўлмаса, билмадим нима бўларди. Қабримдан шу пайтгача икки марта гиёҳ кўкариб чиқармиди.
У юзларини икки қўли билан тўсиб, ўксиб йиғлаб юборди. Уни юпатишга сўз тополмасдим.
Хотин инграган товушда деди:
— Кечиринг. Сиздан умр бўйи миннатдор бўлиб яшайман. Хотинингиз қандоқ бахтли экан, — унинг бу гаплари жуда узоқдан эшитилаётганга ўхшарди. Жаҳл билан унинг кўзларига қарадим. Энди у кўзларда андиша излари йўқ эди. Аллақандай нур порлаб турарди.
— Қайси бахтли қиз экан у сизни севган. Бу гапларимга ҳайрон бўлманг. Мен энг аввал вафодор одамни, номусли одамни бахтли дейман. Бахт тушунчасини ўйлаганимда даставвал номус, вафо кўринади. Мана шу икки нарса бўлмаса дўст дўстнинг, эр хотиннинг, хотин эрнинг кўзини ўяди. Агар мен шоир бўлсам, ёзувчи бўлсам, вафо ҳақида, инсон номуси ҳақида китоб ёзиб чарчамасдим.
Бу хотиннинг гаплари мени ўйлантириб қўйди. Унинг бу гаплари чин ҳақиқат эди. Инсонни жасоратга, хайрли ишларга етаклайдиган шу эмасми?!
У кичкинагина разъездда тушиб кетди. Кўнглида тугилиб ётган армонини тўкиб, бағрини эзиб ётган тошни ирғитиб ташлаб, қушдек енгил бўлиб, манзилида тушиб қолган эди.
Купега қайтиб кирдим.
Столча устида ялпиз ётарди. Олиб ҳидладим.
Ана шундан бери қайда ялпиз кўрсам, у кекса толлар соя ташлаган Бувайда йўлларини кўраман. Бу йўллар бир нопок эр жабрини тортган, шу жабр-алам қасосга етаклаган дилбар, дилбару қайсар, бир сўзли жувонни эслатади.
У эрини ташлаб кетдимикин? Ташлаб кетгандир. Ундан қасос олдимикин? Ташлаб кетишдан ортиқ қасос бўлмайди-ку!
Ялпиз ҳиди менга ана шуларни эслатиб қўйди.
Фарғона, 1960 йил.