Гапдан-гап чиқиб, одамзоднинг пасткаши қанақа бўлишига бориб тақалди. Шунда бир киши салмоқлаб гапга аралашди:
— Раҳмонали деган бир ошнам бор эди. Ўзи умрида бирор жойда ёлчитиб ишламаган. Аммо ҳар ойда бир марта почтачи қирқ икки сўм йигирма тийин опкелиб беради. Аввалига пенсия олса керак, деб ўйладик. Ундоқ десак, қайси ишни қотирганига пенсия олади? Ўзи унча қари ҳам эмас.
У пенсия олишидан бир ойча олдин бошига салла ўраб юрган эди. Бир пиёнистага худо инсоф берибди, деб хулоса қилгандик. Кейин билсак, у пенсия эмас, алимент оларкан. Яна ҳамма ёқасини ушлади. Тавба, эркак одам қандоқ қилиб алимент олади?
Дунёда сир деган нарса бир кун очилмай қолмас экан. Раҳмонали ресторанда бир одам билан муштлашиб қопти. У одам жаҳл устида Раҳмоналининг қулоғидан чўзган экан, «шир» этиб йиртилиб кетибди. Салла ўраб юриши шундан экан. Хулласи, Раҳмонали қулоғини йиртган кишини судга берибди, суд Раҳмонали меҳнат қобилиятини йўқотган, деб у кишининг моянасидан йигирма процентини икки йилга Раҳмоналига ҳукм қилиб берибди.
Раҳмонали ҳар ой алиментни еб, самоварларда кариллаб юрибди. Бу гап ҳам қизиқ экан, аммо бошқа биров ундан ҳам қизиғини айтиб берди.
— Шу ҳам пасткашлик бўптими? Манавуни эшитинг. Идоранинг бошлиғи нотоб бўлиб, касалхонага тушиб қолди. Докторлар текширишса, буйрагига тош келган экан. Операция қилиб, олиб ташлашди. Бир бўлим мудиримиз бор, ўлгудек лаганбардор. Ўша одам касалхонага бориб буйракдан чиққан тошни эсдалик учун бошлиғимиздан сўраб опти. Ҳозир ҳам бўлим мудири ўша тошни дастрўмолга тугиб, ёнида авайлаб олиб юрибди.
Улфатлардан бири гапга суқилди:
— Қодиржонов деган завхозимиз бор эди. Қизиқ бўлди. Уч-тўрт кунгача одамларга чап қўлини тутиб кўришиб юрди. Нима гап, қўлингиз оғрияптими, десак индамайди, гап бор, дейди, холос. Бир куни ўзи айтиб берди.
У бошқармамизнинг бошлиғи Райимқулов билан кўришиб қолган экан. Шундоқ табаррук қўл теккан бармоқлар уч-тўрт кун роҳат қилсин, деб бировнинг қўлига тегизмай асраб юрган экан.
Ана шунақа пасткашликлардан анчагина гаплашиб ўтирдик. Менга энг таъсир қилгани шу бўлди:
Бир идоранинг бошлиғи фарзанд кўради. Бола туғилганига икки ойдан ошса ҳамки, унга ном қўйилмайди. Дадаси ҳар куни министрнинг олдига бориб, кабинетига киролмай, қайтиб келади. Шу хил ўн кун қатнагандан кейин, энди кирадиган бўлганда министр командировкага кетиб қолади. Ў командировкадан ўн кунда қайтиб келиб отпускага чиқиб кетади. Отпускага чиққан кунининг эртасига бояги идора бошлиғи унинг уйига боради. Министр курортга кетиб қопти.
Идора бошлиғи уни бир ой кутади. Отпускадан келганда ахири қабулига киради.
— Хўш, хизмат, — дейди министр.
Идора бошлиғи тавозе билан эгилиб гап бошлайди:
— Худо бизга бир ўғил берди. Шунга ном қўймоқчи эдик. Мен Шавкатжон деб ном қўйишни ният қилдим. Кейин билсам, ўғлингизнинг номи Шавкатжон экан. Шу ўғлингизнинг номини ўғлимга қўйсам, майлими, деб келган эдим.
Министр ҳайрон бўлди. Дунёда нима кўп, Шавкат отли бола кўп. Қўйса қўявермайдими?
— Майли, — деди министр, — бемалол. Хоҳланг, Шавкатбек, хоҳланг, Шавкатали, хоҳланг, Шавкатхўжа қўйинг, менга барибир.
Идора бошлиғи кўзига ёш олди.
— Йўқ, йўқ. Шавкатжон деб қўйишга рухсат беринг. Шундоқ бўлсин. Ўтиниб сўрайман.
— Боринг, ана, Шавкатжон бўла қолсин.
Идора бошлиғининг кўзлари шодликдан порлаб кетди. Дарров ўрнидан туриб қуллуқ қилди:
— Мартабалари бундан ҳам зиёда бўлсин. Бу яхшиликларини сира унутмайман. Болагинамнинг оти ўзларидан абадий эсдалик бўлиб қолади.
Идора бошлиғи уйга келса, аллақачон болага Худойберган деб ном қўйиб қўйишибди. Дадаси қилди тўполонни, қилди тўполонни.
— Ҳей, нима деб ўтирибсан. Бу номни министр қўйиб берган. Министрнинг буйруғини бекор қилишга ҳаққим йўқ.
Ҳозир болани онаси Худойберган деб, дадаси Шавкатжон деб чақиради. Бола Шавкатжон деса ҳам қарайди, Худойберган деса ҳам қарайди.
Ўйлаб қарасам, пасткашликнинг катта-кичиги бўлмас экан.