Одамнинг қанақалиги сафарда билинади.
Калонхўжаев ўринбосар танлашга жуда уста одам. Мана, Мўминов деган мўмингина одамни ўзига ўринбосар қилиб олди. Бечора Мўминов мусичанинг ўзи. Калонхўжаев қўнғироқ босиб чақирганда эгилиб, ғилдиракка ўхшаб ғилдираб киради-да, унинг гапларини чурқ этмай эшитиб, коптокка ўхшаб яна думалаб чиқиб кетади.
Умуман Калонхўжаев ўринбосардан ёлчиб қолди. Бугун улар сафарга — командировкага чиқишди. Мўминов қўш чемодан кўтариб Калонхўжаевнинг орқасидан меҳмонхона номерига кирди. Чой опкелди, ҳандалак опкелди.
Ҳангоманинг каттаси кечаси соат 23 дан 17 минут ўтганда чиқди. Калонхўжаев қаттиқ ухлаган экан, каравотига бир трактор келиб урилди. У шундоқ тариллардики, сира чидаб бўлмасди. Калонхўжаев қўрқиб бирдан кўзини очса трактор қаёқда, диванда ётган Мўминов хуррак тортаётган экан.
Калонхўжаевнинг жаҳли чиқди. Мўминовнинг елкасидан туртиб уйғотди. У бечора момақалдироқдек бир-икки қалдираб, хуррагининг охирини катта авж билан тушириб, бошини кўтарди.
— Нима гап, хўжайин, чойми? Ҳозир.
— Э, хуррак ҳам эви билан-да!
— Хўп, хўжайин, бу ёғи эви билан бўлади.
У бу гапни шундай ишонтириб айтдики, бошқа гапга ўрин қолмай Калонхўжаев яна ётди.
Уйқу ширин нарса. Уйқуси нозик кишига пашша ғинғилласа ҳам бўлди — ухлолмайди. Калонхўжаев деганимиз эса, ёстиғига қиров тушса ҳам овозини эшитадиган одам. Мана у кўзини юмди. Юмди-ю, юраги ўйнаб кетди. Кимдир деразадан бомба ташлади. Бомба ёмон портларкан. Деразалар зириллади, эшикнинг қулфи бузилиб, очилиб кетди. Калонхўжаев дод, деб ўрнидан турди. Йўқ, ҳамма ёқ тинч. Мўминов битта, аммо келиштириб калта хуррак тортган экан.
Калонхўжаев қайта ётолмади. Стулга ўтириб, мудрай бошлади. Бирдан пулемётбозлик бошланиб қолди. Бу овозинг ўчкур пулемётнинг лентаси нега тамом бўлмайди-я! Кўзини очиб қарай деса, Калонхўжаевда қани юрак. У аранг бир кўзини очиб қараган эди, пулемёт-мулимёт йўқ. Мўминов лабини титратиб хуррак отяпти. Қалонхўжаев ғазаб билан қўлига қоғоз, қалам олди-да, нималарнидир ёзди. Кейин Мўминовнинг тепасига келиб елкасидан туртди.
Мўминов эриниб кўзини очди. Калонхўжаевни кўриб:
— Чойми, хўжайин!—деди.
Калонхўжаев қоғозни қўлига тутқазди. Мўминов хатни чироққа солиб ўқиса, буйруқ:
«… ишни эплолмагани учун вазифасидан бўшатилсин!
Калонхўжаев…»