(Кинокомедия учун сценарий)
Ер қимирлаганда Усмон отанинг уйи ҳам анча шикастланди. Райижрокомдан ремонт учун у-бу беришди.
Шу кунда нима кўп, қўлига андава ушлаган уста кўп. Ўра қазишми, бўяшми, тандир қуришми, қозиқ чопишми, барини биламан дейдиганлар кўпайиб кетди. Усмон ота ҳам уста қидириб чиққанда шунақасига дуч келди.
— Ука, шувоққа қалайсиз?
— Шувоқни бизга чиқазган-да, ойнадек силлиқ қиворамиз.
Ота ўша устани уйига олиб кетди. Нархини келишишди. Алебастр қаерда, қум қаерда, кўрсатди. Қўшнисиникидан ўн беш метрли резина шланг опчиқиб берди.
— Водопроводдан ташиб юрманг. Шуни жўмракка кийдирсангиз, хоҳлаган жойга сув келади.
Уста отанинг меҳрибонлигига тан берди.
— Госстрахдан пулингни олиб кет, деб шоширишяпти. Бу ёғини ўзингиз эплаб турасиз. Дарров қайтиб келаман.
— Хотиржам бўлинг, разрядли устамиз, боплаймиз. Ота хотиржам чиқиб кетди.
Уста алебастр қопларни ташиб келиб бир жойга тўкаверди. Бирпасда йигирма қоп алебастр одам бўйи дўнг бўлди. Бир машина қумни эламай алебастрга аралаштирди. Кейин алебастр дўнгининг ўртасини ҳовуз килиб, шлангда сув оқизиб қўйди. Оғзидаги носини тупуриб, бисмилло деганича шимининг почасини шимариб, кетмон билан ўрага тушди. Шлангдан вариллаб келиб турган сув бирпасда ҳовузчани тўлдирди. Сув устанинг сонигача чиқди. Алебастр сувга тушганда аввал катиққа ўхшаб юмшок бўлди. Уста маза қилиб қориштираверди. Сал ўтмай, чиппа қотиб, унинг сонидан сиққанича тошга айланди-қолди.
Устанинг умрида алебастрга иши тушмаган эди. Аввалига ҳайрон бўлди. Кейин қўрқиб кетди. Ўтирай деса тиззасини алебастр сиқиб қўйган. Букилмайди. Носқовоқ ўлгур марзанинг четида қолган экан, олай деса, қўли етмайди.
Тепадан офтоб уриб турибди. Сонни тош сиқиб ташлаяпти. Қани оғриғига чидаб бўлса. Бир машина қум, йигирма қоп алебастр, аллақанча сув қўшилиб энг камида олти тонна юкка айланган…
Оёқни тортиб бўлмайди. Олти тонна юк билан туриб кетиш филнинг ҳам қўлидан келмайди.
Усмон ота Госстрахдан пул ёздиргунча, энг камида тўрт соат ўтди. Одамлар ишдан қайтадиган пайт. Автобус, троллейбусларга йўлаб бўлмайди. Бечора хижолат. Овқатсиз, чойсиз устанинг ҳоли нима кечди экан. Аксига олиб, кампири кўзи ёриган келининикига кетган.
Ота ҳаллослаб эшигининг олдига келса, ҳовлисидан кўтарма краннинг учи кўриняпти. Ие, бу менинг уйимми, деб ҳайрон бўлди. Қараса, ўзининг уйи. Шошиб кирди.
Уйи тўла пожарний, доктор, милиция, маҳалла активлари.
Доктор хотин пожарнийларнинг бошлиғига тушунтиряпти:
— Бу ерда иложи йўқ. Алебастрни синдирамиз деб оёғини синдириб қўйишимиз мумкин. Яхшиси, ўша ёқда оёғини ажратиб оламиз.
Бирдан машина мотори гуриллади. Кўтарма краннинг тўртта илгагини қотиб қолган алебастрнинг тўрт чеккасига илиб қўйишди. Олти тонна алебастрни уста-пустаси билан кўтариб, эксковаторларни у ёқдан-бу ёққа обориб қўядиган зўр машинага чиқазиб қўйишди.
Ҳаммаёқда одам. Биров ундоқ дейди, биров бундоқ дейди. Кўча муюлишида ботинка мойлайдиган Исахор деган йигит бир гап айтди:
— Кинога олишяпти шекилли. Антиқа комедия чиқадиган ўхшайди.
Ота ҳам бу гапга чиппа-чин ишонди дўнғиллади:
— Кино олишга бизникидан бошқа жой йўқ эканми? Картинка деганда артист ўйнагучи эди, нима қилади менинг устамни ўйнатиб? Пулини тўлаб бўпман.