Тепаликдан ошиб ўтганимдан кейингина анҳорнинг гувиллаши эшитилмай қолди. Дала жимжит. Шамол ананас ҳидини олиб келади. Қаердандир, яқингинадан турнанинг қуре-қуреси эшитилади. Бу овоз негадир осмондан эмас, пастдан келарди. Атрофга алангладим. Сертупроқ йўлдан икки юз метрча наридаги чайлада бир чол букчайиб ўтирибди. Қовун ҳиди ўша ёқдан келарди. Шу топда жуда-жуда қовун егим келди. Беихтиёр чайла томонга қайрилганимни билмай қолибман. Пайкалнинг ҳар ер-ҳар ерида тузоққа илинаётган беданаларнинг патиллашидан чол қимирламай ўтирганга ўхшайди, бўлмаса тузоқлардан хабар олмасмиди? Унинг ёнида араби шолчага бағрини бериб бир турна ётибди. У адир орқасига ботаётган чўғдек қуёшга қараб ҳар замон қуре-қуре деб қўяди. Турна ҳар қурелаганда бошидаги бинафша ранг кокили қимирлаб, қизғимтир шафақ нурида жуда чиройли йилтираб қўяди. Бу ғалати манзарага маҳлиё бўлиб, оёқ остидаги қумғонга қоқилиб кетибман. Чол чўчиб бош кўтарди. Кўзларини ишқалаб безовталик билан менга қаради. Қўрқиб кетдим. Одатда полиз қоровулларининг ити бўлгувчи эди, муни қаранг, ташланиб қолади, деб ўйламабман ҳам. Шошиб-пишиб:
— Итингиз йўқми? — деб сўрадим.
— Йўқ, йўқ! — деди чол. — Бемалол келаверинг, ит боқиш менга тўғри келмайди, турнани ғажиб қўйишидан қўрқаман.
Бамайлихотир ётган турна мендан ётсираб сесканиб турди-да, чайла орқасига ўтиб кетди. Чол кўрпача ёзиб, мени юқорига таклиф қилар экан:
— Қўрқма, жонивор, — деди. Кейин менга: — Хўш, болам, қайси шамол учирди? Ўзлари ким бўладилар? Улуғларимиздан бўладиларми?
Нима дейишимни билмай, бир оз эсанкираб қолдим.
— Қишлоғингизга меҳмонмиз, отахон, қовунингизнинг ҳиди димоғимга кириб, ҳеч ўтиб кетолмадим. Нафс қурғур қўймади, поездга кеч қоламан, деб ҳаллослаб кетаётган одам шу ерга келганда тўхтаб қолдим. Битта қовун сўйиб берсангиз ҳам ўзингиз биласиз, сўйиб бермасангиз ҳам. Аммо ҳақини тўлайман.
Чол энсаси қотгандек, ғалати қилиб илжайди.
— Пайкал бошидан қовун узиб сотган деҳқон нокас деҳқон бўлади, болам, пулингизни белингизга тугиб қўйинг, бозордан қовун олиб ейсиз. Бу ерда қовун текин. Узиб берайми ё ўзингиз узасизми? Яхшиси, ўзингиз узинг, ҳа, бунинг гашти бошқача бўлади. Полизнинг оёқ томонига ўтинг, ананаслар ўша ёқда.
Чол йўл кўрсатиб, боя мен қоқилган қумғонни ариққа ботириб, ерўчоққа қўйди. У тиззасида қасирлатиб шох синдирар экан, орқамдан қичқирди:
— Қовуннинг аслини ейман десангиз, шудринг тегиб тарс ёрилганини узинг, ана ўшанисида гап кўп, қирқ йиллик дардингизни суғуриб олади.
Чол айтгандек, полиз оёғига келганимда тил билан айтиб бўлмайдиган ғалати ҳолга дуч келдим. Шамол тинганиданми, ё ҳавога ананас иси ўрнашиб қолганиданми, ниҳоятда ўткир ёқимли ҳид димоғимга урилди. Ҳудди магазинда чит йиртилаётгандек тар-тар қилиб ананаслар ёрилар, уруғи кесаклар устига шитирлаб сочилиб кетарди. Оёғим тагида тузоққа илинган бедана бесаранжом патиллади.
Бир қўлимда бедана, бир қўлимда қовун — чайлага қайтдим. Чол ерўчоқда ўтни гуриллатиб юборган эди. У қўлимдаги қовунга қараб илжайди.
— Шаҳар боласилигингиз шатта билиниб қолди-да?! Қовун деганди пайкалнинг кесагида ёриб емаган одам, қовун едим демаса ҳам бўлади.
Чол кула-кула қинидан пичоғини суғуриб менга узатди-да, чайла тепасига илинган тугундан нон, майиз, туршак олиб, дастурхон ёзди. Қовунга пичоқ тортаётганимда ҳам, тилимлаб еяётганимда ҳам чол ҳозир қизиқ ҳодиса юз берадигандек менга қараб илжайиб турарди. Умримда қовун емагандек битта ананасни пок-покиза тушириб бўлдим. Чол қўлимга чой тутқазди. Бир маҳал қарасам, бармоқларим бир бирига ёпишиб қолибди. Чол хандон ташлаб кулади. Қумғондаги қайноқ сувни чапиштириб, қўлимга қуяр экан, ана шунақа, ўғлим деб қўйди.
— Бу ананаснинг янги хили, уруғига ишқибоз кўп. Офтоб ўчган эди. Узоқдан турналарнинг қуре-қуреси баралла эшитилди. Чол осмонга қаради. Қизғимтир пардага ўхшаб кўринаётган уфқдан кўтарилган турналарнинг айри карвони ўтиб кетгунча ундан нигоҳини узмади. Чайла орқасидаги турна безовталаниб тинимсиз қурелар, осмонга қараб талпинарди. Турналар овози тинганига аллақанча вақт ўтган бўлса ҳам, чайла орқасидаги ёлғиз турнанинг қанот силкиши тинмасди. Бирдан чолнинг чеҳраси ўзгарди. Кўзлари қисилиб, юзидаги ажинлар ҳам кўпайиб кетгандек бўлди. У машаққат билан ўрнидан туриб, турнани чайлага олиб ўтди.
— Ҳа, жонивор, элатларингни соғиндингми? Элатларинг иссиқ томонларга кетишяпти. Уча қол, уча қол сен ҳам, жонивор.
Турна бинафша кокилларини силкиб, ҳамон иссиқ ўлкаларга йўл олган қардошлари сингиб кетган уфққа боқарди.
Чолдан турна қаёқдан бу ерда пайдо бўлиб қолганини сўрадим.
— Шу бу йил эрта кўклам Андрюшадан телеграмма олдим. У, ҳозирча келмай туринг, олис сафарга жўнаяпмиз, дебди. Ўзим ўша кезларда Ленинградга отланиб турган эдим. Тарвузим кўлтиғимдан тушиб, гангиб қолдим. Болагинамни жуда соғинган эдим-да. Ёстиққа бош қўяман, қани кўзим илинса. Хаёл ўлгур ҳали у ёққа судрайди, ҳали бу ёққа судрайди. Мана шунақа қилиб чўккалаб ўтириб кўзим илинган экан, тушимга Фазлиддиним кириб қолди. Хафа эмиш, акамни соғиндим, нега хат ёзмайди, дер эмиш. Шамсиддинимнинг ҳалок бўлганини ундан яширармишман. Нима бўлди-ю, тушим чалғиб, Шамсиддинни кўрибман, у, нега Фазлиддиннинг ҳалок бўлганини мендан яширасиз, деб гина қилар эмиш. Қулоғимга бирдан ғалати товуш эшитилди, чўпонлар эшигимизнинг тагидан қўй ҳайдаб ўтишаётган эмиш. Уйғониб кетдим. Ўнгимда ҳам шу овоз. Ҳовлига чиқдим, ҳовлимиз тепасида карвони тўзиб кетган бир гала турна фарёд чекиб, чарх уриб айланаётибди. Умримда турналарнинг бунақа паст учишини энди кўришим. Тушлигига ҳам, ўнглигига ҳам ишонолмай, ҳайрон бўлиб уларнинг осмонда фарёд чекишини кузатиб турдим. Улар шу кўйи ярим соат чамаси айланиб юришди-да, кейин йиғлаётгандек ҳазин қурелашиб учиб кетишди. Эсимда: том тепасида айланишаётганларида бир-иккиси бўғотга тегай-тегай деб шўнғиганини ҳам кўриб қолган эдим. Эрталаб томорқага чиқсам, бир турна девор тагига биқиниб ётибди. Ана шундан кейингина тундаги ҳангаманинг сирини билдим. Бу турна қаердадир яраланган, ортиқ учишга мадори етмай, шу ерга келганда сафдан ажралиб, йиқилган. Ше-риклари уни ташлаб кетолмай фарёд чекаётган эканлар. Ана шундан бери турна менга жуда ўрганиб қолди. Уч кун бўлдими, жуда безовта. Осмонда турна кўринса, ўзини қўярга жой тополмайди.
— Учолмайдими?
— Учолади. Баъзи-баъзида учиб аллақаёқларга бориб келади.
Чол гапидан тўхтаб, нимагадир қулоқ сола бошлади.
— Поезддан қолдингиз, болам. Станцияга етолмайсиз. Поезд келяпти, — деди чол чироқ ёқар экан.
Дарҳақиқат, ер титраётгандек бўлди, олисдан паровознинг қичқиргани эшитилди. Бир оздан кейин теракзор орқасидан шиддат билан поезд ўтиб кетди.
— Жой қилиб бераман, ухланг, эртага кетасиз энди.
Чол ёстиқ ўрнига чопонини думалоқлаб қўйди-да, ўзи тузоқлардан хабар олгани кетди. Ёнбошладим. Қаёқда уйқу келади, дейсиз. Чол ғимирсиб палакларни босиб олмаслик учун эҳтиёт билан жўякдан жўякка сакраб, илинган беданаларни бир халта қилиб олиб келди. Чайла орқасига ўтганича ярим соат чамаси йўқ бўлиб кетди-да, мени ухлаган деб ўйлаб, оёқ учида чайлага кирди. Бир чеккада хомуш ётган турнага тикилиб, унинг товус пати-дек чиройли кокилини силади. Нималардир деб пичирлаб ҳам қўйди. Мен чалқанча ётиб чолни, унинг болаларини ўйлардим. Демак, унинг икки ўғли ҳалок бўлган. Ленинградда бир ўғли бор. Нега оти Андрюша?! Сўрасаммикин? Хаёл аралаш ёнимга ечган шимимнинг чўнтагидан папирос олиб, гугурт чақдим. Чол ўгирилди.
— Ухламадингизми?
— Йўқ, уйқу келмаяпти, отахон.
Чол индамай чироқни пуфлаб ўчирди-да, кўрпа устига чордона қуриб ўтириб олди. Ойдинда унинг юзи, кўзи, кўксига тушган оппоқ соқоли кўриниб турарди. Анча вақтгача олисда оғир юк тортаётган паровознинг гупиллашига қулоқ солиб жим ўтирдим. Паровоз овози ҳам тиниб, кенг далада чирилдоқлар уни қолди, холос.
— Ота, бир нарса сўрасам малол олмайсизми?
— Сўранг, болам.
— Ўғилларингизни гапириб берсангиз, Андрюшани ҳам.
Чолнинг эти жунжиди шекилли, бир тебраниб, кўрпани елкасига тортди. Ой ботди, энди унинг башарасини аниқ кўриб бўлмади. У нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади-ю, оғир хўрсиниқ гапиргани қўймади. Бунақа хўрсиниқ одамга фақат энг яқин кишисини қабрга қўяётган пайтда келади. Чол пешонасини уқалади, соқолини тутамлаб, тиззасига шапиллатиб бир урди. Кейин бошини кўтариб, қоронғилик қаърига тикилиб қолди.
— Ўғлим, сабру бардош деган нарса бўлмаса, одам боласини ғам еб қўяди. Мана, яшаб юрибман. Йиқилиб қолармиканман, деган эдим, икки азаматимдан жудо бўлиб ҳам йиқилмадим-а!
У ички дард тўлкинида ҳикоясини бошлади:
— Уруш бошланган йили Шамсиддиним йигирма икки ёшда, Фазлиддиним ўн тўққиз ёшда эди. Шамсиддинимни аскарликка олишмади. Бир кўзи ногирон эди. Умархўжа бойвачча ўғлига суннат тўйи қилганда катта базм бериб, мушакбозлик қилдирган эди. Ўшанда Шамсиддиним йўлга кирмаган бувак эди. Онаси раҳматлик беланчакка ётқизиб қўйган экан, осмонда ёрилмай қолган мушак боланинг беланчагига тушиб ёрилса бўладими! Юзи куйиб, чап кўзини бутунлай кўрмайдиган қилиб қўйган. Шунинг учун ҳам аскарликка олишмай, меҳнат армиясига аранг олишган эди. Фазлиддинимни ундан бир ой бурун Пойтуқ станциясидан урушга жўнатган эдим. Фазлиддиним Ленинграддан, Шамсиддиним Подгора деган шаҳардан хат ёзиб туришди. Подгорага борганмисиз? Мен борганман. Шамсиддинимга ҳайкал ўрнатишганда чақиришган эди. У ерда каттакон электростанция бор. Немис Москванинг эшигини қоқаман деб қўл чўзиб турганда пойтахтга шу станция мадор бўлган. Унинг заводларини шу станция юргизиб турган. Шамсиддиним ўша станцияга келган кўмирни вагондан тушириб, кичкина вагончаларга ортар экан. Немис шу шаҳарнинг пайига тушиб, устма-уст самолёт юбориб турган… Мингдан ор-тиқ киши кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлаган. Шамсиддиним эрталаб ишга кетаётганда бирдан тревога бўлиб, осмонда немис самолёти кўринибди. Шаҳар устида икки айланиб, станцияга бомбасини ташлаёлмай болалар боғчасининг ҳовлисига ташлаб қочибди. Тасодиф бўлиб, лаънатининг бомбаси ёрилмай, болалар ўйнайдиган қумга санчилиб қолибди. Ҳамма ташвишда, одамлар ана ёрилади, мана ёрилади деб жонларини ҳовучлаб қолишганмиш. Болаларни айтмайсизми! Деразадан қараб жавдираб туришганмиш. Шамсиддиним югуриб келиб, бомбани қумдан суғуриб, майдонга қараб чопибди. Анча нари бориб йиқилибди. Бир кўзи ожиз эмасми, шошганидан елкасини сим ёғочга уриб олган экан. Бомба портлаб, тилка-пора бўлибди. Уруш тугамаёқ бордим. Қабрини қучоқлаб йиғладим. Ўша боғчани Шамсиддинимнинг но-мига қўйиб, ҳовлисига ҳайкалини ўрнатишди. Тўнғич ўғлимдан ана шундоқ жудо бўлганман, болам. Чол энтикди. У йиғлар эди.
— Юпатманг, болам. Бир оз йиғлай, дардим енгилашади. Ичимни бўшатиб олай.
Чол шундай деди-ю, ўкириб-ўкириб йиғлади.
— Акасининг ўлганини Фазлиддинимга билдирмадим. Бир йилгача акамнинг адресини юборинг, деб хат ёзди. Анов-манов деб пайсалга солдим. Йўқ, кенжатойимнинг ҳам умри қисқа экан. Денгизда чўкиб ўлди. На қабри қолди, на бир либоси. Мени доғ-ҳасратга ташлаб кетди…
Осмондан арғимчоқ солиб, яна турна ўтди. Чол турналарнинг қайчига ўхшаш карвонига тикилиб туриб гапини давом эттирди:
— Дунёда фарзанд кўрмагандек яна сўққабош бўлиб қолдим. Ўзимни қаёққа қўйишимни билмайман, девонага ўхшаб гангиб юрдим. Раисимиз эсли аёл эди. Овунсин деб қанғиллаб қолган ҳовлимга марғилонлик бир агрономни кўчириб келди. Андижонга олиб тушди. Ленинграддан кўчириб келтирилган етим болалардан бирини олиб берди. Боя сизга айтган Андрюшамни ана ўшанда боқиб олган эдим. Уни ортмоқлаб катта қилдим. Қариндошлари кўп излашди. Билдирмадим. Боланинг эси кирган сари ота-онасини йўқлайдиган бўлди. Унга қараб туриб юрак-бағрим эзилиб кетади. Охири чидамадим. Ленинградга хат ёздириб, Андрей Карповни даракладим. Боланинг отаси ҳам, онаси ҳам қуршовда ўлиб кетишган экан. Биттаю битта опаси бор экан. Бола чидаб туролмади. Қанот пайдо қилиб, опасининг ёнига учиб боргудек талпиниб қолди. Жигар экан-да! Оқ фотиҳа бериб сафарга кузатмоқчи бўлдиму ўйим бузилди. Ёлғиз юборишга кўнглим бўлмади. Бирга кетдим. Андрюшамни опасининг оддига қўйиб қайтдим. Яна яккаликда, забунликда қолдим… Андрюшам уйланди. Ҳозир битта ўғли бор. Отини Собир қўйибди. Менинг отим Собир-да! Яқинда келиб кетишди. Пойтуқ станциясида вагонга ўтқазаётибману, ёш болага ўхшаб ҳўнг-ҳўнг йиғлайман. Бола, дедушка, деб бўйнимга осилади. Тўққизта ананасни вагонга чиқазиб бердим, айнимай борармикан, а, болам?
Андрюшам кетгандан кейин яшашнинг сира ҳам қизиғи қолмади, ҳар саҳарда худодан ўлим тиладим. Неварамни кўрдим, энди сира ўлгим келмайди. Қариб қолаётганимдан ўкинаман. Шу боланинг камолини кўрсам эди, дейман. Ҳай майли, дунёнинг ишлари шунақа экан…
Ёстиққа бош қўйиб, бари бир ухлаёлмадим. Беланчакда ёрилган мушак, бомба зарбидан тилка-пора бўлган тана, зангори тўлқинлар ютган навқирон йигит, вагон ойнасидан бобосига талпинган гўдак кўзимга кўринаверди. Шундай хаёллар билан кўзим илинган экан, қулоғимга элас-элас турна овози эшитилди. Яқин орадан қандайдир қуш бесаранжом қанот қоққандек бўлди. Чол сапчиб турди. Мен ҳам кўзимни очдим.
— Кетди! — деди чол аламли бир товушда.
Чол тикилган томонга қарадим. Кўкда арғимчоқ солиб учаётган турналар карвонига қараб чолнинг турнаси ҳам шитоб билан учиб борар эди. Ана, унинг карвонга етишига озгина қолди. Карвон ярим доира ясаб унга пешвоз чиқди. Карвоннинг сафи бузилди. Тўзғиб кетган турналар тўйхонадаги хотинларнинг қий-чувини эслатувчи бир товушда шовқин солишди. Кейин карвон сафини ўнглаб, биз қараб турган чайла тепасида бир айланиб силкиниб-силкиниб уфққа қараб ўтиб кетди. Чол қувончми, маъюсликми, билиб бўлмайдиган ғалати оҳангда:
— Ке-етди-и-и!!! — деди.
Ҳар баҳор кўкда турналар карвонини кўрганимда, уларнинг беғубор фируза осмонда арғимчоқ солиб учишини кузатганимда аламзада, ҳижронзада, лекин метин иродали ўша Собир бобони эслайман. Бу турналар менга ананас ҳиди анқиган чайлани, оппоқ соқоли кўксига тушган нуроний чолни, унинг мард, ўлимдан ҳам зўр ўғилларини, Андрюшани, кичик Собирни эслатади.
Ўша майиб турна чолнинг қўлида шифо топиб, яна ўз карвонига қўшилганини билармикин? Ҳар кўклам ўша чайла устидан ўтаётганда бобосини эслаб қўярмикин? Эсласа керак дейман! Мен унинг шу чайла устидан чиройли бинафша кокилларини силкиб, бобога таъзим қилиб ўтишини жуда-жуда истардим.
1960 йил.