Қўзибой раиснинг бугун шундай иши кўпайиб кетдики, «дод» деб юборишига сал қолди. Ҳали у киради, ҳали бу киради, ҳаммаси ҳам атайлаб қилгандек, жанжалли иш билан келган. У идора олдида тўпланиб турган кишиларнинг бараварига гап бошлаганидан икки қулоғини беркитиб: «Вой, барака топкурлар, қорним очиб, кўзим тиниб кетяпти, уйга бориб, жиндай бир бало еб келай» — деди-да, қочгандек югуриб чиқиб кетди.
Ўчакишгандай, уйда ҳам Кокила тушлик қилмабди. Оёқ машинада гумбурлатиб атлас кўйлак тикяпти.
— Ҳой, инсофинг борми, ўлдим-ку, наҳотки тўртта картошка билан бир чайнам гўштни қозонга ташлаб қўйиш қийин бўлса!
Кокила лаби-лабига тегмай, бобиллаб берди:
— Ишим бошимдан ошиб ётибди-ю, шу маҳалда сизга овқат пишириб ўтираманми! Сизни ким айтади, раис деб? Ҳар раислар борки, қорни мана бундоқ. Раиссиз, ҳаддингиз сиғмайдими. Отабойга айтинг, тушликка ош буюриб қўйсин.
— Отабой туянинг думи ерга текканда ош қилиб беради, — деб пўнғиллади Қўзибой энсаси қотиб.
Отабой колхознинг ҳам хўжалик мудири, ҳам бухгалтери. Колхоз ҳали ёш, кичик бўлгани учун ҳар икки вазифани унинг ўзи бажаради. Отабой хасис бўлганда ҳам унча-мунча хасислардан эмас, битта гугурт чўпини икки бўлиб ёқадиганлардан. Одамларнинг айтишларига қараганда, у омбордан дон бераётганда тарозига ишонмай доналаб санаб берармиш. Бир куни ревизия комиссиясининг раиси: битта ош қилиб берсанг-чи, кечаси ҳисобот тайёрлаймиз, уйга бориб ўтирамизми, деганда: паловни ўлсам — йил ошимда ейсан, деган ҳам мана шу Отабой бўлади.
Отабой аслида Заркентдаги колхознинг завхози эди. «Бўстон» ёш колхоз деб Усмонали ака уни бу ёққа атайлаб «қарз»га берган эди. Ҳали биронта колхознинг завхози мукофот олмаган, аммо Отабой шу вазифада туриб бир марта «Ҳурмат белгиси», икки марта «Шавкатли меҳнати учун» медали билан мукофотланган.
«Бўстон» оёққа туриб, белини кўтариб олгандан кейин Усмонали ака: энди бўлди, Отабойни ўзимга бер, деб қистаб келганида Қўзибой ярим ҳазил, ярим чин қилиб: чўлга келган одам қайтиб кетмасди-ку, деди.
— Қандоқ бўлди, Отахон, ҳамма ўз одамини олиб кетаверса, чўлда ким қолади?.. Яна ўзингиз биласиз!..
Усмонали аканинг бир нима дейишга тили бормай, гапи оғзида қолди. Худди Отабойни жонидан суғуриб бераётгандек, аранг рози бўлди.
Шу-шу бўлди-ю, Отабой чўлда қолиб кетди. Бу ерда уни ёмон кўрадиганлар ҳам оз эмас. Ёмон кўришининг сабаби, ҳар нарсага тихирлик қилаверишидан. Кечаси келиб идорани бир айланади, қопқоғи очиқ қолган сиёҳдонларни кўрса жони ҳиқилдоғига келади: «Бу нима? Сиёҳ қуриб қолади-ку, ҳа, колхозники-да, аяма-я, аяма!» Чироқ ёниқ қолса: «Станцияни текинга қурганмиз, ёқавер, бели оғримаган» деб шовқин солади. Шофёрларни айтмайсизми, ундан зириллашади. Бензин олгани келишганда албатта километражни текшириб кўради, агар мўлжалдан ортиқ сарфланган бўлса, бобиллаб беради: «Ҳа, Отабойнинг бензин анҳори бор, шундоқ челакни ботиради-ю, олиб беради. Киракашлик қилишни биласанлар, бир литр бензин сотиб олсаларинг асакаларинг кетади. Бор, тошингни тер, ким катайса қилган бўлса, бен-зинни ўша берсин!» Тракторчилар билан бўлса доим ғижиллашгани-ғижиллашган. Агар биронта тракторчи мўлжалдан олдин комбинезон оламан деб келса борми, олдига солиб қувлайди: «Ҳа, хотинчангизнинг қўлларига хасмол чиқканми, бундоқ ювиб, йиртиғини ямаб берсалар».
Отабой кўчада юрганда икки кўзи томда, Мабодо биронта бола томдаги каптарга тош отса, шиферни тешасан, тирмазак, деб уйигача қувиб боради.
Райком секретари бюро мажлисига келганда машинасининг ёғи тугаб қолган экан. Қўзибой жиндек беринг, деб Отабойга худонинг зорини қилдиямки, бари бир кўнмади.
— Ҳой, биродар, менинг машинам ҳисобидан беринг. Эртага пиёда юрсам юрарман, келинг, уятга ўлдирманг!
Отабой бари бир унамади. Унинг феълини секретарь ҳам билар экан, кулиб кўя қолди. Бир амаллаб етиб оларман, деб жўнаб кетди. Шу воқеадан кейин одамлар секретарь Отабойни соғ қўймайди, бир куни қасдини олади деб юришган эди. Аммо секретарь район пахтакорларининг слётида Отабойни роса мақтабди. Қани энди, бошқалар ҳам колхоз мулкини Отабойдек тежаса, дебди. Ана шундан кейин Отабой баттар бўлди. Симёғочга чиқиб электр тузатаётган монтёрларга ҳам бақирадиган бўлди.
— Ҳай, эсинг жойидами, арра кавушингни секинроқ ботир, ходани тимдалаворасан!
…Қўзибой ана шундоқ одамга ош буюрадими? Коки-ла бу гапни ўйлаб гапирдими, йўқми! Қўзибой ялинишга ўтди.
— Жон хотин, ҳеч бўлмаса битта чой дамлаб бер, идорада одамлар кутиб қолишди.
Кокила тикаётган ишини четга олиб қўйиб, чойнак кўтариб ҳовлига чиқиб кетди. Қўзибой кўрпачага ёнбошлади. У неча йиллардан бери Кокила билан яшаб, ҳалигача унинг феълига тушунолмасди. Бир қараса, ундан меҳрибон одам йўқ, бир қараса тепа тўнини тескари кийиб олади. Шу топда қилиб ўтирган ишини қаранг! Механик Раҳматулла уйланаётибди, келинга кўйлак тикиб ўтирибди. Чеварлигимни кўрсатиб қўяман, деб эрталабдан бери атласни олдига ёзиб, у ёғидан ўлчайди, бу ёғидан ўлчайди. Яқинда ҳамма ёқни ивирситиб, ўн олтита атлас кўйлак тиккан эди: ҳаваскор қизлар концерт кўйишар эмиш. Бу атласларни Отабойдан ундиргунча нақ Қўзибойнинг она сути оғзига келди. Қўзибой ҳозир ён-бошлаб ётиб кўзи илинган экан, Кокиланинг кулгисидан уйғониб кетди.
— Туринг, тура қолинг, раис бува, Отабой атайлаб бир тоғора сомса ёптириб бериб юборибди.
Қўзибой қараса, столда буғи чиқиб турган бир лаган сомса.
— Тушимми, а! Шу ўзимизнинг Отабой юборибдими-а, йўқ-э!
Кокила кулиб юборди:
— Олинг, совумасин. Отабойдан қишда қор, ёзда офтоб сўрасангиз ҳам бермайди. Ўзим ёпдим. Кеча, сомса егим келяпти, дегандай эдингиз.
Қўзибой тўйиб сомса еб бўлгандан кейин хотинини «дуо» қилди.
— Кружогингнинг ривожини берсин. Ўйинчи қизларинг Мукаррамхон бўлиб кетсин! Яша, хотин, жуда бопта бўлди.
У шошилганича идорага югурди. Кўп одамларнинг ишини секретарнинг ўзи битказиб юборибди. Бир тўда комсомол қизлар уни кутиб туришган экан, баравар чувиллашиб идорага киришди. Яқинда комитет секретарлигига сайланган Анзират деган қақажон қиз бидирлаб гапира кетди:
— Биласизми, биласизми, раис ака, янгича тўй қилмоқчимиз. Биласизми, Раҳматулла Наимани оляпти. Танийсиз-ку!
— Ҳа, танийман. Хўш, нима қил дейсизлар!
— Биласизми, шу ҳалиги тўй харажатларини колхоз бўйнига олса, келин билан куёвнинг сарполарини ҳам…
Қўзибой бошини қашиди. Илжайиб, энтикиб турган Анзиратга қаради.
— Хўп. Отабойга айтинглар, ҳамма нарсани тўғрилаб берсин.
Анзират тиззасига шапатилаб уриб, столга ўтириб қолди. Бошқа қизлар ҳам ҳафсалалари пир бўлиб, бир-бирларига ер остидан қараб олишди. Анзират кўзларини пирпиратиб ўрнидан турди.
— Майли, қўя қолинг бўлмаса. Ўзимиз бир амаллаб эплаштирамиз. Кунимиз Отабой акага қолган бўлса, тоза бўлган экан.
Қиз ҳали гапини тугатмаган ҳам эдики, эшик очилиб Омонтойнинг мўйлови кўринди. Раис шошиб қичқирди:
— Ҳой, Мўйлов, бу ёққа кир! Совуқ сувдан ҳам зарур бўлиб турган эдинг.
Омонтой нима гап дегандек бир қизларга, бир раисга қараб анграйиб турарди.
— Оғайни, манови қизалоқларнинг додларини эшит. Қўзибой унга ҳозирги бўлган гапни айтиб берди. Отабой Омонтойни жуда яхши кўрарди. Унинг қизиқ-қизиқ гапларини эшитиб қотиб-қотиб кулар, ғайратига, қилган ишларига қойил қоларди. Омонтой ҳам уни эритиш йўлларини биларди. Ҳеч ким, ҳатто раис ҳам ундиролмаган нарсаларини Омонтой икки оғиз гап билан ундириб кетарди.
Маслаҳат билан Отабойни шу ерга чақирадиган, гапни аввал Омонтой бошлайдиган бўлди.
Зум ўтмай, қўлида калит, кўзойнаги пешонасида Отабой кириб келди. У ҳамма билан бир-бир кўришиб чиқ-қач, раиснинг столига бир қоғоз қўйиб, хитоб аломатидек, қаққайиб туриб олди.
— Бу нима? — деди Қўзибой қоғозга қараб.
— Чойхонадаги телевизорни тузаттиришган экан, пулини бузган одам тўласин, мен тўламайман.
Қўзибой, бу иш бир гап бўлар, деб қоғозни стол тортмасига солиб қўйди.
— Омонтойнинг сизга гапи бор экан, эшитинг. Омонтой бир йўталиб гап бошлади:
— Отабой ака, қизлар сизни тўйга айтиб келишибди. Куёв етим бола. Қуда томон билан олиқ-солиққа ўзингиз туриб берасиз. Тўйбоши қилиб правление сизни тасдиқлади. Билиб қўйинг, агар тўй яхши ўтмаса, ўзингизни яхшилаб муҳокама қиламиз. Тўйда мундоқ соқол-поқолни тарашлаб, орденларингизни тақиб олинг.
Отабой ёйилиб илжайди.
— Боплаймиз, матрос бола, бу ёғидан хотиржам бўлаверинг. Куёвни менга рўпара қилиб қўйинг, дастмоясини эконом қилиб, яхши тўй қилиб бераман.
Омонтой дўпписини пешонасига суриб, қоқ миясини қашиб раисга маъноли қараб қўйди. Раис, бўш келма, дегандек унга имлади.
— Гапимга тушунмабсиз, — деди Омонтой унга жиддий тикилиб. — Тўй колхоз ҳисобидан бўлади.
— А? Харажатни қайси моддадан оламан?
— Қайси моддага тўғри келса ўшандан-да!
— Ревизия комиссияси нақ мени ғажиб ташлайди-ку!
Қўзибой «хотиржам бўлавер» деб уни совута бошлади.
— Бу ёғини келишиб олганмиз. Маданий-оқартув фондимиз ҳисобидан смета қилинглар. Билиб қўйинг, чўлда биринчи тўй бўляпти-я! Бу халқаро иш. Ешлар билан ҳазиллашманг, агар шу ишни бузсангиз, кейин чатоқ бўлади, бир айтиб қўрадим-да, ҳа.
Раиснинг пўписа қилиб «халқаро иш» деганидан кейин Отабой сал бўшашди. Лекин, жавобгарлигини олмайман, олдин қарор чиқариб, ҳужжатларни михдай қилиб берасизлар, деб туриб олди. Раис рози бўлди. Қизлар кечқурун Омонтой билан унинг олдига келадиган бўлишди. Бир соат олдин ҳамма гапга кўниб чиқиб кетган Отабой кечга бориб айниди-қўйди. Китоб-дафтарларини роса варақлаб: «Ҳеч қайси моддага тўғри келмайди» дебди-ю, омборни қулфлаб кетибди. Кокила қидириб, уни уйидан топди. Бир челак илиқ сувга марганцовка солиб, оёғини ботириб ўтирган экан. У Кокилани кўрди-да, шимининг почасини тушириб, тиззасини ёпди. Хотини Шодмон хола ўчоқдан бир хокандоз чўғ олиб чиқаётган эди, шошиб қолганидан Кокила билан хокандозни унинг елкасидан ошириб кўришди.
Шодмон хола Отабойдан етти ёш катта, баъзи ҳазилкашларнинг гапига қараганда, у харажатдан қочиб, сурнайчига ҳам пулми деб, атайин ўзидан катта хотинга уйланган эмиш. Уларнинг тўйлари ҳам унчалик дабдабали тўй бўлмаган. Колхознинг годовой тўйи кунига тўғри келтирилган. Уларнинг ЗАГСдан ўтишларини биров эшитса, кулавериб ичаги узилади.
Муҳаббатдан маст, карахт бўлган Отабой ЗАГС мудирининг саволларига пойинтар-сойинтар жавоблар бериб эсанкирайверган. У шунчалик эсанкираганки, янглишиб, хотинининг фамилиясига ўтиб кетганини ўзи ҳам билмай колган. У ҳозир тўрт болали бўлди, ҳали ҳам хотинининг фамилиясида!
Шодмон хола елиб-югуриб Кокилани тўрга ўтқазди. Отабой оёғини челакдан чиқазиб, нима гап дегандек, Кокилага қаради. Кокила ҳе йўқ, бе йўқ бирдан бидирлаб кетди.
— Қани, шу тўй бузилсин-чи, қани бузилсин-чи, радиоузелдан гапириб шарманда қиларман, ёшларнинг бахтли турмуш йўлига ғов соляпти, деб овоза қиламан. Газетага ҳам ёзвораман.
Отабой мунақа пўиисаларни эшитавериб эти ўлиб қолганидан писанд қилмади. Қайтага, жаҳли чиқиб кетди.
Омонтой аралашмаса иш бузиладиган. У Отабойни енгидан кириб ёқасидан, ёқасидан кириб енгидан чиқди. Тўй янаги ҳафтага тайин қилинди. Отабой тўйбоши бўлди. У ўша куни орденларини тақиб, меҳмонларни кутиб, дастурхоннинг кам-кўстидан хабардор бўлиб турди.
Тўй қизигандан қизиб кетди. То ярим кечагача умрида ўйин-кулги кўрмаган чўлда ҳофизларнинг хониши эшитилди. Чирманда қарсиллар, ноғора тараклар, йигит-қизларнинг қийқириғи, гуриллаб ёнаётган гулхан учқунлари чўл шамоллари қанотида олис-олисларга учиб кетарди.
Отабой кайф қилиб қолди. Гандираклаб ўртага тушиб, Кокилани ўйиндан тўхтатди. У қўл кўтариб шовқинни босаман деди-ю, йиқилай деди. Одамлар бирдан жим бўлишди.
— Ўртоооқларрр! Қанча тўйинг бўлса кўрсат! Оике, чўлингниям уйлантирвораман! Қанча керак? Пулнинг ҳаммаси Отабой акангда-да!
Омонтой уни даст кўтариб, даврадан олиб чиқди-да, сўрига ётқизиб қўйди. Кокила гулхан атрофида йўрғалар, Омонтой матросчасига оёғини ерга уриб, қулоч ёзиб, унга ияк қоқиб борарди. Қийқириқ, кулги, чапак… Шу кеча чўл ҳам ухламади, одамлар ҳам…
1961 йил.