(Лирик манзара)
Олтинчи кварталдаги тўққиз қаватли уйга одамлар кўчиб кела бошлашди. Биров итини етаклаб, биров мушугини кўтариб келди.
Саккизинчи қават балконига янги қўшни тўрқовоқ илиб қўйди. Шу кеча бедана уч марта сайради. Кўпдан бу товушни унутган кишилар қандайдир ҳаяжон билан балконга чиқишди. Бедананинг яна сайрашини кутишарди. Ой тўққиз қаватли уйнинг орқасига оғганда бедана салмоқлаб, узоқ сайради. Одамларнинг хуши оғди. Болалиги ўтган қишлоғи, жимжит бедапоялар кўз олдига келди.
Бедана шовқинга тўла бу шаҳарга қишлоқ, дала, боғлар ҳидини, танни яйратувчи шаббодаларини олиб келгандек бўлди.
Эртасига ўша уйнинг биринчи қавати олдига сим тўр билан ўралган бўйра энидай жойда уч-тўртта товуқ пайдо бўлди. Жониворлардан, паррандалардан олисдан туғилган болалар қўлларига нима тушса, ҳатто еб турган нонларини ҳам бурдалаб товуқ катагига ташлашарди.
Икки кун ўтиб бериги уйнинг иккинчи қаватидан хўроз қичқиргани эшитилди. У тун ярмида узоқ қичқирди. Саҳарга келиб яна чақирди. Одамлар балконларига чиқиб қадрдон бу товушни яна эшитгилари келиб, узоқ кута бошлашди. Хўроз кўп куттирмади. Эл уйғонмасдан туриб қанотларини питирлатиб қичқирди. У қичқириғига жавоб кутаётгандек атрофга қулоқ тутиб кутди. Жавоб бўлмади.
Тонг ёришиб келаётганда у нолигандек ғамгин бир товушда яна қичқирди. Бу гал қанотларини патирлатмади.
Хўроздек ҳушёр парранда дунёда бўлмас экан. Кечаси келган бўлишига қарамай нариги тўққиз қаватлида товуқ борлигини сезганини қаранг-а?
Унинг тоқати тоқ бўлди. Муштоқликка чидамади. Атласдек қанотларини париллатиб силкинди-ю иккинчи қават балконидан пастга учиб тушди.
Товуқ катаги олдида ошиқона гердайиб, товланиб-товланиб, у ёқдан-бу ёққа безовта юра бошлади. Кетма-кет кичқирди. Қанотларини тапиллатиб ерга уриб қичқирди.
Иккинчи қаватдан унга кимдир шиппак отди. У иисанд қилмади. Супурги отди, пинагини ҳам бузмади.
Охири товуқнинг эгаси бошига чойшаб ёпиниб балконга чиқди.
— Бу кимнинг хўрози? Одамни ухлатадими, йўқми? Эгасини чақиринглар?!
Бу пайт пастда одам кўпайиб қолган эди. Ҳаммаси шу ажойиб манзарадан, қадрдон товушдан ҳузур қилардилар. Хўрознинг генералларга ўхшаш кўринишидан, у ёқдан-бу ёққа гердайиб юришидан завқланардилар.
— Кимнинг хўрози бу? — деди чойшаб ёпинган киши уйқули товушда.
Пастдан жавоб қилишди:
— Қўшни, сал кенгроқ бўлинг. Мудраган бу микрорайонга шу хўроз жон киргизди-ку. Яхшиси, катакни очиб юборинг, шундоқ сарсавлат куёв ўз оёғи билан келганига севинмайсизми?!
Товуқнинг эгаси пастга тушиб катакни очиб юборди. Хўроз гердайганча тўртта товуқни эргаштириб қурувчилар ҳали олиб кетмаган вагонетка — уй орқасига ўтиб кетди.
Тўдадан бир йигит чиқиб товуқнинг эгасини бағрига босди.
— Қани, бир танишиб қўяйлик, қудажон…
У ҳамманинг кўнглига қувонч солган бабақ хўрознинг эгаси эди.