«Камбағал бўлсанг кўчиб боқ, бойвачча бўлсанг ўлиб боқ», деган гапда ҳикмат кўп экан. Бу ҳикматнинг маъниси кечқурун билинди. Маҳалланинг сўфиси марҳумнинг бевасини айвонга чақириб, қолган маросимларни қандоқ ўтказиш тўғрисида йўл-йўриқ кўрсата бошлади:
— Янга, бир ўлим ҳаммамизнинг ҳам бошимизда бор. Ўлган ўлди. Қолганга қийин. Энди шундоқ қилсангиз, еттисига бир қўй суясиз. Олти маҳалладан одам айтилади. Алалхусус, йигирмасида ҳам шундоқ бўлади. Ҳар якшанба куни маҳалла қарияларини чақириб, ош-туз қилиб, дуойи фотиҳани узмайсиз. То қирқ кунгача арвоҳ чирқиллаб, уй атрофида айланиб юради. Ҳа, шундоқ.
Кампир кўзларини пирпиратиб нима дейишини билмай турарди. Унинг эри унчалик ошиб-тошиб кетмаган, рўзғорига яраша пул топиб келган одам эди. Ўлгандан кейин бунақа харжларни сира хаёлига келтирмаган. Кампирни ваҳм босди. Бир йилгача бу тариқа харжларга пулни қайдан олади? Расм-русумни қилмаса айб бўлади. Юрт нима дейди? Арвоҳ эшик олдида чирқиллаб юрган бўлса. Сўфи яна гап бошлади:
— Янга, марҳумнинг қариндош-уруғлари кўп эди. Акаси, укаси, сингиллари, жиянлари. Бу ҳовли марҳумнинг отасидан қолган. Ҳовлида шу сағирларнинг маҳри бор. Ана, эшик олдида туришипти. Шу гап жанжалга қолмай, иссиғида ҳовлига нарх қўйиб, меросхўрларнинг маҳрини белгилаб қўйсак.
Эшик олдида турган маҳрталаблар қулоқларини динг қилиб, айвон тарафга қарашди. Ҳаммасининг эгнида қимматбаҳо кийимлар, қўлларида тилла соат, оёқларида хром этик, учи найза туфли. Бири қорин ташлаган, биринннг бўйни йилтираган, бири бриллиант кўзли узук таққан…
Бева кампирнинг эгнида қора кўйлак, бошида ҳам мотам муносабати билан бўялган штапель рўмол. Оёғида таг чарми икки марта янгиланган кавуш. Унинг ҳолатидан, ниҳоятда танг аҳволда қолгани билиниб турарди. Охири у журъатсизлик қилиб гапирди:
— Бу, ахир, ўликни талаш эмасми? Бу уй ўлгур эртами-индин бузилиб кетади. Нимасини талашишади? Бир йилгача маросимларни ўтказаман, деб қоққанда қозиғим, осганда хурмачам қолмайди. Жигар бўлса, ака бўлса, ука бўлса, сингил бўлса, мундоқ ёнимга кириб, харжларни сал енгиллаштирсин-да.
Бўйни йилтиллаган маҳрхўр тилла тишини ялтиратиб гап қотди:
— Келин ая, сарфни аямай қилаверинг. Ҳовли сотилгандан кейин маҳр ҳисобидан расчётини тўғрилаймиз. Бу ёғига хотиржам бўлаверинг.
— Ҳа, шундоқ бўлаверсин, — деди қорин ташлаган маҳрталаб. — Амма, лекин, харжни унчалик катта қилиб юборманг. Маҳр тақсимида унча-мунча қўлимизга ҳам тегадиган бўлсин.
Марварид шодали зирак таққан, панбархат кўйлагининг енгини шимариб боласига холвайтар едираётган маҳрхўр хотин гап қотди:
— Қандоқ харж бўлса акаларим, укаларим ҳисобидан бўлсин, хотин бошим билан нега мен қиларканман? Менинг маҳримни бечиқим қилиб берасизлар.
Бева кампирнинг кўзларида ёш йилтиради.
— Қандоқ қиламан? Бу харжларни қаёқдан оламан?
Сўфи ўйлаб туриб, жуда ҳам «маъноли» бир гап айтди:
— Ҳозироқ ҳовлига баҳо қўйиш керак. Ана шу баҳо ҳисобидан бировдан пул кўтарилади.
Бўйни йилтирагани бу гапни маъқуллади.
— Шундоқ бўлгани маъқул. Масалан, мен ҳовли ҳисобидан қарз бериб туришим мумкин. Аммо уч-тўрт кишининг гувоҳлигида.
Шу пайт эшикдан икки хотин кирди. Боя маҳрини бечиқим оламан деяётган хотин ўрнидан тура солиб, келган хотинларнинг бўйнига осилди.
— Жигаримдан айрилиб қолдимо…
Сандиқ тўла сариқ гул
Тақсам адо бўлмайди.
Жигаримнинг дардини
Айтсам адо бўлмайди.
Вой акагинам қандоқ одам эди-я, шундоқ меҳрибонимдан ажралдимо…
У йиғини тугатиб, яна орқага қайтди. Сўфининг олдига келиб:
— Ҳар кимнинг маҳрини ўз қўлига берасиз, — деди.
— Хўп, опа, хўп. Нархи очилди. Укангиз қарз бериб турадиган бўлдилар.
Хотиржам бўлган хотин яна овозини баланд қўйиб йиғи бошлади.
Узун-узун арғамчи
Йўлда ётса майлими?
Шундоқ азиз жигарим
Гўрда стса майлими?
Акагинамдан айрилиб қолдимо-о-о…
Ҳам эридан, ҳам ҳовли-жойидан айрилган кампир кўзидан милт-милт ёш оқизиб, қимирламай турарди.